15 мартда «Ростов»нинг Россия чемпионатида совринли ўринлар учун курашда қолиш-қолмаслиги аниқ бўлади. Жамоа сафарда «Ахмат»га қарши ўйин ўтказади, кейин эса ўз майдонида москваликлар - ЦСКА ва «Локомотив»ни меҳмон қилади. Бундай учрашувларда иккинчи ўринга даъвогарлик масаласи ҳал этилиши турган гап, салбий натижалар эса қишки танаффус кечаги ўртамиёнани аутсайдерлар сафига қўшиб қўйганини кўрсатади. Ҳаммаси клубдаги кадрлар сиёсатига боғлиқ - пул керак, аммо етакчиларни қўйиб юбориш истаги йўқ.
Гап Козлов, Ерёменко, Ионов ёки Песьяков ҳақида борганда, ҳаммаси тушунарли, уларга даъвогарлик қиладиганлар навбат кутмаслиги турган гап - бу футболчилар энди ёш эмаслар. Шунга қарамай, дарвозабон Сергейдан ташқари ҳаммаси - асосий таркиб аъзолари. Ионовнинг самарадорлиги ҳам маромида - 5та гол ва 7та «ассист», Ерёменко - ростовликлар учун муҳим фигура.
20 ёшли Глебов эса янги лимит билан боғлиқ муаммога эга клубларга асқотиши мумкин - Данилни захира варианти сифатида кўриб, унга «қармоқ ташлаганлар» ҳам йўқ эмас. Саплинов ҳақида ҳам худди шунга ўхшаш фикр билдирса бўлади.
Қизиқарли вариантлардан бири сифатида Хаджикадунични кўрсатиш мумкин. «Ростов» сардори Сигурдссон кетгач, Карпин Чистяков билан жуфтликда айнан Деннисни ўйнатиши эҳтимоли йўқ эмас. Натижада, ҳимояда бўйдор футболчилар тўп суришади. Аммо мазкур ҳолатда, етакчи вазифасини ким бажаради?
Рагнарнинг «Ростов»ни муддатидан аввал тарк этиб, катта эҳтимол билан Туркия клубларидан бирига кетиши Карпин бошчилигидаги жамоанинг келажагига рахна соладими? Қийин савол, зеро исландиялик футболчи борлигида ҳам мудофаада қўпол хатолар кузатиларди. Ҳимоя марказида ўйинни бошқарадиган бир киши, ҳеч бўлмаганда, сифатли захира варианти бўлиши керак.
Мавсумнинг биринчи қисмидаги «сенсация»лардан бири - Чистяковга талаб ортяпти. Лимит масаласи ва Маммананинг жароҳатидан сўнг ушбу футболчига «Зенит» қизиқиш билдирди - «инсайд»лар хизматига эҳтиёж йўқ, Дмитрийни ким ўз сафига қўшиб олиши аниққа ўхшайди. Мазкур ҳолатда Ивановичнинг неча ёшдалигини ҳам инобатга олиш даркор. Бано кетадиган бўлса, чемпионларга Круговойнинг ўзи камлик қилади - питерликлар Данилни «Уфа»дан бежиз қайтаришмади.
«Зенит» ва «Ростов» ўртасида ишчи муносабатлари бор - Чернов ҳамда Бабуринни беришди, аввалроқ эса ўз сафларига Бердиев бошқарган жамоадан футболчиларни жалб қилишганди. Ушбу рўйхат яна тўлдирилиши эҳтимоли йўқ эмас. Айни пайт Шомуродовга Германия ёки Англиядан таклифлар бўлаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда - ўзбекистонлик форвард ўтган йилнинг иккинчи қисмида қандай савияга эга эканлигини кўрсатиб қўйди. Бироқ Азмун АПЛга йўл оладиган бўлса, «Зенит»нинг Элдор учун курашга қўшилиши мумкинлигини эсдан чиқарманг.
«Ростов»нинг ҳужум чизиғида ҳам ўзгаришлар бўлади. Мамаевнинг қайси нуқтада ўйнашига аниқлик киритиб олиш керак. Катта эҳтимол билан, «Краснодар»нинг собиқ аъзоси қишки танаффусда Ростов жамоасини кучайтирган энг асосий футболчи бўлади. Павел исталган позицияда ўйнай олади - унинг келиши фойдага ишлайди. Худди Байрамян, Ионов ва Шомуродовнинг ўйини очилиб кетгани сингари.
Элдор агар ростовликлар сафида қолса, унга янги имкониятлар тақдим этилади, яна голлар уради ва «Ростов» рад жавобини беролмайдиган таклифларга эга бўлади. Шомуродов - ажойиб ёш форвард, аммо Норманн билан бўлганидек, ўзбек йигити билан ҳам хайрлашишга шошилмаслик керак. Дарвоқе, агар субъектив, аммо «футбол даражаси»даги тушунарли сўз билан айтганда, 23 ёшли Матиас савия бўйича «Ростов»да Ерёменкодан кейинги иккинчи футболчи ҳисобланади.
Норвегиялик юқори салоҳиятга эга, меҳнаткаш, унга фақат курашларга қўрқмай киришишни ўргатиш керак. Баъзан Норманн ишга расмиятчилик нуқтаи назаридан ёндашади. Аммо айтишларича, ҳатто Сульшер ҳам ўз скаутларига ватандошини кузатиш бўйича топшириқ берган. Бироқ катта клубларда ўйнашни хоҳласа, Норманндан ўйин эпизодларида жаҳлдорроқ бўлиш талаб этилади. Йўқ, четлатишлар бўйича Европанинг асосий лигаларида етакчи бўлиб турган Гацканга ўхшамасин, шунчаки, таянч чизиғида агрессивликни оширса кифоя.
Агар Норманн ва Шомуродов клубни тарк этишса, «Ростов»нинг бир йил мобайнида молиявий муаммолардан йироқ юришини таъминлашади. Аммо бу ишни мавсум якунланганидан кейин амалга оширишгани маъқулроқ. Ҳар бир футболчи жуда муҳим ҳисобланган шундай коллективнинг қишдаёқ тарқаб кетишини хоҳламаймиз. Сигурдссон кетди - ўзи шуни истади. Ҳозироқ қўйиб юбориш мумкин бўлган бир қатор легионерлар бор - Вилюш, Сигурдарсон, Салетрос ва Кьяртанссон. Аммо жанубликларда таркибдаги етишмовчиликлар панд берди, шундай экан, йўқотилганлар ўрнига янги футболчиларни олиб келиш керак.
Ижара келишувларига эътибор қаратса бўлади, ахир жамоада яхшигина селекционерлар ишлашади. Қолаверса, Карпиндаги трансфер интуицияси ҳам чаккимас - бир қаранг, сўнгги йилларда «Ростов» янги ўйинчилар учун қанчалик кам пул тўлаяпти-ю, якунда қандай етук ижрочиларга эга бўляпти. Асосий мақсад ишончли мудофаа чизиғини шакллантириш эканлиги тушунарли - жамоа дарвозасидан жуда кўп тўп ўтказиб юборяпти, қўпол хатолар ҳар доим ҳам ҳужум билан ёпилавермайди. Персонал жиҳатдан марказий ҳимоячилар ва Бабурин яхши тўп суришди, демак, ҳамма гап тактикада.
Чернов ва Козлов ҳам ҳимоядаги вазифаларини яхши тушунишади, унча ёш бўлмаган Попов ва Ерёменко мудофаага ёрдамлашишади. Агар 19та турга умумий баҳо берсак, РПЛда энг тушунарли ва замонавий футболни айнан «Ростов» намойиш этгани кўринади. Шу боис, катта молиявий имкониятларга эга бўлмаган клуб қишки танаффусга юқори учликда чиқиб кетди, ЦСКА ва «Локомотив» билан бир хил очко тўплади. Аммо унутмаслик керакки, янги йилдаги дастлабки ўйинлар айнан шу рақибларга қарши кечади.
Карпиннинг бўшашишга вақти йўқ. Қишда нафақат таркибни кучайтириш, балки ҳозирги таркибдагиларни йўқотмаслик борасида ҳам бош қотиришга тўғри келади. Шомуродов ва Норманни ҳозирнинг ўзида қўйиб юбориш «Ростов»га молиявий жиҳатдан асқотиши турган гап - харидорлар топилади, натижада маошлар бўйича муаммо бўлмаслиги аниқ.
Агар Элдор ва Матиас ростовликлар Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишганидан кейин кетишса, сотувдан олинадиган эффект янада юқорироқ бўлади: «Ростов» шу тариқа «Краснодар», «Локомотив», ЦСКАни ғафлатда қолдиради, «Спартак» устидан қозонилган ғалаба (4:1) - Тедеско ва Карпин жамоалари тайёргарлиги ўртасидаги фарқнинг адолатли исботи эканини кўрсатади. Валерий Георгиевич чиройли футбол кўрсатадиган жамоа шакллантирди, баҳорда таваккал қилиб, Бердиевнинг қаҳрамонлигини такрорлашга уриниб кўриш мумкин.
Умуман, ҳозир замон бошқа, эҳтимол, «Ростов» иштирокидаги ҳал қилувчи ўйинлардаги ҳакамлик сизга маъқул келмас. Ўз навбатида, Карпин бошчилигидаги жамоа етакчиларига нафақат хориж клублари, балки «Зенит», «Краснодар» ёки москваликлар «совчи» бўлишлари мумкинлиги ҳам тушунарли. Хавф кўп, интрига бисёр, аммо «Ростов»га бошқаларга қараганда руҳан осонроқ бўлиши эҳтимоли юқори. Европа Лигасига тўғридан-тўғри йўлланма ажойиб натижа бўлади - ушбу турнирда ҳам УЕФАдан яхшигина мукофот пули олиш имконияти туғилади. Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқи эса мавсумнинг ажойиб тарзда якунланганидан дарак беради. Айниқса, гап иккинчи ўрин ҳақида борадиган бўлса.
Ҳозир муваффақиятсизлик ҳақида ўйлайдиган вақт эмас, фаворитлар хавотир олаверишсин. «Ростов» жуда қулай позицияда. Жанубликлардан ҳеч нима талаб этилмайди. Янги йил арафасида маошлардаги қарздорлик ёпилганини айтишди. Гарчи клуб оммавий чиқиш орқали айрим маҳаллий «ҳукмдор»ларни ранжитган бўлсада, жамоатчилик фикри устунликка эришди. Жамоанинг чиройли ўйин кўрсатаётгани, ёпиқликка интилмаётгани, ёрқинлик ва сермаҳсуллик мухлисларга ёқяпти.
Йил охирида бироз чарчашди, темпни пасайтиришди, аммо қишда ҳордиқ чиқаришади, февраль охиридан эса жангга киришадилар. Бу жангда, яхшиси, кузда синовдан ўтган РПЛ юлдузлари - Шомуродов, Ерёменко, Норманн ва Ионовнинг қатнашгани маъқул. Карпин бошчилигидаги «Ростов»нинг қишки вазифаси - жанговар салоҳиятни йўқотмаслик, асосий футболчиларни бошқа клубларга қўйиб юбормаслик. Жамоа Россия чемпионатини совринли ўринларда якунлаши керак, ахир ростовликлар буни уддалай олишади.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20