Қайднома

Қидирув

Монтевидеолик «Д`артаньян»

Монтевидеолик «Д`артаньян»

  29.01.2020 05:24
  0
  389
Монтевидеолик «Д`артаньян»

«МЮ»даги француз Поль Погбанинг Мадридга кўчиб ўтиши кечикди, бунга ким сабабчи бўлганини биласизми? Журналистлар мухлисларимизни «Реал» клубининг уругвайлик ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде билан яқиндан таништиришни лозим топишди.

«Реал»нинг мавсум давомида қанчалик ўзгарганини сездингизми? Стартга жуда оғир киришган «Қироллик клуби» кутилмаганда енгил ва хотиржам тўп сура бошлади. Ўйин суръати кўтарилиб, маҳсулдорлик ошди, ҳимоя чизиғи ишончли ҳаракат қилмоқда. Оқибатда сентябрда авжига чиққан мавзу - Зиданнинг истеъфоси кун тартибидан тушиб қолди. Бунга франциялик мураббийнинг асосий таркибга ёш ярим ҳимоячини жалб этгани сабаб бўлди.

Ҳа, 21 ёшли уругвайлик Федерико Вальверде жамоа ўйинини ўзгартириб, устозини танқидлардан, таъбир жоиз бўлса, истеъфодан халос этди. Ярим ҳимоячи «Реал» марказини кучайтирди. Таажжубки, Лука Модрич, Тони Кроос ва Каземиролар тўп сурадиган чизиқни.

Феде Вальверде тилга олинганда, аввало, кўз олдимизга прессинг келади. Бу борада уругвайлик иқтидор соҳиби - қирол! Ҳа, унинг тиниб-тинчимаслиги марказда мадридликлар устунлигини таъминламоқда. Рақибдан тўпни тортиб олиш, узатмаларни йўққа чиқариш ва тўпни назорат қилиш билан Вальверде улкан иш ҳажмини адо этмоқда. Шу тариқа у Каземиро ва Кроосни ҳимоявий юмушлардан озод этди. Феде келишидан аввал жамоа чемпионат доирасида 8та тўп ўтказиб юборганди, у таркибга қўшилганидан кейин 2 баравар оз.

Жанубий Америка вакили ўз жамоадошлари хатоларини тузатишда ҳам ишончли ҳаракат қилади. У туфайли ҳужумчилар тўп йўқотилган паллада зудлик билан ортга қайтиш заруратидан фориғ бўлишди. Чунки орқароқда Вальверде кўмакка тайёр.

Лекин Феденинг вазифаси фақат рақиблар ҳужумини тўхтатиш эмас. Албатта, яратувчанлик бобида у Модрич ёки Кроос билан беллаша олмайди. Аммо ёш, тезкор ва чидамли, тўпни қадрлайди. Вальвердени аниқ узатмалар устаси, дея олмаймиз. Шу боис, иложи борича диагональ узатмаларда узоқроқ бўлишга интилади, кўпроқ олға интилади. Феденинг майдонга тушиши «Реал»нинг ўйин шиддатини оширди, ҳужумкорликни кучайтирди. Натижада жамоа камроқ гол ўтказиб юборадиган бўлди, ўзининг сермаҳсуллиги эса 2 бараварга ошди. Қаҳрамонимиз ҳам 2та гол уришга эришди. Марказий ҳимоячи учун ёмон кўрсаткич эмас. Лекин янада яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эди, қачонки, Феде ўзининг замбарак зарбаларидан кўпроқ фойдаланганида. Бироқ қаҳрамонимиз баъзан номдор жамоадошлари ёнида ўзини камтар тутади, гарчи машҳурлар даврасига анча кўникиб қолган бўлса ҳам. Худди қироллик мушкетёрлари полкидаги Д`Артаньян каби.

Вальверде ўзининг энг ёрқин ўйинини «эль класико»да намойиш этди. «Камп Ноу»даги сўнгги қарама-қаршиликда «Реал» «Барселона»дан ишончлироқ тўп сурди. Аввало, меҳмонлар майдон эгаларини марказдаги устунликдан жудо қилишди. Чемпионнинг бош мураббийи уругвайлик фамилиядоши қаршилигини бартараф этиш йўлини топа олмади. Натижада учрашув 0:0 ҳисобида, 1-давра эса қўшҳокимлик билан ниҳоясига етди. Хуллас, ҳаммаси мавсумнинг 2-ярмида ҳал бўлади.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири шуки, «Реал» нафақат ўта меҳнатсевар ва савияли футболчи, балки камтарин ва машҳурликка ҳирс қўймаган, фақат футболни ўйлайдиган жангчига эга бўлди. Феде доимо Зидан ўгитларини диққат билан тинглайди. Аммо фақат тинглашнинг ўзи манфаат бермайди - мураббий ғояларини яхши тушуниш ва майдонда амалга ошириш лозим. Феде буни уддаламоқда. Ёш шогирди тимсолида Зайниддин ўз навқиронлигини кўраётган бўлса, ажабмас. У ҳам 21 ёшли даврида ҳайратланарли иқтидор соҳиби эди.

Уругвай пойтахти Монтевидеода таваллуд топган Федерико Вальверде ўз фаолиятини мамлакатнинг энг номдор клуби - «Пеньярол»да бошлади. 17 ёшида асосий таркибда майдонга туша бошлади. Бироқ жонажон жамоаси либосида 16та ўйин ўтказишга улгурди, холос. Чунки уни «Реал» скаутлари кузатиб юришганди. 2016 йилнинг июлида ёш ярим ҳимоячи 5 млн. евро эвазига Мадридга йўл олди.

Лекин Испания пойтахтига келиш билан гранд сафидан жой ола билиш ўртасида улкан тафовут борлиги ҳеч кимга сир эмас. Аввалига уругвайлик легионер «Кастилья»га ижарага юборилди. Ўринбосарлар устози Сантьяго Солари унинг иқтидорини юқори баҳолаб, асосий таркибдан жой берди. Феде қисқа вақт ичида Сегунда В лигасидан нуфузлироқ мусобақада тўп суришга тайёр эканлигини исботлагач, «Депортиво»га ўтказилди. Бироқ ўша паллада «Депор» аввалги нуфузини йўқотиб улгурган, элитада жон сақлаб қолиш учун курашаётган аутсайдер эди. Уриниш самарасиз якунланиб, жамоа Ла Лигани тарк этди.

Бу ёғига нима қилиш мумкин? Феде «Депор» сафида қолиб, Сегундада тўп суришга қарши эмасди. Лекин «Реал» тасарруфида бўлган ҳолда, албатта. Бироқ мадридликлар ижара муддатини узайтиришни истамадилар. Жамоанинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги ярим ҳимоячига имкон беришга қарор қилди ва уни АҚШ сафарига олиб кетди. Феде асосий таркибда дебютини нишонлаган бўлсада, мунтазам майдонга тушиш ҳуқуқини қўлга киритолмади. Фақат захирадан майдонга тушиш билан кифояланишга мажбур бўлди. Вазият Лопетеги даврида ҳам, Солари ва Зиданлар даврида ҳам ўзгармади. Футболчи эса, табиийки, 15-20 дақиқалик иштирокни орзу қилмаганди. Ижарага рухсат сўраганида эса Зидандан рад жавобини олди: «Ҳали бизга керак бўлиб қолишинг мумкин».

Мадриддаги фаолиятига булутлар соя сола бошлаганида, мураббий Федени жангга ташлади ва тез орада хато қилмаганига амин бўлди. Вальверде устози ишончини оқлаш билан чекланиб қолмади, балки кутилганидан кўра мукаммалроқ ўйин кўрсатди. Афтидан, «Реал» узоқ вақт давомида барқарор тўп сура оладиган ажойиб ўйинчига эга бўлган кўринади. Шунингдек, Уругвай терма жамоасида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз бериши кўпчилик мутахассислар томонидан тахмин қилинмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz