Қайднома

Қидирув

Чин футболи овози ёки яна хитойлик қаҳрамон ҳақида...

Чин футболи овози ёки яна хитойлик қаҳрамон ҳақида...

  18.01.2020 05:22
  0
  224
Чин футболи овози ёки яна хитойлик қаҳрамон ҳақида...

Хитойда уни кимсан Дэвид Бекхэм ва ҳаттоки, Диего Марадонага қиёслашади. Гап «Эспаньол» сафида ўйнаётган Ву Лэй ҳақида кетмоқда.

4 январь оқшоми камтарин «Эспаньол» «Каталония дербиси»да ҳудуднинг шубҳасиз, биринчи рақамли клуби - «Барселона» билан  куч синашиб, жанговар дурангга имзо чекди - 2:2. Учрашувнинг 75-дақиқасидан кейин «Барса» майдонда озчилик бўлиб қолди - ҳакам нидерландиялик Френки де Йонгни иккинчи «сариқ» билан «сийлади». Оқибатда ғалаба қозониши муқаррардек кўринган Эрнесто Вальверде жамоаси финал ҳуштаги янграшига оз муддат қолган бир паллада ютуқни қўлдан чиқарди. Бу вазиятда айнан хитойлик ҳужумчи Ву Лэй ўзини кўрсатди. Муҳим учрашувда ҳисобдаги мувозанатни тиклаган Лэй шу тариқа расмий учрашувларда «Барселона» дарвозасини ишғол қилган хитойлик дастлабки футболчи бўлди.

Хуллас, Чин футболи вакили «Барселона»ни қимматли 2 очкодан маҳруб этиб, «Реал» мухлислари ёқимтойига айланди. Бинобарин, Каталониядаги шу дуранг натижасида Ла Лига турнир жадвалида яна қўшҳокимлик юзага келди - «Барса» ва «Реал» қисқа танаффусга 40тадан очко тўплаган ҳолда чиқиб кетди. «Эспаньол» эса ўз очколари сонини 11тага етказди, аммо сўнгги поғонада қолди, барибир.

Россиялик мухлислар Ву Лэйни ўтган йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган учрашув туфайли яхши эслаб қолишган. Зеро, ўшанда хитойлик мерган Москвада Игорь Акинфеевни доғда қолдириб, еврокубок мусобақаларининг асосий босқичларидаги голлари ҳисобини очганди. У Каталониянинг иккинчи рақамли клуби сафига 2019 йилнинг январида қўшилди. Ву Лэйнинг собиқ жамоаси - «Шанхай СИПГ». Ўз таркибига Халк, Оскар, Одил Аҳмедов каби ижрочиларни жамлаган бу жамоада атиги 1 йил мураббийлик қилган португалиялик Андре Виллаш-Боаш Хитой миллий жамоаси етакчиси трансфери ортидан клуб ғазнасига 2 млн. евро туширган эди. Ҳужумчи Испанияга йўл олишига қадар шанхайликлар сафида нақ 12 йил тўп сурганини ҳам қўшимча қилиш ўринли.

Умуман олганда, 28 ёшли Ву Лэй Хитой футболининг бугунги кундаги бош юлдузларидан бири, албатта, маҳаллий ўйинчилар орасида. Мана, унинг ички чемпионатга боғлиқ умумий статистикасига эътибор қаратинг: 344та ўйин, 169та гол. Ву Лэйнинг Чин юрти миллий жамоасидаги кўрсаткичлари ҳам чакки эмас - 68та учрашувда рақиблар дарвозасини 19 марта иш-ғол этган. Ҳужумчини Бекхэм ва Марадонага таққосланиши бежиз эмас. Ҳар ҳолда, Хитой Суперлигасида Ву Лэйдан яхшироқ кўрсаткич қайд этган маҳаллий футболчи йўқ. Хуллас, статистика бўйича фақат айрим легионерларгина Лэйдан олдиндалар

Осиё вакилининг айнан Каталонияга йўл олгани ҳам тасодиф эмас: «Эспаньол» 2016 йилдан буён Хитойнинг Rastar Group компанияси тасарруфида фаолият олиб бормоқда. Клуб президенти Чэн Яншэн «тўтиқушлар»ни 2020 йили Европа Чемпионлар Лигасига олиб чиқишни режалаштирганди. Ҳозирча жаноб Чэн бир амаллаб ЕЛ йўлланмасини таъминлади. Бу муваффақиятга Ву Лэй ҳам имкон қадар ҳисса қўшди. Ҳар ҳолда, хитойлик ҳужумчи таркибга қўшилишидан аввал «тўтиқушлар» 10та учрашувнинг 9тасини мағлубият билан якунлашганди. У келгач, натижалар бирданига яхшиланди ва клуб кейинги 12та ўйиннинг 10тасини мағлубиятсиз ўтказди. Хусусан, Ву Лэй томонидан урилган 3та голдан бири «Эспаньол»нинг ЕЛга чиқишида катта аҳамият касб этди. Каталонияликлар 38-турдан ўрин олган «Реал Сосьедад»га қарши учрашувнинг танаффусига қадар онлайн жадвалда 9-поғонани эгаллаб турганди. Якунда «тўтиқушлар» Лэйнинг голи эвазига 7-ўринга кўтарилишди ва 2007 йилдан кейин илк марта еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритишди. Тўғри, параллель равишда бўлган баҳсда «Севилья»нинг «Атлетик»дан устун келгани ҳам каталонияликларга қўл келганди. Дарвоқе, Ву Лэй ўша баҳсда дарвозани ишғол этгач, футболкасини ечиб олди. Ҳужумчи айнан шу тахлит голни «Корнелья Эль Прат» майдонига ёпирилган мухлислар қуршовида нишонлади. Эътиборли факт: футболчининг Испания чемпионатидаги дебют учрашувини Хитойда нақ 40 миллион мухлис тўғридан-тўғри трансляция орқали томоша қилди. Унинг расмий таништирув маросимини эса 350 миллион киши кузатганди.

Осиё вакили «Эспаньол» таркибидан жой олгач, жамоа бош мураббийи Руби 4-3-3 схемасини 4-4-2га ўзгартириб, олдинги чизиқни Борха Иглесиас-Лэй дуэтига топширди. Руби ва Борха «Бетис»га йўл олишгач, Лэй янги шериги - Маттиас Варгас билан ҳамкорлик қила бошлади. Тўғри, ҳозирча жуфтликнинг самарадорлиги мақтайдиган даражада эмас, жорий мавсум бор-йўғи 2та гол урди (ҳар иккиси Ву Лэй номига ёзилди). Жамоа эса «Барса»дан очко тортиб олганига қарамай, охирги ўринда бормоқда. Декабрда янги мураббий - Абелардо бошқарувни ўз қўлига олди.

Яншеннинг фикрича, «Эспаньол» Хитойда мухлислар эътиборини ўзига қаратиш борасида «Реал» ва «Барселона»га рақобат туғдириши лозим эди. Дейлик, Ву Лэйнинг ўз мамлакатида юксак нуфузга эгалигига кўпчилик Москвада ҳам ишонч ҳосил қилган бўлса, ажабмас. ЦСКАга қарши кечган учрашувдан кейин «тўтиқушлар» меҳмонхонага қайтганларида, уларни Ву Лэйнинг хитойлик ашаддий фанатлари кутиб олишди. Қолаверса, «ВЭБ Арена»да меҳмон жамоанинг бошқа тарафдорлари умуман кўринишмаганди.

Marca нашри журналисти Мигель Анхель фикрларига эътибор беринг: «Аввалига «Эспаньол» Чэн Яншэн учун навбатдаги лойиҳадек кўринди. Ҳар ҳолда, у шунчаки, ўз бизнеси манфаатини кўзлаб келгандек туюлди. Бироқ ҳозир хитойлик бизнесмен клубнинг асосан футболчилар савдосига эътибор қаратиш моделига розилик бергандек. Масалан, у  Борха Иглесиаснинг «Бетис»га ўтиб кетишига монелик қилмади. Ву Лэй масаласида ҳам шубҳа-гумонлар йўқ эмасди. Муҳими, футболчи Испаниядаги дастлабки кунидан бошлаб, ўзига хос фазилатларини намойиш эта бошлади. Аслида тамоман бегона турнирда барча топшириқларни талаб даражасида уддалаш осон эмас. Айниқса, ўта қисқа вақт ичида. Лэй эса буни жойига қўймоқда».

Эҳтимол, «Эспаньол»да футболчилар олдига қўйиладиган талаб гранд клублардагидан фарқланиши Ву Лэйга қандайдир енгиллик бераётгандир. Бундан ташқари, у Каталонияга жамоа мураккаб вазиятда қолган паллада йўл олди, лекин ўзи учун қулай пайтда. Ўша вақт кўпчилик хитойликнинг жисмоний тайёргарлигига хавотир билан қарагани ҳам рост. Амалда эса Ву Лэй Ла Лига юкламаларига дош бера олди. Асосийси, у жамоа тезлигига тезлик қўшди, ўзгача услубда ҳаракатланадиган амплуадоши билан жуфтлик шаклида тўп суришда муаммо сезгани йўқ. Умуман олганда, Хитой миллий жамоаси етакчиси «Эспаньол»нинг ҳужум чизиғига маълум даражада ўзгариш олиб кирди, ҳаракатларга ранг-баранглик бағишлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz