Қайднома

Қидирув

Қойилмақом ташаббус: Ҳар бир сейв учун 500 Австралия доллари ва...

Қойилмақом ташаббус: Ҳар бир сейв учун 500 Австралия доллари ва...

  19.01.2020 07:50
  0
  469
Қойилмақом ташаббус: Ҳар бир сейв учун 500 Австралия доллари ва...

«Брайтон» дарвозабони АПЛ 22-тури старт олишидан олдин ўйинларда кузатилган ҳар бир «сэйв»га 500 Австралия доллари миқдорида хайрия пули ажратишга ваъда берди. Ҳар бир амплуадоши амалга оширган «сэйв»га! Асосийси, йиғилган маблағ тўлиғичи Австралия ўрмонларидаги ёнғинга қарши кураш ҳаракатига йўналтирилади. Ҳа, бу олқишлашга арзийдиган қойилмақом ташаббус! Шу маънода айтсак, Мэттью Райян чинакам қаҳрамон!

Австралияда янги йил даҳшатли табиий офат билан бошланди - бутун қитъадаги ўрмонзорларга ўт балоси «ёғилди». Интернет тармоқларидаги космосдан олинган суратларга қарашнинг ўзи даҳшат... Офатга қарши курашда спорт ҳам четда турмаяпти, албатта. Жумладан, Австралия миллий жамоаси ва Англиянинг «Брайтон» клуби голкипери Мэттью Райян «Твиттер» орқали ажойиб хайрия акциясини эълон қилди. Ваъдага мувофиқ, у АПЛ 22-туридан ўрин олган 10та учрашувда кузатилган ҳар бир «сэйв»га 500 Австралия доллари миқдорида хайрия пули ажратади. «Жонажон мамлакатимда кўтарилган ёнғин ҳамма қатори мени ҳам даҳшатга солди. Офатга қарши курашга томошабин сифатида қараб туришим ножоиз. Хуллас, Англия Премьер-лигасининг навбатдаги турида дарвозабонлар томонидан амалга ошириладиган ҳар бир «сэйв» учун 500 Австралия доллари (262 фунт стерлинг) ажратиш ва йиғилган маблағни ёнғин зарарларини бартараф этиш ҳаракатига йўналтиришга қарор қилдим. Ўз ўрнида халқимизни қўллаб-қувватлаётган барча-барчага миннатдорчилик билдираман. Биз бундай меҳрибонлик ва сахийликни юксак қадрлаймиз. Бироқ ҳаттоки, ҳозир ҳам мамлакатимизда одамлар уйсиз қолишмоқда, ҳайвонот олами жабр чекмоқда. Қисқаси, хавф ҳали тўлиқ бартараф этилмаган. Умуман, бутун жамият, молиявий тизим ва кўп жиҳатлар издан чиққан. Умид қиламанки, барчамиз самимий руҳни сақлаб қолиб, одамларни жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзишга даъват этаверамиз. Мана, пул ўтказиш мумкин бўлган жамғармалар рўйхати. Шунчаки, бармоқларимизни ишга туширсак, бас. Давоми яхши бўлишига ишонаман!», - деб ёзди австралиялик дарвозабон.

Айтганча, АПЛнинг аввалги тури доирасидаги 10та ўйинда голкиперлар жами 59та «сэйв»ни амалга оширишганди. Мэттьюнинг ўзи ҳар бир учрашувда ўртача ҳисобда 3тадан кўп «сэйв» йиғмоқда. Яъни ортда қолган 21та турда 75 марта ўзини кўрсатди. 22-турда эса «Брайтон» сафарда «Эвертон» билан куч синашди.

Эҳтимол, Мэттьюнинг ушбу ташаббусини ҳали АПЛнинг бошқа киперлари ҳам давом эттиришар... Айтиш ўринли, бу Райян илгари сурган ягона ташаббус эмас. «Брайтон» дарвозабони бунга қадар клубдоши ва ватандоши Аарон Муй билан бирга австралиялик футболчилар касаба уюшмаси акциясига қўшилганди. Ушбу ташкилот маҳаллий чемпионат ва аёллар лигасининг битта турида урилган ҳар бир голга 1000 Австралия доллари ажратганди. Айни шу ташаббус ортидан 40 минг доллардан кўпроқ маблағ йиғилди. Австралия миллий жамоаси захира дарвозабони Дэнни Вукович эса ўз футболкаларини аукционда савдога қўйди. Хуллас, «Генк» (Бельгия) вакили энди савдодан тушган маблағни хайрия ишларига йўналтиради.

 

Австралия тарихидаги энг даҳшатли ёнҒин ҳаҚида маълумот

 

*** Ёнғин ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган эди. Янги йил арафасида кучайган офат ҳали тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Ўт балоси 10,7 млн. гектар ўрмонни қамраб олдики, бу бутун Португалия ҳудуди билан тенг.

*** Ёнғин тутуни 2020 йил бошида Жанубий Америкагача етиб борди - бу қитъа ва Австралия ўртасидаги масофа 10 минг километрдан кўп.

*** Ёнғин жами 6 минг бинони кулга айлантирди (жумладан 2,2 минг турар-жой уйини), 28 киши ҳаётдан кўз юмди. Ҳозирча етказилган зарарнинг аниқ ҳисоби йўқ, лекин таҳлилчилар тахмин қилишларича, зиён миқдори 4,4 млрд. Австралия долларидан кам эмас.

*** Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси фауна олами катта жабр кўрганини маълум қилиб улгурди: WWFнинг ҳисоб-китобига кўра, ёнғин туфайли нобуд бўлган ҳайвонлар ва қушлар сони миллиарддан ошиб кетган.

*** Хайрия ишларида фаоллик кўрсатаётган машҳурлар ҳам бор. Дейлик, Леонардо ди Каприо, Хью Жекман, Николь Кидман ва Metallica гуруҳи вакиллари 500 минг доллардан ажратишди. Австралиялик модель Кейлин Уорд эса ўзининг суратларини сотувга қўйиб, йиғилган маблағни ёнғинга қарши кураш жамғармасига ўтказиб берди.

*** Австралия ўрмонларида ҳар йили ёнғин кўтарилади, лекин бундай миқёсдагиси илк марта рўй берди. Бунга қитъа тарихидаги энг иссиқ ва қуруқ йил сабаб эканлиги таъкидланмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати ўртача 30,7 даража иссиқни ташкил этди. Ёнғин энг кучайган паллада ёғилган ёмғир чинакам байрам сифатида қабул қилинди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz