Қайднома

Қидирув

«Ливерпуль» охирги марта чемпион бўлганида...

«Ливерпуль» охирги марта чемпион бўлганида...

  11.01.2020 05:04
  0
  198
«Ливерпуль» охирги марта чемпион бўлганида...

Юрген Клопп мутлақо хотиржам, «қизиллар» фанатлари ҳам. Ахир «Ливерпуль» АПЛда узоқ кутилган чемпионликка тобора яқинлашмоқда. Қизиқ, жамоа ички биринчиликда охирги марта ғалаба нашидаси сурган вақт бу дунё қандай эди? Ахир «қизиллар»нинг ўша зафарли юришларига нақ 30 йил тўлмоқда. Ишониш қийин, лекин бу факт: «Ливерпуль» охирги марта Англия чемпиони мақомини олганида, АПЛ йўлга қўйилман, жамоанинг бугунги юлдузлари - Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане ва Роберто Фирмино эса ҳали туғилишмаганди...

 *** 1990 йил. Собиқ иттифоқ ҳали парчаланган эмасди, Михаил Горбачёв эса унинг биринчи ва охирги президенти бўлди. Йил якунида Горбачёв халқаро ҳамжамиятда тинчлик ўрнатиш ҳаракатига улкан ҳисса қўшгани учун Нобель мукофотини қўлга киритди. Бироқ собиқ иттифоқда унинг бу ютуғи қадрланмади. Дейлик, 7 ноябрь куни Александр Шмонов (оддий чилангар) Горбачёвни ўлдиришга уринди. 

*** 1990 йил. Москвада илк McDonald~s тамаддихонаси очилди ва навбатда турганлар узунлиги километрларга чўзилди.

*** 1990 ЙИЛ. 26 октябрь куни «Поле чудес» («Мўъжизалар майдони») капитал-шоусининг биринчи сони эфирга қўйилди. Ўшанда бошловчилик ролини Леонид Якубович эмас, балки марҳум Влад Листьев бажарганди.

*** 1990 йил. Мадонна ўзининг энг эҳтиросли клипини тақдим этди - Justify My Love. Клипда очиқ саҳналар борлиги учун уни телевидениеда кўрсатишга рухсат берилгани йўқ.

*** 1990 йил. Ўша вақт Луиза Чикконе (Мадоннанинг асл исм-шарифи) билан дўст тутинган рэпер Ванилла Айс ўзининг ягона хит-қўшиғи — Ice Ice Baby туфайли янада машҳурлашди.

*** 1990 йил. 15 август куни таниқли хонанда Виктор Цой ҳаётдан кўз юмди. Шундан атиги 1,5 ой муқаддам «Кино» гуруҳи «Лужника»да охирги марта концерт берганди.

*** 1990 йил. 23 ёшли Майк Тайсон фаолиятидаги илк жангни бой берди. Ўртамиёна боксчи Бастер Даглас бўлажак «Темир Майк»ни сенсацион тарзда нокаутга учратди. Тўғри, олдинроқ унинг ўзи ҳам шундай ҳолатга тушган, бироқ рефери 10гача жуда секин санаганди. Айтганча, Тайсон кейинроқ жангдан олдин умуман машғулот ўтказмаганини тан олганди.

*** 1990 йил. 3 октябрь куни собиқ ГФР ва ГДР бирлашиб, ягона Германияга айланди. Шундан буён немислар ҳар йили октябрнинг 3-санасида миллий бирлашув байрамини нишонлашмоқда.

*** 1990 йил. Ёзда Германиянинг бирлашган миллий жамоаси жаҳон чемпионатида зафар қучди. Немислар финалда Диего Марадона етакчилигидаги Аргентина термасини пенальтидан урилган ягона гол эвазига енгишганди.

*** 1990 йил. Диего Марадонанинг ўзи Италияда «Наполи»ни иккинчи чемпионлик сари етаклади. 7 ноябрда, яъни Горбачёвга суиқасд уюштирилган куни эса неаполликлар музли Москвада «Спартак»ка қарши ўйнашди. «Футбол раққоси» қандайдир кеча туфайли «Наполи» учган самолётга кеч қолиб, Москвага алоҳида етиб келди. У ўйиннинг 65-дақиқасида майдонга тушди ва айтарли ҳеч қандай каромат кўрсатолмади — 0:0 (пенальтилар серияси - 3:5).

*** 1990 йил. Киев «Динамо»си собиқ иттифоқ чемпионати ва кубогида зафар қучиб, ўз тарихида 4-марта «олтин дубл»га эришди.

*** 1990 йил. Англияда Кенни Далглиш мураббий ролида «Ливерпул»ни 3-чемпионликка етаклади. Ўтган асрнинг 80-йилларида «Битлз» ватани шарафини ҳимоя қилувчи бу клуб рақобатдан холи эди, ҳисоб. Ҳар ҳолда, «қизиллар» бу даврда нақ 7 марта бош совринга эга чиқишган, яна 2та чемпионлик медали уларнинг қўшнилари «Эвертон»га насиб этганди.

«Ливерпуль» охирги 10 йилликда бир неча марта даҳшатли ва нохуш сериясига барҳам беришга яқин келди, бу борада яхшигина имконият ҳосил қилди, бироқ ҳар гал нимадир халақит берди, нимадир ўхшамади. Энг аламли-фожеали якунлардан бири аввалги мавсумда кузатилди - «Ливерпуль» нақ 97та очко тўплаб, 89та гол уриб ҳам, «Манчестер Сити»дан орқада қолди, барибир. Клопп бу сафар барчасини ҳисобга олган кўринади...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz