Қайднома

Қидирув

«ПСЖ»га рақиб – фармацефт, электрик ва курьер ёки Франция кубогининг сеҳри.

«ПСЖ»га рақиб – фармацефт, электрик ва курьер ёки Франция кубогининг сеҳри.

  19.01.2020 03:12
  0
  366
«ПСЖ»га рақиб – фармацефт, электрик ва курьер ёки Франция кубогининг сеҳри.

«Линас-Монлери» - Франция футбол пирамидаси 6-дивизионида иштирок этадиган клуб. Унинг таркибида ҳаваскорлар тўп суришади - фармацевт (доришунос), электрик, курьер... Ушбу жамоа 2020 йилни даҳшатли «ПСЖ»га қарши ўйин билан қарши олди. Франция кубоги 1|32 финалидан ўрин олган баҳсда ҳаваскорлар кучли рақибнинг тинимсиз ҳужумларига ярим соатча чидашди, кейин кетма-кет голлар қўйиб юбориб, якунда 0:6 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Шунга қарамай, «Линас-Монлери» вакиллари ортиқча ранжишмади. Маълум бўлишича, бу жамоа деярли бутун таркиби билан айнан юлдузли «ПСЖ»га чинакамига мухлислик қилар экан...

 

«Линас-Монлери» бош мураббийи Стефан Кабреллининг «ПСЖ»га кўнгил қўйганига 45 йилдан ошган. Унда Париж клубининг мавсумий абонементи бор, ҳаттоки, уйидаги ёқимтой мушукини Златан Ибрагимович шарафига номлаган. Ҳаваскорлар клуби устози учрашувдан сўнг бу ҳақда тўлқинланиб гапирди: «Парк де Пренс» стадионига илк марта борганимда, 6 ёшли болакай эдим. Ҳозир эса 52 ёшдаман. Хуллас, «Пари-Сен Жермен»нинг азалий фанатиман, клубнинг мавсумий абонементига эгаман. Умр бўйи шу жамоани қўллаб келганман. Тўғриси, йил давомида сен қўллаб-қувватлайдиган машҳур футболчилар ўз шогирдларингга қарши тўп суришса, бироз ғалати ҳолатга тушар экансан...». Ҳа, Кабрелли «ПСЖ»нинг кўп йиллик фанати. «Албатта, клубнинг яхши даврларини ҳам, ёмон кунларини ҳам жуда яхши эслайман. Дейлик, «ПСЖ»нинг 1986 йилги илк чемпионлигига бевосита гувоҳ бўлганман, бу зафар шарафига алоҳида баннер ҳам тайёрлагандим. Жамоа ортидан Италия ва Англияга борганман. Агар чипта олиш уддасидан чиқсам, Дортмундга ҳам бораман - Европа Чемпионлар Лигаси «плей-офф» ўйинига. Ҳозирга қадар мен ўтказиб юборган ягона муҳим учрашув - бу 1993 йили бўлган «ПСЖ» - «Реал» тўқнашуви (УЕФА кубоги чорак финали). Аслида олдиндан чипта олиб қўйгандим, фақат ўша куни қизим дунёга келишини кутишимга тўғри келганди», - дейди «Линас-Монлери» мураббийи.

Кабрелли ҳаттоки, уйидаги мушугига «ПСЖ» тарихида ёрқин из қолдирган швециялик Златан Ибрагимович шарафига ном танлаган! «Турмуш ўртоғим уйда мушук боқишимизни қистаганида, узоқ вақт бунга рўйхушлик билдирмадим. Охир-оқибат, мушукка ўзим ном қўйишим шарти билан рози бўлдим. Ўша вақт Ибрагимович «ПСЖ»да етакчи мақомида ўйнарди, шунинг учун оиламизнинг янги дўстини Златан, деб аташга қарор қилдим» - Кабреллининг Париж грандига нақадар шайдо эканлигини шундан ҳам тушуниш мумкин. Энг қизиғи, кубок ўйинидан олдин Кабрелли мавсумий абонемент соҳиби сифатида «ПСЖ»дан электрон хат олди. Унда ...«Линас-Монлери»га қарши сафар ўйини учун жой «брон» қилиш сўралганди.

«Линас-Монлери» - Танги Ндомбеленинг биринчи клуби. Эътиборлиси, «ПСЖ» ҳаваскорлар клубига даромадидан улуш ажратиб, унинг аъзоларини Лига 1 доирасидаги ўйинига таклиф этди. Кабрелли жамоаси аҳолиси 7 мингга тенг қўшни шаҳарчалар - Линас ва Монлери шарафини ҳимоя қилади. Улар Париждан атиги 32 километр жануброқда жойлашган. «Тоттенхэм» клуби ва Франция миллий жамоаси аъзоси Танги Ндомбеле ўсмирлик чоғи (2009-2011 йиллар) айнан «Линас-Монлери»да тўп сурган. Тўғри, клуб Франция футболининг энг тубида ўйнайдики, у ҳақда ҳаттоки, Википедиянинг француз тилидаги саҳифасида ҳам маълумот йўқ. Аксарият футболчиларнинг асосий иши бошқа. Мисол учун, Франциянинг энг бой ва қудратли жамоасига қарши баҳсда фармацевт, сув тизими ходими, электрик ва курьер майдонга тушишди. Айтганча, «Линас-Монлери» сардори Йохан Рока ўсмирлик пайти 4 мавсум (2000-2004 йиллар) «ПСЖ»нинг ёшлар тизимида шуғулланган. «Бу ўйин жуда эҳтиросли бўлди, зеро, «ПСЖ»да ўтказган давримдан кўплаб хотиралар қолган, фақат яхшилари, - деди Рока. - Мен ҳам айнан шу жамоа фанатиман!»

Мураббий Кабрелли рақиб сафида Мауро Икарди, Неймар ва Килиан Мбаппенинг майдонга тушишмаганидан бироз хафа ҳам бўлди: «Тўғриси, «ПСЖ»нинг энг кучли таркиби, барча юлдузларига қарши тўп суришни хоҳлагандик, бироқ кўплаб мураббийлар кубок турнирида асосий ижрочиларга дам беришади. Муҳими, Эдинсон Каванини майдонда кўрдик ва бундан бошимиз осмонга етди. У жамоада алоҳида мартабага эга ўйинчи. Бундан ташқари, Кавани жуда яхши инсон. Очиғи, профессионал спортда бундайлар жуда кам учрайди...». Ўйинга келсак, Кавани «дубль» қайд этди, Пабло Сарабия ҳам 2та гол муаллифига айланди.  Шунингдек, 17 ёшли Одил Аушиш катталар миқёсида биринчи голини нишонлади, ҳисобга эса 87-дақиқада Эрик Шупо-Мотинг нуқта қўйди - 0:6. Ҳаваскорлар ҳам гол қувончини туйишлари мумкин эди, аммо 40-дақиқада Идрисса Кануте пенальтидан фойдаланолмади. Шунга қарамай, у ҳам хафа бўлгани йўқ: «Ўйин тугагач, Керер ва Гуйе футболкаларини олдим, дарвозабон Риконикини эса олишни истамадим, чунки у 11 метрли жарима нуқтасидан йўллаган зарбамни бартараф этди. Риконинг айтишича, у мен амалга оширган охирги пенальти видеоёзувини кўриб чиққан. Демак, тўпни қайси тарафга тепишимни олдиндан сезган. Яширмайман, Неймар услубига ўхшаш нимадир кўрсатишга уриндим. Одатда ўнг оёқда зарба йўллайдигандек ҳаракатланаман. Бу кўпинча иш берарди, аммо Рико чалғигани йўқ. Менимча, унга қандай тепишимни кўргани қўл келди».

Якунда «ПСЖ» камтарин рақибга ўз даромадидан улуш ажратди. Ўйинни деярли 15 минг томошабин кузатиб борганини эътиборга олсак, ҳаваскорлар клуби бинойидек пул олади. Қолаверса, «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи рақиб жамоанинг барча футболчиларини Лига 1 доирасида Парижда «Дижон»га қарши кечадиган учрашувга таклиф этди. Умуман олганда, «Линас-Монлери» мураббийи ҳар қандай ҳолатда стадионга боради.

 

Сўз

- Ўйин пайти бир-икки марта парижлик фанатлар орасида қўшиқ куйлаб ўтирган ҳолатимни кўз олдимга келтирдим. Бу мендек «ПСЖ»нинг чин фанати учун ақлга сиғмас воқелик бўлди». Стефан Кабрелли («Линас-Монлери» бош мураббийи).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz