Қайднома

Қидирув

Танишинг – Франция кубоги (ҳақида гаплашамиз)

Танишинг – Франция кубоги (ҳақида гаплашамиз)

  21.01.2020 01:37
  0
  151
Танишинг – Франция кубоги (ҳақида гаплашамиз)

Футбол бўйича амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланган мамлакатнинг миллий кубоги бир қарашда туюлганиек оддий эмас. Аслида, энг кўҳна турнир - Англия кубоги. Катта эҳтимол билан, айнан шу мусобақа ўз тоифасидаги, яъни миллий кубоклар орасида энг машҳури ҳам саналади. Уни бутун дунёдаги жуда кўплаб одамлар томоша қилишади, зеро туманли ўлкада нафақат сайёрамизнинг энг кучли ва таниқли клублари ўйнашади, балки бу ерда қуйи дивизион жамоаларининг савияси ҳам анча юқори. Кўпинча мазкур турнир доирасида даража бўйича тўртинчи ўринда турувчи лигалар вакиллари ҳам АПЛ клубларига муносиб кураш тақдим этиши бежиз эмас. Умумий ҳисобда, Англия кубогида 700га яқин жамоа қатнашади. Лекин яна бир турнир борки, унда бундан 10 маротаба кўпроқ клублар иштироки кузатилади. Танишинг - Франция кубоги.

 

Сир эмаски, Франция - бутун дунё бўйлаб жуда кўплаб колонияларга эга мамлакат саналади. Маълум бўлишича, гап миллий кубок ҳақида борганда, ўша давлатлар ҳам эътибордан четда қолмас экан. Келинг, ҳаммасини бир бошдан кўриб чиқсак.

Мусобақанинг жорий мавсуми ҳозир 1|16 финалгача етиб келди, турнир бошланганига эса яна 50 кундан сўнг бир йил бўлади. Франция кубогининг 2019|2020 йиллар мавсуми 27 февралдаги дастлабки ўйин билан бошланди ва унда Майотта чемпионатининг тўртинчи дивизион вакиллари ўзаро тўқнаш келишди. Майотта нималигини билмайдиганлар учун маълумот: бу Африка қитъа­си ва Мадагаскар ўртасидаги кичик оролча - Франция ва Комор ороллари ўртасидаги баҳсли ҳудуд.

Квалификация

(олти раунддан иборат)

«Махараво» ва «Кангани» - айнан шу жамоалар дастлабки раундда ўйин ўтказишди - Франция кубогининг жорий мавсумига старт беришди. Аммо ушбу икки клубдан ташқари, саралашда Майоттадан яна 63та (!) жамоа қатнашди. Орол аҳолиси сони... 246 489 киши.

Сезганингиздек, Франция кубоги ҳудудий квалификацион раундлар орқали бошланади. Уларнинг олтитаси денгиз ортидаги минтақалар ва департаментларда ўтади: Майотта, Ре-юньон (Франциянинг денгизорти ҳудуди, Ҳинд океанидаги шу ном билан аталувчи оролда, Мадагаскар шарқидан 700 км. узоқликда жойлашган), Франция Гвианаси (Франциянинг йирик денгизорти ҳудуди ва бир вақтнинг ўзида, Франциянинг Жанубий Америка шимоли-шарқидаги денгиз­орти департаменти), Мартиника (Кариб денгизидаги орол), Гваделупа (Франциянинг Кариб денгизи шарқий қисмидаги Вест-Индиядаги денгизорти департаменти ва ҳудуди), Сен-Пьер ва Микелон (Франциянинг Атлантика океанида жойлашган кичик ороллардаги денгизорти жамияти, Канаданинг Ньюфаундленд ороли жанубидан 20 км. узоқликда жойлашган).

«Сент-Женева» клуби (4-дивизион) футболчилари ўтган мавсум Мартиникадаги ўйинга 16 киши эмас, бутун жамоа боришини таъминлаш мақсадида бонуслардан воз кечишганди.

Ушбу минтақаларда ўтказилган квалификация баҳсларида 204та жамоа (Сен-Пьер ва Микелон оролларидан атиги учта иштирокчи) қатнашди.

Одатда, кузга яқин Франция ҳудудида ҳам саралаш ўйинлари бошланади. Умумий ҳисобда, бундай ҳудудий саралашлар сони 13та. Бироқ масалан, Корсикада саралаш 5 раунддан иборат бўлиб, унда бор-йўғи 29та жамоа қатнашса (иккитаси 7-раундга йўл олади), Юқори Францияда (О-де-Франс ҳудуди) стартга 1009та (!) клуб киришади ва улардан атиги 21таси турнирнинг асосий тўри йўлланмасини қўлга киритади.

Агар 19та ҳудудий квалификация­ларда қатнашган жамоалар сонини ҳисобласак, қандай рақамлар келиб чиқади? Икки клуб Майотта оролидаги дастлабки раундда бошлашди, кейин бошқа минтақаларда биринчи раунд ўтказилиб, илк босқич ғолиби ёнига яна 5571та жамоа қўшилди. Иккинчи раундда яна 937та клуб мусобақага киришди, учинчисида эса - 427та. Championnat National 2 (Франциянинг даража жиҳатидан 4-дивизиони)дан 51та вакил тўртинчи раунддан старт олган бўлса, Championnat National 1дан 18та жамоа 5-раундда курашни бошлади. Демак, умумий ҳисобда - 7006та жамоа.

Еттинчи раунд

Квалификация баҳслари якунлангач, 7-раунд бошланади. Жорий мавсум мазкур босқичга Франция Гвианаси, Мартиника, Гваделупа, Реюньондан иккитадан ва Майоттанинг энг яхши жамоаси, шунингдек, Океания мамлакатлари - Янги Каледония ва Таити вакиллари етиб боришди. У ерда бу каби саралаш ўтказилмайди. ФКга мамлакат кубоги соҳиблари йўл олади. «Хўш, Сен-Пьер ва Микелоннинг ўша учта жамоасидан энг яхшиси қани?», деган савол бериши мумкин зийрак ўқувчи. «Ильен Аматурс» (Канада атрофидаги ороллар ғолиби) муваффақиятдан сўнг Овернь-Рон-Амльпа ҳудудий квалификациясининг учинчи раундида қатнашиб, «Лион» клубининг 7-дивизиондаги вакилидан 5та гол қабул қилиб олди.

Франция ҳудудий лигаларидан 7-раундга 145та жамоа ўтди. Бунга Франция кубогидаги йўлини айнан шу ердан бошлайдиган Лига 2нинг 20та вакилини ҳам қўшсак, умумий ҳисобда 176та жамоага эга бўламиз. Аммо энг ажойиб жиҳати - ушбу раундга ташланадиган қуръа. Мазкур ҳолатда ўйинлар уч хилга бўлинади: денгиз ортидаги, қитъалардаги ва бирлаштирилган ўйинлар. Денгизорти баҳсларида Гваделупа, Мартиника ва Франция Гвианаси жамоалари ўзаро тўқнаш келган бўлсалар, бирлаштирилган учрашувларда денгизортининг қолган беш клуби Франция вакиллари билан куч синашди. 5-лига жамоалари - «Версаль 78» ҳамда «Расин Басансьон» мос равишда Реюньон ва Таитига сафар уюштиришди, «Мтсапере» (Майотта), «Хьенгене Спорт» (Янги Каледония) ва Димитри Пайетни тарбиялаган «Сент-Пьерруа» (Реюньон) Францияга боришди. Дарвоқе, фақатгина номи охирида келтирилган клублар рақибларини мағлубиятга учратишни уддалашди. Қолган барча ўйинлар Франциянинг қитъалардаги вакиллари ўртасида кечди.

Саккизинчи раунд

Сент-Пьерруа бу раунддаги ўйинни ўз уйида ўтказди, унинг меҳмони бўлган бешинчи дивизион вакили «Таон» пенальтилар сериясида имкониятни бой берди. Ўз майдонида ўйин ўтказган Гваделупанинг «Жюнесс Эволюшн» клуби эса «Белфорт»­га ютқазди. Мартиниканинг «ФК Францискайн» жамоаси қўшимча вақтда «ФК Тур» (5-дивизион)га мағлубиятга учради. Франция Гвианаси вакили эса 6:0 ҳисобида тор-мор этилди.

1|32 финал

Франция кубогининг ҳозирга келиб якунланган охирги раунди. Айнан шу ердан бошлаб турнирга элит дивизион жамоалари ҳам қўшилишади. Қуръадан аввал, катта эҳтимол билан, қуйи лигаларнинг кўплаб жамоа­лари (энг «пасти» «Осер»ни енгган 8-дивизион клуби «Хомбур-Хаунт») «ПСЖ»га тўқнаш келишни хоҳлашлари табиий. Аввалроқ бундай бахт «Лина-Монтери»га насиб қилганди: бу клуб Кавани ва Сарабиядан «дубль» қабул қилиб олди (якуний ҳисоб - 0:6).

Реюньоннинг «Сент-Пьерруа» жамоаси-чи? Бу йигитлар кўпчиликни ҳайрон қолдиришда давом этишмоқда. Улар сафарда «Ньор» устидан зафар қучишди (2:1), 1|16 қуръаси эса уларга тўртинчи лига вакили «Эпинал»ни рақибликка танлаб берди. Бу гал ҳам яна сафарда тўп суришга тўғри келади.

Ҳа, Франция кубоги мана шунақа. «Ренн»нинг ўтган йилги финалда «ПСЖ»ни мағлубиятга учратиши ушбу турнирни астойдил кузатадиганларни лол қолдирганди. Аммо чуқурроқ таҳлил қилинса, мазкур мусобақанинг тасаввур қилинганидек оддий эмаслиги, яна кўплаб ажаблантируви воқеаларга сабаб топиб бериши мумкинлиги ойдинлашади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz