Қайднома

Қидирув

«Боруссия» Д. серхаридор Холандни қандай қўлга киритди?

«Боруссия» Д. серхаридор Холандни қандай қўлга киритди?

  17.01.2020 03:28
  0
  237
«Боруссия» Д. серхаридор Холандни қандай қўлга киритди?

Puma ёрдами Билан

«БОРУССИЯ» Д. СЕРХАРИДОР ЭРЛИНГ ХОЛАНДНИ ҚАНДАЙ ҚЎЛГА КИРИТДИ? Германия клуби норвегиялик виндеркиндни ўз томонига оғдиришда WhatsApp тизимидан унумли фойдаланган, бунда Маттиас Заммернинг скаутинг хизмати катта роль ўйнаган. Шунингдек, дортмундликларга Puma компанияси ҳам яқиндан ёрдам берган. Умуман олганда, Дортмунд клуби вакиллари Эрлингни 2016 йилиёқ кузатув остига олишган экан. Улар трансферга қўл уришгача йигитча иштироокидаги нақ 28та ўйин (!)ни бевосита стадионларда томоша қилишган.

 

Ҳа, молиявий қудрат бобида грандлар олдига тушолмайдиган «Боруссия» норвегиялик ёш иқтидор Эрлинг Холанд учун курашда «Ювентус» ва «МЮ»дек «наҳанг»лардан устун келди. Бу бежиз эмас, албатта. Бинобарин, дортмундликлар 19 ёшли ҳужумчини 2,5 йил олдин «нишон»га олишганди. Клуб ортда қолган вақтда уни 28 марта амалда кўриб, барчасини атрофлича баҳолади. «Боруссия» раҳбарияти Холанд билан шартнома тузиш борасида узил-кесил қарор чиқаргач, жамоанинг скаутинг хизмати кучли ҳаракатга тушди. Яъни WhatsApp алоқа тизимида футболчиларнинг Эрлингга йўллаган хабарлари кўпайди, асосийси, Puma компанияси бош директори ҳам йигитчага таъсир ўтказишга урина бошлади.

Маълум бўлишича, «Боруссия» скаутлари Холандни ўсмирлар ўртасидаги Евро-2016 турнирида кўз остиларига олишган экан. Таққослаш учун айтсак, қолган барча даъвогар жамоалар унга яқиндагина эътибор қарата бошлашган. Яъни йигитча Европа ЧЛда муваффақиятли дебют қилганидан кейин. Хуллас, Дортмундда Холанд иқтидорини илк марта 2016 йилнинг август ойида муҳокама этишган. Ўшанда норвегиялик йигитча 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионатида қатнашган эди. Аниқроқ айтсак, Эрлинг турнир гуруҳ босқичидаги 3та ўйиндаги ҳаракатлари билан «Боруссия» скаутлари эътиборини қозонган. Немислар кейинчалик ҳам иқтидорли ҳужумчини кузатиб боришган ва 2018 йили уни Норвегиянинг «Мёльде» клубидан сотиб олмоқчи бўлишган. Бироқ Холанднинг ўзи Австрия чемпионати етакчиси «РБ Зальцбург» сафига қўшилишни маъқул кўрган. Бир қарашда, бу трансфер «Боруссия»га Холандни янада яхшироқ кузатиш имкониятини яратди. Лекин масаланинг нозик томони шуки, истеъдодли йигитчани қўлдан чиқариш хавфи анча ортди. Мана, Эрлинг жорий мавсум ЧЛда дебютини нишонлаб, турнирни шунчаки, «ёндирди». Ҳар ҳолда, норвегиялик йигитча турнир тарихида дастлабки 3та ўйинида 6та гол уришга муваффақ бўлган биринчи футболчига айланди. У гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган «Генк» билан учрашув (6:2)да «хет-трик»ка эришди, яна биринчи бўлимнинг ўзида. Кейин шовқинли «Энфилд»да фаол тўп суриб, «Ливерпуль» дарвозасини нишонга олди. 3-турда эса «Наполи»га «дубль» тортиқ этди. Тўғри, «Зальцбург» бу ўйинларни тегишлича 3:4 ва 2:3 ҳисобларида бой берди. Муҳими, норвегиялик ҳужумчи ҳамманинг назарига тушди ва кейинги ўйинларда ҳам гол уришда давом этди. Яъни 4-5-турларда «Наполи» (1:1) ва «Генк» (4:1) клублари дарвозасига яна бир мартадан йўл топди. ЕЧЛдаги дебют мавсум, илк 6та ўйинда 8та гол ва 1та самарали узатма - бу салмоқли статистика, албатта. Қисқаси, Холанднинг топ-клублардан бирига ўтиши ойдинлашиб қолганди. Эрлинг бунга қўшимча равишда Австрия чемпионати жорий мавсумида 14 марта майдонга тушиб, 16та гол ва 6та самарали узатмага муаллифлик қилди. Оқибатда «Боруссия» олдида йигитча учун курашда жиддий рақобатчилар пайдо бўлди - «МЮ», «Ювентус» ва «Зальцбург»га яқин «қариндош» саналган «РБ Лейпциг».

Муҳими, «Боруссия» бу ҳолатда тезкор ҳаракатларни пайсалга солмади. Дейлик, Холандни кўндиришга жамоа футболчилари ҳам бевосита ҳисса қўшишди. Хусусан, бу борада Томас Дилейни фаоллик кўрсатди. Яна Puma компаниясининг норвегиялик бош директори ҳам ёрдам берди. Шу аснода футболчида «Боруссия»га қизиқиш ошди ва у фаолиятини Дортмундда давом эттиришга қарор қилди. The Athletic нашри маълумотларига кўра, Германия клуби 2,5 йил оралиғида йигитча иштирокидаги 28та ўйинни кузатибди. Айни пайт «Боруссия»да маслаҳатчи сифатида фаолият юритаётган афсонавий Маттиас Заммер (Евро-96 чемпиони ва «Олтин тўп»-1996 соҳиби) ҳаттоки, ҳеч кимга билдирмай, «Зальцбург» базасига кириб, Холанднинг машғулотларга ёндашувини баҳолаган.

Дортмундликлар трансфер бўйича якуний тўхтамга келишгач, кўпчилик норвегияликни «Боруссия»ни танлашга кўндириш ҳаракатини бошлади. Бунда жамоанинг ҳамиша ёшларга катта эътибор қаратиши ва уларнинг ўсишларига замин яратиш тажрибаси асосий аргумент сифатида келтирилди. Холанд билан алоқа ўрнатганлар жумладан, Жейдон Санчо, Усмон Дембеле ва Кристиан Пулишични ёрқин мисоллар сифатида тилга олишди. «Боруссия» футболчилари яна ёш ҳужумчини Дортмундда кўришдан бағоят мамнун бўлишларини ҳам яширишгани йўқ. Улар норвегияликка WhatsApp орқали тинмай хабарлар жўнатиб, унга таъсир ўтказишга уринишди. Айниқса, даниялик Томас Дилейни ҳаммадан кўпроқ ва маънолироқ хабарлар ёзди. Клуб раҳбарияти эса музокара жараёнида ўзининг техник ҳомийи (экипировкалар таъминотчиси)ни ишга солди. Шу ўринда маълумот тариқасида айтиш керак, Puma «Боруссия»ни кийинтириш билан чекланмаяпти. Яъни Германия компанияси жамоанинг кичик акционери саналади (5 фоиз акция айнан Puma тасарруфида). Puma бош директори Бьерн Гульден - норвегиялик собиқ футболчи. У ўтган асрнинг 80-йиллари Холанднинг биринчи клуби - «Брюн» сафида тўп сурган. Хуллас, Гульден ҳамюртига манфаатли ҳомийлик шартномаси таклиф этиб, уни «Боруссия» томон оғдирди. Компания Марко Ройс, Аксель Витцель, Лукаш Пишек ва собиқ «боруссиячи» Марк Бартра билан ҳам худди шундай келишувга эга. Тўғри, Холанд ҳозир Nike билан ҳамкорлик қилмоқда, америкаликлар табиийки, ёш юлдузни сақлаб қолиш ҳаракатидалар. Шундай экан, агар Холанд Puma билан шартнома тузмаса ҳам, таклиф тушганининг ўзи футболчининг агенти Мино Райолага Nikeдан яхшироқ шартлар талаб қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Эрлинг ва «Боруссия» ўртасидаги шартнома 2024 йилгача мўлжалланди. Унда кўрсатилган товон пули - 50 миллион фунтдан кўп. Албатта, битимнинг расмийлаштирилишида Райола ҳам катта роль бажарди. «Боруссия» ва ушбу агент ўртасида яхшигина муносабат шаклланган. Дейлик, Райола 2013 йили Генрих Мхитарянни Германия жамоасига ўтишини таъминлаганди. Айрим маълумотларга кўра, дортмундликлар унинг ўзига воситачилик қилгани учун 15 миллион евро тўлашган. Ваҳоланки, «Зальцбург» трансфер ортидан 20 миллион олди, холос. Яна 10 миллион евро Эрлингнинг отаси Альф-Инге Холанд («Ноттингем», «Лидс» ва «Манчестер Сити» клублари собиқ футболчиси, ЖЧ-94 иштирокчиси)га насиб этди.

Daily Mail нашрида ёзилишича, «МЮ» раҳбарияти агент хизматидан бош тортиб, ишни айнан футболчининг отаси билан битиришга уринган, аммо бу самара бермади. Райоланинг ўзи юзага келган ҳолатни оддий изоҳлади: «Йўқ, шахсан мен на «МЮ» ва на Сульшерга қаршиман. Шунчаки, мижозим «Боруссия»ни танлади. У ўзи маъқул кўрган жамоа сафига қўшилганидан мамнунман, албатта. Менимча, «Боруссия» ҳозирги шароитда Эрлинг учун энг яхши вариант ҳисобланади. Мабодо «Юнайтед»ни танлаганида ҳам, трансферни расмийлаштиришга мажбур бўлардим, аммо у буни хоҳламади. Ваҳоланки, манчестерликлар яхшигина таклифни илгари суришганди».

19 ёшли ҳужумчи билан 2024 йилгача шартнома тузилгани ва унда нисбатан катта товон пули (50 миллион фунтдан кўп) кўрсатилганини инобатга олсак, «Боруссия» яна бир мегатрансферни «пишитиш»ни режалаштиргани ойдинлашади. Нима дердик, дортмундликларга бу борада омад, Холанднинг ўзига ҳам, албатта...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz