Қайднома

Қидирув

Азамат Алланиёзов: «Ўтган мавсум мен учун омадсиз кечди»

Азамат Алланиёзов: «Ўтган мавсум мен учун омадсиз кечди»

  20.01.2020 01:38
  0
  365
Азамат Алланиёзов: «Ўтган мавсум мен учун омадсиз кечди»

Тажрибали ҳужумчи Азамат Алланиёзов ўтган мавсум Термизнинг «Сурхон» клубида тўп сурди. Бироқ жароҳат олганлиги боис, майдонга кам тушди. Шунинг учун бўлса керак, у янги мавсумда жамоасини алмаштириш ниятида. Хўш, Алланиёзов энди қайси клубда ўйнайди? Азамат биз билан суҳбатлашиш асносида шу ва бошқа мавзудаги саволларга жавоб берди.

Ўтган мавсум борасида

- Тўғрисини айтиш керак, ўтган мавсум «Пахтакор» бошқа клублардан яққол устунлик қилди ва шунинг эвазига «требл» қайд этди. Ўз навбатида, «шерлар»нинг чемпионлик унвонини анча эрта қўлга киритишганини ҳам таъкидлаш жоиз. «Пахтакор»нинг ушбу зафарида футболчиларнинг ҳиссалари катта, албатта. Боиси, пойтахтликлар сафидаги аксарият ўйинчилар Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари ҳисобланишади. Шунинг эвазига ҳам «Пахтакор» 2019 йили ҳақли равишда барча мусобақаларда муваффақият қозонди. Энди янги мавсумда «пахтакорчилар»га муносиб рақобат кўрсата оладиган кучли клублар кўпаяди, деган умиддаман.

«Сурхон» ҳақида

- Термиз жамоасининг 2019 йилги кўрсаткичлари тўғрисида гапирадиган бўлсам, гарчи жамоа 2018 йилни Про-лигада ўтказган бўлса-да, ўтган мавсум Суперлигада 6-ўринни қўлга киритди. Табиийки, қуйи дивизиондан чиққан клуб учун бу ижобий натижа. Аммо кези келганда шуни таъкидлаш жоизки, «Сурхон»нинг ўтган йилги таркибини маҳоратли мураббий Илҳом Мўминжонов шакллантирганди. Термизликларнинг Суперлигада иштирок этишлари аниқ бўлгач, Илҳом Иброҳимович «Сурхон» таркибига анча тажрибали ва маҳоратли футболчиларни жалб этганди. Бироқ маълум сабабларга кўра, Мўминжоновга жамоани чемпионат давомида бошқариш насиб этмади. Лекин яхши шаклланган таркиб эвазига клубимиз 6-поғонани банд этди. «Сурхон»нинг айни пайтдаги бош мураббийи Владимир Андреевнинг ҳам Илҳом Мўминжонов билан бирга «Навбаҳор»да фаолият юритганлигини эслатиб ўтиш жоиз.

Ўз ўйини ҳақида

- Ростини айтсам, ўтган мавсум мен учун омадсиз келди. Боиси, 2-тур доирасида ўз майдонимизда «Динамо»га қарши кечган баҳсда жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқдим. Иккинчи даврада эса гарчи жароҳатимдан тўлиқ қутулган бўлсамда, негадир мураббийлар менга имконият беришмади. Тўғри, спорт формамни тиклаш учун ҳам бироз вақт талаб этилди. Лекин машғулотларда фаол қатнашишимга қарамай, негадир майдонга туширилмадим. Бунга балки ҳужумдаги рақобат сабаб бўлган, дерсиз? Тўғри, «Сурхон»нинг олдинги чизиғида мендан ташқари, Шерзод Ҳакимов, Шоҳназар Норбеков сингари форвардлар бор эди. Давралар оралиғида Шерзод Ҳакимов «Навбаҳор»га ўтиб кетди, 2-даврада эса таркиб бразилиялик Лукас де Оливейра ҳисобига тўлдирилди. Шунингдек, Абдулазиз Юсупов ҳам чемпионатнинг ҳал қилувчи босқичини ҳужумда ўтказиб, ўйини анча «очилди», кўплаб голлар уриб, «Сурхон»нинг муваффақиятларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Аммо бразилиялик Лукас де Оливейра жамоа ўйинига киришиб кетолмади. Шундай бўлгач, 2-даврада менга ҳам имконият берилиши лозим эди, аммо... Шу боис, ўтган мавсумдаги фаолиятимдан унчалик кўнглим тўлмади. Майли, ҳаммаси ортда қолди, энди бор умид янги мавсумдан.

«Сурхон»дан кетиши ҳақида

- «Сурхон» билан тузилган шартномамнинг муддати ўтган йили якунланди. Мавсум-2019да кам ўйин амалиётига эга бўлганлигим боис, жамоани тарк этишга қарор қилдим. Айни пайт Суперлиганинг бир нечта клубларидан таклифлар бор. Уларнинг ҳаммасини бирма-бир кўриб чиқиб, кейин бир тўхтамга келаман. Умид қиламанки, янги мавсум менга омадли келиб, чиройли ўйинларим ва голларим билан яна мухлисларга қувонч улашаман.

МАЪЛУМОТ УЧУН

АЗАМАТ АЛЛАНИЁЗОВ

1989 йил 15 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида туғилган

Футбол билан 8 ёшидан шуғулланишни бошлаган

Биринчи мураббийи: Юлдаш Қўшжонов

Амплуаси: ҳужумчи

Нукусдаги футбол мактаб-интернати ва Нукус Давлат педагогика институтини тамомлаган

Ўйнаган жамоалари: «Жайхун» (Нукус) - 2007-2009 йиллар; «Насаф» (Қарши) - 2010-2016 йиллар; «Қизилқум» (Навоий) - 2017 йилнинг 1-давраси; «Бухоро» (Бухоро) - 2017 йилнинг 2-давраси; «Навбаҳор» (Наманган) - 2018 йил; «Сурхон» (Термиз) - 2019 йил

Оилали, 3 қизнинг отаси

Мухлислик қиладиган жамоаси: «Ювентус»

Ҳавас қиладиган футболчиси: Криштиану Роналду


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz