Қайднома

Қидирув

Дэвид Хан Ли: «Яхшилигимизни ўзимизга қарши ишлатишди»

Дэвид Хан Ли: «Яхшилигимизни ўзимизга қарши ишлатишди»

  22.01.2020 12:39
  0
  420
Дэвид Хан Ли: «Яхшилигимизни ўзимизга қарши ишлатишди»

Узоқ жимликдан сўнг, ниҳоят, «Милан» ҳақида тарихий воқеликлар ошкор этилди. Аниқроғи, «россонерлар» собиқ президентининг энг яқин кишиси, ижрочи директор Дэвид Хан Ли Forbes журналига катта интервью берди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Нима бўлган тақдирда ҳам, биз инсонлармиз, - дея сўз бошлади Дэвид Хан Ли 2018 йилнинг июлида клубда юз берган воқеалар ҳақида сўрашганида. Муаммо шунда эдики, яқин вақтгача ҳеч ким хитойлик инвесторларнинг инсонийлик хусусиятлари тўғрисида билмасди.

- Сукут сақлашимизнинг кўплаб сабаблари бор эди, - дея сўзини давом эттирди профессионал хулқ эгаси бўлган Хан Ли. - Биринчидан, биз ҳеч кимга ишонмаймиз, шу жумладан, ОАВга ҳам. Олди-сотди шартномасига имзо чекканимиздан ке-йинги бир неча соат ичида барча инвесторларнинг исмлари аралаштириб юборилганди. Бу эса бизга жуда катта салбий таъсир кўрсатди. Ҳаттоки, директорлар кенгаши йиғилишларида ҳам бизга қаршиликлар бўлди. Бироқ бунда ким айбдорлигини билмаймиз. Муҳим ҳодисалардан сўнг, бизга ОАВ томонидан кучли «ҳужум» бошланди. 2017 йилнинг ноябрида қарзни молиялаштириш бўйича келишувга эришганимиздан сўнг, New York Times газетасида биз ҳақимизда ҳақоратли мақола чоп этилди. Кейин эса худди ўша куннинг тонгида, Лондондаги қарзни молиялаштириш жараёнини бошлаганимизда, Италия ОАВ яна бизни танқид қилди. Ушбу муҳим маълумот кимда бўлган экан-а?

Биз энди ҳеч кимга ишонмаймиз. Журналистларнинг ўқувчиларни хавотирга солишлари ҳамда гапларимни нотўғри талқин қилишларини истамайман. Сарлавҳалар ҳақиқатни акс эттириши шарт. Инсонлар, шунчаки, нимани кўриш ва тинглашни исташса, шуни амалга оширишга ҳаракат қилишади. Лекин одамларга бунинг ростми ёки ёлғон эканлигининг фарқи йўқ. Бу эса чиндан ҳам даҳшатли. Шунинг учун ҳозиргача сукут сақлашни афзал билгандим.

Сильвио Берлусконидан кейин клубни бошқарган Юнхун Ли «Твиттер»да ўз аккаунтига эга. Буни Хан Ли ҳам тасдиқлади.

- Ҳа, бу жаноб Лининг аккаунти, - дея тасдиқлади хўжайиннинг яқин кишиси бўлган Хан Ли. -  Унга таржима борасида бироз ёрдам беришади. Лекин бу ҳақиқатан ҳам Юнхун ва у чин юракдан гапиради. Яқинда юз берган «Милан» атрофидаги воқеликларга унинг алоқаси йўқ, деб ҳисоблашади. Лекин унга ўзи ҳақида ёлғон маълумотларни эшитиш ҳам ёқимсиз ҳолат. У омма билан дуч келиш, ОАВ ходимлари билан тўқнашишни хоҳламайди. Бироқ Юнхун Лига «Твиттер» ёқади. Боиси, сўзларни нотўғри талқин қиладиган матбуотдан фарқли ўлароқ, ижтимоий тармоқда мухлислар билан мулоқот қилиш, ўз фикрларини бўлишиш, ишқибозларнинг ҳам фикрларини тинглаш имкониятига эга.

Хитойда Италия «А» серияси баҳсларини 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошидан намойиш этиш бошланган. Ўшандан буён «Милан»га мухлислик қиламан. 1950-1980 йиллар авлоди «Милан»ни яхши кўришади ва ҳурмат қилишади. Улар ўша пайт «Милан» жаҳон футболида қандай порлаганини яхши билишади. Ўтмишнинг кўплаб буюк футболчилари сингари, «Милан» тарихи ҳам биз учун жуда муҳим эди. Жамоа ҳаттоки, «Реал» ва «Барселона»дан ҳам кўпроқ афсоналарга эга бўлган. Шевченко, Кака, Мальдини, Гаттузо, Пирло, ҳатто Роналдо ва Златан, албатта, Ван Бастен ва Райкард, шунингдек Барези, улар жудаям кўп.

Болалигимда дўстларим билан «Милан» клуби аъзоларининг итальянча «Инстаграм»ларини ўргангандик. Менга нафақат «Милан», балки Италия чемпионати, шу жумладан, «А» серия ўйинлари ёқарди. Бундан 17 йилча олдин Италиядаги илк баҳсни Миландаги стадионда кузатгандим. Шу боис, «Милан» мен учун ўзгача аҳамиятга эга.

Юнхун Ли ва Хан Ли кўп йиллар давомида ўзлари мухлислик қиладиган клубни харид қилиш имкониятидан фойдаланганликларининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.

- Бу қандайдир мўъжиза эди, - дейди Хан Ли. - Лекин эртаси куниёқ бунинг ўзига яраша қийинчилиги борлигини билдим. Футбол мухлиси сифатида нималарга эришганимизни жуда яхши тушуниб тургандим. Аммо биз раҳбар ҳам эдик. Мажбуриятларимиз кўп, бор масъулиятни зиммамизга олгандик. Клубнинг тараққиётга эришиши биз учун жуда муҳим эди. Шунинг учун қандай ишларни амалга оширганимизни ўйлашга вақт тополмасдик. Фақат ишлаш талаб этиларди, холос. Бизни яхши кўришлари ва ҳурматимизни жойига қўйишларини хоҳлагандик.

Клуб хўжайинлари сифатида кунлик бошқарув қарорларида иштирок этмасдик. Аммо менежерлар билан маслаҳатлашиб, муҳим масалалар бўйича фикрлашардик. Умуман олганда, ҳар бир киши ўз қарорлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак. Шу боис, бу ерга мослашишга астойдил ҳаракат қилдим, лекин айрим сабабларга кўра, бунинг уддасидан чиқолмадик. Хитойликлар клубни чин юракдан севишгани туфайли ниятлари улкан эди. Бироқ биз мазкур воқелик қандай тарзда якунланганлигини билмаймиз. Хан Лининг уқтиришича, дастлабки тасаввур алдамчи бўлиб чиққан.

«Милан» ишқибозлари жаҳондаги энг яхши мухлислар саналишади, бизни ҳам жуда ҳурмат қилишарди. Улар ўз ишингни яхши бажара олсанггина, шундай илиқ муносабатда бўлишарди. Муаммо мухлисларда эмас, балки юқори савияли, муҳим аҳамиятга эга, кучли, ўз қизиқишларини ҳимоя қиладиган инсонларда эди. Улар биздан қутулиш, бизни узоқроқда ушлаш учун қўлларидан келган барча ишларни амалга оширишди.

1986 йилдан буён Сильвио Берлусконига тегишли бўлган клубни харид қилган янги хўжайинларнинг дуч келган қийинчиликларини тасаввур қилиш қийин. Аммо муаммолар фақатгина Италиядагина юзага келмади. Европа футболини молиялаштирган, хорижга капитал киритган аксарият ҳамюртлари сингари, улар ҳам Хитойнинг кескин қонуни асосида ҳаракат қилишга мажбур бўлишди.

- Бу ҳақда кўп гапиришнинг ҳожати йўқ! - дея хитоб қилди Хан Ли ундан қонунлар борасида сўралганида. - Бу Хитой ҳукумати томонидан қабул қилинган қарор ва биз унга амал қилишимиз шарт. Жаноб Берлускони хитойликларнинг бошқарувни қўлга олишларига ёрдам берганида, ҳаммаси бошқача кечган бўларди. Биз Берлусконига фахрий президент бўлиш таклифини бердик. У бунга розилик берди, аммо битим имзоланишига бир неча кун қолганида, таклифимизни қабул қилолмаслигини айтди. Сабабини эса тушунтирмади. Нима учун жаноб Сильвиони клубда олиб қолишга интилдик? Чунки «Милан»нинг буюк тарихида Берлусконининг муносиб ўрни бор. Буни асло унутиб бўлмайди. Шунингдек, унинг ўзига яраша таъсири, имиджи ва ҳамкорлари бор эди. Бундан ташқари, мамлакатда янги инсонлар ҳисобланардик, бизга ёрдам берадиган бирор кишини топишга умид қилгандик. Футбол клубида сиз машинани эмас, балки минглаб одамларни бошқарасиз. Барча сизнинг қарашларингизни ўзига сингдириши керак. Биз буни қай тарзда амлага оширишни тушунишимиз лозим эди. Ахир бу ерда маданият ва фалсафалар кесишиши юзага келганди. Афсуски, барчаси ижобий тарзда якунланиши учун бизда етарлича вақт бўлмади.

Муаммоларни ҳал этиш учун клуб раҳбарияти ғайриоддий қарор чиқаришга мажбур бўлди ва катта саҳнага Elliott Management фонди чиқди. Шунга қарамай, хитойликлар клубга катта маблағлар сарфлаш, қарзларни ёпишда давом этишди.

- Ўртача ҳисоблаганда, ойига 10 миллион евро сарфлашимизга тўғри келди, лекин клубнинг капиталдаги дастлабки харажатлари анча кам эди, - дейди Дэвид Хан. - Натижада кутганимиздан кўра кўпроқ маблағ сарфлашдан ўзга илож қолмади. Бизнинг белгиланган бюджетимиз бор эди, аммо менежерлар даромад олиш ва пулни тежаш нуқтаи назаридан катта муваффақиятларга эришдилар. Бу эса дастлабки бюджетнинг бир қисмини ёпишда асқотди.

Янги хўжайинларнинг мавжуд муаммоларни ҳал этишларига турли миш-мишлар ва медиа томонидан уюштирилган «ҳужум» жуда халақит берди.

- Оҳ... ОАВ, - дея чуқур нафас олган ҳолда гапирди Хан Ли. - Журналистлар бизга бўлган муносабатни ўзгартиришди. 2018 йилнинг февралида Elliott Management фонди вакилларидан бирига «Клуб хўжайини бўлишни хоҳлайсизларми? ОАВ томонидан уюштирилаётган босим ортида сизлар турибсизми?» қабилида савол бердим. Табиийки, суҳбатдошим буларнинг барчасини инкор этди.

Биз Elliott Management фондининг обрў-эътибори тўғрисида эшитгандик. Аммо ўзинг бунга дуч келмагунингча, улар ҳақиқатни гапиришяптими ёки йўқми, билолмайсан. Ҳаётда барча нарса юз бериши, айрим ҳолатларда рақобатчилар сен ҳақингда турли гапларни тарқатиши мумкин. Маълум вақтгача буларнинг барчаси ҳақиқат эканлигига ишонмагандим. Одамларнинг қалблари тоза деб ўйлайман ва уларга ўзларини кўрсатишлари учун имконият бераман. Муаммо юзага келмаганида, бизда фақатгина қарзларни қоплаш вазифаси қолганди. Лекин барчаси кутганимиздек бўлмади. Elliott Management фонди вакиллари бунга изоҳ беришни хоҳлашмади.

Айтишларича, барча ўзини ақлли деб ҳисоблайди. Бироқ Хан Ли ўшанда бироз вақт беришганида, клубдаги вазиятни ўнглашлари мумкинлигига ишонади.

- Албатта, биз клубни керакли даражага олиб чиқмоқчи эдик, - дея ҳикоясини давом эттирди Хан Ли. - «Милан» узоқ вақт давомида сояда қолиб кетганди ва буни ўзгартиришимиз лозим эди. Молиявий ҳисоботни кўздан кечириб, жуда ҳайрон қолгандик. Боиси, Хитойдан келадиган даромад деярли йўқ эди. Биз бундан ташвишланиб, ўз юртимиздан клубга даромад олиб келиш учун нималарнидир амалга ошира олишимизга ишондик. Бу эса ишимизни яхши кайфиятда бошлашга олиб келарди. Шунингдек, яна кўплаб ғояларимиз бор эди. Юзага келган ачинарли ҳолатда ақлли тарзда фаолият олиб бориш талаб этиларди. Чунки ўша пайт топ-клублар билан анъанавий даромад борасида рақобатлаша олмасдик. Ғояларимиз жуда креатив эди, футбол олами кўниккан анъаналардан фарқ қиларди. Бу нафақат мерчендайзинг, телевизион ҳуқуқ, стадион, балки бундан ҳам кўпроқ нарсани англатарди. Менимча, «Милан»ни бошқараётган шахслар аслида клуб машҳур ва муҳим бўлиб қолса-да, Италиядан ташқарида, хорижлик мухлислар орасида обрўси тушиб кетаётганлигини ҳис этишмаяпти. Бунинг сабабларидан бири эса жамоанинг Чемпионлар Лигасида мунтазам равишда қатнаша олмаётганлигида.

Албатта, Хан бундан ҳам кўпроқ гапириши мумкин эди. Аммо энг асосийси - сукут сақлаш қоидасининг истисно қилингани ва «Милан» мухлисларини ташвишга солган муаммоларнинг очиб берилгани. Юнхун Ли ва Дэвид Хан нафақат пуллари ва асаб толаларини йўқотишди, балки уларнинг обрўларига ҳам путур етди.

- Уйқудан уйғониб, ҳақиқий даҳшатни ҳис этдим, бу туш эмасди, - дейди Хан Ли. - Келаси ҳафтадаги 10 млн. евронинг тақдири, қарзлар нима бўлади? Келажагимиз қандай кечади? Шунга ўхшаш кўплаб муаммоларга дуч келдик ва ҳеч ким бизга ҳурмат кўрсатмади. Мухлислар ҳамда итальян маданиятини ҳурмат қилишни истагандик. Барча директорларни Хитойдан олиб келиб, тайинлашимиз ҳам мумкин эди. Бироқ ҳурмат юзасидан буни амалга оширмадик. Ишқибозларга улардан клубни тортиб олмаётганлигимизни тушунтиришга интилдик. Шунинг учун италиялик шахсларни директорликка тайинладик. Лекин яхшилигимизни ўзимизга қарши ишлатишди. Мендаги стресс шу қадар кучли эдики, катта бармоғимда тирноқларим изи қолган. Жаноб Ли билан ҳам шундай вазият юзага келди. Бундай бўлмаслиги керак эди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz