Қайднома

Қидирув

Мишель Платини: «Жчда 48 жамоа? Бу – соф телбалик!»

Мишель Платини: «Жчда 48 жамоа? Бу – соф телбалик!»

  28.01.2020 06:02
  0
  421
Мишель Платини: «Жчда 48 жамоа? Бу – соф телбалик!»

Ўқиган бўлсангиз, газетамизнинг аввалги сешанба куни чоп этилган 5 (1732)-сонида УЕФА собиқ президенти ва польшалик касбдошимиз ўртасидаги кенг қамровли суҳбатнинг биринчи қисмини берган эдик. Энди шу мулоқотнинг давоми билан танишиб чиқишингиз мумкин. Франциялик функционер интервьюнинг иккинчи қисмида ҳам кўплаб масалалар юзасидан очиқ-ошкора гапирди.

- Айтишингизча, Инфантино футболни «ўлдираётган» экан. Бунда айнан нималарни назарда тутяпсиз?

- Инфантино бевосита спорт тараққиёти эмас, унинг молиявий жиҳатлари хусусида бош қотиради. Дейлик, ЖЧ иштирокчилари сонини 48тага ошириш ғоясини илгари суриб, мақсадига эришди, ҳисоб. Шу кетишда турнирнинг нуфузи ўз-ўзидан пасайиб кетади. Кенгайиш қарори энг тўғри қарор эмаслигига Россия мундиалидаёқ ишонч ҳосил қилдим - барча учрашувларга қизиқиш бирдек юқори даражада бўлмади. Энди тасаввур қилинг, мундиал иштирокчилари сони 48тага етказилса, нима бўлади? Футбол сифати бузилади, зерикарли ўйинлар кўпаяди. Буларнинг барчаси ягона мақсад йўлида амалга оширилмоқда - ФИФА даромадни имкон қадар кўпайтириш ниятида. Ҳа, яширмайман, ўзим ҳам ЖЧ географиясини кенгайтириш хусусида ўйлаган ва сайловолди дастуримга жамоалар сонини 40тага етказиш режасини киритгандим. Лекин бу ғоя Европадан ташқаридаги миллий федерацияларга ҳурмат юзасидан туғилганди. Аммо 48 терма жамоа? Бу - соф телбалик.

- Айтингчи, ЖЧ-2022 учун мезбонлик ҳуқуқининг Қатарга берилиши футбол ривожи учун тўғри қарорми?

- Ҳа, чунки ушбу араб давлати ЖЧни ташкиллаштиришга муносиб номзод эди. Шунингдек, шахсий фикримча, мундиални Шарқ томонга кўчириш вақти келганди. Хусусан, Россия номзодини ҳам айни шу мақсадда қўллаб-қувватладим. Ўйлайманки, футболнинг бутун дунё бўйлаб гуркираб ривожланиши учун муҳим қадамлар ташланди. Зеро, янги имкониятлар ва вариантлар яратишимиз талаб этилаётганди. Бир сафар Қатар амири менга ўринли савол билан юзланди: «Ғарбий Европа нима учун вақти-вақти билан мундиалга мезбонлик қиладию, араб мамлакатлари 6 марта уриниб ҳам, бундай ҳуқуққа эга бўлмади?» Тўғриси, ҳақли савол. Мана, ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқига қайси давлат муносиб номзод эди? АҚШми? Америка бир марта шундай шарафга эришган. Япония ва Ж.Корея ҳам. Австралия? Муносиб номзод ва янги вариант, аммо «яшил қитъа» сайёранинг чекка ҳудудида жойлашган. Умуман олганда, араблар мезбонликка ҳақлироқ эдилар. Аслида  ўзим бошқачароқ ғоя ҳақида ўйлагандим. Яъни турнирни фақат Қатар эмас, балки Форс кўрфазидаги барча давлатлар - Баҳрайн, Қувайт, БААда ўтказиш тарафдори эдим. Гап бир-бирига яқин жойлашган қўшни мамлакатлар ҳақида кетмоқда. Мундиал доирасидаги 68та учрашувни бемалол тақсимлаб бериш мумкин эди. Бу - шахсий фалсафам. Аммо барчаси сиёсий жиҳатдан анча мураккаб юмуш. Шу сабабли ҳам, якунда Қатар «заявка»си лойиқ топилди.

- Гарчи мусобақани ёзда ташкиллаштириш иложсиз бўлсада...

- ФИФА Низоми ва номзодлар дастурларида ЖЧ июнь-июль ойларида оралиғида ўтказилиши кераклиги аниқ ёзиб қўйилган. Умуман олганда, муддат менинг муаммом эмас. Зеро, Қатар талабини ФИФА ва Блаттер маъқуллаган, бу уларнинг турнири. Ташкилотчи мамлакат аввал қай тариқа танланган бўлса, шундай мезонга амал қилинди. Яъни аввалдан белгилаб қўйилганди: Африкадан бўлса - Марокаш ёки ЖАР, Жанубий Америкадан - Бразилия. Қатар амиридан нега йирик турнирни ташкил этишни хоҳлаб қолгани ҳақида сўраганимда, у дангал жавоб қайтарди: «Блаттер шундай йўл тутишимни илтимос қилди».  Хуллас, Зепп ғолиб чиқишни жуда-жуда истаганди ва мақсадига эришди. Қайтараман, ўзим учун ЖЧни айнан шу минтақада ташкил этиш ғояси ўринли туюлди. Лекин учрашувларни Қатарда июнь-июль ойларида ўтказиш борасида ўйлаб кўрмагандим. Бунинг мумкин эмаслиги ҳар бир соғлом фикр соҳибига аввалдан маълум. Шу сабабли ҳам, мезбонлик ҳуқуқи араб давлатига берилиши аниқ бўлгач, турнирни декабрь ойига кўчириш имкониятларини кўриб чиқишни режалаштиргандим. Бу - улкан саъй-ҳаракатни талаб этадиган вазифа. Лекин уддалаш имкони бор. Шундай экан, нега синаб кўрмаслик керак? Лоақал бир марта. Ахир ЖЧ ҳамма учун янги имкониятлар эшигини очиб бериши шарт. Нима учун Қатарни шундай имкониятдан маҳрум этиш керак? Европа миллий лигалари тақвимига мос келмаслиги учунми? Бир марта амалга оширилган кичик ўзгариш туфайли еврофутбол тожи бошидан тушиб қолмайди-ку. Нари борса, 1-2 ойга чўзиладиган байрам сал қисқароқ давом этади. Бундай вазиятдан чиқиб кетишнинг тўғри йўлини топиш ақлли кишиларга қийинчилик туғдирмайди. Катта футбол ривожланишда давом этиши ва янги ҳудудларни қамраб олиши шарт ахир.

- Иқлим жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Лекин Қатарда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши янада хавфлироқ. Худди Украинада уруш давом этаётган бир паллада Россияда ЖЧ ўтказилгани каби. Бундай мамлакатлар йирик мусобақаларни ўз зиммасига олмаслиги керакми? Бу хусусда қандай фикрдасиз?

- Жиддий масала ва бунга муносабатим бошқачароқ. Футбол - фуқаролар ва мухлислар учун. Дейлик, Путин ёки Қатар амири учун эмас. Келинг, сиёсатни спортга аралаштирмайлик. Нима учун бу ҳудуддаги миллионлаб мухлисларни жазолашимиз керак? Ишончим комил, россияликлар ЖЧ ўз юртларида ўтганидан ғоят бахтиёр ва миннатдорлар. Фаолиятидаги энг яхши чемпионатга гувоҳ бўлганини Инфантино ҳам тан олди. Албатта, бу каби эътирофларга эътибор бермайман. Ҳар ҳолда, ҳар қайси турнирдан кейин Блаттер худди шундай сўзларни такрорларди. Аммо Россия мундиали чиндан ҳам аъло даражада ташкил этилди ва шундай ўтди. Истасангиз, ҳар қайси номзодга қарши етарли эътирозларни топиш мумкин. Мисол учун, агар ҳозир Австралия ўз номзодини қўйса, ёнғинлар муаммоси кўтарилади. Қисқаси, қайсидир мамлакат ёки минтақага хос қандайдир нохуш омиллар доимо топилади. Эсимда, Польша ва Украина Евро-2012 арафасида кўплаб қийинчиликларга дуч келганди. Лекин мусобақа рисоладагидек ўтди. Ўшанда ўзим Италия номзодини қўллаганман. Кечирасиз, Платински эмас, Платиниман. Қисқаси, танловим олдиндан тайин эди. Бироқ мезбонлик ҳуқуқи Польшага берилгач, Европа чемпионатининг муваффақиятли ўтиши учун бор имкониятларни ишга солдим. Зеро, бир қатор тўсиқларни енгиб ўтишимизга тўғри келганди. Шунинг натижасида қитъа футболи тараққий этди. Ўйлайманки, Евро-2012 Польшага ишониб топширилмаганида, мамлакатда бундай замонавий стадионлар қад ростламасди. Инфратузилманинг яхшиланиши ва футбол савиясининг кўтарилиши ёқимли, албатта.

- 2019 йилнинг июнида сизни айнан Қатар мундиали юзасидан сўроқ қилишди. Бу ишда силжиш борми?

- Билишимча, судья тайинлашган. Аммо жараён атрофида нималар юз бераётганидан хабардор эмасман. Сўроқда барча саволларга жавоб қайтардим. Бори шу - мени қайта чақиришгани йўқ.

- Сўроқ 15 соат давом этган экан. Нималарни гапириш учун шунча вақт керак бўлди?

- Жонажон юртим - Францияда шубҳага олинган кишиларни ҳеч қачон осонгина қўйиб юборишмайди (кулади). Демоқчиманки, сўроқ менга муаммо туғдирмади. Терговчилар 15 соатга эҳтиёж сезишибдими, бу уларнинг ҳуқуқи. Ўзи оддий нарсаларни сўрашди - Евро-2016нинг ташкил этилиши, ФИФАдан олинган маблағ, «ПСЖ», Саркози билан тушлик... Мазкур суҳбатдан кейин президентлар билан ҳамтовоқ бўлиш ошқозон фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкинлигини англадим (кулади). Навбатдаги таклифни рад этишим аниқ. ФИФАга дахлдор воқеа ва Блаттердан олинган пул - бемаъни иш. Айниқса, Елисей саройидаги учрашув туфайли юз берган французча «муштлашиш» қуюшқонга сиғмайди. Тўғриси, давлат раҳбари ҳузурига Қатар номзодига овоз беришимни айтгани боргандим. Буни ҳеч қачон яширган эмасман. Матбуотда эълон қилинган қолган барча гаплар - уйдирма.

- Қатар амирининг ҳам саройда эканлигини билармидингиз?

- Йўқ, уни кўриб ҳайрон қолдим. Аммо бунинг аҳамияти йўқ. Чунки амир 2 ҳафта муқаддам Қатар «заявка»сини олиб келганида, у билан кўришгандим. Ўша учрашувда унинг мамлакати учун овоз беришимни сўраганди. Айнан шу жиҳат кейинчалик менга муаммо бўлганининг сабаби шуки, 15 нафар киши орасида фақат ўзим бошидан охиригача ҳамма билан очиқ муносабат ўрнатдим. Хусусан, ЖЧ Яқин Шарқда ташкил этилиши кераклигини айтганим охир-оқибат, менга қарши ишлади. Таажжубки, ҳар бир жумлада талаб этиладиган ростгўйлик якунда энг катта душманингизга айланиб қолиши мумкин. Гарчи ўша паллада ким қайси давлат тарафдори эканлиги маълум бўлсада, Ижроий қўмита аъзоларининг ҳаммалари ўз ниятларини яширишди. ЖЧ ташкилотчисига овоз бериш қайсидир маънода - сиёсий сайлов. Шу боис, президентлар бу ҳақда аввалроқ билишни истайдилар, мезбонлик ҳуқуқи учун курашда ким ғолиб чиқишини тушунишга интиладилар. Қўмита аъзоларида эса Путин, Обама ёхуд Кэмеронга қўнғироқ қилиб, ўз билимларини намойиш этиш имконияти туғилади. Айнан шу сабабли Саркози ҳузурига йўл олгандим. Худди бир вақтлар ЖАРга эмас, Марокашга овоз беришимни маълум қилиш учун Жак Ширак қабулига кирганим каби. Бу менинг бурчим эди.

- Аммо ҳозир амир мақомига кўтарилган ўша пайтдаги шайхнинг айни овоз бериш жараёни арафасида президент ҳузурига боргани шубҳа уйғотиши аниқ эди. Сиз эса шунчаки, ҳайрон қолганингизни таъкидлаяпсиз.

- Уҳ, ҳайрон қолдим ибораси - бу ҳолатимни юмшоқроқ ифода этганим. Нима, амирни ўша ерда кўриб, дарҳол ортга қайтишим керакмиди? Яхши, унда айтингчи, амир билан тил бириктириш учун шундай мартабали маскан, боз устига, мамлакат президенти гувоҳлигида учрашишим шартмиди? Қатар амирини 1988 йилдан буён танийман. У ўша пайт спорт ва маориф вазири эди. Хуллас, амирдан пора олиш учун Саркозини гувоҳ қилишим шарт эмасди.

- Орадан атиги 1 йил ўтгач, ўғлингиз спорт либосларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Қатар компаниясида иш бошлади...

- Ўғлимнинг ўз ҳаёти бор, у менга боғлиқ эмас. Ўғлимга ёрдам бериш учун амирга эҳтиёжим йўқ эди. Лоран «ПСЖ»га араб сармоядорлари келишларидан аввал клубда адвокат сифатида ишларди. Клуб компания тасарруфига ўтгач, раҳбарият ундан бошқа йўналишда ёрдам бериш хусусида сўраган ва ўғлим розилик билдирган. Бор гап шу. Бунга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ.

- ФИФАнинг ички ишларига қизиқмаслигингизни таъкидлаяпсиз. ФИФА эса сизни унутгани йўқ ва 2 млн. франкни қайтаришингизни талаб қилмоқда.

- Кечирасиз, аммо менда пул йўқ, ярмини солиқ, ярмини адвокатларга сарфладим. Шундай экан, ФИФА солиқ инспекцияси ёки адвокатларимга мурожаат қилаверсин. Аммо пулни қайтариб олишига шубҳам бор. Такрор-такрор айтаман: бу маблағни ҳалол ишлаб топганман. Солиқ декларациясида даромадимни борича кўрсатганман. Швейцария суди фикримни тасдиқлайди. Шунинг учун ФИФАнинг иддаолари мени қизиқтирмайди. Тортишув тез орада барҳам топишига аминман. Мана, суд айбсизлигимни эълон қилди. Аммо ФИФА нимага асосан мени айблашда давом этмоқда? Талаблар асоссиз эканлиги ҳам ўз исботини топишига ишонаман.

- Яна Инфантинога нисбатан эътирозлар мавзусига қайтсак. Ҳакамлар ўз нуфузларини йўқотиб қўйишганини айтдингиз. Бунда VARни назарда тутяпсизми?

- VARни ҳеч қачон ҳозирги кўринишда қўлламасдим. Бу тизим ҳакамларни калака қилмоқда, спортга хос эҳтиросни йўққа чиқармоқда. Энг ёмони, VAR муаммога ечим топаётгани йўқ, шунчаки, бошқа жойга суриб қўймоқда. VARнинг қўлланилиши ҳакамлар малакасининг етарли эмаслигини билдиради. Биз уларга ишонмай қўйдик. Нима учун дарвозабон ёки ҳужумчининг хатосини тан оламиз, аммо ҳакам хатосини кечирмаймиз? Ҳалол ўйин ҳақида бонг урамизу, аммо ҳакам ҳам хато қилишга ҳақли эканлигини инобатга олмаймиз. Ҳозир уларнинг фойдаси тобора камайиб бормоқда - энди ўйинни бошқариш ўрнига монитор қаршисида ўтирган киши кўрсатмасини кутиш билан оворалар. Замонавий футболни «ўлдираётган» шу жиҳат менга асло маъқул эмас...

Мишель Платинининг дисквалификация муддати ўтган йилнинг октябрида ниҳоясига етди. Собиқ амалдор шундан сўнг севимли соҳасига қайтиш режасини маълум қилди. У шунинг баробарида ноябрь ойида УЕФА устидан судга шикоят ёзиб, ташкилотдан 7,2 млн. евро талаб қилди. Маблағнинг 5,5 миллиони Платини олишга улгурмаган иш ҳақи ҳисобидан тўпланиб қолган қарз экан...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz