Қайднома

Қидирув

Буй ил очил, ғунча!

Буй ил очил, ғунча!

  29.01.2020 03:15
  0
  365
Буй ил очил, ғунча!

Қуйидаги мақола янги йил давомида порлаши тахмин қилинаётган 10 нафар ёш иқтидорга бағишланган. Кўплаб эскпертлар бу йигитларнинг янги савияга кўтарилишларига шубҳаланмаяптилар. Демак, ҳар эҳтимолга қарши, улар билан бирров танишиб чиқамиз.

Ибраима КОНАТЕ («РБ Лейпциг») - марказий ҳимоячи

Устун жиҳатлари: тўпни олиб қўйиш, жисмоний қувват, тезлик

Конате ёш мураббий Юлиан Нагельсманнинг ёқимтой шогирдларидан бири. У яқин-яқингача Вилли Орбан «соя»сида юрганди. Жамоадоши жароҳатлангач, майдонга тушиш имкониятига эга бўлди. Шу тариқа франциялик 20 ёшли марказий ҳимоячи Дайо Упамекано билан яхши чиқишиб, асосий таркибга ўрнашиб олди.

Эсекьель ПАЛАСИОС («Байер») - марказий ярим ҳимоячи

Устун жиҳатлари: тезкорлик, олис масофадан бериладиган зарбалар

Либертадорес кубоги финалигача етиб борган «Ривер Плейт»нинг етакчи ўйинчиси. Паласиос техник маҳорат, ҳимояда ишончли тўп суриш ва ўйинни теран англаш каби хислатлар билан дўстлашиб олган. Тўғри, баъзан қизиққонлиги панд бериб қўйиши мумкин. Дейлик, Либертадорес кубоги ҳал қилувчи баҳсида қизил карточка олиб, жамоасининг мураккаб вазиятда қолдирганди. Эсекьель яна Football Manager афсонаси.

Виктор ОСИМХЕН («Лилль») - ҳужумчи

Устун жиҳатлари: тезлик, ҳужумга нуқта қўйиш

Виктор мавсумнинг биринчи ярмидаёқ мукаммал ўйин кўрсатди - 24та учрашувда 13та гол урди. Осимхенни «Арсенал»га ўтиб кетган Николя Пепега ўхшатмоқдалар. Дарҳақиқат, у тезлик, техника, дриблинг, ҳужумларни ниҳоясига етказиш каби жиҳатлар бобида айнан Пепени эслатмоқда.

Бубакари СУМАРЕ («Лилль») -марказий ярим ҳимоячи

Устун жиҳатлари: барқарорлик, техника, жисмоний қувват

Жиддий жамоалар эътиборини тортаётган «Лилль» бағридаги яна бир иқтидор. Сумаре - Поль Погбанинг «нусха»си. Жисмонан бақувват йигит дриблинг ёрдамида тўпни истаган нуқтага элтиб, керакли паллада узун узатмалар эвазига ўйинни жонлантиради.

Дониэлл МАЛЕН (ПСВ) - ҳужумчи

Устун жиҳатлари: тезлик, зарба, ҳужумга нуқта қўйиш

Бу футболчи 20 ёшида Нидерландия Эредивизионида юлдуз мақомига эришди. Дониэлл жумладан, кузда «Витесс» дарвозасини нақ 5 марта ишғол этиб, Леонид Слуцкийнинг мавқеига жиддий путур етказганди. Ҳужумчи янада ёрқинроқ ва сермаҳсул ўйнаш имкониятига эга, унда афсонавий тўпурарларнинг барча хислатлари мавжуд. Мален энди шу савиясини нуфузли лигаларда ҳам кўрсата олса, бас. Бинобарин, унинг ПСВда узоқ вақт қолмаслигига шубҳа йўқ.

Ферран ТОРРЕС («Валенсия») -

ўнг қанот ярим ҳимоячиси

Устун жиҳатлари: креативлик, зарба, узатма

«Реал» бир неча йилдан буён валенсиялик вингерни ўз сафига жалб этишга уринмоқда. Торрес эса Мадридга йўл олишга шошилмаяпти. Ҳозирча у «кўршапалаклар» асосий таркибидан ҳам мустаҳкам жой олгани йўқ, бу борада россиялик Денис Черишев билан рақобатлашмоқда. Энг муҳими, Ферран ўз маҳоратини намойиш этиш уддасидан чиқмоқда. Ферран фақат қанотда тўп суриш билан чекланиб қолмайди, у ностандарт қарорларни қабул қилади, дриблинг ёрдамида марказга кўчиб, зарба йўллашни хуш кўради.

Манор СОЛОМОН («Шахтёр») -

ҳужумкор ярим ҳимоячи

Устун жиҳатлари: тезлик, техника

Исроиллик футболчи ЕЧЛ баҳсларида ўзини кўрсатишга улгурди. Хусусан, «Манчестер Сити»дек рақиб дарвозасини ишғол этди. Бу фақат бошланиши, холос. Таажжубки, «кончилар» Соломон харидидан кейин маълум даражада қийинчиликларга дуч келишди. Чунончи, Манорнинг 32 ой Исроил армиясида хизмат қилиши шартлиги аён бўлди. Тўғри, якунда исроилликлар футболчининг илтимосини қондириб, уни ҳарбий мажбуриятдан озод этишди. 20 ёшли хавбек ҳозирда Украина Премьер-лигасида ёрқин ўйин кўрсатиб, номдор жамоага ўтиш учун замин тайёрламоқда. Яъни у Фернандиньо, Виллиан ва Дуглас Коста каби футболчилар йўлидан бормоқчи.

Сандро ТОНАЛИ («Брешия») -таянч ярим ҳимоячиси

Устун жиҳатлари: узатма, стандарт вазиятлар

Итальян йигити кўпчиликка таниш. Уни ҳозирдан Италия терма жамоасига жалб этишмоқда. Матбуот эса Сандрони «янги Пирло» мақоми билан сийлашга улгурди. Тонали чиндан ҳам, буюк ҳамюртига хос хислатларга эга - бир қарашда суст кўринган ҳаракати кутилмаганда, нафис дриблингга айланади. Тонали яна яккама-якка курашларда рақибни доғда қолдириш ҳадисини ўзлаштирган. Асосийси, Пирлодан фарқли равишда, рисоладагидек тезлиги ҳам бор. Шунингдек, жамоадошлари ҳаракатларини бошқаришни ўрнига қўяди, жарима зарбалари эса - чинакам эртак.

Деян КУЛУШЕВСКИ («Ювентус») -қанот ҳужумчиси

Устун жиҳатлари: тезлик, техника, зарба

Македонияликлар авлодига мансуб швециялик футболчи «Ювентус»нинг қишки трансферлар давридаги дастлабки хариди бўлди. Жамоа уни ўз таркибига қўшиб олиш учун «Аталанта»га нақ 35 млн. евро тўлади. Қизиғи шундаки, Деян бергамоликлар сафида атиги 102 дақиқа тўп сурган, юксак маҳоратини эса «Парма»даги ижара даврида намойиш этди - 17та учрашувда 4та гол ва 7та самарали узатма. Айтганча, Кулушевски жорий мавсумни айнан «Парма»да якунлайди ва ёзда Турин суперклуби сафига қўшилади.

Сандер БЕРГЕ («Генк») -таянч ярим ҳимоячиси

Устун жиҳатлари: дриблинг, узатма, жисмоний қувват

Сандер ҳозир 21 ёшда, лекин у Бельгия чемпионатида нисбатан кўпроқ ушланиб қолди. Яккама-якка курашларда тўпни олиб қўйишни ўрнига қўядиган футболчи дриблинг эвазига рақиб ҳимоясини ёриб ўтишни хуш кўради. Айни пайт Берге учун жиддий кураш авжига чиқди. Тахмин қилиш мумкинки, у «Генк» билан тез орада хайрлашади...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz