«ПСЖ»нинг бразилиялик ёрқин юлдузи Неймар France Football мухбири билан суҳбатлашар экан, Париждан кетиши хусусидаги миш-мишларга нуқта қўйди. Унинг айтишича, айни паллада «ПСЖ»дан юз ўгириши учун қандайдир жиддий сабаб йўқ.
«БАРСА»ДАН МЕССИ ТУФАЙЛИ КЕТМАГАН...
- «Олтин тўп»ни топшириш маросимини томоша қилдингизми?
- Ҳа, уйда телевизор орқали кўрдим. Албатта, иложи топилганида, оқшомни энг сара футболчилар даврасида ўтказардим. Бироқ жароҳатлар имкон бермади, айнан шу туфайли бу гал тадбирда бевосита қатнашолмадим.
- Лионель Месси 6-марта «Олтин тўп» лауреатига айланди. Бунга муносабатингиз...
- Месси - ақл бовар қилмас даражадаги иқтидор соҳиби. У мен биладиган футболчиларнинг энг сараси. Шундай экан, Леонинг 6та «Тўп» олганида ажабланарли ҳолатни кўраётганим йўқ. Ахир у фантастик барқарорлик билан сермаҳсул тўп суришда давом этмоқда. Менга қолса, Месси шарафига алоҳида «Олтин тўп» жорий этардим.
- «Барселона»дан кетишингиз сабабларидан бири Лео билан боғлиқлиги ростми? Ҳар ҳолда, у билан битта жамоада тўп сурсангиз, сизда «Олтин тўп»ни қўлга киритиш имконияти ҳаминқадар бўлиши айтилганди.
- Йўқ. «Барса»дан кетишимга дунёнинг энг зўр футболчисига айланиш орзуси ҳам, «Олтин тўп» ютиш истаги ҳам сабаб эмас. Шунчаки, муҳитни ўзгартиришга қарор қилгандим. Бунга Мессининг умуман дахли йўқ. Лео билан бирга тўп суриш мен учун улкан шараф эди. Месси яқин дўстим ва унга ҳамиша катта ҳурмат билан қарайман.
- Сизнингча, буюк футболчи ким?
- Ўйин тақдирини ўзгартиришга қодир ўйинчи. У мунтазам равишда юксак савияни намойиш этади ва бошқалар қийинчилик билан амалга оширадиган юмушларни осонгина уддалайди.
- Хўш, айни пайт дунёда неча нафар буюк футболчи бор, сизнингча?
- Ўйлайманки, анча кўп. Бироқ гап шундаки, бахтли чипта уларнинг ҳаммаларига насиб этавермайди.
- Халқаро майдонда муваффақиятга эришмасдан буюклик мақомини олиш мумкинми?
- Албатта, мумкин. Масалан, Роналдо ЧЛда ғолиб чиқолмаган, лекин зўр ҳужумчи эди. Ибрагимович ҳам шундай. Зикога жаҳон чемпиони бўлиш насиб этмаган, шунга қарамай, уни ҳамма юксак савия соҳиби сифатида эслайди.
- Хавининг айтишича, муҳими -натижа эмас, футбол фалсафаси экан.
- Лекин ғоялар турлича. «Барса»да Хави билан ёнма-ён ўйнаган пайт жамоа футболчиларининг ўзига хос фалсафа асосида тўп суришларига амин бўлгандим. Клубдаги футбол ҳаёти ўта жўшқин. Вазмин табиатли футболчи унинг фалсафасини тезроқ тушуниб олади. Барселонада кўп нарса ўрганганим айни ҳақиқат. Ҳар ҳолда, клубда ўзимни жуда яхши ҳис этардим.
«ПСЖ»ДАГИ
НАТИЖАЛАРИГА ЭЪТИБОР
- Қизиқ, Парижга нима мақсадда кўчиб ўтдингиз - етакчи эканлигингизни исботлаш учунми?
- Йўқ, майдонга ниманидир исботлаш учун тушмайман. Футболни чин юракдан севаман, шунинг ўзи катта мотивация беради. Майдонда тўп суриш - мен учун чинакам бахт. Ҳар қандай ўйинда бор кучимни сарфлайман.
- «ПСЖ» ЧЛда суст ўйнамоқда. Бу сиз учун кутилмаган ҳол эмасми?
- ЧЛ - ўта мураккаб турнир. Бу мусобақада ҳар қандан жамоа қийналади. Дейлик, «Барселона»да 4 йил ўйнаган бўлсам, бу вақтда атиги 1 марта ғолиб чиқдик. Ҳа, Парижда муаммолар йўқ эмас, аммо ЧЛда қачондир зафар қучишимизга ишонаман, барибир. Умуман, Францияда мен учун бош оғриғи бўлаётган асосий муаммо - бу жароҳатлар. Шунинг ортидан бир неча ой майдондан ташқарида қолдим.
- ЧЛдаги зафар ёки омадсизлик эҳтироси ўзгачароқми?
- Шу пайтгача финалларда мағлубият аламини тотиб кўрмадим. Унинг қандайлигини билмайман. Лекин мусобақадан чиқиб кетиш чинакам даҳшат эканлигини яхши тушунаман. Аввалги мавсум «МЮ» тўсиғидан ўтолмадик. Энг алам қиладиган томони шуки, муҳим паллада жамоага ёрдам беролмадим. Ўша пайт ҳиссиётларим майдонда тўп сурган футболчиларникидан фарқ қилмасди. Ахир чорак финалга чиқиш имкониятини бой бердик. Шу босқичдан ўтганимизда, сафга қайтардим, афсуски... Ўз ўрнида таъкидлашим керак, ҳар қандай тажриба фойдали, ҳаттоки, салбий ва оғриқлилари ҳам.
- Сизнингча, неча фоиз имкония-тингизни намойиш эта олдингиз?
- Шу ер, яъни Париждами?
- Ҳа.
- Тўлиқ 100 фоиз. Ҳарқалай, ҳар бир учрашувда билганимча ўйнайман, бор маҳоратимни ишга соламан. «ПСЖ»даги натижаларимга қаранг - супер! Ҳеч қачон муғомбирлик қилмайман, тинмай ишлайман. Тўғри, 2 марта жароҳатланиб, 3 ойдан муолажа олишга мажбур бўлдим. Бу ҳар қандай футболчи учун жиддий синов. Нима ҳам қила олардим, ҳаёт шундай мураккаб...
- Сабрлимисиз?
- Ҳар доим эмас (кулади). Кўп нарса вазиятга боғлиқ.
- Агар имкон берилса, Париждаги фаолиятингизда нималарни ўзгартирардингиз?
- Табиийки, ортиқча жароҳатларни. Оғриқли шикастланишлар жуда халал берди. Айниқса, мушаклар лат еса, оғриқ зўрайиб кетади. Мен айнан тиззаости мушакларидаги муаммолар туфайли 1 ой йўқотдим. Қанийди, шундай нохушликларни четлаб ўтиш иложи топилса...
БАЛИҚ ЧУҚУРРОҚ ЖОЙНИ ИЗЛАЙДИ, ИНСОН ҚУЛАЙРОҒИНИ...
- Ёзда кўпчиликни ранжитганингизни ҳам биласизми?
- Кимларни? Қаерда, Париждами?
- Ҳа, жумладан, пойтахтлик мухлисларни...
- Бироқ ёзда рўй берган воқеа кўпчиликка жуда яхши маълум - нимани кўзлаганим, клуб ва мухлислар истагидан ҳамма яхши хабардор. Бу мавзуда кўп гапирдим. Муҳими, ҳамон Париждаман. «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилиш учун бор имкониятни аямаяпман. Шунингдек, ҳеч қачон кимнидир ранжитишни ўйлаган эмасман. Билганим шуки, ўзингга хуш келмаган жойни тарк этишинг лозим. Балиқ чуқурроқ жойни излайди, инсон эса қулайроқ масканни.
- Нима, Франция сизни тушунмадимикан?
- Қайсидир даражада, ҳа. Одамлар ўртасида доимо қандайдир келишмовчиликлар бўлиб туради. Парижликлар ва Парижга ҳурматим баланд. Ҳа, футбол ва ҳаёт борасида ўз ақидаларимга амал қиламан. Лекин профессионал мақомига доғ туширган эмасман асло. Яъни бирор ўйинни шунчаки, номига ўтказмаганман.
- Демак, «ПСЖ» билан ҳеч қандай тушунмовчиликлар йўқ, шундайми?
- Шунга умид қиламан... (кулади).
- Дани Алвешдан кейин «ПСЖ»ни ким олға бошламоқда?
- Жамоада «мотор» ролини ким бажараётганини сўраяпсизми? Очиғи, Алвеш ўрнини тўлдириш қийин.
- Демоқчисизки, Алвешнинг йўқлиги яққол сезилмоқда.
- Ҳа, шахсан мен учун шундай. Тўғри, жамоада унга ўхшаган қувноқ йигитлар бор. Дани қайсидир жиҳати билан акамни эслатади. У «Барселона»да яқиндан ёрдам берганди. Парижда ҳам доимо ёнимда турди. Хуллас, Дани мен учун қадрдон инсон.
- Жамоа етакчиси барча жабҳаларда намуна бўлиши керакми?
- «Намуна» иборасининг маъноси нима? Ўзи ҳаётда мукаммал инсон борми? Фақат Яратгангина камчиликлардан холи. Ҳар қандай кишида ўзига хос камчиликлар бўлади. Жамоага кўмак берадиган, натижани таъминлайдиган ўйинчи етакчи мақомига муносиб. У сардорлик ёки тўпурарлик қилиши мумкин. Ҳар қайси футболчининг устун тарафлари ва етакчилик сифатлари мавжуд.
- Демак, майдондаги етакчи ҳаётда ўзгача бўлиши мумкин, шундайми?
- Ҳа, турли ҳазил-ҳузуллар билан кайфиятни кўтарадиган жамоа «жони» бўлиш яхши. Майдондаги етакчи эса жамоани бошқариши, кимгадир бақириши, кўрсатма бериши, ўйинни тартибга солиши лозим. Бу роль мен учун эмас. Ўйин пайти ўта камгапман. Тьяго Сильванинг йўриғи бошқа, у жамоанинг чинакам карнайи, киллери, асл сардор. Мен эса асосий эътиборни ишга қаратаман.
КИЛИАНГА РАҚОБАТЧИ ЭМАС
- Килиан Мбаппе ёзда жамоадан кетмаслигингиз учун роса елиб-югурди. У билан муносабатингиз қандай?
- Ажойиб! Биз бир-биримиздан ёрдамини аямайдиган қалин дўстлармиз. Килиан чиндан ҳам, ажойиб йигит. Йўқ, ўзаро рақобатчи эмасмиз, биримиз гол урсак, иккинчимиз табриклашга югурамиз. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Акс ҳолда, натижага путур етади. Майдонда ҳам, ҳаётда ҳам яқин бўлишга интиламиз. Бунинг жамоа учун аҳамияти катта.
- Машғулотлардачи?
- Бироз бошқача, айнан машқ жараёнида ўзаро мусобақалашиш имкониятига эгамиз. Натижада манфаатли рақобат юзага келади.
- Бундай ёндашув табиатингиздаги ўхшашлик маҳсулими? Бошқа ишлардан кўра, тўп суришни кўпроқ ёқтирадиган икки ҳаммаслак иттифоқи...
- Ўйлашимча, чиндан ҳам, ўйиндан имкон қадар кўпроқ завқ олишга интиладиган катта болакайлармиз. Рақибни алдаб ўтиш ва гол уришдан мислсиз лаззатланадиган болакайлар... Футболга шундай муносабатда бўлишга одатланганмиз, бошқача ўйнай олмаймиз.
- Жамоада яна бир қалин дўстингиз бор - Марко Верратти.
- У нафақат юксак савия соҳиби, балки улкан шахсдир. Эҳтимол, фаолиятимдаги энг яхши ўйинчидир, шундай шерик билан ҳамкорлик қилиш - орзу. Доимо юзида табассум, ҳаётни севади, ҳазилкаш.
ҲАҚИҚИЙ НЕЙМАРНИ БИЛАДИГАНЛАР КАМ
- Неймар ҳақида қанча кўп киши билан суҳбатлашсангиз, шунча хилма-хил фикрлар эшитасиз. Аслида ҳақиқий Неймар қандай инсон?
- Чин Неймарни жуда озчилик билади. Булар - ота-онам ва дўстларим. Четдагиларнинг ўй-фикрлари эса ҳар доим ҳам тўғри чиқавермайди. Ҳақиқий Неймар - вазмин табиатли, кўнгилчан инсон. Оила ва дўстлари даврасида кўпроқ вақт ўтказишни ёқтиради. Оддий айтганда, ёлғизликни хуш кўрувчи зоҳид эмасман. Ўзи 1-2 марта иши тушмаган кишини тушуниш қийин...
- Футбол жамоатчилиги орасида ўзингизни қанчалик эркин ҳис этасиз?
- Ўйин сифатини олганда, футболга гап йўқ! Аммо унинг атрофида юз берадиган айрим воқеалар нафрат уйғотади. Масалан, ирқчилик иллатлари. Дентиньо ва Тайсон («Шахтёр»нинг бразилиялик легионерлари украиналик ирқчилардан азият чекишди) ёки Марио Балотелли билан юз берган воқеаларни хотиржам қабул қилолмадим. Бундай иллатларга йўл қўймаслик лозим. Стадионга келадиган мухлислар буни тўғри тушунишларини истардим. Бевосита футболнинг ўзига қайтсак, бу менинг ҳаётим, ўзим, оилам, дўстларим. Майдон - ўзлигимни намоён қиладиган саҳна.
- Футболда шундай тушунчани сақлаб қолиш учун қатъий характер талаб этилади...
- Худди шундай фикрдаман. Қатъият бўлмаса, ҳеч нарсага эришолмайсиз. Чунки атроф ҳар хил уйдирма, ёлғон-яшиқларга тўлиб ётибди. Уларга ўралашиб қолмаслик учун тобланган эътиқод керак. Акс ҳолда, узоққа боролмайсиз.
«ПСЖ»ДАН КЕТИШИГА АСОС ЙЎҚ
- 27 ёшда ҳам орзу қилиш мумкинми?
- Менимча, орзу ўрнига мақсад иборасини қўйиш керак. Ҳар ҳолда, орзу болаликда бўлади. Мана, профессионал футболчи сифатида танилишни орзу қилгандим, бунга эришдим. Мақсадлар ҳам етарли, албатта: «ПСЖ» билан Клублар ўртасидаги ЖЧ, Европа ЧЛ ва ички мусобақаларда зафар қучиш. Олдимизга ҳар йили шундай вазифалар қўйилади. Футболдан ташқари, бошқа мақсадлар ҳам йўқ эмас. Аммо улар матбуот мавзуси саналмайди.
- Хўш, футболга боғлиқ энг асосий мақсадингиз нима?
- Бразилия миллий жамоаси билан ЖЧда ғолиб чиқиш.
- «ПСЖ» сафидачи? Ҳозирча бошқа жамоага ўтмадингиз.
- Қаёққадир кетишдан нима маъно? Қўлимда яна 2 йиллик шартнома бор, жамоа эса тобора кучайиб бормоқда. ЧЛ кубогини қўлга киритиш вақти келди, менимча. Қисқаси, «ПСЖ» - менинг жамоам. Ҳар бир учрашувга жиддий муносабатда бўлиш, фақат ғалабага интилиш - бурчим.
- Қачондир сардорлик боғичи билан майдонга тушишингиз мумкинми?
- Сардорлик ҳаммага насиб этавермайди. Лекин вақти келиб, мени бу ролга лойиқ топишса, боғични шараф билан қўлга тақаман. Тўғри, ҳозирча бу ҳақда ўйлаган эмасман. Қолаверса, менга миллий терма жамоанинг боғичи етади. Муҳими, футболда бўлиш. Қандай мақомда майдонга тушишим ўйинимга таъсир этмайди. Бразилияда халқ учун тўп суришади. Бунинг ўзига яраша лаззати бор. Муҳими - ўйнаш. Масъулият ва босим бошқа масала.
- Бразилияни нечоғли соғинасиз? Францияда сизга айнан нима етишмаяпти?
- Етишмаётган нарса? Вой-бўй! Дўстларим, оила аъзоларим, қариндошлар, иссиқ, халқ... Хуллас, жуда кўп нарса етишмайди. Ахир Бразилия жонажон ватаним. Уни тарк этганимга 7 йил бўлди. Бу ерда ҳаёт ҳам, футбол ҳам ўзгача. Тўғри, Европада турнирлар нуфузи юқори, лекин Бразилия - ўз уйим. У ерда профессионал даражада атиги 4 йил тўп сурдим («Сантос»да). Тўғриси, ўз яқинларим даврасида ғоят бахтиёр эдим. Энди улардан олисдаман. Бироқ ҳозирги ҳаётимдан сира нолимайман. Ўйлашимча, мен учун ҳали ҳаммаси олдинда.
- Парижда ўзингизни бахтиёр ҳис этасизми?
- Шубҳасиз. Айниқса, яшил майдонда. Чунки доимо футбол ҳақида ўйлайман. Мана шу - чинакам бахтим. Жароҳатлар камроқ бўлса, яна яхши...
- Ниҳоят, охирги савол: «Олтин тўп»ни қачон қўлга киритасиз? Олдингизга шундай мақсад қўйганмисиз?
- «Олтин тўп»ни ютиш ёши ҳеч қаерда белгилаб қўйилмаган. Уни 20, 25, 28, 30, 32 ёки 34 ёшда қўлга киритиш мумкин. Асосийси, бу ҳақда ўйламаслик. Кўп нарса жамоа ва натижаларга боғлиқ. Шундай экан, аввало, ўйнаш, ҳаттоки, яхши ўйнаш эмас, ғалаба қозониш керак. Буни яхши тушунаман. Аслида «Олтин тўп» ютиш мен учун асосий мақсад эмас. Унга эришсам, яхши бўларди, албатта. Аммо бу лотерея...
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20