Қайднома

Қидирув

Янги йилнинг 10 интригаси

Янги йилнинг 10 интригаси

  11.01.2020 10:06
  0
  444
Янги йилнинг 10 интригаси

Янги 2020 йил футбол оламига нималарни ҳадя этиши мумкин? Кўпчиликнинг эътибори қандай ўй-хаёллар билан банд? Soccer.ru тақдим этадиган қуйидаги материал айнан шу йил аниқ ечимини топадиган 10та энг қизиқарли саволлар муҳокамасига бағишланган.

«Ливерпуль» илк бора АПЛ чўққисига кўтариладими?

Муҳокамани орзиқиб кутилаётган, лекин интригаси тур сайин сўниб бораётган мавзу билан бошлаймиз. Англиянинг асосий тождорларидан бири бўлган «қизиллар» футбол оламининг энг бадавлат турнири бўлмиш АПЛ чўққисини ҳанузгача забт эта олмаяптилар. Лекин баҳорда улар бу нохуш анъанага барҳам беришлари мумкин. Жамоа қаторасига 37 учрашувда мағлубият нималигини билмай келмоқда, уй учрашувларидаги серия эса 51тага етди. Ғолиблик учун ўта ишонарли далил. Келинг, «қизиллар»нинг миллионлаб мухлислари орзуси рўёбга чиқа қолсин - Клопп ва унинг «Ливерпул»и юксак совринга лойиқ.

Мбаппе трансфер рекордини янгилайдими?

Ҳозирда 222 млн. евродан кўпроқ баҳога лойиқ кўрилиши мумкин бўлган ягона футболчи. Бу йил Килиан рекордни янгилаши ёки Неймар дун­ёнинг энг қиммат футболчиси мақомини сақлаб қолиши мумкин. Бразилиялик ҳужумчи ҳатто «Барселона»га қайтиш билан ҳам ўз рекордини янгилай олмайди. Лекин «Ювентус», «Манчестер Сити» ёхуд «Реал» Килиан ва унинг агент отасини «ПСЖ»дан кетишга кўндира олса, навбатдаги тарихий келишувга гувоҳ бўламиз. Копа, Платини ва Зидан каби афсоналар учун Лига 1 торлик қилиб қолганини яхши биламиз. Буюклар сафидан жой олиш ниятидаги франциялик ноёб иқтидорлар хорижга йўл олишлари шарт.

2019|2020 йиллар мавсумида ЕЧЛ ғолиблиги кимга насиб этади?

Ўтган мавсумда мухлислар «плей-офф» босқичида ёрқин мўъжизаларни кўрсатган «Аякс»нинг зафар қучишига эътироз билдирмаган бўлишарди. Бироқ «Ливерпул»нинг «Барселона»га қарши баҳсда амалга оширган «камбэки» тарози палласини инглизлар томонига оғдирди. Натижада Клопп шогирдлари ҳақли равишда «шалпангқулоқ« соҳибига айланишди. «Реал», «Ювентус», «Барселона», «Бавария», «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» сингари фаворитларнинг бирортаси нуфузли совринга муносиб ўйин кўрсата олмади. Жорий мавсумда ҳам рақибларидан яққол ажралиб турадиган даъвогар йўқ. Балки Гвардиола шогирдлари диққат-эътиборни бир жойга жамлаб, суръатни оширишар?

Месси Америка кубогига эриша оладими?

Тақдир Лео билан ўчакишиб қолгандек, гўё - Америка кубоги мусобақаси тезлашиб кетди. Даҳо музейида Пекин «олтин»идан бўлак ҳеч вақо йўқ. У ҳам олимпия термаси билан қўлга киритилган. Миллий жамоа барча имкониятларини худди ёш болалардек бой берди. Бироқ бўлажак турнир Колумбия ва Аргентина майдонларида ўтказилади. Амалдаги чемпион ва фаворит - Бразилия. Лекин «альбиселесте» ўзини қўлга олиши шарт. Месси, Агуэро ва Ди Мария авлодлари учун бу сўнгги имконият бўлиши мумкин. Айниқса, Месси учун!

«Олтин тўп-2020» кимга насиб этади?

Агар ЕЧЛ ғолиблиги «Ювентус»га насиб этиб, Роналду Евро-2020да муносиб тўп сура олса, «тўп»лар борасида Криштиану ҳисобни тенглаштиради. «Барселона» ва Аргентина ёрқин ўйин кўрсатса, ҳисоб 7:5га етади. Бордию, даҳолар дуэтининг клуб ва терма жамоалари ўзларини кўрсата олишмаса, нуфузли соврин учун кураш кескин тус олиши аниқ. Месси ва Роналдулар ҳукмронлигини узиб қўйишни уддалашди, энди Еврода француз, голланд, немис ёки бельгиялик порласа, «тўп»ни жарима зарбаларини қойилмақом тарзда амалга ошираётган ёхуд ҳаммадан баландроқ сакраганга бермаслик адолатдан бўларди. Аммо мухлисларни «Ким қўлга киритади»дан кўра «Кимга насиб этади» кўпроқ қизиқтиради. Истаймизми-йўқми, Месси ва Роналду ҳамон фаворитлар мақомида.

 

Олимпиада турнири қизиқарли бўладими?

Жанубий Америка вакиллари саралаш баҳсларини январь-февраль ойларида ўтказадилар, Бразилия Токиодаги асосий эркаклар турнирида фаворит сифатида майдонга тушади. Испания ва Германия жамоаларига ҳам юксак ишонч билдиришгани ўз-ўзидан тушунарли - бу жамоалар ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати финалчилари. Олимпиадада 23 ёшгача бўлган футболчилар ва 3 нафар «қария» тўп суришига рухсат берилади. Шу боис ҳатто Серхио Рамос ҳам Токио йўлланмасига иштаҳа сақламоқда. Евро-2020дан кейин Мбаппе ҳам Токиога йўл олиш истагида. Қолаверса, унинг ёши Олимпиада талабига тўла жавоб беради.

Аёллар ўртасидаги мусобақада Франция, АҚШ, Швеция, Германия ва Бразилия термаларидан юксак савиядаги ўйинларни кутишмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, бу мусобақа эркакларникидан қизиқарлироқ ўтади.

ЕЛнинг «плей-офф» босқичи ҳафсалани пир қилмайдими?

2021 йилдан бошлаб учинчи еврокубок мусобақаси стартга чиқади, ЕЛ эса ЕЧЛ формати асосида - 32 иштирокчининг гуруҳ босқичидаги куч синашиши билан бошланади. Ҳозирча кенгайтирилган вариант билан кифояланамиз. Яъни, ЕЧЛдан ўтадиган номдор жамоалар энди ЕЛнинг «плей-офф» босқичида қатнашадилар. «МЮ», «Севилья», «Аякс», «Интер», «Арсенал», «Рома» ва «Бенфика» нуфуз жиҳатидан ЕЧЛнинг «плей-офф»ига лойиқ жамоалар. Шунингдек, «Байер» ва «Шахтёр» ҳам. Балки «Аякс» охирги 10 йилликдаги илк совринини қўлга киритар? Сўнгги йиллардаги иштирокини инобатга олсак, голланд клуби бунга лойиқ.

«Бавария» ва «Ювентус» гегемонлиги узиладими?

«Манчестер Сити» сўнгги 10 йилликда қаторасига икки марта АПЛ чемпионлигига эришди. Аммо икки мавсум - кулгили серия. «Бавария» 7 йилдан бери ғолибликни ҳеч кимга бермай келмоқда. Мюнхенлик бўлмаган сўнгги чемпионликка Юрген Клопп­нинг «Боруссия»си сазовор бўлганди. Энди «РБ Лейпциг» шоҳсупани забт этиш ниятида. Мюнхенликларнинг навбатдаги зафари немис футболига ҳеч нарса бера олмайди, императорнинг ўзига ҳам. Шунингдек, «Ювентус»­нинг ғолиблиги ҳам. Турин гранди 8 йилдан бери тахтдан тушмаган. Бироқ Маротта ва Конте «Интер» ёрдамида серияга барҳам бериш учун жиддий бел боғлаганлар.

 

«Офсайд»даги эски қоида ўзгарадими?

Бу борадаги баҳслар қизғин паллага кириб улгурди. Сўнгги ҳимоячидан бутун бир корпусга ўзиб кетиш ҳуқуқини матбуот орқали эълон қилиб, мухлислар муносабати ўрганилмоқда. Чеферин ҳатто ҳужумчи фойдасига 10-15 см. қўшимча фарқ вариантини кўриб чиқмоқда. Нима бўлганда ҳам, АПЛдаги можаролар серияси футбол мутассаддиларини эътибор қаратишга мажбур этди. Агар фақат ҳужумчи билан ҳимоячи ўртасидаги тир-қиш кўринганда ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилса, яъни ҳужумчи рақиб дарвозасига яқинроқ бўлса, ҳимоя янги қоидага мослашиб олгунига қадар голлар сони кўпроқ бўлади.

Евро-2020 чемпиони ким бўлади?

Интрига етарли, шу боис букмекерлар котировкалари доимий равишда ўзгариб турибди. Аввалроқ Франция етакчилик қилаётганди, энди Англия. Лекин Бельгия, Голландия ва Германияга тикаётганлар ҳам йўқ эмас, Испанияни унутишмаяпти. Италия билан Португалия фаворитларнинг иккинчи эшелонида, аммо Дания ва Грециянинг яна бош кўтарганини кўрган мухлислар орасида фақат қоғоздаги фаворитларга ишонч билдирмайдиганлари ҳам етарли бўлиши аниқ. Ҳатто Роналдунинг жамоаси финалга аутсайдер сифатида етиб келгани, гуруҳдан 3-ўрин билан «плей-офф»га чиққанига қарамасдан, турнирни ғолиб сифатида якунлагани ҳам айни ҳақиқат.

Хуллас, янги йил футбол воқеаларига бой бўлишига шубҳа йўқ. Асосий байрам бўлмиш Евро-2020да 24 жамоа майдонга тушса, бутун сайёра томоша қилади. «Кўҳна қитъа»нинг етакчи чемпионатларидаги ҳал қилувчи беллашувлар, ЕЧЛ ва ЕЛдаги муросасиз баҳслар юқори интрига ихлосмандлари ишончини оқлашига умид қиламиз. Чиройли голлар, «камбэк»лар, янги қаҳрамонлар, ҳайратомуз ечимлар ва бахтиёр ғолиблар қувончига гувоҳ бўламиз. Футбол ҳеч қачон тўхтамайди ва уни диққат билан кузатишга иштиёқ уйғотади!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz