Қайднома

Қидирув

Отабек Ғуломхўжаев: «Наманганда иқтидорлар етиштириш анъанаси тўхтаб қолгандек»

Отабек Ғуломхўжаев: «Наманганда иқтидорлар етиштириш анъанаси тўхтаб қолгандек»

  01.02.2020 02:17
  0
  347
Отабек Ғуломхўжаев: «Наманганда иқтидорлар етиштириш анъанаси тўхтаб қолгандек»

Маҳоратли ёш мураббийлардан бири Отабек Ғуломхўжаев ўтган мавсумнинг 2-даврасидан «Навбаҳор»да селекционер мураббий сифатида иш бошлаганди. Жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган «лочинлар» таркиби кучайтирилмоқда ва бунда Ғуломхўжаевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. У яқинда «Навбаҳор» мураббийлар штабидан жой олди. Наманганликларнинг дастлабки ўқув-машғулот йиғини якунида Отабек Ғуломхўжаев билан суҳбатлашиб, унинг фикрларини ёзиб олдик.

«Навбаҳор»га келиши ҳақида

- «Навбаҳор»да ўтган йилнинг 2-даврасидан иш бошладим. Бунгача Ўзбекистон U-19 ёшлар термаси ҳамда «Бунёдкор» академиясида фао-лия­т олиб бораётгандим. Ўшанда «Бунёдкор» U-21 жамоасининг маҳоратли ярим ҳимоячиси, асли наманганлик Абдулҳай Исмоиловга «Навбаҳор»дан қизиқиш бўлди. Уни шахсан Наманган вилояти ҳокими «Навбаҳор» сафида кўришни хоҳлаганди. Шу тариқа Абдулҳай «Навбаҳор» аъзосига айланди. Хайрулла Ҳайитбаевич билан суҳбатлашганимда, Наманганда иқтидорли ёшлар кўп эканлиги, «Навбаҳор»га селекция ишлари билан яхши шуғулланадиган, ёш футболчиларнинг потенциалини, маҳоратини юзага чиқара оладиган, улар билан ишлашни биладиган мутахассис кераклигини таъкидладилар. Шундан сўнг «Навбаҳор»дан таклиф олиб, жамоада иш бошладим. Абдулҳай Исмоилов борасида батафсил тўхталадиган бўлсам, у ўтган мавсум Суперлигада дебютини нишонлади. Аммо тажрибанинг бироз камлиги боис, жамоа ўйинига киришиб кетолмади. Бунга бироз вақт керак эди. Қолаверса, жароҳат ҳам иқтидорини тўлиқ намойиш этишига тўсқинлик қилди. Айни пайт Исмоилов машғулотларда астойдил тер тўкяпти ва умид қиламанки, янги мавсумда нималарга қодирлигини намойиш эта олади.

Жамоадаги селекция ишлари ҳақида

- Селекция ишларини жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскис билан келишган ҳолда олиб боряпмиз. «Навбаҳор» - ўз тарихига эга шонли клуб, унинг сафида ўйнаш ҳар бир футболчи учун шараф ҳисобланади. Биз кўплаб футболчилар билан алоқага чиқдик, айни пайт ҳам музокаралар давом этяпти. Умуман олганда, ўтган мавсумдаги таркиб ўзагини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, яқинда жамоага қўшилган Ислом Исоқжонов, Хуршид Мухторов, Ислом Рашидхонов ва Тоҳир Шамситдинов ҳам анча иқтидорли йигитлар. Бундан ташқари, Туркиядаги йиғинда яна савияси юқори бўлган 2-3 нафар маҳаллий футболчилар «Навбаҳор» таркибига қўшилишади. Ҳозирча музокара олиб борилаётганлиги сабабли уларнинг исмларини айтолмайман.

Бундан ташқари, Андрей Антанасовичнинг гапларига кўра, Туркияда таркибга топ даражадаги легионерлар қўшилишаркан. Кези келганида шуни таъкидлаш жоизки, селекция ишлари йил бўйи давом этади. Ўзбекистон олимпия термасидаги айрим футболчиларнинг клубларига расмий хат ёзиб, таклиф билан чиқилган. Уларнинг аксарияти ўз жамоаси билан шартномага эга. Бундан ташқари, бу футболчилар ўз клубларида етакчи саналишади. Шунинг учун жамоалари уларни осонликча қўйиб юбормайди. Бироқ олимпия термаси аъзоларининг айримлари билан олиб борилаётган музокаралар ижобий якун топишидан умидвормиз.

Тўғри, маҳоратли ярим ҳимоячи Остон Ўрунов ҳам «Навбаҳор»га таклиф этилганди. Лекин у хорижда ўйнашни маъқул кўрди ва бундан хурсанд бўлиш керак. Чунки ҳамюртларимиз хориж чемпионатларида ўз савияларини оширишади, тажриба тўплашади. Бу, албатта, Ўзбекистон миллий жамоасига анча фойда келтиради. Масалан, Элдор Шомуродовнинг Россия Премьер-лигасида ўйнаётганлиги термамиз фойдасига ишлаётганини барча кўриб турибди. Айни пайт Россиянинг «Уфа» клубида кўрикдан ўтаётган Остонга ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

Мураббийлар штабидан ўрин олгани ва ҳамкасблари ҳақида

- «Навбаҳор» мураббийлар штабида иш бошлаганимга кўп бўлмади. Ўзаро суҳбат ва машғулотлар жараёнида Андрей Канчельскиснинг анча камтар эканлигига гувоҳ бўлдим. Жамоадаги бошқа ҳамкасбларим ҳақида ҳам фақат илиқ фикрлар билдиришим мумкин. Аъзам Ражаббаевни олдиндан биламан, ёш ва маҳоратли мураббий. Дарвозабонлар мураббийи Павел Синельниковни Муборакнинг «Машъал» клубидаги фаолияти орқали яхши танийман. Мустафо Байрамов эса «Навбаҳор»нинг ҳақиқий афсонаси, фидойи ва содиқ инсон. Насиб қилса, барчамиз ҳамжиҳат ҳолда, ягона мақсад йўлида фаолият юритамиз.

Келажакдаги режалар, таркиб ва мақсад ҳақида

- Наманганни «Ўзбекистон Бразилияси» дейишади. Боиси, ўз вақтида бу вилоятдан кўплаб таниқли футболчилар етишиб чиқишган. Мисол тариқасида бир пайтлари миллий жамоамизнинг «сеҳрли таёқчаси»га айланган Анвар Солиев, термамизнинг айни пайтдаги сардори Одил Аҳмедов, шунингдек, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Хайрулла Каримов, Шерзод Жўраев, Отабек Пирматов, Санжар Асқаралиев сингари футболчиларни келтириш мумкин. Лекин сўнгги пайтларда ушбу ёқимли анъана бироз тўхтаб қолгандек. Буни яна давом эттириш мақсадида «Навбаҳор» ПФК қошидаги 17-сонли академияга ихтисослашган футбол мактабини келажакда худди «Насаф» ва «Бунёдкор» академиялари сингари кучайтириш келажак режаларимиздан ўрин олган. Буни амалга ошириш мақсадида ушбу футбол мактабига тажрибали мутахассис Зойир Ҳасановни таклиф этдик. Наманганлик мураббийлар ундан кўп нарса ўрганишлари мумкин. Тўғри, академия бир-икки йил ичида ўз мевасини бермас, лекин кейинчалик «Навбаҳор»нинг асосий таркибида ўйнашга қодир бўлган авлод етишиб чиқади ва четдан ўйинчи харид қилишга ҳожат қолмайди. Ахир Наманган иқтидорларга бой!

Янги мавсумда «Навбаҳор» олдига жиддий мақсад, яъни Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Аввал таъкидлаганимдек, ўтган мавсумдаги таркиб ўзаги сақлаб қолинди, уни янада кучайтириш учун яна икки-уч нафар тажрибали футболчиларни таркибга жалб этишга интиламиз. Албатта, бошқа клублар ҳам қараб турмайди, улар ҳам рақобатбардош жамоа шакллантириш пайида бўлади. Умуман, Суперлигада кучли клублар қанча кўпайса, миллий термамиз учун шунча кўп фойда беради, чемпионатимиздаги ҳар бир ўйин муросасиз курашларга бой тарзда кечади.

Сўзим якунида бизга қулай шароитларни яратиб бераётган, шунингдек, Туркияда салкам бир ой давомида ўқув-машғулот йиғини олиб боришимиз учун амалий ёрдамларини аямаган Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда «Навбаҳор» ПФК вице-президенти Ойбек Саматовга ўзим ва жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман. Янги мавсумда уларнинг ишончларини оқлаш ва мухлисларга узоқ кутилган ОЧЛ йўлланмасини тақдим этиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Мамлакатимизда ўз ўрнига эга бўлган «Навбаҳор» мухлисларидан эса жамоани доимо қўллаб-қувватлаб туришларини сўрардим. Уларнинг мадади футболчиларга қўшимча куч бағишлайди. Барча ишқибозларга соғлик-саломатлик тилаб қоламан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz