Қайднома

Қидирув

Эркин ҳаракатланиш - ғалаба омили

Эркин ҳаракатланиш - ғалаба омили

  22.01.2020 10:41
  0
  247
Эркин ҳаракатланиш - ғалаба омили

Футболимиз ҳаётида улкан тарихий ҳодиса юз беришига оз қолди. Олимпиячиларимиз Саудия Арабистони вакилларини енгиб, тарих яратишга шайланишмоқда. БАА олимпиячиларини унутилмас мағлубиятга учратган Любинко Друлович шогирдларининг бу вазифани уддалашларига ишончимиз комил. Зеро, футболчиларимиздаги мавжуд потенциал шундай демоққа изн беради. Агар жисмоний тикланиш жараёни кўнгилдагидек кечса, ярим финалда ҳам ғалаба нақд. Жанубий Корея вакилларига қарши гуруҳ босқичи 3-тур баҳсида олимпиячиларимиз ижросидаги ўйин чарчоқ туфайли қовушмаганди. Чорак финал учрашувидан аввал эса футболчиларимиз яхши дам олишди. Боз устига, Рўзиқул Бердиев Таиландга Қашқадарёнинг машҳур тандир кабобидан олиб борган бўлса керак. Сайхунободлик мухлисимиз Аҳмаджон ака ғалабадан завқланиб шундай деди. Биз ҳам кулиб, Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиевнинг сўзлари тандир кабобдан устун эканлигини таъкидладик. Бундай ғалабадан сўнг ҳар қанча ҳазиллашсанг, кулишсанг арзийди...

 

Ўйиндан сўнг мақола ёзишга ҳозирланар эканмиз, бир вақтлар «ИнтерФутбол»да ишлаган, ҳозир «Репетитор» газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият юритаётган ҳамкасбимиз Гулчеҳра Муродованинг синглиси Холида қўнғироқ қилиб қолди. «Домла, ғалаба муборак! Ҳозир Мингбулоқнинг Шўрсувида катта байрам. Биласиз-а, Илҳом Алижонов - бизнинг ҳамқишлоғимиз. Унинг голи ўйинда бурилиш ясади. Гол урмаса ҳам бўлмасди-да. Бор эътиборини укасининг футболда униб-ўсиши учун қаратаётган акаси Даврон ҳурматидан, раҳматли акаси Алишернинг хотираси учун ҳам  гол уриши шарт эди. Неча кундан буён бутун қишлоғимиз Илҳомдан гол кутаётганди. Отасига раҳмат, яъни қайнотам Обиджон аканинг ошнаси Дархон акага!» - дея сўзларини мароқ билан якунлади Холида.

Ҳеч бир шак-шубҳа йўқ, ўйиндан кейин Ойбек Бозоров, Жасур Яхшибоев, Ислом Қобилов, Нурилло Тўхтасиновнинг болалигига гувоҳ томонларда ҳам шундай байрамона кайфият ҳукм сурган. Байрамона кайфиятнинг бош сабаби - бу футболчиларимиздаги катта ишонч ва эркин ҳаракат, назаримизда. Ҳа, қачонки, тикланиш жараёни маъқул даражада кечсагина футболчиларимиз майдонда эркин ҳаракатланишади. Бахтга қарши, ярим финалдан олдин бир кун ортиқча дам олиш имкони рақиб томонида. Шундай экан, вазиятга реал қарамоқ ва кутилмаган чора топмоқ даркор. Мана, захирадан майдонга тушувчи Ойбек Бозоров бошланғич таркибдан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу ҳам мураббий топган ва жамоага қўл келаётган бир чора. Кўрдикки, Ойбек бошқалардан фарқли ўлароқ, ўйинни ўзига ола билар экан. У - наинки, дриблинг устаси, балки вазиятни ҳис қилиб, узоқдан зарба беришга тайёр футболчи. Саудия Арабис­тони олимпиячиларига қарши баҳсда Любинко Друлович яна икки-уч футболчидан яширин қурол сифатида фойдалангани маъқул. Акс ҳолда, жамоамиз ҳаракатида бирдамлик кузатилмайди ва бу ўз-ўзидан ўйин жараёнига таъсир ўтказади. Икки-уч футболчини бошланғич таркибдаги ўрнини алмаштириш эса бутун манзарани ўзгартириб юбориши мумкин.

Фикримизча, мураббий учун Шароф Муҳиддинов, Ислом Кенжабоев, Достон Иброҳимов, Миржаҳон Мираҳмадов имконларидан тўлақонли фойдаланадиган пайт келди. Қайсидир футболчи чарчаган, ҳолдан тойган. Уни қийнашнинг нима кераги бор?! Йигитлар билан очиқ суҳбатлашиб, уларни ҳам эшитмоқ жоиз. Ахир бу каби имкон ҳар доим ёнимиздамас-ку! Унинг қадрига етайлик! Тўғри, Любинко Друлович ҳозирча ўз билганидан қолмаяпти. Майли, охир-оқибат, у ҳақ бўлиб чиқсин ва футболчиларимиз ортга Олимпиада йўлланмаси билан қайтишсин! Ҳаммаси ўхшаяптими, ортга чекинмайлик. Ҳаттоки, 2 йил аввал бўлгани каби бу сафар ҳам 19 январь кунига тўғри келган учрашувни шарҳлаш Абдулла Нурмоновга топширилди ва тарих такрорланди. Албатта, биз ҳам фақат ва фақат янги ғалабалар ҳақида ёзишни истаймиз! 

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz