Сир эмаски, барча жамоалар қатори «Реал» клуби ҳам ўз таркибини иқтидорли футболчилар билан кучайтириш борасида турли воситалардан фойдаланади. Жумладан, у ёш футболчиларни харид қилиб, Бундеслига вакилларига ижарага юборади ва зарурат туғилганида етук юлдузлар сифатида қайтариб олади.
Интиҳоси тайин ижара
Аввало, «Боруссия Дортмунд»нинг ҳужумкор ҳимоячиси Ашраф Ҳакимининг натижаларига эътибор беринг. Биргина Бундеслиганинг жорий мавсумдаги ортда қолган учрашувларида у ўз ҳисобига 2 гол ва 6 «ассист»ни ёздириб қўйди. Бу аввалги мавсумга қараганда юқори кўрсаткич. Ҳакими ўтган мавсумни 2 гол ва 4 «ассист» билан якунлаганди. Дортмундликларнинг ЕЧЛ «плей-офф» босқичига йўл олишида Ашрафнинг ҳиссаси улкан бўлди - у «Славия» (2:0) ва «Интер» (3:2)га қарши баҳсларда «дубл»га эришди. Ҳакимининг ҳимоявий фаолиятига эътирозлар йўқ, у ҳар бир учрашувда камида 79 дақиқа тўп сурмоқда.
Ноябрь ойида футболчи 21га тўлди. Шу ёшга чиққунга қадар Ашраф бир мавсумни «Реал» ўринбосарлари сафида ўтказди, асосий таркиб билан Примеранинг 9та учрашувида майдонга тушди ва 2та гол уришга улгурди. Кейин 1,5 йил ичида Бундеслиганинг етакчи футболчилари даражасига кўтарилди.
Ҳакими учун ҳаммаси ҳавас қилишга арзийдиган тарзда кечмоқда, лекин «Боруссия» учун анча хавотирли. Дортмундликлар сафида у икки йиллик ижара шартномаси асосида тўп сурмоқда. Бироқ жамоа уни харид қилиш ҳуқуқига эга эмас. «Реал» ёзда Ашрафни қайтариб олмоқчи бўлганди, аммо шартнома бунга имкон бермади.
Ҳимоячи фаолиятидаги тараққиётни трансфер баҳосидан билиб олиш мумкин. 2018 йилнинг июлида «Трансфермаркт» портали Ҳакимини 5 млн. еврога баҳолаганди. Ҳозир у нақ 9 бараварга қимматлашган. «Боруссия» уни «Реал» учун тарбиялади, лекин эвазига ҳимоячининг самарали иштирокидан бошқа ҳеч нарсага эга бўла олмайди. Ашраф дортмундликлардан миннатдор бўлсада, доимо «Реал» аъзоси эканлигини таъкидлайди. Мақсади - тезроқ Мадридга қайтиш.
Пойтахтда эса Ҳакимини кучли рақобат кутмоқда. Ҳозир унинг «кумир»и Марсело, «Сосьедад»дан харид қилинган келажаги порлоқ Одриосолалар айнан шу чизиқда тўп суришмоқда. Ижара шартномаси билан Ашрафни рақобатдан фориғ этишганди. У эса Германияда шиддатли тараққиётга эришди. Лотар Маттеус уни Бундеслиганинг энг яхши қанот ҳимоячиси деб эълон қилди, Африкада 2018 йилнинг энг сара ёш футболчиси сифатида эътироф этишди. Қўшимчасига, Ҳакими Бундеслиганинг энг учқур футболчиси ҳисобланади.
Ашрафга оид навбатдаги муҳим маълумот: АS хабарига кўра, «Реал» ҳимоячининг «Боруссия»даги ижара муддатини узайтириш таклифини рад этди. Демак, ёзда Дортмунд жамоаси ўзининг сермаҳсул ижрочисидан жудо бўлади. Жорий мавсумда Ҳакими гол урган ёки «ассист»ни амалга оширган учрашувларнинг фақат биттасида «Боруссия» мағлуб бўлди. Ҳозирда Ашраф - «Реал» учун тайёр қўшимча куч, «Дортмунд» учун эса сезиларли йўқотиш.
«Реал» Бундеслига клубларидан мунтазам фойдаланади
Дани Карвахаль - шундай схеманинг ёрқин мисоли. 2012 йилда мадридликлар иқтидорли ҳимоячини 5,5 млн. евро эвазига «Байер»га сотиб, бир йилдан кейин 1 млн.га қимматроқ баҳода қайтариб олишди. Бундеслигадаги мавсумда ҳимоячи 8та самарали узатмани амалга ошириб, қимматли тажрибага эга бўлди ва шундан бери «Қироллик клуби» таркибида мунтазам майдонга тушмоқда.
Ижара услуби Хамес Родригес масаласида ҳам иш берди. У «Реал»нинг асосий таркибида эди, лекин кейинчалик захирага олинди. Оқибатда «Бавария» ҳаракатга тушиб қолди: Хамеснинг 2 йиллик ижараси мадридликларга 13 млн. евро даромад келтирди. Кейин «Реал» уни ортга қайтарди. Ёзда унинг ҳеч қаёққа кетмаслигини таъкидлаган Зидан футболчидан ротация жараёнида фойдаланмоқда.
Тўғри, ижара услуби ҳар доим кутилган натижани бермаслиги ҳам мумкин. 2015 йилда «Реал» «Сарагоса» ҳимоячиси Хесус Вальехони ўз сафига жалб этганди. Аввалига уни ўз жамоасида ижарага қолдирди, кейин «Айнтрахт»га бериб юборди. Янги жамоада ҳимоячи Бундеслиганинг 25 учрашувида майдонга тушди. Кейин Мадридга қайтиб, икки мавсум давомида асосий таркибдан жой олишга уриниб кўрди. Лекин атиги 12та ўйинда майдонга тушишга муваффақ бўлди. «Айнтрахт»да «сургун»дан самара чиқара олмаган ҳимоячи ҳозир «Вулверхэмптон»да тўп сурмоқда.
Гарчи «Реал» номдор ва улкан жамоа бўлсада, барча хоҳловчиларни ўз бағрига сиғдира олмайди. Шу боис ижара келишувларининг аксарияти трансфер бозори билан хотима топади. Масалан, «Фрайбург» ҳимоячи Лейнартни 500 минг еврога ижарага олиб, кейин 2 млн.га харид қилди. Омар Маскарелни 1 млн.га «Айнтрахт»га пуллаган «Реал» икки йилдан кейин 4 млн. сарфлаб қайтариб олди ва ёзда «Шальке»га 10 млн. эвазига сотиб юборди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20