Қайднома

Қидирув

Келажакка замин ҳозирлаб…

Келажакка замин ҳозирлаб…

  12.01.2020 05:59
  0
  137
Келажакка замин ҳозирлаб…

Авлодлар алмашинуви катта клублар учун муваффақият омилидир. Кимлардир кетади, айримлар келади. Муҳими, ўз вақтида алмаштиришни амалга ошириш даркор. Қуйидаги мақолада «Ювентус»нинг ёш ва қимматбаҳо янги футболчиси ҳақида ҳикоя қилинади.

Деян Кулушевскининг «Ювентус»­га ўтишини кутилмаган воқеага йўймасак бўлаверади, зеро Италия ОАВ ушбу харидга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганди. «А» сериянинг декабрь ойидаги энг яхши футболчиси учун даъвогар грандлар бис­ёр эди - ҳар ҳолда, маҳаллий матбуот шундай ёзди.

Бундай босим остида тезкор ҳаракатланиш, бошқаларни ортда қолдиришга уриниш талаб этиларди. Асосий мақсадини рақобатчиларига қўйиб юбормаслик, ўз навбатида, келажак учун таркибни кучайтириш бўйича «Ювентус» бой тажрибага эга. Бундай футболчилар авлодлар алмашуви даврида жуда қўл келади. Ахир ҳар мавсум ҳамма совринлар учун курашадиган ҳақиқий гранд учун муҳими - ҳозирнинг ўзида кучли таркиб шакллантириш эмас, ўз сафидаги кучли футболчиларнинг кетишини мўлжаллаган ҳолда, уларнинг ўрнини муносиб ворислар билан тўлдириш, ўзига хос конвейерни йўлга қўйиш.

Агар жамоа ўз чемпионатида фаворит ҳисобланса, буни амалга ошириш осонроқ кечади. Чунки обрў ва молиявий устунликка эга бўлган ҳолда, бошқа клубларнинг энг сара футболчиларини таркибга жалб қилиш енгилроқ кечади. Германияда «Бавария» худди шундай қилади, Италияда эса «Ювентус»ни мисол келтириш мумкин. Умуман, Кулушевски учун курашда туринликлар «А» серия ва трансфер бозорида гегемонга муносиб рақобат туғдиришга интилаётган «Интер»ни осонликча ортда қолдиришди.

Аммо миланликлар Кулушевски билан музокараларда қийинчиликка дуч келишди - футболчининг агенти билан молиявий томондан келиша олмадилар, Деян эса 19 ёшида жамоалар услубига қараб танловни амалга оширадиганлар тоифасидан экан. Унинг фикрича, Антонио Контенинг «Интер»даги услубидан кўра, Маурицио Сарри йўлга қўйган футбол маъқулроқ бўлиб чиқди. Аслида, Кулушевски Туринда майдонга тушишни бошлагунча Саррининг «Ювентус»­да қолиш-қолмаслиги сўроқ остида.

Швециялик футболчи келажаги борасида мавсум охирида ўйлаб кўришини айтганди. Бироқ бундай харидорлар келганда, режалар ўзгариши табиий. «Интер»нинг қизиқиши, Кулушевски иштирокидаги ўйинларни кузатиш учун «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» скаутларининг ташриф буюриши «Ювентус»ни дарҳол ишга киришишга ундади. Туринликлар «Аталанта» раҳбариятининг талабини қондиришлари керак эди. Бергамоликлар ажойиб ёш футболчиларни тарбиялашди, буни клуб президенти Антонио Перкасси ҳам тасдиқлади: «Сафимизда яқин келажакда юлдузга айланадиган ўйинчи бор. Уни сотишга шошилмаймиз, аммо муайян таклифлар тушганда, ҳар доимгидек йўл тутамиз: футболчимизни сотиб, унинг ўрнини муносиб издоши билан тўлдирамиз. Аксарият ўйинчилар билан шундай йўл тутганмиз. Айни йўналиш бизнинг ривожланишимизга замин ҳозирлаган».

Кулушевскининг ўсиш жараёни ҳайратланарли. У фаолиятини Швециянинг камтарона «Броммапойкарне» клубида бошлаган, у ердан иқтидорини тўғри баҳолай олган «Аталанта» академиясига кўчиб ўтган. 2016 йили Бергамо жамоаси Деян учун 165 минг евро тўлади. Шу тариқа футболчининг профессионал фаолияти бошланди. Бу даражадаги дастлабки ўйинини у 2019 йилнинг январида ўтказди. Аввалги мавсумда Кулушевски майдонда кам кўриниш берди.

Ёзда эса ижара асосида «Парма»га ўтди ва ушбу клубда нималарга қодирлигини кўрсата бошлади. Мавсумнинг дастлабки қисмида 19 ёшли швед ўз жамоасининг 46та голли вазиятида қатнашиб, 4та гол ва 7та самарали узатма расмийлаштирди. Декабрда уни «А» сериянинг энг яхши футболчиси, деб топишди. Ўтган бир йил мобайнида у номаълум ўспирин мақомидан шундай катта эътирофгача бўлган йўлни босиб ўтди.

«Ювентус» Кулушевски учун «Аталанта»га 35 миллион евро беради, ушбу сумма беш йил мобайнида тўлаб борилади. Яна 9 миллион бонус сифатида ажратилади. Ўз навбатида, швед мавсум охиригача «Парма»да ижарада ўйнайди. Бундай келишув футболчининг ўзи учун ҳам қулай - «кекса синьора» сафида дарҳол майдонга тушишига ишониш қийин. Ҳозир эса ўйин амалиётига эга бўлиши мумкин.

Ахир Кулушевски эндигина ривожланиб бормоқда, ҳали жуда ёш, хатолар ва жароҳатлар эҳтимоли йўқ эмас. «Ювентус»да ниятини амалга ошириши нисбатан қийинроқ кечиши турган гап. Ҳозир эса келажагидан хавотир олмаса бўлаверади - туринликлар билан шартнома 2024 йилгача амал қилади. Эътиборлиси, «Юве» Кулушевскини дарҳол қўлга киритиш мақсадида «Парма»га унинг ўрнига Марко Пьяцани ижарага бермоқчи бўлди. Пармаликлар эса бунга рад жавобини беришди.

Деяннинг кетишига, биринчи нав­батда, «Парма» бош мураббийи Роберто Д’Аверса қарши чиққанди: «Клуб унинг биз учун қанчалик муҳим эканлигини билади. Кулушевскининг қайси жамоада, қайси мураббий қўл остида шундай имкониятга эга бўлиши мумкинлигини билмайман. Биз унга барқарорликни тақдим этиб, мавсум охиригача уни таркибимизда сақлаб қолишимиз керак. Ўйлашимча, Деян турли позицияларга мослаша олади. Унда «ўйин бузиш» салоҳияти бор. Аммо чизиқлар ўртасида. Ярим ҳимояда эса нимадир етишмайди: жисмоний устунлик эмас, концепция, структурани тушуниш. Ҳозирча унинг хусусиятлари ҳужумда яхшироқ кўзга ташланмоқда».

Кулушевскидан ажойиб универсал чиқиши мумкинлиги ҳақида Италия матбуоти анчадан буён ёзмоқда. Хусусан, салоҳиятига қараб уни Кевин де Брюйнега қиёслашмоқда, бельгиялик ҳам ярим ҳимоянинг турли нуқталаридаги ролларни кўнгилдагидек бажаради. Швециялик футболчидан қанотларда ҳам, ярим ҳимояда ҳам фойдаланиш мумкин: плеймейкерлик бўладими ёки ҳужумчи ортидаги позициями, у ўзини қулай ҳис қилади. Бундай универсалликка эришиш учун қаҳрамонимизга ҳозирча фақат турли амплуаларда кучни тўғри тақсимлаш сифати етишмаяпти. Энг қизиғи, Кулушевски кимга ўхшашга интилади? Кўпчиликнинг фикрича, бу Роналду бўлиши мумкин. Йўқ, мазкур саволга тўғри жавоб топишингиз амримаҳол - Аднан Янузайга. Бельгиялик футболчининг «Манчестер Юнайтед»даги дебюти, унинг келажагига умид билан қаралгани ёдингиздами? «Унга ўхшашни хоҳлайман: шундай дебют қилайки, майдонда энг ёш футболчи эканлигимни ҳеч ким пайқамасин», - дейди Кулушевски.

Шуниси аниқки, швед фаолиятининг қолган қисми ҳам Аднанникидан ёрқинроқ кечишини хоҳлайди. Буни амалга ошириш мумкин, ҳаммаси Деяннинг ўзига боғлиқ.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz