Қайднома

Қидирув

Собиқ футболчи – энди мураббий

Собиқ футболчи – энди мураббий

  23.01.2020 03:00
  0
  492
Собиқ футболчи – энди мураббий

Замонавий футболда бутсаларини михга илган футболчиларнинг қисқа муддатда қадрдон жамоаларига мураббий сифатида қайтишлари одат тусини олмоқда. Айни пайт Карло Анчелотти, Клаудио Раньери, Эктор Купер ва Луи Ван Гал сингари ёши ўтиб қолган мураббийларга талаб пасайгандек, гўё. Боиси, футбол ўзгармоқда, миллионлар ўйини бир жойда тўхтаб қолаётгани йўқ. Сониясига янгиликлар юз бермоқда. Натижада, топ-клублар янги мураббий тайинлаш чоғи шу ўзгаришларга тезроқ мослашадиган ёшларга ишонч билдиришмоқда.

«Челси» Маурицио Сарри кетганидан сўнг мураббийлик постига клуб афсонаси Фрэнк Лэмпардни таклиф қилди. Муаммолар гирдобига тушиб қолган «Арсенал» Микел Артетани ортга қайтарди. Хави ҳам собиқ жамоаси «Барселона»дан чорлов олди. Сэр Алекс Фергюсоннинг 90-йиллардаги «сеҳрли таёқчаси» Оле-Гуннар Сульшер айни пайт «МЮ»ни бошқаряпти, унинг ёнида яна бир «қизил иблис» - Майкл Кэррик ассистентлик қиляпти. Бунга яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Шу каби ҳолат Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Улуғбек Бақоевнинг «Бухоро»ни бошқариши, Темур Кападзенинг «Локомотив» ёшларига устозлик қилиши шулар жумласидан.

Айни пайт Ўзбекистон ёшлар термасини бошқараётган Темур Кападзе 2017 йил охирида бутсаларини михга илди. Унинг фикрича, «Футболчи вақтида фаолиятини якунлашни билиши керак» экан. Кападзе кўп ўтмай миллий жамоага вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди, термамизга тўртта учрашувда бошчилик қилди. Айнан унинг бошқарувидаги жамоа намойиш этган ўйин кўпчиликка манзур келди. Кападзе қўл остида вакилларимиз ҳеч қайси баҳсда ғалаба қозонмаган бўлсаларда, футболчиларнинг ҳаракатлари ёмон чиқмади, тактика ва мураббий имзоси сезилиб турди. Кейинчалик терма рулини Эктор Куперга топширган собиқ футболчи «Локомотив»га қайтиб, ёш «темирйўлчилар»га устозлик қилди. Унинг бошқарувидаги жамоа биринчи даврани чемпион сифатида якунлади, ушбу мутахассиснинг ишини Руфат Акрамхўжаев тугатиб қўйган бўлсада, чемпионликда Кападзенинг ҳиссаси катта бўлди, албатта.

Футболчилик фаолиятини 2016 йилда тугатган Улуғбек Бақоев бир йил ўтиб, февраль ойида собиқ жамоаси «Бухоро»га бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу соҳада етарлича тажрибага эга бўлмаган мутахассиснинг истиқболига кўпчилик шубҳа билан қараганди. Аммо тахминларга терс ўлароқ, мавсум сўнгида унинг бошқарувидаги клуб Суперлига турнир жадвалида 6-поғонани эгаллади. Ўша пайт «Бухоро» турли қийинчиликларни бошдан кечирганига қарамай, Бақоевнинг шогирдлари ҳар бир рақибга муносиб кураш тақдим этишди. Умуман, ушбу мутахассисни потенциали юқори, қисқа муддатда натижа келтира оладиган мураббий сифатида таърифласа бўлади. Бунга Суперлигада «жон» сақлаб қолиш учун курашишга кўниккан «Сўғдиёна» клубидаги фаолияти мисол бўла олади. Жамоани мавсум ўртасида мураккаб аҳволда қабул қилиб олган мураббий тез орада жамоа ўйинига ўзгартириш киритди. Ҳатто, жиззахликлар ОЧЛ йўлланмасига даъвогарлик қилиб, мақсадга етишишга жуда яқин келишди. Улуғбек Бақоев шогирдлари шу зайл ишлашда давом этишса, янги мавсумда ҳам совринли ўринларга даъвогарлик қилишлари шубҳасиз.

Виктор Карпенко ҳам футболчилик фаолиятини уни элга танитган жамоа - «Бунёдкор»­да якунлашни маъқул топди. 2017 йилдан эътиборан мураббийлар штабида Миржалол Қосимовга ёрдамлаша бошлади. Ўтган мавсумдан буён «қалдирғочлар»нинг ўринбосарлар жамоасини бошқариб келмоқда. Илк мавсумда ёмон кўрсаткич қайд этилмади - 2-ўрин.

Осиё кубоги-2011даги ажойиб ўйин­лари орқали мухлислар ёқимтойига айланган Саҳоб Жўраев, афсуски, жароҳат сабаб фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлди. У футболчилик даврида «Бунёдкор»да узоқ муддат тўп сурди. Вадим Абрамов уни терма жамоага таклиф қилди, 2011 йилги қитъа биринчилигига олиб кетди. Бироқ «Бунёдкор» бошқаруви Сергей Лушан қўлига ўтгач, кўплаб тажрибали футболчилар қатори Жўраев ҳам клубни тарк этди. Кейинчалик «Локомотив» таркибига қўшилгач, асосий вақтини захирада ўтказди. АГМК эса унинг футболчилик фаолиятидаги сўнгги клуб бўлиб қолди. Саҳоб Жўраев айни пайт «Бунёдкор» академиясида мураббийлик қилмоқда.

Бўйдор ва жисмонан бақувват Хайрулла Каримов ҳам юқоридаги номи қайд этилган аксарият ҳамкасблари сингари фаолиятини «Бунёдкор»да якунлади. Кейинчалик «қалдирғочлар» жамоасида қолиб, Миржалол Қосимовнинг мураббийлар штабида унга кўмаклашди. Бу ҳамкорлик ҳозир АГМКда давом этмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz