Қайднома

Қидирув

Бугун ОЧЛ гуруҳ босқчичи учун "сўнгги имтиҳон" ўтказилади...

Бугун ОЧЛ гуруҳ босқчичи учун "сўнгги имтиҳон" ўтказилади...

  28.01.2020 12:27
  0
  327
Бугун ОЧЛ гуруҳ босқчичи учун

ОЧЛ-2020 САРАЛАШИ. Мана, Осиё Чемпионлар Лигасининг 2020 йилги мавсуми саралаш босқичи ҳал қилувчи босқичга келди. Яъни қитъанинг энг нуфузли турнири асосий «сетка»си 4та йўлланмаси тақдирига ойдинлик киритадиган ўйинлар яқинлашмоқда. Фақат саралаш босқичи жуда тор доирада ўтаётгани яққол сезиляпти. Мамлакатлар чемпионатлари ўртасидаги фарқ ҳам сезилмоқда. Филиппин, Малайзия ва Тожикистон клуб футболи сўнгги 2 йилда жиддий ўсганини кўриш мумкин. Мана, Қувайт ва Индонезия футболи дисквалификациядан қутулди, демак, бу мамлакатлар клубларини ҳам ОЧЛ аудиториясига тортиш керак. Сурия клубларида эса лицензиялаш масаласида катта муаммолар бор. Чунончи, ОФК ОЧЛ саралашига ҳам жамоаларни лицензиялаш якунлари асосида қўяди. Сўнгги 3 йил давомида саралашда қайси мамлакатлар вакиллари ўйнашлари, яна қаерда майдонга тушишини билиш у қадар қийинчилик туғдирмай қўйди. Таққослаш учун айтсак, 2002|2003 йиллар мавсуми (биринчиси) саралаш босқичларида нақ 53та жамоа қатнашиб, шундан 16таси гуруҳ раундида ўйнаганди. Бу йил эса ОЧЛ катта йўлга 52та (улардан 24таси гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олди) жамоа билан чиқди. Қуйида Ўзбекистон вакиллари ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш йўлидаги сўнгги маррада қайси жамоалар синовидан ўтишгани хусусида маълумот бермоқчимиз.

 

Мавсум-2012

2011 йилги чемпионат совриндорлари - «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Насаф» ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олган, «Нефтчи» эса саралашда БАА клуби тўсиғидан ўтиши керак эди. Фарғоналикларга ўшанда халқаро тажрибанинг йўқлиги панд берган. Дарвоқе, «Нефтчи» дарвозасига урилган голлардан бирини «Ал-Шабаб»да иккинчи мавсумини ўтказаётган ҳамюртимиз Азиз Ҳайдаров урганди.

2012 йил 18 февраль. Дубай. «Мактум бин Рашид ал Мактум» стадиони. 2000 томошабин. «Ал-Шабаб» (БАА) - «Нефтчи» - 3:0. Бош ҳакам: Муҳсин Турки (Эрон). Голлар: Эсса Обайд (6, 60), Азиз Ҳайдаров (90}3).

 

Мавсум-2013

2012 йили чемпионатимизда «Пахтакор», кубок турнирида эса «Бунёдкор» ғолиб чиққанди. «Локомотив» эса 3-ўрин билан чекланган эди. 2013 йилги саралашда атиги 6та жамоа қатнашди. Тошкент клуби ҳал қилувчи ўйин бошида тўпни назорат қилган ҳолда, устунликни қўлга олишга уриниб кўрди. Аммо кейинчалик «Ал-Наср» ўзини ўнглаб, 30-дақиқада ҳисобни очди. Ўша вазиятда «Катания» клубининг собиқ ҳужумчиси - япониялик Такаюки Моримото ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев хатосидан унумли фойдаланганди.

2013 йил 9 февраль. Дубай. «Ал Мактум» стадиони. 3825 томошабин. «Ал-Наср» (БАА) - «Локомотив» - 3:2. Бош ҳакам: Масааки Тома (Япония). Голлар: Такаюки Моримото (30), Ҳабиб ал Фардан (78), Лео Лима (89-пен.) - Виктор Карпенко (71), Акмал Холматов (76).

 

Мавсум-2014

2013 йили «Бунёдкор» «олтин дубль» қайд этди. Чемпионатда 2-3-ўринлар эса «Локомотив» ва «Насаф»га насиб этди. Бу икки жамоа ОЧЛ саралашида қатнашиб, иккинчи раунддаёқ «йиқилди». Бугунги стандарт билан айтсак, ҳар икки жамоа гуруҳ босқичидан олдинги сўнгги раундга чиқолмаганди.

 

Мавсум-2015

Атиги 5 йил олдин ўзбек футболи вакили амбиция ва юқори мотивация ҳисобига гуруҳ босқичига йўл олганди. Яъни «Бунёдкор» чемпионатни совринсиз якунлаганига қарамай, БАА­да бронза медалини ютган клубни ҳар томонлама мағлуб этганди. Гуруҳ ўйинлари эса «Бунёдкор»нинг янги юлдузлари учун ҳақиқий намо­йиш майдонига айланди. Айнан ОЧЛдаги мураккаб ўйинлар орқали аксарият иқтидорлар катта клубларга учирма бўлишга тайёрландилар. Жумладан, Сардор Рашидов ўша мавсум ўрталарида Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби сафига қўшилди.

2015 йил 17 февраль. Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 9263 томошабин. «Бунёдкор» - «Ал-Жазира» (БАА) - 2:1. Бош ҳакам: Алиризо Фағони (Эрон). Голлар: Воҳид Шодиев (23), Сардор Рашидов (52) - Али Мабҳут (45}1-пен.).

 

Мавсум-2016

2015 йили «Бунёдкор»нинг матонат билан олиб борган кураши унга 4-ўринни тақдим этди. Ўша мавсум 3та жамоамиз («Пахтакор», «Насаф» ва «Локомотив») гуруҳ бос­қичига тўғридан-тўғри йўл олганди. Ёшлардан таркиб топган «Бунёдкор» эса ўзгача мотивация эвазига улар ёнига қўшилди. Тошкентдаги ўйиннинг бошидаёқ Достонбек Ҳамдамов - Элдор Шомуродов боғлами самара келтирди, 35-дақиқада эса ассистентлик ролини Акром Комилов бажаради. Рақиб таркибида Азиз  Ҳайдаров ўйнаганини ҳам эслатиш жоиз.

2016 йил 9 февраль. Тошкент. «Бун­ёдкор» стадиони. 9485 томошабин. «Бунёдкор» - «Ал-Шабаб» (БАА) - 2:0. Бош ҳакам: Ким Донг Жин (Ж.Корея). Голлар: Элдор Шомуродов (2, 35).

Мавсум-2017

«Бунёдкор» ва «Насаф» ўша пайт­даги таркиби билан ОЧЛ гуруҳ босқичига муносиб эди. Фақат 6та ўйинли гуруҳ босқичини қай тариқа ўтказиши масаласида саволлар бор эди. «Бунёдкор»нинг пенальтилар сериясидан қандай ўтгани кўпчилик ёдида бўлса керак. Дарвозабон Мурод Зуҳуров юксак маҳоратини намойиш этган, рақиб вакиллари Ромариньо ва Сардор Рашидов эса серия бошидаёқ «нуқта»дан зарба беришда адашишганди. Хуллас, «қалдирғочлар»нинг 4-пенальтини тепишларига ҳожат ҳам қолмаганди.

Факт. «Бунёдкор» футболчилари ўша баҳсда 6 марта «офсайд» ҳолатига тушиб қолишган, 18 марта қўполлик ишлатишган.

2017 йил 7 февраль. Ал-Ҳаса. «Шаҳзода Абдуллоҳ бин Жалави» стадиони. 7439 томошабин. «Ал-Фотиҳ» (С.Арабистони) - «Насаф» - 1:0. Бош ҳакам: Ко Хюнг Жин (Ж.Корея). Гол: Укра (45}1).

2017 йил 7 февраль. Доха. «Абдуллоҳ бин Халифа» стадиони. 1150 томошабин. «Ал-Жаиш» (Қатар) - «Бунёдкор» - 0:0 (пен. - 1:3). Бош ҳакам: Адҳам Маҳадмеҳ (Иордания). Пенальтидан фойдаланган футболчилар: Муҳаммад Мознани - Достон Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Элдор Шомуродов.

 

Мавсум-2018

«Пахтакор»да амбиция кучли, таркиби ҳам «Насаф»дан олинган футболчилар билан кучайтирилганди. «Шерлар» ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати эйфориясидан қутулмай туриб, мақсадга эришишни кўзладилар. Бироқ айни шу эйфория Тошкент клубига бироз панд берди. «Насаф» эса анча кучсизланган, Иордания клубига қарши баҳсда ҳаттоки, фидойи мухлислар ҳам жамоадан ортиқча нарса кутишмаганди. Муҳими, Қарши клуби ҳал қилувчи ­ўйинни юқори нотада ўтказиб, гуруҳ бос­қичига дадиллик билан чиқди.

2018 йил 30 январь. Ал-Райян. «Тани бин Жассим» стадиони. 2936 томошабин. «Ал-Гарафа» (Қатар) - «Пахтакор» - 2:1. Бош ҳакам: Моҳаннад Қосим (Ироқ). Голлар: Уэсли Снейдер (21-пен.), Диего Карлос Корреа (28) - Жасур Ҳакимов (90}3).

2018 йил 30 январь. Қарши. «Марказий» стадиони. 12843 томошабин. «Насаф» - «Ал-Файсали» (Иордания) - 5:1. Бош ҳакам: Хироюки Кимура (Япония). Голлар: Игорь Голбан (12), Бобур Абдухолиқов (49), Азиз Ғаниев (52), Драган Черан (61-пен.), Ёсир ал Равашдеҳ (87-авт.) - Албан Меҳа (90}4).

Мавсум-2019

Ҳал қилувчи баҳснинг 14-дақиқасида бош ҳакам Одил Ҳамробеков тўпни қўл билан ўйнаганини кўрсатиб, «Пахтакор» дарвозаси томон пенальти белгилади. Альваро Негредо зарбасидан сўнг эса тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Дубайдаги ОЧЛ саралаш ўйини «шерлар» учун шундай ҳадикли бошланди. Кейинчалик ҳаммаси жойига тушди ва тўп назорати тошкентликлар томонига ўтди. Якунда «Пахтакор» ортга гуруҳ раунди йўлланмаси билан қайтди. Дарвоқе, қўшиб берилган дақиқаларда Санжар Қувватов дарвоза тўққизлигига кираётган тўпни катта маҳорат билан қайтариб, мухлислар олқишига сазовор бўлди. Ўз тарихида илк марта ОЧЛда иштирок этган АГМКгаэса хал­қаро тажриба етишмагани етишмагани айни ҳақиқат. Миржалол Қосимов шогирдлари Ар-Риёдда «Ал-Наср»­га етарли қаршилик кўрсатолмадилар. Ваҳоланки, Олмалиқ жа­моаси танаффусга қадар яхши ҳаракатланиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди. Аммо иккинчи бўлимда урилган тезкор гол... Тўғри, АГМК шунда ҳам ҳужумлар ташкил қилди, фақат яратилган кам сонли вазиятлардан фойдаланолмади.

2019 йил 19 февраль. Дубай. «Ал-Мактум» стадиони. 4254 томошабин. «Ал-Наср» (БАА) - «Пахтакор» - 1:2. Бош ҳакам: Рюжи Сато (Япония). Голлар: Альваро Негредо (59-пен.) - Драган Черан (31-пен.), Марат Бикмаев (50).

2019 йил 19 февраль. Ар-Риёд. «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» стадио­ни. 6915 томошабин. «Ал-Наср» (С.Арабистони) - АГМК - 4:0. Бош ҳакам: Муҳаммад Тақи (Сингапур). Голлар: Омар Иброҳим Ҳавсавий (55), Султон Ал Ғанам (62), Жулиано (80, 90+3).

***

Демак, ОЧЛ-2020 саралаши сўнгги раундининг барча жуфтликлари билан танишинг. 28 январь:
“Ал-Аҳли” (С.Арабистони) – “Истиқлол” (Тожикистон)
"Ал-Аин" (БАА) – "Бунёдкор" (Ўзбекистон) “Ал-Сайлия” (Қатар) – “Истиқлол” (Эрон)  “Ал-Райван” (Қатар) – “Шахр Хадро” (Эрон) “Сеул” (Ж.Корея) – “Кедах” (Малайзия) “Шанхай СИПГ” (Хитой) – “Бурирам Юнайтед” (Таиланд) “ФК Токио” (Япония) – “Церес” (Филиппин) “Кашима Антлерс” (Япония) – “Мельбурн Виктори” (Австралия)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz