Қайднома

Қидирув

Ислом Рашидхонов: «Навбаҳор»га юксак мақсадни амалга ошириш ниятида келдим»

Ислом Рашидхонов: «Навбаҳор»га юксак мақсадни амалга ошириш ниятида келдим»

  24.01.2020 09:56
  0
  428
Ислом Рашидхонов: «Навбаҳор»га юксак мақсадни амалга ошириш ниятида келдим»

Янги мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўяётган «Навбаҳор» таркибини қатор маҳоратли футболчилар билан тўлдирди. Улардан бири - асли наманганлик бўлган, олдинги мавсумларни Қаршининг «Насаф» клубида ўтказган 22 ёшли ярим ҳимоячи Ислом Рашидхонов.

Таъкидлаш жоизки, у бир пайтлари «Навбаҳор»нинг собиқ футболчиси, 1996 йилги «олтин» таркибда ўйнаган Дилшод Алиевнинг ўғли. Наманганликларнинг навбатдаги машғулоти якунига етгач, Рашидхонов билан суҳбат уюштириб, унинг фикрларини ёзиб олдик.

«Навбаҳор»га келиши сабаби, жамоа устози Канчельскис ҳақида

- «Навбаҳор» таркибига қўшилишимга клуб вице-президенти Ойбек Арифович Саматов катта ҳисса қўшди. Ойбек ака менга янги мавсумда жамоа олдига юксак мақсад қўйилаётганлигини таъкидлаган ҳолда, буни амалга оширишда ёрдамим кераклигини айтди. Шундан сўнг, жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскис билан суҳбатлашдим. Албатта, бунгача Канчельскиснинг ўз вақтида машҳур футболчи бўлганлиги, бир пайтлари жаҳоннинг таниқли клубларидан бири - Англиянинг «Манчестер Юнайтед»ида ўйнаганлигини яхши биламан ва унинг ўйинлари дискини томоша қилганман.

«Навбаҳор»га ўтишимда шундай машҳур мутахассис билан бирга фаолият олиб боришим ҳам муҳим роль ўйнади. Шу тариқа «лочинлар» таркибидан ўрин олдим. «Навбаҳор»даги аксарият футболчиларни яхши танийман. Шу боис, мени жамоада жуда илиқ кутиб олишди. Айни пайтдаги таркиб ҳам ёмон эмас.

«Навбаҳор»да кўплаб тажрибали ва маҳоратли футболчилар бор. Туркияда сафимизга яна савияли футболчилар қўшилади, дейишяпти. Янги мавсумда барчамиз ҳамжиҳат ҳолда, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деган умиддаман.

Футболга кириб келиши, отаси ҳамда бобоси тўғрисида

- Футболчилар оиласида туғилиб-ўсганман. Бобом Рашидхон Алиев ва отам Дилшод Алиевни кўпчилик мухлислар яхши танишса керак. Улар ўз пайтида футболчи бўлишган. Айниқса, дадам кўп йиллар давомида «Навбаҳор»да ўйнаб, 1996 йили жамоа билан чемпионликни нишонлаганлар.

Шундай бўлса-да, уйимиздагилар, аниқроғи, онам футболчи бўлишимга қарши бўлганлар. Чунки акам Акбаршо ҳам футболчи эди, шу боис «Битта оилага бир футболчи етади», дейишган ва менинг ўқимишли инсон бўлишимни исташганди. Бироқ акам жароҳат олганидан сўнг, мен ҳам шу касбни танладим. Ахир, футболчилик қонимда бор-ку!

Футболга кириб келишимда дадамнинг ҳиссалари катта бўлган, болалигимда «Навбаҳор» футбол мактабига олиб борганлар. Миллионлар ўйинидаги илк сабоқни эса айни пайт «Навбаҳор» мураббийлар штабида фаолият олиб бораётган Аъзам Ражаббоевдан ўргандим. Кейин эса таҳсилни «Насаф» академиясида давом эттирдим ва кейинчалик Суперлигада ушбу клуб сафида дебют қилдим. Албатта, собиқ футболчилар сифатида бобом ҳамда дадам менга ўз маслаҳатларини бериб туришади.

Айтиш жоизки, яхши ўйнаган бўлсам-да, шу пайтгача отам ўйинимдан ҳеч қачон қониқиш ҳосил қилмаганлар ва ҳеч қачон мақтамаганлар. Суперлигада танаффус юзага келса, Наманганга келардим. Шунда дадам майдонга олиб чиқиб, алоҳида шуғуллантирардилар.

Бобом эса, бувимнинг гапларига кўра, «Насаф» иштирокидаги ўйинлар пайтида бошланғич таркибда майдонга тушадиган бўлсам, учрашувдан 10 дақиқа олдин телевизорнинг олдига келиб олар эканлар ва фахрланиб, «Ҳозир неварам майдонга тушади», дер эканлар. Бобом менга ўз маслаҳатларини бериб турадилар. Лекин улар отамга қараганда меҳрибонлар, кўпроқ мақтайдилар.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни таъкидламоқчиманки, «Навбаҳор»га юксак мақсадни амалга ошириш, яъни жамоанинг 1996 йилги натижасини такрорлаш ниятида келдим. Буни амалга ошириш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.

Собиқ жамоаси ва мураббийи ҳақида

- «Навбаҳор» футбол мактабидан сўнг, футбол сирларини ҳозирги кунда «Насаф» раҳбариятида фаолият олиб бораётган Сергей Петрович Кучеренкодан ўргандим. «Насаф»нинг ёшлар, кейинчалик асосий таркибидан ўрин олдим. Фурсатдан фойдаланиб, шуни таъкидламоқчиманки, собиқ устозим Рўзиқул Бердиев ажойиб инсон ва яхши мураббий.

Шундай мутахассиснинг қўл остида тўп сурганлигимдан хурсандман. Вақти келиб, яна йўлимиз кесишиб, унинг бошқарувидаги жамоада ўйнайман, деган умиддаман. «Насаф» мухлисларига эса Қаршидаги фаолиятим давомида мени қўллаб-қувватлашгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Улар «Насаф»ни қўллашдан чарчашмасин, собиқ клубимга ҳам янги мавсумда омад ёр бўлишини тилайман. «Насаф»дан яхши хотиралар қолди.

Ҳавас қиладиган футболчилари, кумири, мухлислик қиладиган жамоаси

- Ўзбекистонда Драган Черан, жаҳонда эса Эден Азарнинг ўйинларини мароқ билан томоша қиламан. Черан билан бирга битта жамоада ўйнаганмиз. У барча жамоадошларига ишонч бағишлайди. Ўз ўрнида, таъкидлаш жоизки, Черан ҳам Рўзиқул Бердиевнинг топилмаси. Драган яхши инсон ва маҳоратли футболчи. Болаликдаги кумирим Френк Лэмпард бўлган, шу боис, ўшандан буён «Челси»га мухлислик қиламан.

Канчельскиснинг машғулоти ҳақида

- Андрей Антанасовичнинг машғулотларида маза қилиб шуғулланяпман. Унда европача руҳ сезилиб турибди. Кези келганида айтиш лозимки, «Навбаҳор» мухлисларининг қўллаб-қувватлашлари остида тўп суриш мароқли. Янги мавсумда ҳам жамоамизни қўллашдан чарчашмасин. Биз эса уларнинг ишончларини оқлаб, бўлажак мавсумда ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ

Ислом Рашидхонов - 1997 йил 22 октябрда Наманган шаҳрида туғилган.

Футбол билан 6 ёшидан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийи - Аъзам Ражаббоев.

Амплуаси - ярим ҳимоячи.

«Навбаҳор» футбол мактаби ва «Насаф» академия­сида таҳсил олган.

2011 йилдан ҳозиргача «Насаф»да тўп сурди, 2015 йилдан ушбу клубнинг асосий таркибида ўйнади. 2020 йилдан «Навбаҳор»да.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz