Қайднома

Қидирув

«Арарат» афсонаси ёхуд «Мерседес» туфайли барбод бўлган фаолият

«Арарат» афсонаси ёхуд «Мерседес» туфайли барбод бўлган фаолият

  16.01.2020 03:53
  0
  360
«Арарат» афсонаси ёхуд «Мерседес» туфайли барбод бўлган фаолият

Яқинда Арманистон ОАВда ўтган асрнинг ёрқин футболчиларидан бири Хорен Оганесяннинг фаолияти, ҳаётида рўй берган воқеаларга асосланган мақола чоп этилди. Катта ёшли мухлислар ушбу ярим ҳимоячини «Пахтакор»даги ўйинлари орқали яхши эслашади. Унинг Игорь Шквирин билан ҳосил қилган тандеми Тошкент жамоасининг собиқ иттифоқ элитасига йўл олишини таъминлаганди. Демакки, Оганесян тўғрисидаги материал ўзбек футболи ихлосмандларини ҳам бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

 «Арарат» - «Бавария» баҳсининг иккинчи бўлими ўрталарида 20 ёшли Хорен Оганесянга машғулот ўтказиб туришни буюришганда, унинг кўнглидан нималар ўтганини тасаввур қилиш мумкин. Ўша унутилмас ўйиннинг 64-дақиқасида Хорен чарчаб қолган Николай Казаряннинг ўрнига майдонга тушди - бу дебют рамзий маъно касб этди. Илк учрашувни сайёрамизнинг энг кучли клубларидан бирига қарши ўтказиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бундай ибтидо буюк футболчи бўлиш мажбуриятини юкларди, Оганесян эса ушбу вазифани бажарди. Бир пайтлари собиқ иттифоқдаги умумдавлат телевидениесининг марказий телеканалида «Футбольное обозрение» кўрсатуви эфирга узатилиб, алоҳида рукн орқали ҳар ой ва йил охирида мамлакат чемпионати ва кубогида урилган энг яхши голлар аниқланарди. Ушбу рукн икки йилга бормай ёпилди, Еревандагилар учун бунинг сабаб оддий эди: деярли ҳар ой Хорен Оганесян ижросидаги голлар энг яхши деб топилавергани учун танлов бекор қилинган.

Чиндан ҳам, арманистонлик ишқибозлар эркалатиб Хорик деб чақирадиган бу футболчи кўплаб чиройли голлар муаллифига айланган: 1983 йили Москвада ЦСКА билан ўйинда товони ёрдамида дарвозани ишғол қилгани ҳам, 1981 йили Ереванда «Нефтчи»га чалқанча услубда киритган тўпи ҳам, 1982 йили Испаниядаги жаҳон чемпионатида Бельгия киперини узоқ масофадан ранжитгани ҳам кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган.

Дарвоқе, испанлар ўлкасидаги биринчиликдан кейин Ғарб матбуоти собиқ иттифоқ термасининг икки футболчисини алоҳида эътироф этди. Ринат Дасаев номзоди Европанинг энг яхши ўйинчиси бўлишга даъвогарлар рўйхатига киритилди ва у France Football ўтказган сўров натижаларига кўра олтинчи ўринни эгаллади. Дарвозабон учун бу катта кўрсаткичдир. Бошқа бир нуфузли нашр - World Soccer эса Оганесянни энг яхши иттифоқлик ярим ҳимоячи деб топди.

Бельгияликлар билан ўйинда урилган голдан кейин эса Оганесянга АҚШнинг «Космос» клубидан харидорлар топилди: бир неча йил аввал ушбу жамоадаги фаолиятини якунлаган Пелега ўринбосар керак эди. Хоренга ўша давр учун яхшигина бўлган шартнома таклиф қилишди, аммо АҚШга кўчиб ўтиш жуда қийин, деярли имконсиз эди - у ерга қочиб кетишдан ўзга чора топиб бўлмасди. Оганесян, албатта, рад жавобини берди. Шу тариқа «Арарат» ишқибозларини ҳам хурсанд қилди. Ўтган асрнинг 70-йилларида олий лига аутсайдерига айланиб, бор эътиборини «жон» сақлашга қаратган клуб 80-йилларда турнир жадвалининг қуйи қисмидан анча кўтарилишга эришди ва бунда Хореннинг ҳиссаси жуда катта эди.

Бир-икки йил мобайнида ереванликлар ҳатто совринли ўринлар учун курашишди, аммо уларнинг максимум натижаси бешинчи ўрин бўлди, шунга қарамай, буни ҳам ўзига хос ютуқ дейиш мумкин эди. Кейинчалик кутилмаган воқеалар рўй берди. Хорен Оганесяннинг ўзи фаолиятини қай тариқа синдиришганини эслашни унчалик хушламайди. Арманистон футболи нима сабабдан етакчи футболчисидан айрилгани бўйича ҳозирга қадар турли талқинлар юради, шу боис, уларни таҳлил қилмай, фактларга эътибор қаратсак.

Оганесян кимнинг «томорқасига тош отгани»ни тасаввур қилиш мумкин, аммо ҳеч кимни номма-ном санаб ўтмаймиз, зеро тўғридан-тўғри далиллар йўқ, фақатгина мантиқий хулосалар мавжуд ва бу хулосалар шахсий дахлдорлик йўқлиги ҳақидаги оддий мурожаат ёрдамида инкор этилиши турган гап. Қолаверса, ҳозир журналистик суриштирув ўтказаётганимиз йўқ.

Демак, Оганесяннинг машғулотларга оппоқ «Мерседес»да келиши кўпчиликнинг жаҳлини чиқарди. Ҳозир футболчиларнинг ҳар қандай ҳашамати тўғри қабул қилинади, у пайтлари эса бундай «оқ тулпор» минган ўйинчилар дарҳол кўзга ташланарди. Гап шундаки, Оганесянга ушбу машинани Аргентинадаги арманлар диаспораси вакиллари совға қилишган, ўшанда футболчи собиқ иттифоқ термаси таркибида ўртоқлик ўйини ўтказиш учун Жанубий Америкага борганди. Хўш, у нима қилсин - автомобилни гаражда сақласинми? Миниб юришни афзал билди.

Кўп ўтмай Хорикни «Нефтчи» билан ўйинни сотганликда айблашди. Нега бундай қилиши мумкинлигига тегишли далил топилмади, шунчаки, айримларнинг гапига ишонишди, холос. Яқинда Мовсисян, Арузамян ва Каспаров термадан четлатилишганда ҳам худди шунга ўхшаш сценарий кузатилган, уларни албанларга ўйинни сотганликда айблашганди. Оганесян билан кузатилган воқеанинг ўзгинаси, бошқа янгироқ нарса ўйлаб топишолмади. Умуман, юқорида номи келтириб ўтилган учовлон ўз клубларида тўп суришмоқда, Оганесянни эса футболдан четлатишган, айниқса, «Труд» газетасида чоп этилган шов-шувли ва ёқимсиз мақоладан кейин. Оганесян анчадан буён Москвага, «Спартак» таркибига чақираётган Константин Бесковдан нажот кутди, аммо Бесков ва бутуниттифоқ федерациясининг қўллаб-қувватлаши ҳам наф бермади. Хоренда «Искра» номли завод жамоасини ўйновчи мураббий сифатида бошқариш таклифига кўнишдан ўзга чора қолмади.

Икки йилдан кейин республика биринчилигида зафар қучган жамоа собиқ иттифоқнинг иккинчи лигасига йўл олди. Биринчи лигада Арманистон шарафини ҳимоя қилган Абовяннинг «Котайк» клуби дарҳол Оганесянни бош мураббийликка таклиф қилди, кўп ўтмай Ереваннинг «Арарат»и ҳам уни ўз сафига чорлади. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам Арманистон спорт қўмитаси раҳбари келишувга қарши чиқди. Бундай ҳолат, шарт-шароитда ҳар қандай одам «синиб» қолиши мумкин. Оганесян ҳам тирик инсон. Ранжиди, жисмоний формасини сақлашни унутди, оқибатда қисқа муддатда вазни орта бошлади.

1989 йил июнь ойи охирларида Оганесянни Олег Блохиннинг хайрлашув учрашувида қатнашиш учун чақиришди. Ҳа, Хорен амалдаги футболчилардан фарқли равишда бироз семизроқ кўринганди, гўё. Ортиқча 11 килограмм ҳазил эмас-ку! 75-дақиқада у Горлуковичнинг ўрнига тушаётганда, Киевдаги стадионга ташриф буюрган мухлислар уни гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Ишқибозлар ўзларининг кумирларини унутишмаганди - ваҳоланки, турли гап-сўзлар болалаган, ҳатто Оганесяннинг қамоқда эканлиги ҳам айтилганди. Кўп ўтмай, Хорен шов-шувли тарзда катта футболга қайтишни уддалади.

Ўзбекистон спорт қўмитасида Оганесяннинг арманистонлик таниши ишларди, айнан у «Пахтакор»нинг янги тайинланган катта мураббийи Фёдор Новиковга таркибни Хорен ҳисобига кучайтиришни маслаҳат берди. Оганесяннинг ўзи Новиков билан суҳбатни шундай тасвирлаганди:

- Хорик, сени «Пахтакор»га таклиф қилмоқчимиз.

- Вазним қанчалигини биласизларми? Қанчадан буён тўп сурмаётганимни-чи?

- Хабаримиз бор.

Тошкентдан шундай жавоб олган Оганесян ортиқча вазнидан қутулишга киришди. Деярли бир ой мобайнида республика стадиони четида югуриш билан шуғулланди. Унга яна қўнғироқ қилишди:

- Келасанми?

- Ҳа, бораман.

Аммо ўша пайтда у эндигина 3 килограммдан қутулганди. Кейинчалик яна 8 кг. вазн ташлади. Айтишларича, ўшанда «Пахтакор» олий лигани орзу ҳам қилмаган, Хорик эса жамоанинг ҳолатини кўриб, ўз фикрини билдирди: «Элитага чиқамиз!»

«Ўйин бошланди. Агар «Арарат»да ҳам Игорь Шквирин мен билан ёнма-ён ўйнаганда, ҳамма рекордларни янгилашига шубҳа йўқ эди, бунга кафолат бераман. Иккимизнинг «Пахтакор»даги тандемимиз - юксак савиядан далолат! Тўпни қабул қилганим заҳоти, Игорнинг қайси йўналишда очилишини билардим. У жуда яхши югурарди. Зарбаси ҳам ажойиб эди», - деганди Оганесян интервьюларининг бирида.

1990 йилги мавсумда «Пахтакор» биринчи лигада 2-ўринни эгаллаб, собиқ иттифоқ футболининг олий дивизионида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу муваффақиятда айнан ҳужум чизиғидаги Оганесян - Шквирин дуэтининг ҳиссаси жуда катта бўлди. «Пахтакор»даги икки йил мобайнида Хорен иккинчи ёшлигини ўтказди. Тўғри, аввалги тезлиги йўқ эди, аммо у тепган тўп «югурарди» ва собиқ иттифоқ футболининг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бири ижросидаги қойилмақом паслардан сўнг унинг Тошкент жамоасидаги шериклари бир неча марта рақиблар дарвозасига «дастхат» қўйишарди. «Пахтакор»да ўтказган икки мавсуми давомида Оганесян мамлакат чемпионатида 46та учрашувда майдонга тушиб, 9та гол урди.

Арманистонлик юлдузнинг фаол иштироки 1991 йилнинг 13 майида хотима топди. Ўшанда Киев «динамочилари»га қарши Тошкентда кечган баҳсда у жароҳат олганди. «Лужний ортимдан туриб «чанг» солганда, дарҳол тушундим: товоним аниқ лат еди. Фаолиятим якунланди, - деб эслайди Хорен Оганесян, - ўшанда «Динамо» шифокори шундай деганди: «Биз билан Киевга кет, операциянг ўша ерда ўтказилади». Мен эса терма жамоа шифокори Мишаловга қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўрадим. У «Агар имкони бўлса, Грецияда даволанганинг маъқул», деди. Худди шундай йўл тутдим, Блохин (ўшанда «Олимпиакос» мураббийи бўлган) аэропортда мени кутиб оларкан, «Нега оқсоқланяпсан?» деб сўради. Вазиятни билгач, мени «Олимпиакос» шифокори билан учраштирди - шу тариқа тиббий амалиётни бошдан кечирдим ва ҳолатимни аввалгидан ҳам яхшироқ қилиб қўйишди».

Шу билан Хорен Оганесян бутсаларини михга илишга мажбур бўлди. 2005 йили у Арманистоннинг XX асрдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Бу, албатта, яхши. Ёмон тарафи, у билан рўй берган нохуш воқеалар ҳозирги авлод вакиллари билан ҳам такрорланди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz