Қайднома

Қидирув

Камтар «компютер» - Хавининг ҳаёт ақидалари...

Камтар «компютер» - Хавининг ҳаёт ақидалари...

  26.01.2020 06:26
  0
  411
Камтар «компютер» - Хавининг ҳаёт ақидалари...

«Барселона»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Хави Эрнандес қадрдон жамоасини тарк этганига анча бўлди. Яқинда у клубдан таклиф олгани, лекин уни қабул қилишни кейинроққа қолдирганини маълум қилди: «Дарҳақиқат, мени «Барселона»га чақиришди, аммо рад жавобини бердим. Чунки уни бошқаришга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Бироқ келажакда шу жамоа устози бўлишни орзу қиламан».

Хави - инсонийлик, виждонийлик, соғлом фикрлаш намунаси. Таклифни рад этиши ана шу фазилатнинг дастлабки ифодаси эмас. Ёш мураббий ўз имкониятларига холис баҳо берганлиги яққол кўриниб турибди. Тан олайлик, Вальверденинг иссиқ ўрнини эгаллаш имконияти ҳар доим ва ҳар кимга насиб этавермайди. Лекин тайёрга айёр бўлиш Хави Эрнандес табиатига ёт хислат.

Бир пайтлари Жозе Моуриньонинг уринишлари эвазига «эль класико» зиддияти спортга хос қарама-қаршилик доирасидан чиқиб, ошкора тажовузкорлик мақомига кўтарилганди. Шу мураккаб вазиятда Хави Мадриддаги дўсти Касильясга қўнғироқ қилиб, кескин вазиятни бартараф этиш йўлларини излаганди.

Майдондаги самарали ҳаракатлари ва бехато узатмалари туфайли «компьютер» унвонига лойиқ топилган ярим ҳимоячи аслида оддий инсон. Келинг, шу кам­ёб фазилат соҳибининг ҳаётий ақидалари ҳақида унинг ўзидан эшита қолайлик.

«БАРСЕЛОНА»

- Доимо Европада фақат «Барселона» либосида майдонга тушишимни гапириб юрардим. Сўзимнинг устидан чиқдим. Бу жамоага қарши тўп суришимни, «Камп Ноу»га бошқача футболкада келишни ҳеч қачон тасаввур қила олган эмасман.

ФУТБОЛЧИ ХАВИнинг МУВАФФАҚИЯТИ

- Мен ҳақимда Евро-2008дан ке-йин гапира бошладилар. Ваҳоланки, бундан аввал ҳам шу услубда тўп сурганман. Тўғри, айнан ўша йили мен профессионал ва руҳий жиҳатдан камолотга етгандим. Ўзимни дадил ва хотиржам ҳис этадиган бўлдим. Мана шу ўзгаришлар муваффақиятга замин яратди.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР

- Назаримда, «Твиттер», «Фейсбук» ва бошқа ижтимоий тармоқлар футболчига мухлисларга яқинроқ бўлиш имконини беради. Бирор-бир ортиқча мажбуриятни олмаган ҳолда, улар билан доимий алоқа ўрнатиш мумкин. Бу воситаларга ижобий баҳо бераман.

ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИ

- «Барселона»нинг ХХI асрдаги муваффақиятларини Ла Масиясиз тасаввур қилиб бўлмайди.

ФРАНК РАЙКАРД

- У менга ишонмасди, юксак жисмоний тайёргарликни талаб қиларди. Муваффақият калити асосан шунга боғлиқ, деб ҳисобларди. Унинг мулоҳазалари ўринли ва ҳақли.

ЎЗ ТАБИАТИ

- Мен романтикман. Ҳозирда иқтидор ва техник маҳорат жисмоний қувватдан устун баҳоланиши менга ёқади. Агар ривожланиш бошқа йўналишга бурилганида, футболдаги томошабоплик камайиб кетарди.

ОАВ

- Газета ва Интернетдаги мақолаларни севиб ўқийман. Футбол - менинг ҳаётим, уни севаман ва касбим туфайли пул топаман. Шу сабабли, футбол оламида юз бераётган воқеа-лардан хабардор бўлишни истайман.

ФУТБОЛ ТАҲЛИЛИНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛЛАРИ

- Ҳозир футболчининг нечта узатмани амалга оширгани, неча марта тўпни йўқотгани, неча километрга югургани каби маъумотларга эга бўлиши учун мураббийлар замонавий воситаларга эгалар. Ўйинни икир-чикиригача таҳлил қилиш имконияти мавжуд. Футболчилик давримда ўз кўрсаткичларимни ҳисоб-китоб қилишга одатлангандим, ўйин якунига етаётган паллада қайси ҳаракатни тўғри бажардим, қандай хатоликларга йўл қўйдим, деб ўзимга-ўзим савол берардим. Лекин рақамларга эътибор қаратмасдим.

МЕССИ

- Мен учун Лео - барча замонларнинг энг яхши футболчиси. Назаримда, у сайёрамизнинг энг сара ўйинчиси мақомига 22 ёшли пайтида эришганди. Шундан бери ҳеч ким унга тенглаша олмаяпти. Месси ўзи билан ўзи рақобатлашади - баъзан ғолиб, баъзан мағлуб. Мабодо, у билан ёнма-ён тўп суриб, ҳамжиҳатликка эриша олмасангиз, футболни тарк этинг. У сизнинг касбингиз эмас.

