Қайднома

Қидирув

Саҳна ортидаги фидойи кўмакчи

Саҳна ортидаги фидойи кўмакчи

  20.01.2020 13:41
  0
  235
Саҳна ортидаги фидойи кўмакчи

Сэр Алекс Фергюсон, Хосеп Гвардиола, Жозе Моуриньо, Юрген Клопп... Футбол оламида ёрқин фаолият юритган ва юритаётган мураббийлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг муваффақиятлари хусусида гап кетганда, бунинг сири нимадалиги кишини ўйлантириб қўяди. Қизиқ, фидойи ёрдамчилар кўмагисиз ҳам юксак натижаларга эришишнинг иложи борми? Деярли йўқ. Замонавий футбол ўйин ва маш­ғулотларни ташкил этиш, ҳар қайси рақибга ўзига хос тарзда тайёргарлик кўришга оид етарли маълумотларга эга. Уларни таҳлил қилиш учун эса бир кишининг вақти етмаслигига шубҳа йўқ.

Мураббий муваффақиятини ҳар бир учрашувга тўғри тактикани белгилай олиш ва кадрлар масаласини аъло даражада ҳал этишнинг ўзи билан таъминлаб бўлмайди. Буюк ғалабаларнинг асосий пойдевори - мураббийнинг ўз штабига унинг ғояларини тўла тушунадиган, уларга худди ўзига ишонгандек ишониши мумкин бўлган малакали мутахассисларни жамлай олишидир.

«Ливерпул»дек номдор жамоани бошқариш - мураккаб вазифа. Мураббийга муайян топшириқни талаб даражасида уддалай оладиган ёрдамчилар керак. Клопп ўз атрофига малакали мутахассисларни тўплашга уринмоқда. Бу борада у ажо-йиб иқтидорга эга», - дея таъкидлайди «қизиллар» устозининг голландиялик ассистенти Пепейн Лейндерс (суратда Клоп ёнидаги). Дарвоқе, ҳикоямизнинг асосий сабабчиси ҳам айнан шу мутахассис.

Ливерпулликлар сафига Клоппдан бирмунча аввалроқ келган Лейндерс­ни клуб мутассаддилари янги бош мураббийга таклиф этишганди. Шундан бери германиялик мутахассис унга ўз штабидан жой берганига бир марта бўлсада афсуслангани йўқ. «Атлетик» нашрига берган интервьюсида бош мураббий ассистенти ўзининг ҳаёт йўли, мураббийлик фалсафаси, Клопп билан муносабати ва бошқа бир қатор жиҳатларга тўхталиб ўтди: «Мен билан Клоппни супердинамика хислати боғлаб туради. Биз шунчаки менежер ва ассистент эмасмиз, бир-биримизга 100 фоиз ишонамиз. Чунки ҳар куни кўплаб саволларга жавоб топишимизга тўғри келади. У билан ҳамкорлик қилиш менга ёқади. Юрген - чинакам етакчи, у ҳаммага илҳом беради. Шунинг­дек, ҳар куни мени ажаблантиради. Унинг мияси бошқаларникидан яққол фарқ қилади. Клопп билан ишлаган ҳар қандай киши унинг ростакамига ғамхўрлик қилаётганига ишонч ҳосил қилади.

Машғулот арафасида Юрген ва Пепейн вақтни теннис кортида ўтказишади. Масалан, футболчилар билан шуғулланиш соат 15:00га белгиланган бўлса, мураббий ва унинг ёрдамчиси 11да Клоппнинг кўрсатмасига биноан ташкил этилган Мелвуддаги кортда ўзаро куч синашадилар.

Лейндерснинг асосий вазифаси - машғулот жараёнини режалаштириш, ташкил этиш ва ўтказиш. Видеотаҳлиллар учун Клопп билан «Майнц»даги давридан бери ҳамкорлик қилаётган Питер Кравитц масъул. Юрген Клопп яккаҳокимликка тоқат қилолмайди. «Ливерпуль» устози ўзининг ҳар бир нуқтаи назари қизғин баҳс-мунозаралар чиғириғидан ўтишини истайди. Хўш, бошланғич таркибни белгилашда Лейндерс ва Кравитцнинг таъсири қай даражада? Бу борада Пепейн шундай фикр билдиради: «Барча қарорларни Юрген қабул қилади. Бироқ биз ихтиёримиздаги мавжуд маълумотларни тўлалигича етказишга интиламиз. Ҳаммага фақат ўз нуқтаи назарини рўй-рост изҳор этиш тавсия этилади. Биз ҳар доим ҳамфикр бўлавермаймиз, аммо гап ҳамкорликда фикрлашимиз ҳақида бормоқда. 6та кўз 2тадан кўра кўпроқ нарсани кўради, 3та мия 1 миядан кўра пухтароқ ғояни кашф этади. Учрашувдан 1 кун аввал Юрген, Питер ва мен видеони таҳлил қиламиз ва ўйин режасини тузамиз. Муҳокама эртага қандай ўйнашимиз хусусида қатъий қарорга келганимиздан кейин ниҳоясига етади. Биз фақат таркиб ва тактика хусусида гаплашамиз».

Лейндерс Голландиянинг Лимбург провинциясидаги Брукхуйзен қишлоғида улғайди. Қуйи дивизион вакили SVEB клубида марказий ярим ҳимоячи позициясида тўп сурди ва табиийки, машҳур юлдуз мақомини орзу қиларди. Бироқ тиззасидан олган жиддий жароҳати 17 ёшли йигитчанинг фаолиятига нуқта қўйди. Шундан кейин Пепейн мураббийлик касби бўйича таҳсил олиб, малака ошириш мақсадида ПСВга йўл олди.

«Ўша даврда мени катта футболга олиб борадиган ягона йўл мураббийлик эди. Клуб президенти бўлмиш амаким ўринбосарлар жамоаси ва академияда мураббийлик қилишни таклиф этди. 18 ёки 19 ёшимдан бошлаб SVEB ПСВда ишлай бошладим. Мен ПСВда кўрганларимни SVEBда татбиқ этардим. Типография­да дизайнер вазифасида ишлайдиган отам кўмагида 15та услубни ўз ичига олган 2та машғулотлар қўлланмасини тайёрладим. Уларнинг бирида тўп бизнинг жамоада бўлганида, иккинчисида эса тўпсиз қолганда амалга ошириладиган ҳаракатлар акс этганди. Клубда барча ёш тоифаларидаги жамоалар шу услубда тўп суришларини йўлга қўйдик. Бу жуда ажойиб эди.

ПСВдаги 5 йил ичида мен мураббий сифатида ўса бошладим, клубдагилар қўллаб-қувватлаб туришди. Учинчи курсда тўлиқ иш кунига эга бўлдим, тўртинчисида эса малака ошириш ва ҳамкорлик қилиш мақсадида АҚШга йўл олдим. Бир неча жамоалардаги ҳамкорликдан сўнг хорижда ишлашга тайёр эканлигимни ҳис этдим. ПСВ мамлакатнинг энг яхши академияси унвонига сазовор бўлган пайтда 24 ёшга тўлгандим. Витор Фраде мени Португа олиб кетди. Ўша даврда Вил Курвер (ван Нистелрой, Роббен, Роналду каби юлдузлар унинг дастури бўйича сабоқ олишган) менда кучли таассурот қолдирганди. Фраде ғояларимни муайян услуб сифатида тартибга келтиришимда яқиндан ёрдам берди. У мен учун Кройфф ва Курверлар мақомида. Шунингдек, португалиялик янги мураббийлар авлоди учун ҳам», - дейди Пепейн.

Лейндерс «Порту»да Жоау Фелиш, Рубен Невеш, Андре Гомеш, Андре Сильва, Диогу Далот ва Гонсалу Пасиенсия каби ёш иқтидорлар камолотига сезиларли ҳисса қўшди. 2014 йилнинг ёзида голландиялик мутахассис янги синовларни излай бошлади. У «Аякс»га ўтишга яқин турганди, аммо «Ливерпуль» академияси мураббийи Майкл Биллнинг қўнғироғи Пепейннинг режаларини ўзгартириб юборди. «Ливерпуль» мени «ўғирлади». «А» тоифасидаги лицензияни олиш учун Уэльсга борганимда, Майкл билан учрашиб қолдик. У мен ҳақимда кўп эшитганини билдирди. Душанба куни келишувнинг сўнгги жиҳатларини ҳал қилиш учун «Аякс»га йўл олишим лозим эди. Бироқ амалда режам ўзгарганини рафиқамга тушунтирдим. Майкл мени «Ливерпул»га таклиф этганди. Нима учун «Порту»ни тарк этдим? Менда ПСВ ва «Порту»да ўрганганларимни ҳаётга татбиқ этиш истаги пайдо бўлганди. Ливерпулда 16 ёшлилар жамоасини таклиф қилишганида ўйлаб ўтирмадим», - дейди мураббий.

Бир йил муқаддам Лейн­дерсга «МЮ» қизиқиш билдирганди. Аммо сэр Алекс жамоани тарк этгач, Пепейннинг «Олд Траффорд»га ўтиши хусусидаги гап-сўзлар тинди. «Ливерпуль» бундан фойдаланди. Янги мураббийнинг 2014|2015 йиллар мавсумидаги ёш футболчиларга таъсирини баҳолаш жуда мушкул. Лейндерс Трент Александер-Арнольд ва Риан Бюстер каби келажаги порлоқ иқтидорлар етакчилигидаги ажойиб жамоани қабул қилганди.

«Трент ўша мавсум ҳайратланарли тараққиётга эришди. У жамоа сардори эди ва 3-4-3 схемасида таянч ярим ҳимоячиси сифатида тўп сурарди. Шу сабабли ўз вазифасини аъло даражада уддалаши талаб этиларди. Трент туғма иқтидор соҳиби. Мен у билан машғулотдан кейин қолиб, хизматчилар чироқни ўчиргунларига қадар алоҳида шуғулланардим. «Йигитлар, бугун кечагидан яхшироқ ўйнай олишингизга ишонмагандим. Сиз ноҳақ эканлигимни яна исботладингиз» - бу гапни 50 мартача такрорлаган бўлсам керак. Биз ҳар куни 2 соатдан шуғулланар, кейин 7 кишидан 3 гуруҳга бўлиниб, ўзаро куч синашардик. Вазифа - имкони борича кўпроқ гол уриш. Ким кўпроқ гол урса, кўпроқ ўйнаган ҳисобланади. Йигитларга тиришқоқликни сингдириш учун шундай қилардим», - дейди Лейндерс.

Ўша даврда «Ливерпул»ни бош-қарган Брендан Рожерс бир неча марта Пепейнни Мелвудга таклиф этган ва контр-прессинг услуби ҳақида гапириб беришини сўраганди. Голландиялик мутахассис ўзининг тактик ғоялари билан шунчалик қойил қолдирдики, 2015 йилнинг ёзида «қизиллар» устози уни ўз штабига таклиф этди. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Лейндерс хавотир қуршовида қолди. Қониқарсиз натижалар шимолий ирландиялик мураббий истеъфосига олиб келди: «Рожерснинг истеъфоси мени қаттиқ ранжитди. Лекин Майк Гордон мени тинчлантирди: «Сен ҳеч қаёққа кетмайсан, янги бош мураббий штабида ишлайсан. Сенинг кўмагингга муҳтожмиз». Бир ҳафта ичида барча расмиятчиликлар ҳал бўлиб, янги мураббий ташриф буюрди. Майк билан суҳбатда Клопп унга шундай деганди: «Мана бу мен билан ишлайдиган мутахассислар рўйхати. Яна дарвозабонлар мураббийи ва спорт мутахассиси керак». Гордон қуйидагича жавоб қайтарди: «Пеп штабда қолиши лозим. Ваъда бераман, у сенга маъқул бўлади». Орадан 2 ой ўтгач, Юрген мендан жуда мамнун эканлигини Майкка маълум қилди».

«Ливерпул»даги дебют мавсумида германиялик мураббий Лейндерсни қай даражада қадрлашини исботлайдиган яна бир қизиқ воқеа юз берди:

«Бир куни Юрген ёнимга келиб, қўлидаги мактубни менга берди. Уни «Ливерпул»да ишлаш ниятидаги бир мутахассис Германиядан йўллаган экан. Хат инглиз тилида ёзилгани учун, Клопп унинг мазмунини тушунтириб беришимни сўраганди. Хатни ўқиб чиққач, шундай дедим: «Босс, бу йигит машғулот пайтида ёнингда бўлишни сўрабди». «Демак, у сенинг ўрнинг­ни эгалламоқчи бўлибди-да» - Юрген шундай деганча мактубни йиртиб, пақирчага улоқтирди. Ўша лаҳзадаги ҳиссиётларимни ифодалашга ожизман. Шу воқеадан кейин ҳаммаси жо-йида эканлигига тўла-тўкис амин бўлдим».

2018 йилнинг январида Пепейн ўзига ёқиб қолган жонажон клуби ва шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди. У НЕКни бошқаришга рози бўлиб, ватанига қайтди. Бунинг асосий сабаби отасининг беморлиги эди: «Отам саратон хасталигига чалинганди. Мен эса тўнғич фарзанд сифатида унга ёрдам беролмаганим учун ўзимни кечиролмасдим. Агар шу зарурат бўлмаганида, жамоани мураккаб вазиятда қолдирмаган, мавсум охиригача сабр қилган бўлардим».

Лейндерс НЕКда 5 ой ишлади. Жамоа мавсумни 3-ўринда якунлади, аммо «плей-офф»да «Эммен»дан енгилиб, элитага чиқолмади. Май ойида томонлар розилиги билан шартнома бекор қилинди. Бу пайтда Пепейн «Ливерпул»га қайтишга розилик бериб улгурганди.

Лейндерснинг «қизиллар» билан иккинчи шартномага имзо чекиши кетма-кет хурсандчиликларга уланиб кетди: «Икки йиллик муолажадан сўнг таҳлиллар отамнинг буткул соға-йиб кетганини тасдиқлади. Ҳозир у қишлоқда истиқомат қилмоқда. Лекин вақти-вақти билан «Ливерпуль» ўйинларига келиб туради, жамоанинг ашаддий мухлисига айланган».

Энди голландиялик мутахассис зиммасига юкланган вазифа аввалгисидан фарқ қилади, ҳозир у Клопп жамоасидаги иккинчи шахс. «Иш куним Витор Маносга қўнғироқ қилиш билан бошланади. Кейин Юргенга «смс» жўнатиб, Мелвудга йўл оламан. У билан офисда учрашгач, машғулот тартибини белгилайман. Касбдошларим билан маслаҳатлашаман Машқлар тиғизлиги ўйиндагидан кам бўлмаслигига эътибор бераман. Машғулотдан кейин унинг видеоёзувини кўздан кечираман, атрофдагилар фикри билан қизиқаман. Кейин навбатдаги маш-ғулотни режалаштириб, рақибимиз ўйини билан танишишга ўтаман», - дейди Пепейн.

Лейндерс бош мураббий ассистенти лавозимига ўтганидан кейинги давр ичида «қизиллар» 174 имкониятдан 155 очко жамғаришга муваффақ бўлишди. ЕЧЛдаги зафар жамоа­ни янада юқорироқ савияга кўтарди. Энди «Ливерпуль» сўнгги 30 йил ичидаги дастлабки чемпионлик сари дадил одимламоқда. «Нуфузли турнир ғолиблиги катта аҳамиятга эга. У ҳар қайси футболчини чиндан ҳам кучли эканлигига ишонтиради, натижада янги совринларни қўлга киритиш истаги янада кучаяди. Бу борада биз сезиларли тараққиётга эришдик. Бунинг асосий сабаби - уюшқоқ, ҳамжиҳат, аҳил жамоани шакллантира олганимизда. Бу - бизнинг асосий қудратимиз!» - Лейндерс «Ливерпуль» ҳақида ҳамиша шундай тўл-қинланиб гапиради.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz