Аргентиналик Кристиан Ансальди ёдингиздами? Фаолияти давомида бир қатор жамоаларда омадини синаб кўрган футболчи 33 ёшга чиққанида ўз ўйинини топишга муваффақ бўлди. Фаолиятидаги энг ёрқин мавсумини сермаҳсул ўтказаётган футболчи голни чап оёғи, бурчак тўпларини эса ўнг оёғи билан амалга оширади.
Аргентиналик легионер 2008 йил аввалида болаликдаги жамоаси - «Ньюэллс Олд Бойз»дан «Рубин» сафига ўтганди. 5,5 йилдан кейин «Зенит» уни харид қилди. Футболчининг шимолий пойтахтдаги фаолияти узоққа чўзилмади, у «Атлетико» ва «Женоа»да ижара асосида тўп сургач, 2016 йилнинг ёзида Миланга равона бўлди. «Интер»даги мавсумдан кейин «Торино» таркибига ўтди ва ҳанузгача туринликлар жамоасида фаолиятини давом эттирмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ансальди жорий мавсумни рисоладагидек ўтказмоқда, ортда қолган 18 учрашувда 5та гол ва шунча самарали узатмани амалга оширди. Ваҳоланки, ҳозир у 3 нафар марказий ҳимоячига асосланган тактик схемада латераль позициясида тўп сурмоқда.
Бу ихтисос футболчидан бошқаларга нисбатан кўпроқ куч сарфлашни талаб қилади. Шунга қарамасдан, 33 ёшли Кристиан ўз вазифасини муваффақиятли адо этмоқда. «Торино» бош мураббийи Вальтер Мадзарри аргентиналик шогирдининг ўйинларидан тўлиқ қониқмоқда: «Унга тўла-тўкис ишонаман, ҳужумларда кўпроқ иштирок этишни маслаҳат бераман. Бор эътиборини ўйинга қаратган кезларда у - энг яхши шогирдларимдан бири: ҳимояга ҳам улгурмоқда, ҳужумда эса самарали».
Мавсум энди оралиқ маррага етиб келган бўлсада, Кристиан сермаҳсуллик бобида 10 балл тўплашга муваффақ бўлди. Демакки, у ўз фаолиятидаги энг самарали мавсумини ўтказмоқда. Шунингдек, жамоадошларини қулай вазиятларга олиб чиқиш сифати ва сони бўйича «Торино»нинг яққол етакчиси.
Энди эътиборингизни Ансальди ўз голлари ва «ассист»ларини қай тариқа амалга оширишига қаратамиз, марҳамат:
* 5та голнинг 4таси чап оёқда, биттаси бош билан урилган. Бир қарашда, чапақай ўйинчи учун одатий ҳол. Бироқ фақат шугина эмас.
* 5та самарали узатманинг 2таси чап, 3таси ўнг оёққа тегишли. Демак, 10та самарали ҳаракатнинг 6таси чап, 3таси ўнг оёқда, биттаси бош билан амалга оширилган.
Шунчаки, тасодифми? Йўқ, ундай эмас. Ансальди бурчак зарбаларини ўнг оёқда тепади. Яъни ҳар икки оёғидан бирдек унумли фойдаланади. Бу борада Владислав Радимовнинг мулоҳазалари ўринли: «Мен Ансальдига қарши тўп сурганман, унинг бир қатор ўйинларини кузатганман. Бироқ ҳанузгача унинг чапақайми ёки йўқлиги хусусида бир тўхтамга келолмадим. Ишончим комилки, бу масалада ҳеч ким дангал жавоб қайтара олмайди».
Футболчининг ўзи чапақайлигини инкор этмаган ҳолда, бошқа оёғи билан талаб даражасида ўйнай олишини, шу боис стандарт зарбаларни ўнг оёқда бажаришини таъкидлади.
Ўз вақтида «Зенит»ни бошқарган Лучано Спаллетти Кристианга қуйидагича таъриф берганди: «Унинг «икки оёқли ўйинчи» эканлигига шак-шубҳа йўқ. Ансальди ҳар икки қанотда ҳам юксак савияда тўп суришга қодир».
2009 йилда Ансальди билан боғлиқ қизиқ воқеа рўй берганди. Ёдингизда бўлса, ўшанда «Рубин» ЕЧЛ доирасида «Барселона» билан куч синашган (0:0) ва ўйиндан кейин айрим футболчиларни допинг-тестдан ўтказишганди. Улар орасида Месси ва Ансальди ҳам бор эдилар. Ўша паллада «Рубин»ни бошқарган Юрий Солано шундай ҳикоя қилади: «Допинг-назорат баҳонасида мен, Месси ва Ансальди учовлон 5 дақиқадан кўпроқ суҳбатлашгандик. Лионель анчайин жиддий оҳангда Кристианга шундай деганди: «Сенга қарши тўп суриш шунчалик қийин бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим! Ҳар қандай рақибни бирпасда қувиб етасан ва албатта, тўпни олиб қўясан!» Ҳа, Кристиан Ансальди шунақа футболчи.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20