Қайднома

Қидирув

Сергей Тумасьян: «Металлург» бемалол бронза медаллари учун кураша олади»

Сергей Тумасьян: «Металлург» бемалол бронза медаллари учун кураша олади»

  26.01.2020 08:33
  0
  167
Сергей Тумасьян: «Металлург» бемалол бронза медаллари учун кураша олади»

Ўтган мавсум Суперлига турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаган Бекободнинг «Металлург» клуби янги мавсумга тайёргарликни давом эттирмоқда. Бир неча кун олдин жамоани 8 нафар футболчи тарк этгани ҳақида хабар бергандик. Улар орасида россиялик Сергей Тумасян ҳам бор, буни клуб матбуот хизмати тасдиқлади.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида футболчи билан боғландик. Одатда, бекободликлар легионерларга кўп ҳам ишонч билдиришмайди, асосан маҳаллий иқтидорларга таянишади.

Ўтган йили ҳам жамоа икки нафар хорижлик футболчини таркибга жалб қилганди. Улардан бири - бугунги суҳбатдошимиз, россиялик Сергей Тумасян.

- «Металлург»нинг мавсум олдидан ўтказган дастлабки йиғинида кўриниш бермадингиз...

- Ҳа. Ҳозирда жамоа билан бирга эмасман. Мавсум ниҳоясига етгач, юртимга жўнаб кетдим. Ростовда яшаяпман, оилам даврасида ҳордиқ чиқаряпман. Футболчи вақтида дам олишни билиши лозим. «Металлург»ни ёрқин таассуротлар билан тарк этдим.

- Ўтган йили илк бор Ўзбекистон чемпионатида тўп сурдингиз. Чемпионатдаги иштирок сизга ёқдими?

- Мавсумни яхши якунладик, кучли бешликдан жой олдик. Лекин доим бундан кўпроғига интилишимиз керак. Агар жамоа ўтган мавсум тўп сурган футболчиларни, умумий айтганда, таркиб ўзагини сақлаб қолса, бемалол бронза медаллари учун кураша олади. Суперлига баҳслари менга манзур бўлди. Бу ерда ишқибозлар футболни севишади. Фурсатдан фойдаланиб, «Металлург» мухлислари ва клуб ходимларига алоҳида миннатдорчилик билдираман.

- Жамоадаги шароитлар сизни қониқтирдими?

- Машғулот ўтказиш ва ўйинга тайёргарлик кўриш учун зарур барча нарса яратиб берилди. Нолишга асос йўқ. Умуман олганда, камчилик ва муаммолар ҳамма жойда бўлади. Бироқ Бекободда ҳаммаси рисоладагидек кечди.

- Ўзбекистонда сизга маъқул келган жиҳатлар ҳақида гапирсангиз...

- Барча жамоаларнинг футболчиларга қулай шароит яратиб беришга интилиши менда ёрқин таассурот қолдирди. Шунингдек, кўплаб стадионларнинг ҳолати ҳақида фақат ижобий фикр билдириш мумкин. Қолаверса, чемпионат охиригача совринли ўринлар учун кураш қизғин кечди. Интрига сўнгги лаҳзагача давом этгани мени хурсанд қилди. «Металлург» ҳам кучли ўйин намойиш этишга астойдил интилди.

- Ўзингизнинг ўйинингиздан кўнг­лингиз тўлдими?

- Дастлабки турларда голлар урдим. Кейинчалик ҳам жамоага фойда беришга ҳаракат қилдим. Аслида, мавсум давомида сермаҳсулликка эришиш ниятим бор эди, бироқ айрим баҳсларда омад етишмади. Футболда, билсангиз, омад ҳам катта аҳамиятга эга. Гоҳида муқаррардек кўринган гол тўпнинг бошқача йўналиш олиши оқибатида амалга ошмайди ёки ғалаба қозониб турган пайтда очко йўқотилади. Мавриди келганда, «Металлург»га мослашишимда ёрдамини аямаган барча жамоадошларимга миннатдорлик изҳор этмоқчиман.

- Суперлигадаги жамоаларнинг кучи ва савияси ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлдингизми?

- Албатта, барчаси ўзига яраша кучга эга. «Пахтакор» ҳақли равишда чемпионликни қўлга киритди, «Локомотив» эса унга муносиб қаршилик кўрсатди. «Бунёдкор» ёш футболчилар билан ажойиб ўйин намойиш этди. Қолган жамоалар ҳақида ҳам фақат илиқ фикрларни билдириш мумкин.

Суперлигада қайси клубнинг қолиши сўнгги тургача аниқ эмасди. Бизга ҳам ҳеч бир баҳсда осон бўлгани йўқ. Дастлабки турдан бошлаб, мавсум якунлангунига қадар мураккаб ўйинларни ўтказдик.

- Клубдаги ходимларга ва иш-қибозларга яна нима деган бўлардингиз?

- Уларга раҳмат айтаман. Барчаларига мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар тилаб қоламан.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz