Қайднома

Қидирув

Алишер Никимбаев: «Федерация «мукаммал таъмир»га муҳтож бўлиб қолганди»

Алишер Никимбаев: «Федерация «мукаммал таъмир»га муҳтож бўлиб қолганди»

  14.01.2020 10:41
  0
  628
Алишер Никимбаев: «Федерация «мукаммал таъмир»га муҳтож бўлиб қолганди»

Яқинда «Узрепорт» телеканали ижодкорлари таниқли футбол мутахассиси (журналист), айни пайт Қатар футбол ассоциацияси мусбақалар ўтказиш бўлимида техник эксперт бўлиб ишлаётган Алишер Никимбаев билан суҳбат уюштиришди. Қуйида мазкур интервьюни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Суҳбатимиз аввалида обрўли ташкилот, яъни, Қатар ФАда иш бошлаганингиз ҳақида гапирсангиз...

- Халқаро миқёсдаги фаолиятимни анча олдин бошлагандим. 2011 йили ОФКнинг Малайзиядаги қароргоҳида 2 йил ишладим. Шундан сўнг БААда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасида, кейинроқ БАА Профессионал футбол лигасида фаолият юритдим. Мана, 2017 йилнинг декабрь ойидан буён Қатардаман. Айтганча, халқаро фаолиятимни собиқ ЎФФнинг ўша пайтдаги президенти, раҳматли Мираброр Усмонов тавсияси ҳамда ОФКнинг собиқ президенти Муҳаммад бин Ҳаммам таклифига биноан Куала-Лумпурда бошлагандим...

- ЎФФ (ҳозирги ЎФА) ҳамда Қатар ФАдаги асосий тафовутлар нимадан иборат, деб ҳисоблайсиз?

- 14 йил (1997-2011) мобайнида матбуот котиблигидан бошлаб, Мусобақалар ўтказиш бўлими, Халқаро ва терма жамоалар бўлимларида раҳбарлик қилдим. ЎФФдаги сўнгги мансабим - бир йил мобайнида ташкилот президентининг маслаҳатчиси бўлганман. Қатар ФАда ҳам 3 йил ишладим. Тўғри, юзаки равишда ўртадаги фарқни айтишим мумкин. Лекин бир томондан олиб қаралганда, таққослаш қийин. Чунки ЎФФда 3 хил даврда фаолият юритганман.

Биринчи иш бошлаганимда (1997 йил), ЎФФда катта молиявий қийинчиликлар кузатилган. Ҳаттоки, миллий жамоанинг тайёргарлик кўришига маблағ топиш қийин бўлиб қолганди. Натижада, Осиё кубоги-2000га тайёргарлик жараёни Фарғонада ташкиллаштирилганди. Хуллас, термамиз ҳомийси ким бўлса, жамоа бошқаруви ҳам ўшаларда бўларди. Масалан, 1999 йили Тошкентдаги йиғинга Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳомийлик қилган ва жамоа бош мураббийи сифатида раҳматли Маҳмуд Раҳимов иш олиб борганди. Ушбу мутахассис Самар­қанд вилояти ҳокимига илтимос қилиб, йиғин ташкил этарди.

Иккинчи давр: 2000 йиллар охирида ҳолат ижобий томонга ўзгарди. ЎФФ раҳбарияти нафақат миллий жамоа, балки ёшлар ва ўсмирлар термаларига ҳам катта эътибор қарата бошлади. 2002 йилда ўсмирларимиз Осиё чемпионатида 4-ўринни эгаллашди. Худди шундай натижани ёшларимиз ҳам қайд этиб, ЖЧ финал босқичида қатнашишди. Ўсмирларимиз эса Осиёга кам жой ажратилгани учунгина мундиалдан четда қолишди. 2006 йили федерацияга Мираброр Усмонов келганидан кейин мен кўрган 3 давр бошланди. Кўп ўтмай футболимизга катта маблағлар кириб келди. 2006 йилда ўсмирлар ўртасида ва футзал бўйича Осиё чемпионатлари Тошкентда ўтказилди. 2010 йилда ҳам худди шундай халқаро турнирларни ташкил этдик. Айнан шу даврда ўсмирлар ва ёшлар термаларида катта ўсиш кузатилди. Аммо сўнгги йилларга келиб ушбу тизим ишламай қолди ва шундан бўлса керак, 2015 йилдан буён бирор-бир термамиз ЖЧга чиқолмаяпти.

Қатар ФАга тўхталадиган бўлсак, бу бошқа дунё. Тўғри, у ерда ҳам ҳукумат ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, аммо улар биринчи навбатда, Ўзбекистонда биз қилишимиз керак бўлган тадбирни амалга оширишди. Яъни қатъий тизим жорий қилинган - барча ёшдаги термалар бир хил услубда ўқув-машғулотлар олиб боради. Албатта, бу йўналиш ўз самарасини бера бошлади...

Ҳозирги бош мураббий Феликс Санчес 7 йил олдин Қатарга келган ва ўша машҳур Aspire академиясида ўсмирлар билан иш бошлаганди. 2014 йилда у ёшлар термасини Осиё чемпиони қилди, кейинроқ эса 2017 йилда бошқарувини олган Қатар миллий жамоаси билан 2019 йилда Осиё кубогида зафар қучди. Тўғриси, бу муваффақият кутилмаган ҳол бўлди. Бинобарин, финал 1 февралга белгиланган бўлса, 3 февраль куни Қатар Юлдузлар лигасининг навбатдаги тури белгиланганди. Нима демоқчиман, ҳеч ким Қатар термасининг финалга чиқиши ва ғолиб бўлишини кутмаган ва башорат ҳам қилмаганди.

Шу ўринда яна Aspire академиясидаги иш услуби ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Мана, яқинда ЎФАда иш бошлаган Темур Кападзе (ёшлар) ва Сервер Жепаров (ўсмирлар) ҳам мазкур академияда бўлишди, уларга ҳам бу борада тушунчалар бердик. Яъни барча термалар футболчилари ҳар куни шу академияда биргаликда машғулотлар олиб боришади, уларни фақат ўйин куни ўз клубларига қўйиб юборилади. Тўғри, бу футболчилар ҳуқуқий жиҳатдан клубларга тегишли ва ўз жамоаларидаги мураббийларга бу тизим ёқмаяпти, уларга маълум даражада «бошоғриқ» келтириб чиқармоқда. Лекин мазкур ҳолатда терма жамоалар манфаати биринчи ўринга қў-йилмоқда. Бу нарса Ўзбекистонга тўғри келмаслиги мумкин, чунки Қатарнинг ер майдони жуда кичкина ва бу футболчиларнинг эркин ҳаракатланиши, фақат ўйин кунидагина клуб ихтиёрига етиб боришларига тўсқинлик қилмайди...

- Четдан кузатган кишига яхшироқ қўринади. Шундай экан, ҳозирги ўзбек футболига қандай баҳо берасиз?

- 2016|2017 йилларда ЎФФ танқидлар остида қолганди. Ҳамма федерациядан катта ислоҳотлар ва ўзгаришларни талаб қила бошлади. 2017 йилда амалга оширилган ўзгаришлар эса кутилган натижани бермади, зеро раҳбарият нотўғри кадрларни танлаганди. Биласизми, 2017 йилнинг ёзида ЎФФда фақатгина «енгил таъмирни» амалга оширишга эҳтиёж туғилганди. Лекин икки йилдан сўнг, 2019 йилнинг ёзида барчаси издан чиқиб кетгани учун ташкилот «мукаммал таъмир»га муҳтож бўлиб қолди. Ҳозирги ЎФА раҳбарияти олдида жуда машаққатли вазифа бор. Барчасини нолдан бошлаш кераклигини Равшан Эрматов ҳам жуда яхши тушуниб турибди ва мос равишда керакли тадбирларни амалга оширмоқда. Турли семинарлар ва ўқув йиғинлари ташкил қилиняпти. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар турли ассоциацияларда бўлиб, малака оширишмоқда. Албатта, вазиятни 1-2 кунда ўнглаб бўлмайди, бунга маълум бир вақт, камида яна 6 ой талаб этилади. ЎФАдагиларга сабр-тоқат тилайман, бир жойда тўхтаб қолишмасин.

- Ассоциация иши терма жамоанинг натижаларига нечоғли боғлиқ?

- Аслида, федерация ёки ассоциация бекаму-кўст ишлаши мумкин. Бироқ мураббий ёки футболчиларнинг хатолари туфайли бутун жамоанинг иши қониқарсиз кўриниши турган гап. Ёки аксинча, федерация ҳеч нарса қилмаса-ю, миллий жамоа ЖЧ финал босқичига чиқса, уларни кўкларга кўтаришади. Масалан, 2010 йили КХДР термаси мундиалда қатнашди. Уларнинг ушбу турнирда қандай қатнашганликлари муҳим эмас. Лекин шу йили Ўзбекистон футбол федерацияси КХДР ФАдан ёмон ишламаганди. Айтмоқчиманки, миллий терманинг ҳолатига қараб, федерация ишига баҳо бериш мантиқан тўғри эмас. Ваҳоланки, Равшан Эрматовга «катта муаммолар» мерос қолган. 2015 йилгача кичик ёшдаги термаларимиз мундиалларда муқим иштирок этиб келишган бўлса, кейинчалик инқироз кузатилди. Бир неча йиллар аввал қоғозда академиялар ташкил этилгани ҳақида қайдлар бўларди, аслида эса...

Умуман олганда, аввалгидек, Маминов, Поляков ва Пашининларда бўлгани каби, хорижлик маҳоратли футболчиларга фуқаролик бериш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Миллий жамоага яхши бир хорижлик мураббийни олиб келиш керак. Мана, Эктор Купер танловида адашдик. Унинг турли босимларга чидай олмайдиган, юмшоқ табиатли мураббий эканлиги олдиндан маълум эди. Қолаверса, Купернинг тактик схемалари футболчиларимизга мутлақо тўғри келмасди. Федерация, аввало, кўп йиллик режа асосида иш олиб бориши керак. Мақсад фақатгина ЖЧга чиқиш билан чекланмаслиги лозим. Мана, Қатар узоқ муддатли режа асосида ишламоқда. Айтганча, қатарликлар ЖЧдаги дебютни ўз майдонларида нишонлашади. Бундай ҳолат фақатгина Уругвай термасида кузатилган: 1930 йилда мундиалдаги дастлабки ўйинларини мезбон сифатида ўтказишган.

- Суперлигамиз ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

- Тўғриси, миллий чемпионат ўйинларини мунтазам кузата олмадим. Чунки Қатарда клублар ўртасидаги ЖЧга тайёргарлик ишларида қатнашдим. Аммо айтиш керакки, мавсум-2019 «Пахтакор» гегемонлиги остида кечди. Ўтган мавсум нафақат «шерлар» кучайишди, балки уларнинг рақиблари кучсизланди, дейиш мумкин. Клублар ичида фақат «Пахтакор»нинг инфратузилмасида тараққиёт кузатилди, қолган жамоалар эса ўз қобиғига ўралашиб қолди. Ҳаттоки, «Локомотив» ва «Бунёдкор»нинг асосий мақсади чемпионатда муносиб иштирок этишдан иборат бўлди. Бир сўз билан айтганда, ривожланиш йўқ, улар маълум даражада «қотиб» қолишган... Аслида, ушбу масала бўйича чемпионатга дахлдор, унинг ичида юрган мутахассис гапирса, яхшироқ бўларди.

- Бу вазиятдан қай тариқа чиқиб кетиш мумкин?

- Мухлис ёки мутахассислардан сўранг, улардан муносиб жавоб оласиз. Эътибор беринг: «Ҳоким бу йил бизга катта эътибор беряпти, демак совринли ўринларни оламиз», дейишади. Ёки аксинча, «Ҳоким футболни яхши кўрмайди. Бу йил бизга эътибор суст, шу сабабли чемпионатда муносиб қатнаша олмаймиз, зўрға жон сақлаймиз» қабилидаги фикрларни эшитамиз. Мисол сифатида Фарғонанинг «Нефтчи»сини кўрсатиш мумкин. Собиқ иттифоқда ҳам машҳур бўлган 60 йиллик клуб ҳамон инқироздан чиқиб кетолмаяпти. Тўғри, бундай бўлишида ҳокимнинг ҳам айби бордир. Аммо 55 йил яхши ўйнаган клубнинг минглаб мухлислари қани? Жонбозлик кўрсатаётган ишқибозлар керакли ҳомийларни топиб, жамоани кучайтиришса ҳам бўлади-ку. Албатта, пули борлар навбатда туриб, «Футболга пул тикаман», демайди... Менимча, мухлисларнинг бу борадаги фикрлаши, менталитетини ўзгартириш вақти келди. Футболни молиялаштирадиган ҳомийлар турли рағбатга эга бўлишлари лозим. Яқинда Ўзбекистон Президентининг футболни ривожлантириш борасидаги қарори айнан шундай инвесторларга қўл келса, ажабмас.

- Тасаввур қилинг, ЎФАда иш бошладингиз. Дастлаб ишни нимадан бошлардингиз?

- Биласизми, доимо ассоциациядаги касбдошларим билан боғланиб тураман. Имкон қадар бир-биримизга кўмак беряпмиз. Қиладиган ишлар жуда кўп. Аммо аниқ бир нарса дейишим одобдан эмас. Чунки бу ЎФАнинг ҳозирги ходимлари учун чақириққа ўхшаб қолади. Биз Равшан Сайфиддинович билан кўп мулоқот қилиб турамиз. Шунинг учун бу мавзуни муҳокама қилмасак яхши бўларди.

- Мухлисларга тилакларингиз...

- Авваламбор, уларга сабр тилайман. Футболда мағлубият ва ғалаба ёнма-ён юради. Мухлислар учун футбол - аввало, эмоция. Эҳтиросга берилмаслик керак. Футболчилар учун эса бу - ҳаёт ва оила. Чунончи, улар ЖЧга чиқишни ҳаммадан кўра кўпроқ хоҳлашади. Мухлислар доимо ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашлари лозим, яхши ва ёмон кунда ҳам. Айниқса, миллий терма аламли мағлубиятларга учраган пайтларда ҳам ишқибозликни тўхтатишмасин.

Мавзуга оид: 

Алишер Никимбаев: "ЎФАнинг аввалги раҳбарияти ҳашаматли ҳаёт тарзини кечирган ..."


А.ҲАМИДОВ ёзиб олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz