Қайднома

Қидирув

«Ал-Айн» нега гуруҳ босқичида эмас?

«Ал-Айн» нега гуруҳ босқичида эмас?

  28.01.2020 09:56
  0
  586
«Ал-Айн» нега гуруҳ босқичида эмас?

ОЧЛ-2020 САРАЛАШИ «ПЛЕЙ-ОФФ» РАУНДИ ОЛДИДАН. Дарвозабон Холид Исонинг ажо­йиб «сэйв»лари эвазига 2018 йили Клублар ўртасидаги ЖЧ финалига чиққан «Ал-Айн»нинг Осиёда биринчи рақамли клубга айланишига нима халақит берди? Жамоа нега ўтган йили БАА миллий чемпионатида атиги 4-ўрин билан чекланди? Бугун «Бунёдкор» гуруҳ босқичига чиқиш йўлида айни шу рақибни енгиши керак.

Маълумот учун

«АЛ-АЙН» футбол клуби

Ташкил этилган санаси: 1968 йил август

Уй стадиони: «Ҳазза Бин Зайд» (2014 йил 14 январда очилган), 25053 томошабинга мўлжалланган

Жамоа раҳбари: Муҳаммад Бин Зайд ал Наҳиён

Бош мураббийи: Педро Эмануэль (Португалия)

Ютуқлари: БААнинг 13 карра чемпиони (1976-1977, 1980-1981, 1983-1984, 1992-1993, 1997-1998, 1999-2000, 2001-2002, 2002-2003, 2003-2004, 2011-2012, 2012-2013, 2014-2015, 2017-2018); БАА президенти кубогининг 7 карра соҳиби (1999, 2001, 2005, 2006, 2008-2009, 2013-2014, 2017-2018); ОЧЛ ғолиби (2002|2003); ОЧЛнинг 2 карра финалчиси (2005, 2016), Клублар ўртасида ЖЧ финалчиси (2018), Кўрфаз мамлакатлари клублари чемпионати ғолиби (2001), БАА футбол федерацияси кубогининг 3 карра соҳиби (1989, 2005, 2006), БАА суперкубогининг 5 карра соҳиби (1994, 2003, 2009, 2012, 2015)

Жорий мавсум (2019|2020)да чемпионатдаги ҳолати (26 январь ҳолати): 13та ўйин, 7та ғалаба, 3та дуранг, 3та мағлубият, тўплар нисбати: 30-15. 3-ўрин.

 

БААнинг энг совриндор клуби (жами 32та соврин) бундан 51 йил олдин баҳрайнлик талабалар ва Судан ишчилар жамияти томонидан ташкил этилган. Жамоанинг «олтин эраси» сифатида 1997-2003 йиллар тилга олинади. 2002-2004 йилларда таниқли мураббий Бруно Метсю бошчилигида ўйнаган «Ал-Айн» 4та совринга эга чиққанди. Жамоа мамлакатда катта шуҳрат қозонган ва 3та уй аренасига эга. Улардан охиргиси - «Ҳазза Бин Зайд» жаҳон стандартларига мос равишда барпо этилган. Ал-Айн шаҳри дружинаси футболчиларга пул сарфлаш бобида бемалол Европанинг етакчи жамоалари билан рақобатлаша олади. «Ал-Айн» айниқса, қанотлар ва ҳужумда юқори тезлик ҳамда юксак техникага эга рақобатбардош футболчиларга эга. Клуб раҳбарияти инфратузилмани яхшилашга катта эътибор қаратяпти. Клуб академиясида 9дан 21 ёш тоифасигача жамоалар бор ва улар БАА миллий чемпионатида иштирок этади. Турли ёш тоифасидаги жамоаларга асосан Хорватия ва португалиялик мураббийлар устозлик қилиш­япти. Маълумот ўрнида айтиш керак, ушбу клубда 2013 йилнинг сентябридан буён маҳаллий мутахассис бош мураббий сифатида ишламаяпти. 2019 йили клуб бошқарувида 4 нафар мураббий ишлади. Жамоа раҳбарияти ҳозирги бош мураббий - португалиялик Педро Эмануэлни 5 январь куни таништирди.

Юлдуз футболчи - Холид Исо. 1989 йилнинг 15 сентябрь куни Дубай шаҳрида таваллуд топган. Бўйи - 178 см., вазни - 64 кг. Холид Исо Муҳаммад Билол Саид - «Ал-Жазира» клуби тарбияланувчиси. У катта футболга ҳам шу жамоа сафида қадам ташлаган. 2013 йили эса «Ал-Аҳли»га жалб этилган. 2012 йилги Лондон Олимпиадаси иштирокчиси. 23-Араб кўрфази кубогининг энг яхши дарвозабони. 2018 йили Клублар ўртасидаги ЖЧда феноменал ўйин кўрсатиб, мутахассислар назарига тушди. 30 ёшли кипер ҳисобида 8та соврин бор. Клубдаги фаолияти давомида 163та ўйинда қатнашиб, 13та сариқ карточка олган.

Легионерлар. «Ал-Айн» таркиб ва ўйин савияси бўйича ҳозир ҳам минтақамизда энг кучли 10та клубдан биридир. БАА терма жамоасида асосий ишни бажараётган Муҳаммад Абдулраҳмон ва Саид Жума каби маҳаллий юлдузлар қаторида етакчи легионерлар бор - Цукаса Шиотани (Япония), Фо Доҳ Кожо Лаба (Того), Кайо (Бразилия), Андрижа Радованович (Сербия), Омар Ёсин, Идрис Мзауяни (Франция). Цукаса Шиотани. 2017 йилнинг 20 август куни «Санфречче Хиросима»дан мазкур клубга ўтди. 2018 йили Клублар ўртасида ЖЧ финалида «Реал»га қарши кечган баҳсда (1:4) араб клубининг ягона голини урди. Чемпионатда 57та ўйинда 9та гол муаллифига айланди. Фо Доҳ Кожо Лаба. 1992 йилнинг 27 январь куни туғилган. 2019 йил ёзда жамоа сафига қўшилди. Жорий мавсум ички чемпионатнинг 12та ўйинида 13та гол уриб, тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмоқда. Того термасидаги статистикаси - 25та ўйин, 12та гол. Кайо (Бразилия) 1990 йилнинг 9 август куни туғилган. 2019 йил 1 июлда «Ал-Васл»дан 5,3 млн. еврога сотиб олинди. Жорий мавсумда ички чемпионатнинг 9та ўйинида 5та гол урди.

Бош мураббий - Педро Эмануэль. 1975 йилнинг 15 февраль куни Луанда шаҳрида туғилган. Футболчилик даврида «Боавишта» сафида 2001 йили Португалия чемпиони бўлган. Мавсум-2009|2010да «Порту»нинг 17 ёш тоифасидаги жамоасини шуғуллантира бошлади. 2010 йилнинг июлида «Порту»га Андре Виллаш-Боаш бош мураббий сифатида тайинлангач, унинг штабига қўшилди. 2011 йили эса мустақил равишда «Академика»ни бош­қарди. 2018 йил май - 2019 йил май оралиғида Саудия­нинг «Ал-Тавон» клубида ишлаб, Қирол кубогини ютди.

«Ал-Айн»нинг тахминий таркиби: Холид Исо - Саид Жума, Муҳаммад Али Шокир, Моҳаннад Салим, Муҳаммад Фаёз - Жамол Маъруф, Яҳё Нодир, Цукаса Шиотани, Кайо - Муҳаммад Абдулраҳмон, Фо Доҳ Кожо Лаба. Тактик схема: 4-4-2.

 

«Ал-Айн»нинг ОЧЛдаги иштироки

2002|2003: чемпион (5та ғалаба, 2та мағлубият)

2004: 1|4 финал (2та мағлубият)

2005: финал (5та ғалаба, 5та дуранг, 2та мағлубият)

2006: 1|4 финал (4та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият)

2007: гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 3та дуранг, 2та мағлубият)

2010: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 1та дуранг, 3та мағлубият)

2011: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 1та дуранг, 3та мағлубият)

2013: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 4та мағлубият)

2014: 1|2 финал (8та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият)

2015: 1|8 финал (3та ғалаба, 5та дуранг)

2016: финал (6та ғалаба, 5та дуранг, 3та мағлубият)

2017: 1|4 финал (4та ғалаба, 3та дуранг, 3та мағлубият)

2018: 1|8 финал (2та ғалаба, 4та дуранг, 2та мағлубият)

2019: гуруҳ босқичи (2та дуранг, 4та мағлубият)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz