Қайднома

Қидирув

Шамиль Ярулин: «Аввал қарздорлик масаласини ҳал қилиш керак»

Шамиль Ярулин: «Аввал қарздорлик масаласини ҳал қилиш керак»

  29.01.2020 09:27
  0
  538
Шамиль Ярулин: «Аввал қарздорлик масаласини ҳал қилиш керак»

Айни пайт Суперлига вакиллари қатори Про-лига жамоалари ҳам янги мавсум тайёргарлигини қизғин давом эттиришмоқда. Қуйи дивизион иштирокчиларидан бири бўлган «Шўртан»нинг ҳам бу борада ўз режалари бор. Яқинда Ғузор клуби матбуот хизмати «оқ бўрилар» раҳбариятида иш бошлаган Шамиль Ярулин билан суҳбат қуриб, жамоа атрофида юз бераётган янгиликлар хусусида маълумот олди.

- Шамил Самигулович, айтинг-чи, клубда қайси вазифада иш бошладингиз?

- Бош менежер лавозимида фаолият олиб боряпман.

- Биринчи галда қилинадиган ишлар режасига нималарни киритдингиз?

- Энг аввало, клуб ишчи-ходимлари, мураббийлар ва футболчилар олдидаги маош бўйича қарздорлик масаласини ҳал этиш керак.

- Қарздорлик муаммоси қачон бартараф этилиши кутилмоқда?

- Тезлик билан ҳал қилишимиз зарур. Негаки, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси талабларига кўра, клубларда қарздорлик масаласи ҳал этилмаса, янги мавсумда мусобақада иштирок этишга қўйилмайди.

- Про-лига жамоаларининг аксарияти янги мавсум тайёргарлигини аллақачон бошлаб юборишган. Бу борада «Шўртан»да қандай янгиликлар бор?

- Шу кунларда йиғин бошлашни режалаштириб турибмиз. Юқорида айтганимдек, қарздорлик масаласини ижобий ҳал этсак, ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетади.

- Янги мавсумга жамоани бош мураббий сифатида ким тайёрлайди?

- Ушбу масъулиятли лавозимга мамлакатимизнинг таниқли мутахассисларидан бири, ўтган мавсум якунларига кўра «Машъал»ни Суперлигага олиб чиққан, қолаверса, ўз вақтида «Шўртан»да ҳам футболчи, ҳам мураббий вазифасида фаолият юритган Асрор Алиқуловни таклиф қилдик.

- Демак, мухлисларга унинг «Шўртан» бош мураббийи бўлгани ҳақида хабар берсак бўладими?

- Ҳа. Мавсум-2020да «Шўртан» бош мураббийи сифатида Алиқулов ишлайди.

- У билан шартнома қанча вақтга тузилди, ёрдамчилари кимлар бўлади?

- Бу ҳақда бош мураббийнинг ўзи гапиргани маъқул, деб ўйлайман.

- Фикрларингиздан маълум бўлишича, жамоа олдига бу мавсум Про-лига ўйинларида энг юқори ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилади, чоғи?

- Жорий йилги энг асосий мақсадимиз - «Шўртан»ни Суперлигага олиб чиқиш.

- Бир неча йиллардан буён «Шўртан-Леди» аёллари ҳам мусобақаларда иштирок этиб келишмоқда. Ушбу жамоанинг кейинги тақдири нима бўлади?

- Қизларимиз Ўзбекистон ПФЛ байроғи остида ўтказиладиган барча турнирлардаги иштирокни давом эттиришади. Фақат бу йилдан эътиборан жамоа биринчи лигада қатнашади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz