Қайднома

Қидирув

Яна бир қадам қолди йигитлар, мўжиза яратиш сиздан..!

Яна бир қадам қолди йигитлар, мўжиза яратиш сиздан..!

  22.01.2020 09:35
  0
  225
Яна бир қадам қолди йигитлар, мўжиза яратиш сиздан..!

Хайрулла Ҳамидов икки йил аввал, айнан У-23 Осиё чемпионати вақтида “Мўжиза кутиб…” номли мақола ёзганди. Унда “Лестер”нинг АПЛ даги чемпионлигини “Минг бир кеча” асаридаги бир эртакка ўхшатганди. Оддий йигитни уч кунга шоҳ қилиб қўйишади, шоҳлигига энди ишондим деганда, яна ухлатиб, уйига олиб бориб қўйишади. “Лестер”ни ҳам эртакдаги каби шоҳ қилиб қўйишгани ва бу нарса қайта такрорарланиши иложсиз нарсадек кўринишини ўша мақолада ўқигандим. Олимпия терма жамоамизнинг ўша йилдаги чемпионлигини ўша эртаклар сирасига киришини айтганди.

Негадир бугун БАА билан ўйиндан олдин мана шу мақола эсимга тушди. Ўшанда чемпионлигимиз Шаҳризода эртакларига ўхшатилган бўлса, ҳозир чемпионликдан ҳам кўра Токио йўлланмасини шу эртакка ўхшатмоқдаман. Истамоқдамиз, лекин кўнгилдаги нимадир тўла ишонишга йўл қўймаяпти.

 

Осиё чемпионати давомида терма жамоамизга турли хил назарлар бўлди. Биринчи ўйиндан сўнг, танқид қилинмади, “Ҳа энди, биринчи ўйин, ҳаяжон бор” дейилди. Иккинчи ўйинда яхши ўйнаганимиз таъкидланди. Учинчи ўйиндан кейин танқидлар. Бу ўйин эса ярим финални енгишимизга ҳам ишонч бергандек бўлди. Худди, аввалги чемпионатда финалга чиққанимизда чампион бўлишга ишончимиз бор эди, лекин айтганимдек кўнгилдаги бир нарса… Лекин энди ярим финални ютмасак бўлмайди. Шу ергача келдик, якунини ҳам чиройли тугатишимиз керак. Билмадим мен учун якун бу финалдаги чемпионлик эмас, бу ярим финални ютиб финалга чиқишимиз ва Токио чиптаси. Биз амалдаги чемпионмиз, чемпионлик завқини аввал ҳам ҳис қилганмиз, бироқ ҳали Олимпиядага йўлланма олгандаги завқ-шавқни футболда шу вақтгача сезмагандик. Менимча энди вақти келди.

 

“Лестер эртагиъга оид Хайрулла Ҳамидовнинг яна бир мақоласи бор. Унда “Лестер”нинг ўша вақтдаги мураббийи Клаудио Ранери ўз футболчиларига муҳим баҳс олдидан майдонга чиқаётганда айтган гаплари келтирилган. Ранери футболчиларига ёшликларида эртак эшитгани ва ҳозир ўша эртаклар қаёққадир йўқ бўлиб қолганини айтади. Ва қўшимча қиладики, ўша ўйинда рақибларини енга олсалар, эртак ҳаётга қайтишини таъкидлаган. Айнан футболчиларимизга шу нарсани айтмоқчиман. Саудия Арабистонини  ютсак, янги тарихни бошлаган бўламиз. Эртаклар ҳаётга қайтиб, кўнгиллардаги ҳадиклар кетади. Ва энг муҳими МЎЖИЗА яратилган бўлади. Оддий мўжиза эмас, бир неча йиллик аламзадалардан кейинги мўжиза. 

 

Юқорида қайта ва қайта айтган мўжизани яратиш сизнинг қўлингизда йигитлар! Биз сизларга ҳамиша ишонганмиз. Оз бўлсада ишонч ҳамиша бўлган. Якка спорт турларидан Олимпиядаларда медалларни қаторлаштиришимизга одатланиб қолдик. Сизники биринчи бўлади. Яна бир яхши умидимиз бор, бу нарса давомли бўлади. Худди боксчиларимизнинг медаллар шодасини кўравергандек, сизнинг ҳам иштирокингиз одат тусига киради. Ҳали у вақтгача вақт бор. Ҳозир шунчаки дастлабки қадамни ташлайлик. Ният соф бўлса, якуни гўзал бўлади дейишади. Ниятимиз соф, якун ҳам шунга яраша бўлсин.

 

P.S. Ажойиб ўйиндан сўнг “Лестер эртаги” дея бошингизни қотирган бўлсам узр. Айтмоқчи бўлганим, футболчиларимиз ярим финалда худди лестерликлар мўжиза қила олган мавсумларида ўйнагани каби ҳаракланишларини хоҳлайман. Чампион бўлишларига ўзлари ҳам ишониша олмагандир, лекин бу нарса содир бўлди. Бизда бироз бошқача, Олимпиядага чиқишимизга ишонч бор ва шу нарсани амалга оширишлари керак футболчилар. Ёшликларидаги эртак ҳаётга қайтиши керак нима бўлса ҳам… 

P.S. Хайрулла Ҳамидов муаллифлигидаги “14-ҳудуд” кўрсатувида “Голлар ўнлиги” саҳифаси бор. Янги дастуридаги голлар саҳифасининг биринчи ўринида Ойбек Бозоров томонидан киритилган учрашувдаги учинчи гол бўлса ҳам менимча ҳеч қандай эътироз бўлмаса керак…

Оғабек Самисов


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz