АПЛнинг мутлақ етакчиси «Ливерпуль» 23-тур доирасидаги учрашувда «МЮ»ни ҳам чиройли тарзда енгди - 2:0. «Қизиллар» бош мураббийи Юрген Клопп шу учрашувдан кейин машҳур The Sun газетасига интервью бериб, айрим ҳамкасбларини танқид остига олди. Хўш, кимларни, немис мутахасисига айнан нима маъқул келмаяпти?
- Юрген, янги қоидаларга кўра, ҳакамлар эндиликда қизил карточкани «сариқ»қа алмаштиришлари мумкин. Яъни улар ўз қарорларига шубҳаланишса, мониторда такрорий лавҳани қайта кўриш имкониятига эгалар. Бу қоидага муносабатингиз?
- Тўғриси, экран борлиги учун шундай янгиликларга қўл урилаётгандек. Жиддий гапирганда, бу қарорнинг асл моҳиятини тушунганимча йўқ. Агар янгилик адолат бузилмаслигига хизмат қилса, бу яхши. Бироқ иккинчи томондан қарасак, энди ўйинларда тўхталишлар янада кўпаяди. Ахир АПЛнинг ҳар бир учрашувида баҳсли ҳолатлар юзага келади. Янги қоида ҳақида ёзилган мақолалар билан танишиб чиқдим. Тушунишимча, ҳакам фақат қизил карточка кўрсатган ҳолатдагина видеотакрордан фойдаланиши мумкин. Демакки, рефериларнинг иложи борича тўғри қарор чиқаришлари йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда.
- «Ливерпуль» ва «МЮ» ўртасидаги буюк рақобат хусусида нима дея оласиз?
- Гап АПЛ учун ўта муҳим саналган қарама-қаршилик ҳақида кетмоқда. Бу ўйиндаги ғалабанинг қадри анча баланд, лекин айни ҳозирги ҳолатда АПЛдаги барча рақибларга худди «Юнайтед»га ёндашгандек жиддий қараяпмиз. Зеро, ҳар бир клуб «Ливерпуль» учун чинакам рақибга айланиб қолди. Ўйлашимча, ҳали кўп жиҳатларни ўрганишимиз, мукаммаллик сари изланишда давом этишимиз шарт. Масалан, азалий рақибларга қарши баҳсларга тўғри ёндашишни. Ҳа, жамоам чемпионатнинг ортда қолган масофасида чакки ўйин кўрсатмади, лекин қайтараман, янада ўсишни тақозо этадиган омиллар етарлича топилади. Мана, «МЮ» билан ўйинни олайлик. Гарчи футболчилар мукаммал спорт формасида бўлмасаларда, майдонда бор кучларини ишга солишди, асло тўхташгани йўқ. Хуллас, жамоа қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, ҳар доим шундай ишончли кўринишимиз шарт.
- Бу сафарги ўйин савиясидан қониқдингизми?
- Аслида бу ўринда «МЮ» билан рақобатимиз тарихи аҳамиятсиз. Бинобарин, «Ливерпуль» ҳам, «Юнайтед» ҳам юлдузли даврларни бошдан ўтказган. Ҳар бир тўқнашувдан олдин қайсидир томон фаворит сифатида майдонга тушади, аммо бу мақом ҳеч нарсани англатмайди. Чунки ҳар икки клуб ўз ҳолатидан қатъий назар, фақат ғалабани кўзлайди, борича курашга киришади, энг кучли жиҳатларини кўрсатишга уринади. Охирги ўйин савиясига келсак, нимадир дейишим қийин. Ҳамманинг назарида принципиал ҳисобланган қарама-қаршилик 2 йилки, умуман бошқача кўриниш олмоқда. Ўтган йили бу ҳақда ҳаттоки, Сульшер билан ҳам гаплашдим. Эҳтимолки, у гапларимга қўшилмагандир, аммо ўз фикримда қоламан. «МЮ» бугунги кунда бизга қарши баҳсларда асосан ҳимоядан тўп сурмоқда. Тўғри, бу масалада Сульшерга айнан нималар деганим эсимда йўқ, лекин «МЮ»нинг бизга қарши ҳимоявий ўйин кўрсатаётгани - факт! Сифатли таркибга эга кучли жамоа сенга қарши учрашувда ҳимояни биринчи ўринга қўйишини кузатиш бироз ғалати. Азалий рақиблар ўртасидаги учрашувда ҳимоявий ҳаракат? Кечирасизлару, бундай тўқнашувларда ҳақиқий жанг кузатилиши керак!
Жорий мавсум нафақат «қизил иблислар», балки «Тоттенхэм»га қарши ўйинимизда ҳам шундай манзара кузатилди. Буни кўпчилик тасдиқласа керак. Дейлик, ўйиннинг 70 дақиқаси ортда қолган бир паллада тўп назорати 80-20 фоизга тенг эди. Марказий учрашувда шундай бўлишини оқлаш мумкинми? Тан оламан, бу жамоаларда қарши ҳужум жуда яхши йўлга қўйилган. Йўқ, улар фақат қарши ҳужумга ёпишиб олган эмас. Шунчаки, рақибни қарши ҳужумда жазолашни асосий ўйин фалсафасига айлантирган, холос... Кўпчилик бу гапларимни танқидга йўйиши мумкин, бироқ ўз қарашимни ўзгартирмайман, барибир. Шунчаки, кўзим билан кўраётган воқеаларга изоҳ беряпман. Рақибларнинг биз билан ўйинларда ҳимояга таяниши ишимизни оғирлаштирмоқда. Ваҳоланки, жамоам айниқса, йирик тўқнашувларда очиқ футбол намойиш этишини хоҳлайман.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20