ҲОРДИҚ

- Вақтимни телевизор қаршисида ўтказишни хуш кўраман. Аммо шоуларни кам томоша қиламан. Фильмлар ва футболни ёқтираман. Айниқса, АПЛни.

АНГЛИЯ

- Футболнинг қалби, жону-дили. Менимча, агар «Барселона» «Ливерпуль», «МЮ», «Арсенал» каби жамоа­лардаги мухлисларга эга бўлганида, ЕЧЛда 20 марта ғолиб чиққан бўларди. Испанияда ўйин мухлисларга ёқмаса, трибуналар ҳувиллаб қолади.

ИСПАНИЯнинг ОЛТИН ТЕРМАСИ

- ЖАР мундиалида жамоамизни ўта зерикарли дейишганди. Аслида биз эмас, рақибларимиз зерикарли эдилар. Финални эслаб кўринг, голландлар нимага умид қилишганди? Пенальтигами? Ёки Роббеннинг тезкор рейдига? Ё бўлмаса, Парагвайни олайлик. Улар нима қилишди? Мустаҳкам ҳимоя қўрғонини яратиб, қарши ҳужум учун пайт пойладилар. Бироқ дарвозани ишғол этиш учун тинимсиз изланган жамоамизни зерикарли дейишди.

ФУТБОЛ ФАЛСАФАСИ

- Ўйинни тўпга эгалик қилган бош­қаради.

КАТАЛОНИЯ ВА МАДРИД

- Каталония аҳолисига барча эзгуликларни тилайман. Ўзим каталонияликман, авлод-аждодларим шу ерда. Мадрид маъмурлари биз билан мулоқот ўтказишни исташмаяпти. Тасаввур қилинг, ўзингизни дўстим деб атайсиз, аммо қўнғироқ қилсам, гўшакни кўтармайсиз...

НАМУНАЛИ КАСБДОШ

- Жонли ўйинига гувоҳ бўлган футболчилар орасида Скоулзни энг зўр ярим ҳимоячи деб ҳисоблайман. Болалигимда, кейинчалик футболчи бўлганимда ҳам унинг ўйинидан илҳом олганман. Мен орзу қилган барча фазилатлар Скоулз ҳаракатларида мужассам эди. Шунингдек, у ҳеч қачон тўпни йўқотмасди.

ЖАМОАНИНГ МУҲИМЛИГИ

- Барча футболчилар қатори мен ҳам доимо кўпроқ майдонга тушишни истардим, ҳатто рақобатга дош беролмаган ёки ўйинга тайёр бўлмаган пайтларда ҳам. Бироқ вақти келиб шароитга кўникдим, биринчи ва якуний қарорни қабул қилдим: жамоа манфаати ҳаммадан устун.

МАЙДОНДАГИ ПОЗИЦИЯСИ

- Гап шундаки, мен муайян нуқтага боғланиб қолмаганман, ўзимни эркин ҳис қилардим. Тўп қаерда бўлса, ўша ерда бўлардим. Қулай вазиятга чиқишга, тўпни қабул қилишга уринаман, футболчиларнинг майдондаги жойлашувини кузатаман, жамоадошларимнинг устунликка эришишлари учун ҳаракат қиламан.

ФУТБОЛДА ЎЗ ЎРНИНИ ТОПИШ УСЛУБИ

- Мени доимо инглиз футболи ва унинг тезлиги лол қолдиради. Ўзим ҳам учқур бўлишни хоҳлардим, аммо имкониятларим чекланганди. Шу боис, мияни ишлатишга тўғри келди. Охир-оқибат ўз ўрнимни топа олдим.

НИМА МУҲИМРОҚ - ЎЙИН ЁКИ НАТИЖА?

- Футболни ғалаба қозониш учун ўйналади. Бироқ мен ўз ақидамдан воз кечмайман: фақат натижа ортидан қувмаслик лозим. Ўйиндан лаззат олиш ва мухлисларга қувонч улашиш доимо биринчи ўринда бўлмоғи керак. Натижа алдамчи бўлиши мумкин, рисоладагидек тўп сурган ҳолда ғалабага эриша олмаслик ёки 6 нафар ҳимоячи ва 4 нафар ярим ҳимоячи ёрдамида зафар қучиш ҳеч гап эмас. «Барселона»га қарши кўпинча шу усулда ўйнашарди.

ХАВИГА ЁҚАДИГАН ЎЙИН УСЛУБИ

- Барча жиҳатлари фақат ҳужумкорликка қаратилган услубнинг шайдосиман. Тўпга ростакамига эгалик қилиш, уни олиб юриш, рақибга босим ўтказиш, доимо дарвоза томон йўл топишга интилиш. Аксарият жамоалар тўпни назорат қилишни истамайдилар ёки уддалай олмайдилар. Қизиқ, унда қайси мақсадда майдонга тушадилар? Югуриш учунми? Ёки очколар илинжидами? Мен учун футболнинг мазмуни тўп назорати, нафис комбинациялар ва аниқ узатмаларда намоён бўлади.

ОРЗУ

- «Барселона»га устозлик қилиш орзусини сир тутишнинг иложи йўқ, бу ҳақда жуда кўп гапирганман. Лекин бундан ортиқ ҳеч нарса дея олмайман. «Барселона», унинг мураббийи ва клубга чуқур ҳурмат билан қарайман. Ҳозир эса бутун эътиборим ўз жамоамга қаратилган, бошқа ҳеч қандай қўшимча қилолмайман.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz