Қайднома

Қидирув

АПЛни енгмасанг, у сени ютади!

АПЛни енгмасанг, у сени ютади!

  13.01.2020 05:23
  0
  410
АПЛни енгмасанг, у сени ютади!

Энг қизиқарли мусобақалардан бири бўлган Англия чемпионати нафақат футболчилар, балки мураббийлар учун ҳам юксак марра. Аммо нуфузли лигада муваффақиятга эришиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмаган мураббий табиийки, футбол оламидаги мавқеини бой бериб қўйиши мумкин. Қуйидаги материал туманли ўлкани афсус-надоматлар билан тарк этган омадсиз мураббийлар ўнлигига бағишланади. «МЮ»да ижобий ўзгаришларни амалга оширолмаганидан кейин жиддий рақибларга қарши баҳсларда «Тоттенхэм» ғалабасини таъминлай олмаётган Жозе Моуриньо эса омадсизлар рўйхатидан жой олишга тобора яқинлашмоқда.

Кристиан Гросс

(«Тоттенхэм», 1997|1998)

Гросс - Швейцариянинг икки карра чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби. Лондонликлар мураббийдан Англияда ҳам муваффақиятли фаолиятни кутишганди. Бироқ «Грассхоппер» устози бу вазифани уддалай олмади. Ваҳоланки, мутахассис туманли ўлкадаги илк қадамини эсда қоларли тарзда амалга оширганди: «Мана шу мен учун «орзулар чиптаси» бўлиб қолишидан умидворман», деганди Гросс матбуот вакилларига поезд чиптасини кўрсатиб.

Бироқ амалда бунинг акси бўлди. Швейцариялик мутахассис раҳбарлигида «шпорлар» мавсумни ўта суст ўтказиб, Чемпионшипга тушиб кетиш хавфи остида қолишди. Фахрий Юрген Клинсманнинг ташрифи туфайли жамоа маррага 14-ўринда етиб борди. Кристиан Гросс янги мавсум арафасида ўз лавозимидан озод этилди.

Брюс Риох

(«Арсенал», 1995|1996)

Шотландиялик мутахассиснинг «Болтон»ни тобора юқорироқ поғоналарга олиб чиққани, Лига кубогида финалга етиб боргани «Арсенал» мутасаддиларини унга ишонч билдиришга мажбур этганди. Лекин Риох «тўпчилар» ишончини оқлай олмади. Тўғри, у Деннис Бергкампни жамоага олиб келди, кейинчалик Иан Райт билан аразлашиб қолди ва уни трансфер талаб қилишга мажбур этди. Раҳбарият ҳужумчи тарафини олгач, Брюс жамоадан кетди. Шундан кейин мураббий АПЛда ишламади, «Арсенал»да эса Арсен Венгер даври бошланди.

Феликс Магат

(«Фулхэм», 2014)

«Бавария» ҳамда «Вольфсбург»даги сермаҳсул фаолияти эвазига юксак нуфуз ва «Темир Магат» тахаллусига эга бўлган мураббий учун камтарин «Фулхэм» энг монанд вариант эди. Аммо унинг услуби лондонликларга маъқул келмади. Шунингдек, тиббиётга оид тавсиялари ҳам: масалан, у бел оғриғидан шикоят қилган Бред Хангеландга оғриқ жойига пишлоқ босишни маслаҳат берганди.

Ҳа, германиялик мутахассис ҳазил-ҳузуллар билан шогирдлари руҳиятини кўтаришга уринди. Лекин натижалар ўта ачинарли эди. «Темир Магат» раҳбарлигида жамоа 7 учрашувда атиги 1 очкони қўлга киритди. Оқибатда мураббий истеъфога йўл олди. «Фулхэм»дан кейин Магат Хитойнинг «Шаньдун Лунэн» клубини бошқариб, 2017 йилда фаолиятига нуқта қўйди.

Реми Гард

(«Астон Вилла» 2015|2016)

Мураббийлик соҳасидаги омадсизлик бобида Тим Шервуддан ўзиб кетиш анча мушкул вазифа бўлсада, Реми Гард буни уддалади. Франция­лик мутахассис «Лион» билан муваффақиятга эришди, лекин бирмингемликлар уни эслашни ҳам истамайдилар. Французларнинг Рой Кини ўз шогирдларини очиқ-ойдин танқид қилар, навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўриш учун футболчиларни Рождество таътилидан чақириб олишни лозим топганди. Бироқ бу чора-тадбирлар наф бермади: 20 учрашувда 2та ғалабага эришган мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишди.

Паоло Ди Канио

(«Сандерленд», 2013)

Италиялик мураббийнинг «Сандерленд» билан ҳамкорлиги ҳали бошланиб улгурмасидан номуносиб ғоя сифатида танқидга учраганди. Сабаби, Ди Канио кўпинча турли можаролар марказида юрар, сиёсий қарашлари ҳам барқарор эмасди. Нима бўлганда ҳам, янги бош мураббий ўз дебютини Ньюкаслдаги йирик (3:0) ғалаба билан нишонлади. Аммо «асал ойи» узоққа чўзилмади. Футболчилар билан тил топиша олмаган Паоло жамоа сардори Жон О`Ши билан жанжаллашиб қолди ва истеъфога чиқарилди. Унинг натижаси - 13та ўйинда 3 ғалаба.

Боб Брэдли («Суонси», 2016)

Бу мутахассис фаолияти қандай ўтганидан қатъий назар, АПЛдаги дастлабки америкалик мураббий сифатида тарихга кирди. Афсуски, уммон орти вакилининг дебюти омадли бўлмади: унинг раҳбарлигида 11 марта майдонга тушган «оққушлар» 33 имкониятдан бор-йўғи 8 очко олишди. Оқибатда жамоа мураккаб вазиятга тушиб қолди. Шу боис, раҳбарият мавсумдаги учинчи мураббий алмашувини амалга оширишга мажбур бўлди.

Пол Инс («Блэкберн», 2008)

Аввалига Полнинг мураббийлик фаолияти рисоладагидек кетаётганди. «Максфилд Таун» ва «Милтон Кинс-Донс»даги муваффақиятлардан кейин у ҳақли равишда ўз малакасини элитада синаб кўриш имкониятига эга бўлди. Бироқ АПЛдаги кучли рақобат олдида ёш мутахассис ожиз қолди. Очиғи, тактика бобида Пол Инс мақтана олмасди. Телекамераларнинг бири мураббий ён дафтарига нигоҳ ташлашга муваффақ бўлганди: вараққа биргина «Ҳужумга ўтиш» ибораси ёзилганди, холос. Афтидан, футболчилар устоз кўрсатмаларига амал қилишни истамадилар, чоғи.

Эгиль Ульсен

(«Уимблдон», 1999|2000)

Олис узатмаларни хуш кўрадиган Эгиль Ульсен Норвегия терма жамоасини икки марта жаҳон чемпионатлари финал босқичига олиб чиқиш орқа­ли шуҳрат қозонганди. Айнан шундай услубни ёқтирадиган «Уимблдон» аср­лар алмашуви арафасида уни ўз таркибига таклиф этди. Бироқ клубдагилар скандинавиялик мутахассис билан майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам тил топиша олмадилар ва 11 учрашувда атиги 1 очкога эга бўлдилар. Натижа: «Уимблдон» элитани тарк этди, Ульсен эса жамоани. Шундан бери АПЛда на жамоа кўринди ва на мураббий.

Франк де Бур

(«Кристал Пэлас», 2017)

Голландиялик мураббийнинг нуфузига Лондонга келишидан аввал дарз кетган бўлса, кетиш чоғида бутунлай синди. Эредивизионда «Аякс»­ни 4 марта шоҳсупага олиб чиққан мураббийнинг «Интер»даги фаолияти 85 кунда ниҳоясига етди. Ўшанда бу ўта паст кўрсаткичдек туюлганди. Аммо... АПЛнинг 5 учрашувида бирорта очко ола билмаган де Бур табиийки, ўз вазифасидан озод этилди. 77 - ношуд мураббийнинг янги антирекорди.

Лори Санчес («Фулхэм», 2007)

Крис Коулмэннинг истеъфосидан сўнг бошқарув тизгинини ўз қўлига олган Санчес Шимолий Ирландиядаги муваффақиятини Лондонда такрорлашга қарор қилди. Қай тариқа дейсизми? Жамоа таркибига имкон қадар кўпроқ ирландиялик футболчиларни жалб этиш орқали, албатта. Бироқ Дэвид Хили, Стивен Дейвис, Аарон Хьюз ва Крис Бэйрдлар мураббий кутганидек халоскорлик ролини бажара олмадилар. Рождество байрамига қадар «Фулхэм» бор-йўғи 2 марта ғалаба нашидасини сурди, Лори Санчес эса жамоани тарк этди.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz