Қайднома

Қидирув

Мишель Платини: «ФИФА ва САS - мафия»

Мишель Платини: «ФИФА ва САS - мафия»

  23.01.2020 09:07
  0
  467
Мишель Платини: «ФИФА ва САS - мафия»

Женева кўли соҳиллари - спорт амалдорлари ва ташкилотларининг суюкли макони. УЕФА, ХОҚ, CAS (спорт арбитраж суди)нинг бош офиси айнан шу ерда жойлашган. «Олтин тўп»нинг 3 карра соҳиби - афсонавий Мишель Платини ҳам шу шинам гўшада истиқомат қилмоқда. Футболчилик фаолиятидан кейин Европа футболи уюшмасини бош-қа­р­­­ган франциялик 2015 йили президент лавозимидан четлатилганди. Раҳбарлик даврида қитъа футболида сезиларли ислоҳотларни амалга оширган Платинини 2011 йили ФИФА президенти Йозеф Блаттердан ноқонуний тарзда 2 млн. франк миқдорида пул олганликда айблашди. 2015 йилнинг декабрида ФИФА Интизом қўмитаси Платини ва Блаттерни 8 йилга футболдан четлатган, кейинчалик жазо муддати бироз қисқартирилганди. Шу тариқа афсонавий француз УЕФАдан кетди, шунингдек, ФИФА президентлик сайловида ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. У ҳозир ҳам УЕФА штаб-квартирасидан бир неча километр узоқликда яшамоқда. Аммо ташкилот офисига киролмайди. Дисквалификация муддати 2019 йилнинг октябрида ниҳоясига етган собиқ президент яқинда Sport.pl нашрига анча ошкора интервью берди.

 

- Айтингчи, охирги 4,5 йил давомида нималар билан шуғулландингиз?

- Узоқ муддатли четлашув оқибатида ҳар куни ёмон кайфиятда уйғониш мен учун одатга айланди. Чунки нима қилишни билмасдим. 1 ойгача ҳеч нимани тушунолмай, роса қийналдим. Ахир қўққисдан мени гангстерга, футболдаги Ал Капонега чиқариб қўйишди. Дунёнинг турли бурчакларидан йўлланган мактублар бўрони остида қолдим. ФИФА ва юзлаб журналистлар зуғуми туфайли ҳаётим заҳар-заққумга айланди. Кейинчалик эҳтирослар ҳарорати пасайиб, қай ҳолатга тушганимни теран англай бошладим. Ўзимни ҳимоя қилишга тайёрлигимни билсамда, ҳаммаси зое кетиши мумкинлигини сезиб турардим. Чунки фитнанинг бош антиқаҳрамонида уни шу ҳолга гирифтор қилган улкан «банда»ни енгиш имкони йўқ. Қандайдир 10 сония ичида қўйилган айбловдан қутулиш учун йиллар ҳам камлик қилади. Ҳеч нарсага эришолмаслигимни олдиндан билсамда, кўп вақтни адвокатлар билан ўтказдим. Зеро, адолатсизликка қарши курашиш ички аламларимни бироз енгиллаштирарди. Иккинчи томондан, бир неча ўн йиллик узлуксиз меҳнатдан кейин бўш вақтга эга бўлдим. Уни оила аъзоларим, фарзандлар ва набиралар, яқинларим қуршовида ўтказдим. Вақти-вақти билан саёҳатга чиқдим, гольф ўйнадим. Ўзидан нолийдиганлар тоифасидан эмасман. Иш ўрнимдан айрилганим эмас, ғурурим учун курашдим. Иккинчи сабаб шуки, табиатан адолатсизликдан нафратланаман. Шу хислатим мен учун асосий ғанимга айланди. ФИФА ва  CAS - чинакам мафия.

- Нима учун?

- Буни яхши биламан, ҳаммасини ичидан кузатганман. Икки ташкилотда дўстлар гуруҳи йиғилган. Улар нимани истасалар, шуни қилишади. Демоқчиманки, ФИФА, УЕФА ва CAS ҳуқуқшунослари - бир гуруҳ вакиллари. Улкан оила жажжи Швейцарияда яшайди. Ҳокимият унинг қўлида, бу оила ҳар қандай инсонни футболдан четлатишга қодир. Жумладан, мени ҳам. Мана, ФИФА президенти лавозимини эгалламаслигим учун ҳар найрангга қўл урди. Бунинг тарихи жуда оддий. ФИФА сенга пул бериши керак эди. Аввалига узоқ кутдим. Бир неча йилдан кейин ФИФАга қарзи борлигини эслатдим, ҳисобимга пул ўтказиб беришгач, унинг устидан солиқ тўладим. Орадан 4 йил ўтгач, ФИФАнинг ўзи мени қонунбузарликда айблади. Шу тариқа иш судга оширилди. Менинг ташаббусим эмас, Блаттер талабига кўра. Бунда оддий гувоҳ мақомида эдим. Қисқаси, амалдорлар мени «ўлдиришди» Бу Платинидан қутулишнинг антиқа услуби эди. Кутганимдек, уядаги жараён мағлубиятим билан якунланди. Энди Страсбургдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи судга мурожаат этмоқчиман.

- Демак, ўзингизни камситилган кишидек ҳис қилгансиз...

Фақат бошида. Ахир Мишель Платиниман. Ишим, шон-шуҳратим, нуфузимни йўқотдим. Бу катта нарса. Лекин ўзим учун атрофимдагилар, яқинларим ва бегоналар муносабати муҳимроқ эди. Ҳар куни кўчада уларга дуч келганимда, ҳеч нарса ўзгармаганига амин бўлдим. Озгина вақти ва ақлини аямаган киши юзага келган жумбоқ ечимини тезда пайқарди - барчаси ФИФАнинг менинг номзодимга қарши фитнаси эди. Шунга қарамай, айбсизлигимни кенг жамоатчиликка исботлаш осон эмаслигини яхши билардим. Боз устига, «Платини сотқин ва қаллоб» қабилидаги хабар ер юзига тарқалиб улгурганди. Чунончи, оддий фуқароларда можаронинг асл сабаблари билан танишиш имконияти йўқ. ФИФА ва УЕФАни бошқаларни сариқ чақага ҳам олмайдиган бир гуруҳ ғаламислар ўраб олишган. Бу жиҳат ҳам зараримга ишлади. Футбол мухлисини Блаттер, Платини ёки Инфантино эмас, Месси, Роналду, Мбаппе кабилар қизиқтиради. Ушбу табиий ҳолат ҳам менга қарши...

- Ваҳоланки, сизда ҳам таъсир доираси кучли дўстларингиз етарли. Қизиқ, лавозимингиздан четлатишган пайт улар қаерда эдилар?

- Дўстларим мени қўллаб-қувватладилар, аммо ёрдам қўлини чўзолмадилар. Чунки можарога аралашишга юраклари дов бермади. ФИФА президентлигига номзодим кўрсатилганида, Франциядаги юксак нуфузли кишилар мен томонда эдилар. Лекин можаро юзага келгач, ҳеч ким ёнимни олмади. 2015 йили менга турли футбол федерацияларидан 150тача мактуб келди. Уларда номзодимга овоз беришларини маълум қилишганди. Бироқ 2 ёки 3 нафар амалдор бунга қарши чиқди. Оддий савол: кимнинг «тоши» вазминроқ - федерацияларникими ёки «бўйинбоғлар»ники? Футболчилар ҳам ошкора ёрдам беришдан қўрқдилар. Лекин эътибордан холи жойларда юпатишди: «Мишель, бу баҳсда тўла ҳақсан, биз сен биланмиз...». Бироқ амалда ҳеч қандай кўмакни сезмадим. Ҳар ҳолда, чинакам ва сохта дўстларни ажратиб олдим.

- 2015 йили футболдан четда қолдингиз. CAS қарорни Евро-2016 вақти ҳам ўз кучида қолдирди. Оқибатда ватанингиз мезбонлигида ўтган мусобақани бевосита кузатолмадингиз...

- Жуда аламли ҳолат. Одатда мусобақалар якунида кубок ва медалларни топширардим. Аммо Франциядаги турнирни телевизор орқали кузатишдан ўзга чора тополмадим. Кейин ҳаммаси ўтмишда қолганига аста-секин кўника бошладим. 2018 йилнинг май ойида Швейцария суди барча айбловларни бекор қилди. Лекин бунинг ФИФАга мутлақо аҳамияти йўқлигини билардим. Жанни Инфантино қайтишимга ҳеч қачон йўл қўймайди. Ҳаммаси олдиндан пухта режалаштирилган. Буни белгиланган жазо 2019 йилнинг октябрида бекор қилинганидан ҳам билиш мумкин. Ахир ФИФА президенти учун навбатдаги сайлов ортда қолди-ку...

- 2011 йили Блаттер томонидан ўтказиб берилган ва четлатилишингизга сабаб бўлган 2 млн. франк мавзусига қайтсак. Аслида УЕФА президенти сифатида ўзингизни швейцарияликнинг вориси, деб эътироф этгандингиз. Наҳотки, ёзма келишувсиз берилган маблағ қандайдир ишкал келтириб чиқариши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса...?

- Можародан 2 ой аввал айримлар мендан қандайдир хатолик излашаётганини айтишганди: «Мишель, ҳисобингизга қандайдир маблағ тушди. У катта муаммо олиб келиши мумкин».  Очиғи, буни тушунмадим, ишонмадим. Хўш, нимаси нотўғри? Ахир ҳужжатни электрон почта орқали жўнатган ва шунга яраша солиқ тўлагандим. Ҳеч нарсани яширмадим. Агар истасам, умуман из қолдирмаслигим ҳам мумкин эди. Агар кимдир хатога йўл қўйган бўлса - бу Блаттер. Мен эса шунчаки, ФИФАдан аввалги қарзини талаб қилдим, холос.

- Табиий савол: пулни нега аввалроқ талаб қилмагансиз? Ахир ФИФАда маслаҳатчи сифатидаги фаолиятингизни 2002 йили якунлагандингиз. Ҳақни эса 8 йилдан кейин сўрашингиз...

- Фараз қилайлик, мендан 10000 евро қарз кўтарган қадрдон дўстимсиз. Айтингчи, мен қарзни ҳар куни талаб қиламанми? Йўқ, имкониятингиз бўлганида, қайтаришингизни кутаман. Ҳар ҳолда, фалсафам шундай. Қисқаси, айнан дўстлик ҳурмати Блаттерга осилиб олганим йўқ. Ке­йин у иш ҳақимни тўлади ва кўнгилчанлигим учун боплаб жазолади. Хуллас, фитна қурбони бўлдим. Таркибидан Бермуд, Фижи, Теркс ва Кайкос оролларидек «нуфузи баланд» федерациялар вакиллари жой олган апеляция қўмитаси мендан ҳақдорлигимни исботлайдиган ҳужжат сўради. Табийки, уни бажонидил кўрсатдим. Афсуски, муҳокама жараёни шунчалик «қизғин» кечдики, айрим иштирокчилар пинакка кетишга ҳам улгуришди. Кейинчалик хотиржамлигимни назарда тутиб, дисквалификация муддатини 6 йилга туширишди. ФИФА буни адолатли қарор сифатида баҳолади. Ташкилот бу билан ўзини шаффофдек кўрсатмоқчи бўлди. Аслида барчаси бунинг акси - ФИФА учун одил суд фақат унинг фойдасига ҳукм чиқарганидир.

- Спорт арбитраж суди ҳақида нима дея оласиз? У дисквалификацияни 4 йилга қисқартирди, ФИФА ўтказмаси оғзаки келишув асосида бўлгани ва қонуний эмаслигини аниқлади. Бундан ташқари, сиз аслида 2 эмас, 2,8 млн. франк олишингиз керак бўлган экан...

- Ўшанда катта хатога йўл қўйгандим. ФИФАда маслаҳатчи лавозими учун 500000 франк миқдорида йиллик маош белгиланган эди. Аммо ҳужжатда 300000 ёзилган экан. Бундан хабардор эмасдим. Аслида Блаттер билан 1 миллионга келишгандик. Лекин ФИФА молиявий муаммоларга дуч келганини билардим. Шу боис, қоғозга кичикроқ миқдор ёзилганди. Мен эса 500000ни инобатга олиб, 4 йил учун 2 млн. сўрагандим. Якунда озроқ сўраганим учун мукофот ўрнига дисквалификация олдим.

- Блаттер билан муносабатингиз қандай эди?

- Рисоладагидек. У серғайрат президент эди. Йозефни сиёсатчи Никколо Макиавеллига қиёслаш мумкин. Лекин 2 жиҳатда сиёсат арбобидан фарқланади - қачон ва қай тариқа кетишни билмади, шунингдек, футболга оқа бошлаган йирик даромадни олдиндан ҳис этмади. Умуман, бизнинг фаолият йўлимиз 2013 йили айро тушди.

- Нима учун?

- 2011 йили УЕФА президенти лавозимига қайта сайландим, Блаттер барча федерациялар раҳбарларига

 

 

2015 йили ўз номзодини қўймаслиги ва улардан менга овоз беришларини сўраганди. Лекин орадан 2 йил ўтгач, ФИФАдан ўлиги чиқишини орзу қилишини билдирди.

- Футболдан четлатилганингиздан кейин Блаттер ФИФАда Платинини кўролмайдиган кучлар борлигини таъкидлади. Қандай куч назарда тутилганини биласизми?

- Ҳа, бу куч - Блаттер.

- Хўш, нега?

- Шуни унутмангки, ҳаммаси 2015 йилги сайловлар ва шу туфайли юзага келган коррупцияга қарши йирик можаро (2015 йили Конгрессда фаоллик кўрсатган ФИФА вакиллари ҳибсга олинишганди)дан кейин Блаттер кучли босимни сезганига қарамай, ён беришни истамади. У ўз атрофидаги вазиятни юмшатиш мақсадида ваколатидан воз кечганини маълум қилди, аммо таслим бўлмади. «Ўйин»га мен ёки Жером Валькени жалб этса, ўзи омон қолишини яхши биларди. Аммо у хато қилди. Якунда Блаттерни четлатишди, мени эса булғашди. 6 ойдан кейин сайловда Инфантино ғолиб чиқди. Ўша сайловда асосан ФИФА Ижроий қўмитаси аъзолари ўз номзодларини қўйиш ниятида юргандилар. Бунда ҳам Блаттернинг қўли борлигига ишончим комил. Шундан кейин кўпчилик ФИФАдан кетди. Мени Блаттер четлатди, бошқалар эса дафн қилишга уринишди.

- Айнан кимлар?

- Жанни Инфантино қайтмаслигим учун қўлидан келган чораларни кўрди. Арбитраждаги улфатларидан камида 4 йил мени футболга яқинлатмасликни сўради. Ваҳоланки, менга қарши жиддий айблов топилмаганди. 2018 йили швейцариялик бош прокурор мени барча шубҳалардан тозалагач, Инфантино чурқ этмади. Суд айбсиз эканлигимни тасдиқлаганидан кейин ҳам дисквалификация сақланиб қолганини сира тушунолмадим.

- Инфантино УЕФАда сиз учун «ўнг қўл» мақомида эди. Энди эса душманга айланибди...

- Йўқ, у ҳеч қачон менга «ўнг қўл» бўлмаган. Шунчаки, бош котиб эди. Унинг малакали ва айёр адвокат эканлигини айта оламан. Буни исботлашга ҳам улгурди. Жанни президентлик лавозимини эгаллаган сайлов арафасида у билан Дубайда учрашдик. Ўшанда унга аввалига бош котиб лавозимини эгаллаши кераклигини айтдим. Чунки халқаро ташкилотда шунга яраша таъсир доирасига эга эди. Бироқ билганидан қолмай, президентликка номзодини қўйди.

- Инфантино ФИФАни ижобий томонга ўзгартира олдими?

- Албатта, йўқ.

- Унинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Бунинг менга умуман қизиғи йўқ. ФИФАга ҳам мутлақо бефарқман. Чунки унинг таркибида йўқман. Демак, ташкилот фаолияти менинг муаммом эмас.

- Соф спорт ишлари масаласида-чи?

- Инфантино VAR тизимини жорий этиш орқали тажрибаси шубҳа остида қолаётган ҳакамларни «ўлдирди», аста-секин футболни ҳам «тинчитади». Ваҳоланки, Жанни олдин ФИФАни сира ёқтирмасди. Шунчалик суймасдики, ҳаттоки, менга электрон мактуб йўллаб, УЕФАни глобал тизимдан халос этишни сўраганди...

--------------------------------------------

Давоми бор.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz