Қайднома

Қидирув

Мақсад – Осиё бозори…ми?

Мақсад – Осиё бозори…ми?

  14.01.2020 01:19
  0
  454
Мақсад – Осиё бозори…ми?

«Ливерпул»нинг Такуми Минаминони сотиб олиши - қишки трансферлар ойнасида рўй берган энг асосий воқеалардан бири. Чунки бу харид январдан олдин амалга оширилди. Албатта, бошқа сабаблар ҳам бор: япониялик иқтидорли футболчини «қизиллар» қандайдир 7,25 млн. фунт эвазига сотиб олишди - замонавий тамойилларга кўра, кулгили сумма. Унинг шартномаси 4,5 йилга мўлжалланган - жиддий келишув. Умуман, бунга ажабланмаса ҳам бўлаверади: «самурай»нинг «Зальцбург» сафида «Ливерпул»га қарши кечган баҳслардаги ҳаракатлари Юрген Клоппда ёрқин таассурот қолдирди-да.

Минаминога «Манчестер Юнайтед» ҳам қизиқиш билдирганди, бироқ ярим ҳимоячи «Ливерпул»ни танлади. «Қизиллар» узоқ ўйланиб ўтиришмади, чунки бу футболчининг товон пули кўп эмасди. Клопп япониялик Мерсисайд жамоасини кучайтиришини айтди, аммо унинг гапларига ҳамма ҳам ишонмади. Одатда, осиёлик футболчи гранд жамоа сафига қўшилса, аксарият танқидчилар шубҳаланишади: гўёки, қарорни мураббий эмас, тижорат бўлими чиқарган, шу тариқа Япония ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари бозорига кириш назарда тутилган бўлади. Келинг, қайси талқин ҳақиқатга яқинроқ эканлигини аниқлашга уриниб кўрамиз.

Жамоадаги истиҚбол

Такуми Минамино ҳужумчи ортидаги исталган позицияда ўйнай олади. «Зальцбург»даги 22та ўйинда у 9та гол уриб, 11та самарали узатмани амалга оширди. Клопп японияликнинг кўплаб чизиқларда ҳаракатланиши мумкинлигидан ҳайратда эканлигини айтганди; айнан шу универсаллик мураббийга маъқул келганди. Германиялик мутахассис, ҳаттоки, «самурай»ни ярим ҳимоя марказига қўймоқчи эканлигини ҳам таъкидлади. Хуллас, фантазия қилиш учун вариантлар бисёр. Умуман, футболчига осон бўлмайди: «Ливерпуль» устози Такумига сабрли бўлиш кераклигини айтди, чунки унинг позициясида рақобат кучли. Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане яқин орада асосий таркибдан тушиб қолишмаса керак, Жердан Шакири, Алекс Окслейд-Чемберлен, Адам Лаллана ҳамда Жеймс Милнер эса Клоппнинг ишончига кириб улгурганлардан.

Марказ янада зичроқ: Жор­жиньо Вейналдум, Жордан Хендерсон, Наби Кейта ва Фабиньонинг имкониятлари Такуминикидан кўпроқ. «Ливерпул»нинг таркиби анча шаклланиб улгурган, шундай экан, Клопп японияликдан қайси чизиқда фойдаланишини аниқлаш мушкул.

Тижорий истиқбол

Европа футболи турли йўллар билан жаҳон бозорига чиқиш, максимал даражада кўпроқ мамлакатларга, айниқса, катта пул айланадиган Осиёга кириб боришга интилмоқда. Глобаллашув жараёнини футболчиларга кимларнинг ҳомийлик қилаётгани, топ-лигаларга қанча пул тўланаётганига қараб баҳолаш мумкин. Англия Премьер-лигаси жаҳондаги энг машҳур чемпионатлардан бири бўлиб турибди - унинг аудиторияси 4,7 миллиард томошабинга тенг эканлиги айтилмоқда. АПЛдаги 20та клубдан 15таси хорижлик инвесторларга тегишли. Либосларга ўз логотипини жойлаган ҳомийларнинг ҳам Англияга алоқаси катта эмас. Ҳаттоки, аксарият харидларга таркибни кучайтириш эмас, халқаро позицияни мустаҳкамлаш ҳаракати сифатида қаралади. «Ювентус» Криш­тиану Роналдунинг трансферига пул ажратганда, буни ҳам кучли футболчига эга бўлиш, ҳам яхшигина инвестиция деб қабул қилганди.

«Илк маротаба «Ювентус»да тижорат ва спорт тамойиллари уйғунлашди. Биз футболчининг нархи ва потенциал фойдани баҳоладик. Роналдунинг сотиб олиниши ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида даромад келтириши керак эди», - деганди «Юве» президенти Андреа Аньелли. Бу мантиқан тўғри: жамоа нафақат ажойиб ижрочи, балки халқаро ҳомийлар эътиборини тортадиган футболчига эга бўлди. Илк кунларданоқ «7» рақами туширилган ярим миллионга яқин футболка сотилди - бу 60 млн. доллар фойда дегани. Jeep ва Adidas билан келишувлар янгиланди, ушбу фирмалар томонидан йўналтириладиган пуллар миқдори икки баробарга ошди.

Аксарият манбаларнинг таъкидлашича, Такуми Минаминонинг «Ливерпул»га ўтиши - Осиё бозорига кириб боришнинг яна бир усули. Япониялик билан битим тузилгани хабар қилингач, клубнинг «Твиттер»­даги аккаунти 15 минг обуначига бойиди. Боз устига, «қизиллар»да Япониянинг шиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Yokohama компанияси билан ҳомийлик шартномаси имзолаш учун ажойиб имконият пайдо бўлди. Ушбу фирманинг «Челси» билан 2015 йилда тузган келишуви тез орада якунланади.

Юрген Клопп яқинда берган интервьюсида Минаминонинг позиция­си бўйича бир тўхтамга келмаганини очиқ-ойдин гапирди. Ҳозирча у Осиё­нинг кўпмиллионли жамоатчилиги «Ливерпуль» иштирокидаги ўйинларни катта қизиқиш билан кузатишлари ҳақида ўйламоқда. Такумининг майдонда қанчалик фойда келтириши мумкинлигини билмаймиз, аммо бошқа вазифалар бўйича клубга ёрдам бераётгани - бу факт. Минамино АПЛда порлаган осиёликлардан бири бўладими, буни фақат вақт кўрсатади.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz