Қайднома

Қидирув

Олимпиячилардан байрам туҳфаси....

Олимпиячилардан байрам туҳфаси....

  15.01.2020 05:53
  0
  505
Олимпиячилардан байрам туҳфаси....

Байрам кайфияти ҳаммада турли вазиятлар ўлароқ, турлича бошланади. Масалан, бир қатор ҳамкасбларимиз 11 январь - шанба куниёқ байрам шукуҳини яққол ҳис қилишга тушишди. Ўша куни Матбуот уйининг 3-қаватида ажойиб дизайнер Абдуқаҳҳор Юлибоев билан «Репетитор» газетасининг янги йил ҳисобидан илк сонини тайёрлар эканмиз, чамаси кечки соат 20:30да йўлакда Носир Аббос ва Орифжон Жўраевнинг хушхандон овозлари янгради. «Байрамдан қайтишди!» - деди Абдуқаҳҳор ҳавасланиб ва қўшиб қўйди: «Биз қачон бошлаймиз байрамни?» «Эртадан!» - дея жавоб қайтардим чарчоқни енгиб, компьютер мониторига тикилган меҳнаткаш ва самимий йигитга. Ўшанда фаришталар «Омин!» дейишган экан!

Якшанба куни тушдан кейин Аҳадхон Абдуҳамитов «Репетитор» газетасини босишга рухсат берди. Шу боис анча хотиржам ва ғалабага ишонч руҳида олимпия термасининг иккинчи ўйинини томоша қилдик. Очиғи, 2011 йилдан буён бирор муҳим учрашувни шундай хотиржам кузатмагандик. Бамайлихотир томоша қилинган охирги ўйин Вадим Абрамов дружинасининг ОК-2011да Жанубий Корея термасига қарши 3-ўрин учун ўтказган учрашуви бўлганди. Футболчиларимиз ўша учрашувда мағлубиятга учраган бўлишса-да, яхши ўйнашган ва аввалига 3та гол қўйиб юбориб, кейин 2та аниқ зарба йўллашган эди. Муҳими, аксарият мухлислар ўйинни томоша қилиш жараёнида асабийлашишмаганди. Якшанба оқшоми худди шундай кайфиятни туйиндик. Кўриниб турибдики, йигитлар рақибга нисбатан бир бош баланд тўп суришмоқда. Тўғри, ўйиннинг натижаси олтинга тенг, лекин ўзи кутган футбол томошаси одамни хотиржамликка ундайди, барибир. Кўз тегмасин, назаримизда, футболимизни катта ғалабалар кутмоқда. Ёш футболчилар наинки, Олимпиада йўлланмаси учун курашишмоқда, балки келажакдаги аёвсиз рақобат учун ҳам жиддий ҳозирланишмоқда.

Биламиз, жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олиш йўлида бизга кўпинча Жанубий Корея ва Эрон футболи тўсиқ қўяди. Ёш футболчиларимиз онгу шуурида ҳам шу икки юрт  терма жамоага нисбатан «Улар кучли!» қабилидаги босим шаклланган. Хайриятки, футболчиларимиз дастлабки ўйинда шу босимни енгишди ва унинг таъсиридаги қовушмаган ўйин мухлисларни ажаблантирди. Негаки, ғалаба қозониш имкони шундоққина кўзга ташланган ва шунчаки, бой берилганди. Агар Ойбек Бозоров Эрон олимпиячилари дарвозасини аниқ нишонга олганида, якшанба оқшомида чорак финал йўлланмасини нишонлардик. Майли, ўтган ишга салавот. У 2-турда ишончни тўлиқ оқлади. Қувонарлиси, футболчиларимиз кучли рақиблар билан ўйнашга руҳан мослашишди. Ҳамма гап шунда. Техник-тактик жиҳатдан курашга тайёр жамоа руҳан бақувват бўлса, ўз-ўзидан олға бораверади. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Иброҳим Лодининг 100 минг кишилик қўшинига атиги 12 минг аскар билан қарши борган Бобурни кучли руҳият ва қатъият ғалаба сари етаклаганини бежиз таъкидламади. Давлатимиз раҳбарининг Ғалаба боғини барпо этиш, Адиблар хиёбонини янада кенгайтириш билан боғлиқ ташаббуслари замирида ҳам аслида ёшларда кучли руҳиятни шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини юксалтириш орзуси ётади. Айни шу масалада олимпиячиларимиз ҳар икки ўйинда характер намойиш этишди. Гап дурангда ҳам эмас. Ҳисоб тенглашган ва Эрон олимпиячиларида ғалабага умид уйғонган паллада жамоамиз қатъият кўрсатди ва жипслаша билди. ЖЧ-2022 саралашида Саудия Арабистони термасига қарши учрашувда йўл қўйилган хато такрорланмади. Ҳамма шундан чўчиганди, хавотирланганди. Йўқ, барчаси яхшилик билан хайрли якунланди.

Олимпиячиларимиз елкасидан тоғ ағдарилди, гўё. Ахир ўртоқлик учрашуви ўз йўлига, расмий турнирнинг йўриғи бошқа. Футболимиз учун Эрон олимпиячилари устидан ғалаба қозонишдан кўра, айни шу рақибга имкониятни бой бермаслик муҳим саналарди. Мана шу вазифа шараф билан уддаланди. Гарчи Любинко Друлович фақат 3 очко хусусида сўзлаган бўлсада, иккинчи ўйин арафасида мухлисларда ҳаяжон кузатилди. Ҳарқалай, рақиб энди чорак финал йўлланмасини нақд қилган Жанубий Корея олимпиячиларига жиддий қаршилик кўрсатиб, фақат 90}3-дақиқада аламли тарзда гол қўйиб юборганди-да. Шундай ҳолатда ҳаяжон босиши табиий. Ўйин жараёни эса ҳамма хавотирларни нари суриб ташлади.

Тўғри, бизда 2та бироз танқидий мулоҳаза туғилди. Биринчиси - Ислом Қобиловнинг иккинчи пенальтини тепиши билан боғлиқ. Адолат нуқтаи назаридан айтсак, шу зарбани Азиз Ғаниев ижро этиши лозим эди. Афсуски, Ислом буни лозим топмади ва  юзлаб тахминлар ўзини оқлади, яъни у гол уролмади. Неча бор Месси бундай ҳуқуқни Неймар ва Луис Суаресга тақдим этганини кўрган мухлис олимпиячиларимиз сардоридан бироз ўпкаланди, барибир. Меъёр, бағрикенглик бўлгани маъқул. Иккинчиси эса футболчи алмаштириш жараёнига алоқадор. Мураббий нега учинчи футболчини майдонга кеч туширди? Ҳисоб йирик бўлардию, афсус, Друлович захира масаласида ортиқча ўйлади-да... Ҳечқиси йўқ! Бугун байрам, Ватан ҳимоячилари куни! Олимпиячиларимиз эртага байромана кайфиятда учинчи рақибни ҳам енгишларига ишонамиз! Ахир ишончда гап катта... Байрамингиз билан, Азизлар!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz