Қайднома

Қидирув

Сўнгги йўлда янги жило

Сўнгги йўлда янги жило

  19.01.2020 05:49
  0
  286
Сўнгги йўлда янги жило

Январнинг дастлабки кунлари беллашувларида байрам шукуҳи яққол сезилиб турди. Етакчи бешликнинг айрим вакиллари ички чемпионатларда, айримлари кубок баҳсларида майдонга тушишди.

Англия. Пешқадамдан тарихий рекорд

АПЛ 22-турининг марказий учрашувида турнир жадвалини бошқариб келаётган «Ливерпуль» «Тоттенхэм» майдонига навбатдаги ғалаба илинжида ташриф буюрди. Моуриньо етакчилигидаги мезбонлар эса, табиийки, бу «енгилмас танк»ни тўхтатиш, ҳеч бўлмаганда секинлатишни мақсад қилишганди. Аммо бунга эриша олмадилар.

Ўйиннинг асосий қисмида устунликка эга бўлган пешқадам хотиржамлик билан тўп сурди ва майдон эгаларининг барча уринишларини чиппакка чиқарди. Шунингдек, рақиб дарвозаси томон ҳужум уюштиришни ҳам унутмади. Мезбонлар дарвозаси олдидаги дастлабка хавфли вазият 2-дақиқада вужудга келди, Роберто Фирмино томонидан йўлланган тўпни ҳимоячи дарвоза чизиғи устида қайтаришга муваффақ бўлди. Чемберленнинг такрорий зарбасидан кейин тўпни дарвоза устуни тўсиб қолди. Лекин майдондаги вазият тенглашгандек бўлган паллада тўп барибир «шпорлар» дарвозасидан жой олди. 37-дақиқада дарвозабон майдончасининг бурчагида тўпни эгаллаган Фирмино Гассанигага ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Танаффусдан кейин майдон эгалари мувозанатни тиклашга уриниб кўришди, ўйин анча жонланди. Бироқ меҳмонлар майдондаги вазият ва тўпни эътибордан қочирмадилар. Натижада «Тоттенхэм» 2та хавфли вазиятдан ортиғига эриша олмади. Аввалига Лукас Моуранинг кучли зарбасига бироз аниқлик етишмади. Ўйин тугаши арафасида Ло Чельсо «подкат» усулида тўпни дарвозага киритишга уриниб кўрди, аммо тўп чизиқ бўйлаб думалаганча майдон четига чиқиб кетди. Шу тариқа беллашув Юрген Клопп шогирдларининг камтарона ғалабаси билан ниҳоясига етди. Лекин ана шу зафар «Ливерпул»га топ-чемпионатлар тарихидаги рекорд сермаҳсулликни (21 ўйинда 61 очко) қайд этиш имконини берди.

Етакчининг энг яқин таъқибчиси - «Лестер» кутилмаганда мағлубиятга учради ёки унинг майдонига ташриф буюрган «Саутгемптон» кечикиброқ бўлсада ўз ўйинини топиб олганини исботлади. Хуллас, ҳисоб - 1:2, меҳмонларнинг иродали ғалабаси. Охирги 5 учрашувнинг 4тасини ўз фойдаларига ҳал қилган «авлиёлар» 12-поғонага кўтарилиб олишди. «Тулкилар» эса тур якунида «Манчес­тер Сити»ни 2-ўринга ўтказиб юборишди.

Кейинги поғоналарни банд этган «Челси» («Бёрнли», 3:0) ва «МЮ» («Норвич», 4:0) бу турда йирик ғалабаларни расмийлаштирдилар. Шу боис, ўз мавқеларини сақлаб қолишди.

Шунингдек, Макбернининг аниқ зарбаси эвазига «Вест Хэм»ни маҳв этган (1:0) «Шеффилд» еврокубоклар ҳудудига чиқиб олди. «Кристал Пэлас» ҳамда «Арсенал» иштирокидаги Лондон дербиси жанговар (1:1) дуранг билан якунлангач, турнир жадвалидаги қўшничилик сақланиб қолди.

Ниҳоят, Бирмингемда турнинг якуний беллашувида «Астон Вилла» амалдаги чемпионга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади - 1:6. Ўйин давомида тўлиқ устунликка эришган Гвардиола шогирдлари 1-бўлимдаёқ мезбонлар дарвозасига жавобсиз 4та гол уришди. Майдон эгалари эса қўшимча вақтда пенальти эвазига жавоб қайтаришга муваффақ бўлишди. Шу тариқа «Манчестер Сити» 2-ўринга чиқиб олди.

Испания. Суперкубок ва кубокка

аталган ҳафта

Янгича форматда, боз устига, Саудия Арабистонида ташкил этилган Испания Суперкубоги турнири «Реал»нинг ғалабаси билан ниҳоясига етди. «Қироллик клуби» «Валенсия»ни (3:1), «Атлетико» эса «Барселона»ни (3:2) енгган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритишганди. Дербига айланган ҳал қилувчи баҳсда томонлар ҳужумкор ўйин намойиш этолмадилар. Шу боис, хавфли вазиятлар ва зарбалар жуда оз бўлди. Фақат танаффусдан кейин баҳс бироз жонланди. Аммо бу ҳам самара бермади. Қўшимча таймларда эса Тибо Куртуа ва Ян Облак 1-2 «сэйв»лари билан дарвозалари дахлсизлигини таъминлашди.

Пенальтилар сериясида «Атлетико» вакилларининг дастлабки 2 зарбадаги омадсизликлари ўйин тақдирини ҳал қилди - Саулнинг уринишини дарвоза устуни, Партиникини эса Куртуа қайтарди. Натижада Зидан жамоаси янги йилдаги дастлабки совринига эга бўлди.

Якшанба оқшомида испаниялик мухлислар мамлакат кубогининг 1|32 финали беллашувларига гувоҳ бўлдилар. Маълумки, дастлабки босқичларда элита вакиллари қуйи дивизионлар жамоаларига қарши майдонга тушадилар. 1 кун аввал Ла Лигада 7-ўринда бораётган «Хетафе» 4-лига вакили «Бадалона»га имкониятни бой берганди - 0:2. Шундан кейин сенсациялар кузатилмади, барча учрашувларда элита вакиллари зафар қучдилар. «Севилья» «Эскобедо»ни 5:0, «Реал Сосьедад» «Сеута»ни 4:0 ҳисобида енгишди.

Лекин қуйи лигадагилар орасида жиддий қаршилик кўрсатганлари ҳам йўқ эмас. Масалан, «Леванте» пенальтилар сериясида кейинги босқич йўлланмасини нотаниш «Хаэн»дан тортиб олди.

Италия. Златан ишга киришди

19-турни бошлаб берган Кальяридаги учрашувда илк дақиқадан «Милан» либосида майдонга тушган Златан Ибрагимович жорий мавсумдаги дастлабки голини урди. Тўғри, швециялик тўпурар ўз голи билан «россонерлар» ғалабасини мустаҳкамлади, унгача Леау 46-дақиқада ҳисобни очишга улгурганди. Лекин Стефано Пиоли афсонавий ҳужумчидан мақтовини аямади: «Мен Златандан ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрадим. Ахир у анчадан бери 90 дақиқа тўлиқ тўп сурмаётган, мен эса унинг саломатлигини хавф остида қолдиришни истамагандим. У жамоамиз интеллектини оширди, йигитларга керакли кўрсатмаларни берди ва ўзи намуна бўлди. Яна 3-4 учрашувдан кейин биз чинакам Ибрагимович ўйинига гувоҳ бўламиз. Телефон орқали гаплашган пайтимда унинг ўйнай олишига ишонч ҳосил қилганман». Хуллас, ҳозиргача барқарорликка эриша олмаётган «Милан» сўнгги ўйинларни кўтаринки руҳда ўтказаётган «Кальяри»ни ишончли тарзда маҳв этди.

Бу турда етакчи мақомида майдонга тушган «Интер» эса бошқа бир кашфиёт - «Аталанта»ни ўз майдонида енга олмади (1:1) ва қимматли 2 очкодан жудо бўлди. Аслида мезбонлар мағлубиятга учрашлари ҳеч гап эмасди. Бироқ Ханданович 88-дақиқада Муриэлнинг «нуқта»дан йўллаган тўпини қайтара олди.

Қизиқарли тарзда кечган «Лацио» - «Наполи» қарама-қаршилигида ҳужумлар кўп бўлсада, дарвозабонларнинг ишончли ҳаракатлари ҳисобнинг очилишига имкон бермади. Аммо ўйин тугашига 8 дақиқа қолганида Давид Оспина негадир ўз жарима майдончаси ичида Чиро Иммобилени алдашга киришди ва тўпни олдириб қўйди. Тўпурарлар етакчиси эса ажойиб совғани 3 очкога айлантирди. Мазкур ғалаба эвазига «Лацио» «Интер»га яқинлашиб олган бўлса, Римнинг бошқа клуби «Рома» ўз майдонида «Ювентус»дан енгилиб (1:2), чемпионнинг 1-поғонага чиқиб олишига имкон яратди. Аммо ўзи етакчи квартетни тарк этди.

Франция. «Монако» чемпионни

тўхтатди

Лига 1нинг энг қизиқарли ва сермаҳсул беллашуви «ПСЖ» - «Монако» қарама-қаршилигида кузатилди. Янги бош мураббий Роберто Морено Гонсалес раҳбарлигида майдонга тушган князлик клуби чемпион билан тенгма-тенг тортишиб, мураббий дебютини 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан нишонлади. Мазкур натижа «ПСЖ» билан «Марсель» ўртасидаги очколар фарқини 2тага қисқартирди. Чунки бир кун аввал «Марсель» сафарда «Ренн»ни камтарин ҳисобда (1:0) маҳв этганди.

«Сент-Этьен»да меҳмон бўлган «Нант» ишончли (2:0) ғалабани, Дижонга йўл олган «Лилль» эса кичик (0:1) ҳисобдаги мағлубиятни қайд этиб, турнир жадвалида ўрин алмашдилар.

Сафардан бир хил ҳисобдаги (2:1) иродали ғалаба билан қайтган «Лион» («Бордо») ҳамда «Монпелье» («Амьен») жамоалари еврокубоклар ҳудудига кўтарилиб олдилар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz