Қайднома

Қидирув

Ариагнер Смит Медина: «Локомотив учун муҳим ўйинчи эмаслигимни сездим»

Ариагнер Смит Медина: «Локомотив учун муҳим ўйинчи эмаслигимни сездим»

  27.01.2020 03:01
  0
  485
Ариагнер Смит Медина: «Локомотив учун муҳим ўйинчи эмаслигимни сездим»

ОЧЛ «плей-офф» босқич ўйинлари арафасидаги сўнгги ўқув-машғулот йиғинини Бирлашган Араб Амирликларида ўтказган Тошкентнинг «Локомотив» клуби таркибида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Аввалроқ жамоани Йован Жокич, Игорь Йелич каби легионерлар тарк этишгани ҳақида хабар берилганди. Афтидан, мавсум-2019нинг иккинчи даврасида «темирйўлчилар» сафига қўшилган никарагуалик футболчи Ариагнер Смит Медина ҳам клубни тарк этган кўринади. Афсуски, катта умидлар билан жамоага олиб келинган ўйинчи кутилган ўйинни намойиш этолмади. Ҳар ҳолда, Навойининг «Қизилқум»ида у голлар уриб турарди. Бироқ пойтахтга кўчиб ўтганидан кейин ишлари юришмади. Хуллас, Андрей Фёдоров юқорида номи келтирилган легионерларнинг хизматларига эҳтиёж сезмаган кўринади. Кетганлар ўрнига «Локомотив» Кирилл Погребняк, Славко Дамьянович каби футболчиларни таклиф қилди. Биз яқинда Смит Мединани суҳбатга тортиб, унинг айни пайтдаги ҳолати билан қизиқдик.

 

- 2019 йилги мавсумнинг биринчи даврасини «Қизилқум»да ўтказдингиз, кейин эса «темирйўлчилар» сафига қўшилдингиз. Бу икки клуб орасидаги тафовут ҳақида қандай фикрдасиз?

- Албатта, фарқ катта. Талаблар ҳам шунга яраша. «Локомотив» Ўзбекистоннинг уч карра чемпиони саналади. Шунинг учун клубдан мухлислар кўп нарса кутишади. Аслида, ўтган мавсумда ҳам мазкур жамоа бунданда юксакроқ натижаларни қайд этишга қодир эди.

- Чемпионат бошида кетма-кет голлар ураётгандингиз, умуман, легионер сифатида чакки кўринмадингиз. Хўш, мавсумнинг иккинчи қисмида ўйинингизда пасайиш кузатилгани нима билан боғлиқ?

- Биласизми, янги жамоага мослашиб олиш ҳар қандай футболчи учун осон кечмайди. Барибир, клубдаги шериклар билан ўзаро тил топишиб кетиш маълум вақтни талаб этади. Ушбу соҳани танлаган ҳар бир кишининг фаолияти давомида жамоасини ўзгартиришига эҳтиёж туғилиши турган гап. Кимдир бир клубда ўзининг ёрқин сифатларини кўрсатса, бошқа жойга борганда, 100 фоиз имконияти даражасида тўп суролмаслиги мумкин.

- Маълумотларга қараганда, Латвияда Самвел Бабаян билан бир жамоада ишлаган экансиз...

- Ҳа, ушбу мутахассис билан биринчи марта Юрмаланинг «Спартак» клубида танишганман. Ўшанда «Қизил-қум» мени ижарага олган, трансфер ҳуқуқим Латвия клубига тегишли эди. Иккинчи даврада Самвел Бабаян «Локомотив»да бош мураббийликка тайинлангач, мени ҳам ушбу жамоага таклиф қилди. Дарвоқе, «темирйўлчилар» сафидаги дебютим омадли чиқиб, гол ургандим.

- Ўзбекистон Суперлигасининг ўтган мавсуми сизда қандай таассурот қолдирди?

- Рақобат кучли, бу эса футболчига фақат фойда келтиради, ўсишга ундайди. Ўзбекистонда ўтган фаолиятим давомида янги қирраларим очилди. Ёш футболчи сифатида кўп нарсаларни ўзлаштирдим. Кучли ва юқори савиядаги ўйинчилар билан тенгма-тенг тўп сурдим.

- «Локомотив»ни тарк этдингиз. Бу тўғри қарор деб ўйлайсизми?

- «Локомотив» учун муҳим ўйинчи эмаслигимни сездим. Агар Ўзбекистоннинг бошқа клубларидан таклифлар бўлса, менга қизиқиш билдиришса, келажагим учун тўғри бўлган қарорни қабул қиламан. Айни пайт турли вариантларни қидиряпман.

- Ҳозирга қадар Ўзбекистон чемпионатида сиз билан бирга тўп сурган энг яхши футболчи сифатида кимни эътироф этасиз?

- Шубҳасиз, Анзур Исмоиловни. У буюк ва профессионал ўйинчи. Ўз позициясидаги энг яхши футболчи.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz