Қайднома

Қидирув

Ёрқинроқ ва жўшқинроқ футбол сари…

Ёрқинроқ ва жўшқинроқ футбол сари…

  15.01.2020 03:33
  0
  447
Ёрқинроқ ва жўшқинроқ футбол сари…

Ортда қолган 2019 йил футбол оламига бир қатор тактик ўзгаришларни олиб келди. Олисдан йўлланадиган зарбалар сони камайди, марказий ҳимоячилар гол яратувчиларига айланишди. Ана шу янгиликлар миллионлар ўйини жозибасини оширди, футбол тараққиётини янги босқичга олиб чиқди.

Эркин зарба қоидаси

Футбол қоидаларидаги арзимас тузатишлар ҳам ўйин тактикасини ўзгартириб юборади. 2019|2020 йиллар мавсумидан бошлаб тўп эркин зарба билан ўйинга киритиладиган пайтда футболчиларга ўз жарима майдончалари ичига киришга рухсат этилди. Бунгача улар майдонча таш­қарисида туришлари шарт эди. Дарвозабон тўпни майдонча ташқарисига узатганидан кейин майдон ўйинчилари у билан муомала қилишлари мумкин бўларди. Энди футболчилар ўз жарима майдончалари ичида дарвозабон билан қисқа узатмаларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишди. Натижада ҳимоядан ҳужумга отланиш жараёни тезлашди, улар қўшимча вақт ва бўшлиқ эвазига аниқ ҳаракатларни амалга ошира бошладилар.

Ҳозир барча жамоалар янгиликдан унумли фойдаланишга интилмоқдалар. Рақиблар прессингида юзага келадиган қалтислик даражаси ошди - орқа чизиқда улкан бўшлиқлар пайдо бўлди. Лекин бу билан прессинг қўллайдиган жамоалар сони кама-йиб қолгани йўқ - бу усул замонавий футболнинг муҳим омили бўлиб қолди.

Бу борада аниқ маълумотларга эга бўлмасакда, қисқа узатмалар ёрдамида ўйнайдиган жамоалар сони ортиб бораётгани яққол сезилмоқда. «Брайтон», «Реал Сосьедад», «Рома» каби жамоалар бунга мисол бўла олади. Янги қоида туфайли футболнинг томошабоплиги ортиб бормоқда.

Ҳужумкор фалсафа тантанаси

2019 йилнинг энг ёрқин беллашувлари баҳор фаслида намойиш этилди. «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» АПЛ ғолиблиги йўлида дадил одимладилар, «Аякс» ЕЧЛда порлади, «Тоттенхэм» кўпчиликни лол қолдирган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритди. Бу жамоаларни йилнинг энг сара клублари, десак хато қилмаймиз.

Айнан шу жамоалар муҳим анъанага асос солишди - ҳужумкор жамоа-лар сони кўпайди. 2019|2020 йиллар мавсумида «Славия» ва «Зальцбург» катта саҳнага чиқишди. Ҳатто номдор рақибларга қарши майдонга тушганларида ҳам, улар ўз фалсафаларидан воз кечмадилар, ҳимоя билан чекланиб қолмасдан, омадни рақиб жарима майдончасидан топишга интилишди. Шу пайтгача бу митти клублардан бундай дадилликни кўрмагандик.

Жорий мавсум барча лигаларда ҳужумкор жамоалар ёрқин ўйинлар кўрсата бошлашди. Янги мураббийларнинг ишга киришганликлари жараённи тезлаштирди. Шу тариқа тараққиётда комбинацион футбол томон кескин бурилиш юз берди. Ўзгаришлар маҳсулини РПЛда ҳам бемалол кўриш мумкин. Масалан, «Рубин» ва «Ростов» жорий мавсумга қадар ҳимоявий услуб вакиллари эдилар. Ҳозир - энг дадил ва ҳужумкор.

Зарбалар сифати ошди

Бу 2019 йилга хос анъана эмас, кўп йиллик эволюция натижаси. Мураббийлар ўз шогирдларидан ноқулай вазиятлардан зарба йўлламасликни, ҳужумни энг хавфли вазиятга қадар давом эттиришни талаб қиладилар.

Масалан, шу пайтгача АПЛда жарима майдончаси ичидан йўлланган зарбалар ҳозиргидек кўп бўлмаганди. Табиийки, олис зарбалар сони шунга мос равишда камайди. Бироқ тадқиқотлар маҳсулдорликнинг ўсмаганлигини кўрсатмоқда. Нега шундай? Ахир жамоалар энди анча қулай вазиятлардан зарба йўллашяпти-ку?!

Буни 2та омил билан изоҳлаш мумкин. Зарбалар сонининг камайганлиги (қулай вазиятга чиқмагунча тўпни ушлаб туришади) ва ҳимоя савиясининг ошганлиги (бу жиҳатни ҳам рақамларда исботлашнинг иложи йўқ), яъни ҳужумдаги самарали ёндашув ҳимояланиш сифатининг ошишига олиб келди.

Марказий ҳимоячиларнинг ҳужумга ўтишлари

Изоҳни муҳим эътироф билан бошлаш ўринли бўлади. Марказий ҳимоячилар азалдан ҳужумчиларга кўмаклашиб келишган. Аммо ҳеч қачон муайян тизим асосида тўп суришмаган: фақат қулай вазият тақозосига кўра ёки охирги дақиқаларда гол уриш зарурати туфайли. 2019 йилдан янги қоида урфга кирди: 3 нафар ҳимоячи схемасини қўллайдиган жамоалар қанот ҳимоячиларини ҳам ҳужумга жалб этадилар.

Нима учун? Ҳужум самарадорлигини ошириш ва сон жиҳатидан устунликни таъминлаш учун. Марказий ҳимоячининг рақиб жарима майдончасида пайдо бўлиши ҳимоя­ланаётган жамоани саросимага солиб қўяди, «кутилмаган меҳмон»ни ким зарарсизлантиришини ҳеч ким билмайди. Бунга мисол сифатида «Аталанта» ва «Шеффилд»­ни кўрсатиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, бу «фишка»ни жамоа бош мураббийлари Гасперини ва Уайлдер яратишди ёки ривожлантиришди. Яқинда «Аталанта»нинг йирик ғалабасини таъминлаган голларни 3 нафар марказий ҳимоячи амалга оширди.

Ҳужумда вингерлар

Мазкур анъанани россиялик Вячеслав Палагин «Телеграм»даги канали ёрдамида аниқлади: қанотдан олдинга интилиб, марказий ҳужумчи позициясига ўтаётган ўйинчилар кўпайиб кетди.

Сульшер Лукакуни аввал захирага ўтказди, кейин сотиб юборди. Энди жамоанинг олдинги чизиғида Рэшфорд ва Мартиаль тўп сурмоқда. Ваҳоланки, улар қанот ярим ҳимоячилари эдилар.

Стерлинг йил давомида тез-тез ҳужум чизиғида пайдо бўлмоқда, Мане Фирмино ўрнида тўп сурмоқда. «Фиорентина» умуман ўзига хос инқилобни амалга оширди: ҳужум чизиғини икки нафар вингер - Рибери ва Кьеза эгаллашган.

Шундай бўлишининг сабаби нима?

Тезкор қарши ҳужум тактикасини хуш кўрувчи жамоа учун қулай вариант шу. Чунки уларга классик ҳужумчиларнинг кераги йўқ. Шу боис улар юқори тезликка эга вингерларни олдинги чизиққа туширадилар.

Қанот ҳимоячилари ҳозир шунчалик фаол бўлиб кетишдики, қанотни ўз тасарруфларига олишган ва секин-аста классик вингерлар аҳамиятини йўққа чиқаришмоқда. Вингерлар, ўз навбатида, янги ролларни ўзлаштириш билан бандлар.

Ва аксинча, қанот ҳимоячиларининг илгарилаб кетишлари бўшлиқлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бундан фойдаланиш умидида рақиб жамоа тезкор вингерларини ҳужумга жалб этмоқда.

Асосийси, ортда қолган йил мухлисларга тўла-тўкис бўлмасада, дадил ҳужумкор футболни тақдим этди. Бунинг учун «Аякс», «Ливерпуль», «Сити» ва «Тоттенхэм»ни яна бир бор эътироф этиб, Тен Хаг, Клопп, Гвардиола ва Почеттиноларга раҳмат айтамиз. Уларнинг муваффақияти кўпчиликни илҳомлантириб, ўйинга ижобий ўзгаришларни олиб келди. Шу тариқа юзага келган тенденция сўнгги йилда янада мустаҳкамланди. Ҳозир ҳар қайси чизиқ вакили универсаллик хусусиятини маромига етказиб, ақлли ўйин кўрсатадиган бўлиб қолди.

Энди 2019 йилда «Олтин тўп»га даъвогарлик қилган 30 нафар энг яхши футболчилар рўйхатини кўриб чиқайлик. Номзодлар рўйхатидан дарвозабонлар ва марказий ҳимоячиларни (фақат ҳимояга жавобгар ўйинчилар) чиқариб ташлаймиз: Алисон, тер Штеген, Льорис, Маркиньос, ван Дейк, де Лигт, Кулибали. Уларнинг ҳар қайсисида узатмаларни амалга ошириш ва майдондаги вазиятни аниқ ҳис этиш қобилияти юксак даражада. Шунингдек, уларнинг ҳеч бирини соф дарвозабон ёки ҳимоячи дейишнинг иложи йўқ.

Энди эътиборимизни РПЛ тўпурарлари рўйхатига қаратайлик. Бу ерда етакчи ўнликдаги соф марказий ҳужумчиларни ажратиб, уларнинг «гол+пас» тизими бўйича кўрсаткичларини кўриб чиқайлик:

Дзюба - 10+9

Соболев - 10+3

Шомуродов - 10+4

Азмун - 7+5

Луценко - 7+3

Бу шундан далолатки, соф ҳужумчи-устун позицияси тобора камайиб бормоқда. Ҳатто яқингача фақат ҳаводан йўлланган тўпларни дарвозага йўллашга ихтисослашган баҳайбат ҳужумчилар ҳам энди ранг-баранг ўйин кўрсатишмоқда, самарали узатмаларни амалга оширишмоқда. Яъни футболнинг жозибаси ортиб бормоқда.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz