Қайднома

Қидирув

«Нефтчи» суперлигани кўзлайдими?

«Нефтчи» суперлигани кўзлайдими?

  13.01.2020 03:48
  0
  467
«Нефтчи» суперлигани кўзлайдими?

Суперлига клублари ортидан Про-лига вакиллари ҳам янги мавсумга тайёргарлик ишларини бошлаб юборишди. Хусусан, Фарғонанинг «Нефтчи»си биринчилардан бўлиб, йиғинга киришди. Чунончи, якунланган мавсум бар­қарор ўйин кўрсатолмаган шонли жамоа олдига бу йил жиддий вазифалар қўйилади. Оддий айтганда, кутилишича, «Нефтчи» эндиликда Суперлига йўлланмасини қўлга киритишга жиддий ёндашади. Охирги йилларда клуб маълум муаммолар, турли қийинчиликларга учради - ҳам молиявий томондан, ҳам таркиб жиҳатдан. Маълумотларга қараганда, ўзбек футболида муҳим ўрин тутувчи клуб ҳозирдан таркибни кучайтириш ва селекция ишларига фаол киришган. Таркибга маҳаллий ёшлар билан бир қаторда Суперлига ҳавосидан нафас олган тажрибали футболчилар ҳам қўшилишлари кутилмоқда. 20 декабрь куни илк йиғинга йиғилган «Нефтчи» аъзолари аввало, жисмоний ҳолатни яхшилаш устида ишлашди. Дейлик, ўтган мавсум Бангладеш чемпионатида ўйнаган Отабек Зокиров спорт формасини сақлаб туриш мақсадида «Нефтчи» машғулотларида қатнашди. Унинг клубда қолиш-қолмаслиги ҳозирча аниқ эмас. Шунингдек, кўрикда маҳаллий иқтидорлар қатнашишди. Хуллас, биз дарвозабон Фаррух Турдалиевни суҳбатга тортиб, аввалги мавсум ва илк йиғин таассуротлари билан қизиқдик.

 

- Фаррух, дастлаб якунланган чемпионат таассуротларига тўхталсангиз. «Нефтчи» олдига дарҳол Суперлигага қайтиш вазифаси қў­йилгани айтилганди, аммо амалда...

- Мавсум бошида бизга нимадир етишмади. Қолаверса, кўплаб учрашувларда жамоамиздан омад яққол юз ўгирди. Аслида ўйин сифати борасида ҳеч қайси рақибга ютқазганимиз йўқ, лекин негадир ишимиз сира юришмади негадир. Айниқса, дастлабки баҳсларда қимматли очколарни бой бердик. Мана, 20 декабрь куни клуб қароргоҳида йиғилиб, машғулотларга киришдик. Биринчи йиғин бўлгани учун асосан тикланиш машқларини бажардик.

- Аввалги мавсум давомида майдонга жуда оз тушдингиз. Нима, рақобатни бой бердингизми ёки бош­қа омиллар ҳам бор?

- Мавсумнинг старт қисмида Музаффар Абдуллаевга яхшигина рақобат тақдим этдим, менимча. Футболда ким майдонга тушиши-ю, ким захирада қолишини мураббийлар ҳал қилишади, футболчи эса ҳар қандай ҳолатда ҳам, уларнинг қарорини муҳокама этмаслиги керак. Бизнинг вазифамиз аниқ - яхши ўйнаб, ўзимизни майдонда кўрсатиш. Қолаверса, мавсумнинг иккинчи қисми аввалида жароҳат ҳам тўлиқ куч билан ишлашимга халақит берди. Оқибатда кўплаб учрашувларда майдон четида қолдим. Мана, ҳозир яхши ҳолатдаман ва яна «Нефтчи»га қўлдан келганича ёрдам беришдан умидворман.

- Жамоанинг айни ҳолати қандай? Ижобий ўзгаришлар борми?

- Ўзи бутун ўтган мавсум давомида ҳам «Нефтчи»нинг ички муҳитида муаммо сезилмади. Ҳозир ҳам муҳит аъло даражада. Жумладан, молиявий ҳолат ҳам яхши, менимча. Йигитларнинг кайфияти жойида, ҳамма шу ерда. Ҳозирча ҳеч ким кетгани йўқ. Тўғри, муаммосиз клубнинг ўзи йўқ. Фақат уларга вақтида тўғри ечим топилса, бас.

- Кутилишича, «Нефтчи» янги мавсумда Суперлига йўлланмаси учун жиддий курашади...

- Ҳа, мақсадимиз - Суперлигага қайтиш. Лекин бу вазифа осон эмас, кўтарилиш учун турли тўсиқларни енгиб ўтиш талаб этилади. Ўйлайманки, ўтган йилги хатолардан тўғри хулоса чиқарилди. Мухлислар жамоани яна кучлилар сафида кўришни хоҳлашади, албатта. Шундай экан, жиддийлашишимиз шарт. Зеро, Фарғона футболига кучли жамоа ярашади.

- Фарғона жамоасида мухлисларни қувонтирадиган қандай янгиликлар бор?

- Ўзгаришлар катта. Лекин бу ҳақда батафсил маълумот бериш менинг ваколатимга кирмайди. Биз яхшиси, меҳнат, саъй-ҳаракатлар воситасида ўзгаришлар самара беришини таъминлашга уриниб кўрамиз. Албатта, ҳамма жамоадан катта натижалар кутади. Чунончи, Суперлигага чиқиш олдимизда турган энг муҳим ва қийин вазифа ҳисобланади. Футболда иложсиз ишнинг ўзи йўқ. Ҳаммасининг ечими бор. Фақат ечимни топиш керак, холос. Албатта, бизга умид боғлаётган мухлисларни ранжитиб қўймаслик учун бор имкониятларни ишга соламиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz