Қайднома

Қидирув

Тони Кроос: «Рақибнинг бепарволигидан фойдаландим»

Тони Кроос: «Рақибнинг бепарволигидан фойдаландим»

  17.01.2020 01:42
  0
  185
Тони Кроос: «Рақибнинг бепарволигидан фойдаландим»

ТОНИ КРООСДАН НОДИР ГОЛ. «Реал» ярим ҳимоячиси Испания суперкубоги ярим финали доирасида «Валенсия»га қарши кечган учрашувда бурчак зарбаси воситасида рақиб дарвозасини ишғол этди. Тони шу ўйиндан кейин Германиянинг Sport 1 телеканалига берган интервьюсида нодир голининг юзага келиш тафсилотига тўхталди, яна Лука Йович ҳамда Гарет Бэйлнинг клубдаги келажаги хусусида гапирди.

«Валенсия» дарвозасига урилган голи ҳақида

- Ҳаммаси тасодифан рўй берди. Бурчак зарбасини амалга ошириш мақсадида байроқча ёнига бордим ва рақиб кипери дарвозадан 5 метрча узоқликда ҳимоячилар билан гаплашиб турганини пайқадим. Ҳаттоки, тўпни ўрнатиб, тепишга чоғланганимда ҳам, улар суҳбатни давом эттираётгандилар. Бундай пайт вақтни бой бериш - жиноят! Муҳими, зарбам аниқ чиқди. Бор гап шу.

Дарвозани бурчакдан забт этиш уринишлари ҳақида

- Йўқ, фаолиятимда бурчак зарбасини биринчи марта голга айлантирдим. Бунга рақиб дарвозабони ва ҳимоячиларининг бепарволиги сабабдир. Ҳа, ЕЧЛ доирасида «ПСЖ»га қарши кечган баҳсда ҳам шундай самарали зарба йўллашга уриниб кўргандим. Лекин ўшанда Кейлор Навас энг сўнгги лаҳзада тўпни чизиқ устидан қайтариб юборишга улгурганди.

Нодир зарбалар машқи ҳақида

- Ўйлайманки, бурчак зарбаларини шу тахлит амалга ошириш устида алоҳида ишлашнинг зарурати йўқ. Аслида бурчак зарбаси жарима нуқтаси ёки қанотлардан йўлланадиган узатмалардан фарқ қилмайди. Шунчаки, амалга ошираётган паллада жамоадошларинг бошларини эмас, дарвозани нишонга олсанг, бас. Тўғри, бундай голлар ғайритабиий ҳолат самараси ҳисобланади. Дейлик, менинг зарбам ҳам унча мураккаб эмасди.

5 нафар ярим ҳимоячи билан ўйнаш ҳақида

- «Валенсия» билан ўйин учун танланган услубимиз жамоадаги ҳозирги ҳолатга боғлиқ: Карим Бензема, Гарет Бэйл ва Эден Азар майдонга туша олишмади. Қисқаси, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга мажбур эдик ва буни уддаладик. Шахсан менга 5 нафар ярим ҳимоячи билан ўйнашга асосланган услуб ёқади. Лекин бу доимий схемага айланадими-йўқ - билмайман.

Лука Йович ҳақида

- «Мадрид» Йович учун улкан клубми? Бундай фикрларга қўшилмайман. Бензема жамоамизнинг биринчи рақамли ҳужумчиси эканлиги ўз-ўзидан тушунарли. Ҳа, 3-4 ҳафтада 1 марта майдонга тушиш, баъзан захирадан ўйинга қўшилиш осон эмас. Бироқ унутмаслик керакки, Лука энди 21 ёшга тўлди. Ўйлашимча, у «Мадрид»да ўз ўрнини топиш учун барча зарур фазилатларга эга.

Гарет Бэйлнинг келажаги ҳақида

- Йўқ, Бэйлга оид миш-мишлар бизга халақит бермайди. У олдинроқ жароҳатланган эди, яқинда эса «Хетафе» ва «Барселона»га қарши кечган ўйинларда майдонга тушди. Билишимча, Гарет аввалги ёзда «Мадрид»дан кетишга яқин эди, ҳозир эса жамоанинг бир қисмига айланди, ҳар ҳолда, самарали ўйин кўрсатмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz