Қайднома

Қидирув

Токио энди бир қадам ва....

Токио энди бир қадам ва....

  21.01.2020 10:33
  0
  199
Токио энди бир қадам ва....

Таиланд мезбонлик қилаётган U-23 тоифасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичида нотекис ўйинлари билан кўнглимизга хавотир солган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси илк «плей-офф» раундида ниҳоят, биз кутган чинакам қиёфасига кириб, ярим финал масаласини жуда осонлик билан ҳал қилди. Тўғриси, айниқса, Ж.Корея олимпиячиларига қарши кечган 3-тур баҳсидан кейин БАА термаси билан бўладиган қарама-қаршиликни минг хаёлда, аралаш-чуйқаш ҳиссиётлар билан кутдик. Любинко Друлович шогирдлари эса биринчи бўлимдаёқ бундай қўрқувли  ҳиссиётларни буткул тарқатиб юборишди. Якуний ҳисоб 5:1 ва терма жамоамизни энди Токио-2020 Олимпиадасидан атиги бир қадам ажратиб турибди.

 Ўйиндан олдинги фикрлар

Любинко Друлович (Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи): - Бизни олдинда катта ўйин кутяпти. Ўртоқлик учрашувида БАА термаси жуда кучли ҳаракатланган ва ғалаба қозонганди. Тикланиш учун рақибга нисбатан бироз кўпроқ вақтга эга бўлдик. Асосийси, орзумиз сари интилишда давом этишимиз шарт. Мақсад - Олимпиада ўйинлари. Таркибимизда аввалги турнирда иштирок этган 8 нафар футболчи бор. Уларнинг тажрибаси кўпроқ. Бироқ бу сафарги турнир Олимпиада йўлланмалари учун. Шунинг учун ҳар бир ўйин оғир кечиши тайин. Зеро, барчада мотивация юқори. Қолаверса, чемпионликни ҳимоя қилиш осон эмас. Албатта, олдимизга энг юқори мақсадларни қўйганмиз.

Корейсларга қарши кечган ўйиндан кейин турнир фаворитларидан бирига қарши турганимиз ва муҳими, гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаганимизни айтдим. Бу осон бўлгани йўқ, албатта. Бу сафар кучимизни тўлиқ тиклашимизга ишончим комил. Демоқчиманки, БАА термаси билан учрашувгача жисмоний ҳолатимиз яхшиланади. Ҳамкасбим фикрига тўлиқ қўшиламан. Чиндан ҳам, ўйинларда кескинлик сезилиб турибди. Кўплаб учрашувлар масаласини 1тагина гол фарқи ҳал қилди. Япония, Эрон, Ироқ, Қатар термаларидек кучли рақиблар гуруҳ раундидан чиқолмади. Ўйлайманки, «плей-офф»га айни вақтда энг кучли саналган 8та жамоа йўл олди. Буёғига ўйинлар тақдирини кичик деталлар ҳам ҳал қилиб қўйиши ҳеч гап эмас...

Мацей Скорза (БАА олимпия терма жамоаси бош мураббийи): - Очиқ айтаман, биз учун Ўзбекистон термасига қарши ўйин - топ даражадаги баҳс. Рақибимиз кучини биламиз. Лекин жангга тайёрмиз. Ҳозирда бўлажак ўйинга тайёргарлик яхши кетяпти. Ҳа, рақиб бизга нисбатан бир кун кўп дам олди. Умуман олганда, Ўзбекистон термаси - жуфтлик фаворити. Ҳа, ихтиёримда катта турнирларда тажриба тўплаган йигитлар бор. Уларнинг роли катта. Эртанги ўйин масаласини 1та гол ҳал қилиши мумкин. Кўп нарса омадга ҳам боғлиқ. Фикримча, бу чемпионатда жамоалар даража бўйича бир-бирига яқин. Гуруҳ босқичининг ўзида зўр ўйинлар кузатилди. Ана, японияликлар чиқиб кетишди, қатарликлар бўшроқ ўйнашди. Чорак финалда айнан Ўзбекистон термасига қарши ўйнашимиз мумкинлигини тахмин қилиш мумкин эди. Корейсларни ҳам кузатдик, албатта. Умуман, «С» гуруҳидан айнан шу 2та жамоа чиқишини кутгандим.

 

ТАҲЛИКАЛИ СТАРТ, ХОТИРЖАМ ФИНИШ

Ўйинни чемпионат ҳисобидан илк марта кўк рангли либосда бошлаган жамоамиз илк дақиқалардаёқ гол қўйиб юбориши ҳеч гап эмасди. Хайриятки, Халфан Ҳассан бирга-бир вазиятдан фойдаланолмади. Аниқроғи, бу вазиятда дарвозабон Абдувоҳид Неъматов бизни голдан қутқарди. Бироқ рақиб тезкор гол урди, барибир: 13-дақиқада ўнг қанотдан узатилган тўпни жарима майдони ичида турган Зайд ал Амирий дарвозамизга жойлаб қўйди. Муҳими, йигитларимиз бу голга жавоб беришни пайсалга солишмади - Илҳом Алижоновдан жарима майдони яқинидан чап оёқда чиройли, зарба ва БАА термаси кипери ожиз. Кейинги 2та голда гуруҳ ўйинларида фаоллиги билан ажралиб турган Ойбек Бозоров бош ролни бажарди. «Насаф» вакили аввалига жарима майдонига ёриб кириб, пенальти ишлади. Бу вазиятда хитойлик рефери Фу Мин VAR ёрдамида ҳимоячимизга қўполлик ишлатилганини аниқлаб, 11 метрли нуқтага ишора қилди. Асосийси, жамоамиз сардори Ислом Қобилов пенальтидан фойдаланиб, ҳисобда олдинга чиқиб олишимизни таъминлади. Ана шу голдан кейин Любинко Друлович шогирдлари тотал устунликка эришишди: кетма-кет хавф­ли вазиятлар, зарбалар... Бу 41-дақиқада самара ҳам берди - ўйин қаҳрамонларидан бири Ойбек Бозоров жарима майдони томон яқинлашиб, айланма зарба йўллагач, Муҳаммад ал Шамсий томошабин вазифасини ўтади - 3:1.

Иккинчи бўлимда олимпиячиларимиз тўпни тўлиқ назорат қилган ҳолда, амирликларни беҳуда югуришга мажбур қилишди. Бу орада қатор хавф­ли ҳужумлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, 81-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Учрашувнинг якуний қисмида эса вакилларимиз яна 2та гол тортиқ этишди. Аввалига чиройли комбинацияга Жасур Яхшибоев маъноли нуқта қўйди. Кейин бу голга ассистентлик қилган Нурилло Тўхтасинов қанотдан узатилган ва Бобур Абдухолиқов томонидан атайин ўтказиб юборилган тўпни дарвозага осонгина равона қилди.

ЭНГ МУҲИМИ ОЛДИНДА

Олимпиада нуқтаи назаридан айтганда, Любинко Друлович жамоаси эртага мусобақа доирасидаги энг муҳим ўйинда майдонга тушади. Ярим финалдаги рақиб - Саудия Арабистони термаси. Саудлар чорак финалда мезбон - Таиланд термасини пенальтидан урилган ягона гол эвазига енгишди. Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмаларидан бири тақдирига ойдинлик киритадиган бу ўйин ҳам Бангкокдаги муҳташам «Ражамангала» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 15:15да бошланади. Олға, йигитлар! Токиога атиги бир қадам қолди. Яна 1тагина ғалаба ва сизлар футболимиз тарихига Олимпиадага йўл очган футболчилар сифатида кирасизлар. Бу имкониятни қўлдан чиқарманг...

 

БАА - ЎЗБЕКИСТОН - 1:5 (1:3)

19 январь. Бангкок. «Ражамангала» стадиони.

Бош ҳакам: Фу Мин (Хитой).

Голлар: Зайд ал Амирий (13) - Илҳом Алижонов (16), Ислом Қобилов (26-пен.), Ойбек Бозоров (41), Жасур Яхшибоев (84), Нурилло Тўхтасинов (90+3).

БАА: Муҳаммад ал Шамсий, Али Шокир, Халифа ал Ҳаммадий, М.Рашид, С.Сувайдан, М.Сурур (ал Аттас, 45), Али Солиҳ, А.Рамадан, Х.Ҳассан (Жассим ал Балуший, 45), Я.Нодир (Яҳё ал Ғассаний, 71), Зайд ал Амирий.

Ўзбекистон: 1. Абдувоҳид Неъматов, 2. Ислом Қобилов, 3. Ҳожиакбар Алижонов (5. Дилшод Саидов, 88), 19. Илҳом Алижонов, 20. Ҳусниддин Алиқулов, 4. Абдулла Абдуллаев, 6. Азиз Ғаниев,

9. Жасур  Яхшибоев, 22. Санжар Қодирқулов

(18. Достон Иброҳимов, 77), 10. Бобур Абдухолиқов, 23. Ойбек Бозоров (8. Нурилло Тўхтасинов, 64).

Огоҳлантиришлар: М.Рашид (49), Али Солиҳ (66) - Ҳусниддин Алиқулов (72).

 

 

АЙТГАНЧА...

Етакчи мураббийларимиз мадади

Осиё чемпионати чорак финал ўйини арафасида таниқли мураббийларимиз Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов футболчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Таиландга етиб боришди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди. Ҳар икки мутахассис термамиз вакиллари билан учрашиб, уларни руҳлантирдилар.

- Йигитлар, Тошкентда барча ўйинингизни кўриб турдик. Ҳа, Жанубий Корея термасига қарши кечган баҳс қийин кечди. Лекин мусобақани кузатиб бораётган мутахассис сифатида шуни айта оламанки, бошқа ҳеч бир жамоанинг сизлардан устун жиҳати йўқ. Жаноб Друлович - яхши мураббий. Ишонамизки, унинг бой тажрибаси керакли натижага эришишингиз учун етарли. Буёғига ҳар бир рақибни «янчиб» ташлаш керак. Насиб қилса, корейслардан финалда реванш оламиз, - деди жумладан, «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев.

- Аслида қандай имкониятга эгалигингизни яхши биламиз. Мана, ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очишга жуда яқин турибсизлар. Буёғига бўшашмасдан, фақат олға интилиш керак. Уйда ота-онангиз ва халқимиз ғалабангизни кутишмоқда, - деди Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Бунёдкор» клуби устози Вадим Абрамов.

Ҳа, мураббийларнинг қўллаб-қувватлашлари футболчиларимизга ижобий таъсир кўрсатди, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда, улар Бердиев айтганидек, рақибни шунчаки, «янчиб» ташлашди. Энди Олимпиада йўлида сўнгги қадам қолди. Насиб этса, олимпиячиларимиз Саудия Арабистони жамоаси билан ҳам худди шундай кўтаринки кайфиятда тўп суришади. Олға, йигитлар!

 

Ўйин статистикаси

 

 

Ўйиндан кейинги фикрлар

 

Любинко Друлович (Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи): - Ҳозир жуда бахтлиман, бағоят хурсандман. Ўйлашимча, бугун жамоам катта иш бажарди. Ўйин аввалида дарвозабонимиз «сейв» кўрсатди. Кейин ҳисоб 1:1 бўлиб турган паллада устунликни бутунлай қўлга олдик. Ўзбекистонда чемпионат ноябрда якунланганди. Бу орада ўйинчилар озроқ дам олиб, ке­йин бир ойлик йиғинга киришишди. Уларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилиш қийин бўлди. Учрашувларда ҳам кучни тўғри тақсимлашга ҳаракат қилдик. Кейинчалик ҳам шундай ишлаймиз, албатта.

Тўғриси, бугун гол қўйиб юборганимизда ҳам хотиржам эдим. Чунки шогирдларимнинг салоҳиятига ишонаман, уларнинг жавоб беришларига шубҳаланмадим. Умуман олганда, бу учрашувга ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр эдик. Айниқса, ҳужумда ишимиз ниҳоят, юришиб кетишига ишондим. Энди шу руҳда давом эттиришимиз керак. Ўйлашимча, жамоага Европа футболидан нимадир олиб кирганмиз. Португалияда кўп ишладим. Менга ҳужумкор футбол маъқул. Ўзбекистон жамоалари ҳам шундай ўйинга мойил. Бунинг учун ижрочилар бор.

Таркибда қитъанинг амалдаги чемпионларига эгамиз. Уларнинг ишончли ўйнашлари жуда муҳим. Қайтараман, шундай жамоа шакллантирганимиздан жуда бахтиёрман. Энди бизни олдинда Саудия термасидек кучли рақиб кутяпти. Араблар билан ўртоқлик ўйинида 2:2 ҳисобини қайд этганмиз. Саудларда тикланиш учун 1 кун кўпроқ вақт бор. Ўйлайманки, бу фарқни йўққа чиқаришга тайёр бўламиз.

Мацей Скорза (БАА олимпия терма жамоаси бош мураббийи): - Ўйинни яхши бошладик. Кейин эса битта хато ортидан ўйинимиз «сочилиб» кетди. Натижада  назоратни рақиб ўз қўлига олди. Шунингдек, VAR аралашуви билан белгиланган пенальти ҳам салбий таъсир қилди. Назаримда, ҳакам 11 метрли жарима зарбаси бермаса ҳам бўларди. Бизда яна Иордания термаси билан ўйиндан кейинги чарчоқ ҳам яққол сезилди. Балки захира ўйинчиларини кўпроқ майдонга тушириб, хатога йўл қўйгандирман. Улар кучга тўла эдилар. Ўзбекистон термаси эса ўйин ташкилотчилиги борасида ҳам устунлик қилди. Бизда майдон марказида фаоллик етишмади. Рақиб аксинча, марказий ҳудудда ўта фаол ҳаракатланди. Ўзгаришларни ҳам шунинг учун амалга оширдим.

 

ЧОРАК ФИНАЛ

18 январь

С.АРАБИСТОНИ - ТАИЛАНД - 1:0 (0:0)

Рангсит. «Таммасат» стадиони.

Ҳакам: Аҳмад ал Каф (Уммон).

Гол: Абдуллоҳ ал Ҳамдан (78-пен.).

С.Арабистони: Муҳаммад ал Ямий, Абдулбосит ал Ҳиндий, Ҳассан ал Тамбактий, Х.Дубайш, С.Абдулҳамид, Сами ал Нажеи, Айман ал Хулайф (А.Ғариб, 61), Али ал Ҳассан, Холид ал Ғаннам (Аҳмад ал Исса, 86), М.Али, Абдуллоҳ ал Ҳамдан (Фирас ал Биракан, 90+4).

Таиланд: К.Наречан, Титаве Оксорнсри, Титахон Оксорнсри, М.Марасаранукун (В.Каницрибампен, 81), С.Промсупа, С.Сарачарт, А.Аморнлердсак (Б.Давис, 88), С.Пантонг, С.Муэанта (Ж.Вонггорн, 73), К.Каман, С.Чаидед.

Огоҳлантиришлар: А.Ғариб (90+6) - С.Промсупа (49), М.Марасаранукун (55), Титаве Оксорнсри (90+5).

 

АВСТРАЛИЯ - СУРИЯ - 1:0 (0:0, 0:0, 1:0, 0:0)

Бангкок. «Ражамангала» стадиони.

Ҳакам: Рюжи Сато (Япония).

Гол: А.Туре (101).

Австралия: Т.Гловер, А.Герсбач, Д.Райан, Т.Мурдоукутас, Т.Денг, Р.Нажжарине (Т.Бухагиар, 90), З.Дункан (О~Нил, 75), Р.Пископо (Бен Фолами, 99), К.Баккус, Д~Агостино, Д.Буман.

Сурия: М.Урабий, ал Ҳамвий, М.Юсуф, Ф.Арнаут, Хмеише, К.Коае (Алажий, 100), М.Албаррий

(А.Шалҳа, 81), Зайд Грир (ал Ҳаллак, 105), С.Амин (А.Ади, 90), А.Баракат, Х.Курдагли.

Огоҳлантиришлар: Д~Агостино (90+3) - Х.Курдагли (73), Зайд Грир (105+2), А.Баракат (114).

19 январь

Ж.КОРЕЯ - ИОРДАНИЯ - 2:1 (1:0)

Рангсит. «Таммасат» стадиони.

Ҳакам: Абдулраҳмон ал Жассим (Қатар).

Голлар: Чо Гуэ Сун (16), Ли Дон Гён (90+5) - Язан ал Наймат (75).

Ж.Корея: Сон Беом Кун, Ли Хюн Ю, Ли Сан Мин, Чон Таэ Вук, Ким Жин Я, Ким Жин Гю (Чон Син Вон, 84), Ли Дон Жун (О Сен Хун, 71), Ким Даэ Вон, Маен Сеон Вун (Ли Дон Гён, 45), Вон Дю Жэ, Чо Гуэ Сун.

Иордания: ал Фахурий, Ҳ.Аҳмад, Д.Афанеҳ, Муҳаммад Бани Атиа, Саид ал Росан, Уорд ал Баррий, А.Ҳайкал (И.Садеҳ, 87), Умар ал Зебдий, Нур ал Равабдеҳ, М.Абуризиқ (Язан ал Наймат, 66), Али Олван (Али, 45).

Огоҳлантиришлар: А.Ҳайкал (25), Али Олван (29), Али (45).

 

ЯРИМ ФИНАЛ

22 январь (чоршанба)

Соат 15:15 С.АРАБИСТОНИ - ЎЗБЕКИСТОН

Соат 18:15 АВСТРАЛИЯ - Ж.КОРЕЯ

 

Тўпурарлар

Ислом Қобилов (Ўзбекистон) - 3та

Муҳаммад Нассиф (Ироқ) - 3та

Жароенсак Вонггорн (Таиланд) - 3та

Зайд ал Амирий (БАА) - 3та


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz