Қайднома

Қидирув

Бернд Лено: «Менга VARСИЗ футбол кўпроқ ёқарди»

Бернд Лено: «Менга VARСИЗ футбол кўпроқ ёқарди»

  15.01.2020 01:21
  0
  442
Бернд Лено: «Менга VARСИЗ футбол кўпроқ ёқарди»

Россиянинг «Чемпионат» ва «Окко Спорт» сайтлари АПЛ юлдузлари билан интервьюлар туркуми уюштиришни бошлади. Унинг биринчи қаҳрамони Германия термаси дарвозабони Бернд Лено бўлди. 2018 йилнинг ёзида Леверкузеннинг «Байер» клубидан Лондоннинг «Арсенал» жамоаси таркибига қўшилган кипер айни пайт «тўпчилар»нинг энг ёрқин футболчиларидан бирига айланди. Бернднинг ота-онаси рус миллатига мансуб, отасининг исми - Виктор, онасиники эса - Роза. Германияга кўчиб кетишгунича Ленонинг оиласи Россиянинг Анапа шаҳрида истиқомат қилган, у ерда унинг акаси Даниэль дунёга келган. Шу боис, Бернд болалигида рус тилида эркин сўзлаша олган, Россия тўғрисида кўплаб маълумотларга эга. Табиийки, россиялик журналистларнинг Ленога берган дастлабки саволлари шу ҳақда бўлди.

— Рус тилидаги қандайдир сўзларни тушунасизми?

— Фақат айримларини. Умуман, бу тилда гаплашиш жуда қийин, лекин сўнгги бир йил давомида кирилл ёзувини ўрганяпман. Энди ота-онам билан русчада бемалол ёзиша оламан. Оила аъзоларим Германияга кўчиб боришганида, фаол тарзда немис тилини ўрганишларига тўғри келган. Шундай бўлса-да, улар биз билан рус тилида мулоқот қилишда давом этишган, гарчи бу жуда қийин бўлса-да.

— Русча сўзлардан нечтасини талаффуз қила оласиз?

— Жуда кўп ибораларни. Масалан, «Хайрли кун»ни. Аммо сўзлардан жумла тузишда қийналаман.

— Россияга борганлигингиздан хабардормиз. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз...

— Оила аъзоларим билан бундан 15 йилча олдин, ота-онам ва акам туғилиб-ўсган Анапа шаҳрига дам олиш учун боргандик. Ўшанда жуда яхши таассуротлар олгандим. У ернинг чиройини таърифлаш мушкул. Денгиз, ажойиб одамлар... Бундай манзарага дуч келамиз, деб ўйламагандик. Ҳаттоки, ўсмирлик ёшига етгунича ўша ерда яшаган акам ҳам эски даврдан кам нарсаларни эслаб қолган экан.

— Россиянинг Анападан бошқа шаҳарларига ҳам ташриф буюрганмисиз?

— Бир неча марта Москвага ўзим тўп сурадиган жамоа таркибида ташриф буюрганман, адашмасам, Санкт-Петербургга ҳам. Совуқ бўлишига қарамай, ушбу сафардан ҳам ажо-йиб хотиралар қолган. Шунинг учун доимо одамларга Россиянинг жуда чиройли мамлакат эканлигини таъкидлайман.

— Рус мусиқасини тинглайсизми?

— Унчалик эмас. Бироқ акамнинг кўплаб рус дўстлари бор ва улар рус мусиқасини севиб тинглашади. Шунинг учун россиялик айрим қўшиқчиларни танийман, масалан, Дима Биланни.

— Рус ошхонаси борасида нима дея оласиз?

— Рус таомларини жуда яхши кўраман. Уйга келганимда, доимо карам шўрва ва чучвара ейман. Немис дўстларимга ҳам бу таомлар жуда ёқади. Улар биз билан бирга тушлик қилганларида, рус таомларининг ажойиб эканлигини таъкидлашади.

— Келинг, энди футбол тўғрисида гаплашамиз. АПЛда VAR тизимини қўллаш бошланганидан буён кўпроқ пенальти белгиланяпти. Буни сезяпсизми?

— Гапингизга қўшиламан, чиндан ҳам сўнгги пайтларда 11 метрли жарима зарбалари сони кўпайди. Бироқ шуни тан олиш лозимки, ушбу қоидаларни ҳали унчалик яхши тушунмайман. Реферилар жуда ўхшаш вазиятларда баъзан «нуқта»га ишора қилишади, айрим ҳолларда эса ўйинни давом эттириш лозимлигини кўрсатишади. Жорий мавсум арафасида махсус видеороликлар орқали қоидаларни бизга тушунтиришга ҳаракат қилишди. Лекин бу VARга тааллуқли эмасди, менимча.

— VAR ўйинларга тайёргарлик жараёнига таъсир ўтказдими?

— Эндиликда футболчилар бундай имкониятнинг пайдо бўлиши юқорилигини инобатга олган ҳолда, пенальти тепишни алоҳида машқ қилишяпти. Шу тарафдан олиб қараганда, ҳа, VAR чиндан ҳам футболга таъсир ўтказди. Аммо бу ҳолат менга ёқмайди.

— Бундан келиб чиқадики, VAR тизимига салбий муносабатдасиз. Шундайми?

— Албатта, VAR ёрдамида ўйиндан ташқари ҳолат ёки майдондан четлатишни ҳаққоний тарзда баҳолаш мумкин. Лекин урилган голни нишонлай туриб, бош ҳакамга қараган ҳолда, «Голни нишонлайверайликмикан?» деб ўйлаш ғалати. Бундан ташқари, мухлислар трибуналарда голни нишонлашади-ю, рефери уни инобатга олмайдиган вазиятлар ҳам учраб туради. Шу тарафдан олиб қараганда, VAR футболдаги ҳиссиётларни беролмаяпти. Ўзимга қолса, VARсиз футбол кўпроқ ёқарди. Лекин бу тизимнинг керак ёки керакмаслигини мен ҳал қилмайман.

— Пенальтини қайтариш бўйича анча тажрибалисиз. Бу борада бош­қа дарвозабонларга маслаҳат бера оласизми?

— 11 метрли жарима зарбаларини бартараф этиш жуда қийин масала. Айрим ҳолатларда 7та ёки 8та пенальтини қайтаришим, баъзан эса, қаторасига 10 марта «нуқта»дан йўлланган тўпларни ўтказиб юборишим эҳтимолдан холи эмас. Пенальти амалга оширилаётган вазиятда руҳий ҳолат жуда муҳим. Шундай вазиятларда ҳужумчининг нима ҳақда ўйлаётганлигини тушуниш лозим. Балки унинг асабини бузиш, руҳан «синдириш» учун нимадир ўйлаб топиш керакдир. Шунингдек, киперга бироз омад ҳам кулиб боқиши зарур, шунда пенальтини қайтариш имконияти ортади.

— Қайси футболчининг пенальтидан йўллаган зарбасини бартараф этиш нисбатан қийинроқ?

— Лионель Месси томонидан амалга оширилганларини. У дарвозанинг юқори бурчагига жуда кучли зарба йўллайди, бундай ҳолларда тўпни қайтариш амримаҳол.

— «Арсенал»нинг ўйини ҳозирча унчалик қовушмаяпти...

— Ҳа, жамоамиз кўплаб муваффақиятсиз учрашувларни ўтказди. Шундай бўлса-да, биз тер тўкиб ишлашда давом этяпмиз. Ғалаба завқини яна ҳис қилиш учун ўзимизга бўлган ишончни қайтармоқчимиз.

— Жорий мавсумда жамоанинг олдига қандай вазифа қўйилган?

— Совриндорлар сафидан жой олиш ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Ушбу мақсадимиз амалга ошса, жуда бахтиёр бўламиз ва мавсумлар оралиғидаги таътилга хотиржам чиқиб кетамиз.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz