Қайднома

Қидирув

Хуршид МУХТОРОВ: «Устозларимдан миннатдорман...»

Хуршид МУХТОРОВ: «Устозларимдан миннатдорман...»

  01.02.2020 18:45
  0
  388
Хуршид МУХТОРОВ: «Устозларимдан миннатдорман...»

Навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларини Туркияда давом эттираётган «Навбаҳор» янги мавсум арафасида таркибини бир қатор маҳоратли футболчилар эвазига кучайтирди. Улардан бири - 25 ёшли ҳимоячи Хуршид Мухторов. Яқинда ушбу футболчини суҳбатга тортиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

«Навбаҳор»га ўтиши, янги жамоаси ва Канчельскис ҳақида

- «Навбаҳор»га клуб вице-президенти Ойбек Саматов таклифига кўра келдим. У жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскис мени таркибда кўришни хоҳлаётганини таъкидлади. Янги мавсумда «Навбаҳор» олдига юксак мақсад, яъни Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилаётганидан хабардорман. Ўз нав­батида, «Насаф»даги шеригим Ислом Рашидхоновнинг ҳам мазкур клуб таркибига ўтиши «Навбаҳор» сафига қўшилишимда муҳим роль ўйнади. Бу вақтга келиб Қарши жамоаси билан тузган шартномам муддати якунланганди. Шу боис, наманганликларнинг таклифларини қабул қилдим. Албатта, бунгача «Навбаҳор» ҳақида етарлича маълумотга эга эдим. Жумладан, жамоанинг ўзбек футболида ўз ўрнига эгалиги, Наманган футболсеварлар вилояти эканлиги, «Навбаҳор» кўп маротаба совриндорлар сафидан жой олиб, 1996 йили чемпион бўлгани, шунингдек, 3 марта Ўзбекистон кубоги, бир марта Суперкубокни қўлга киритганидан хабарим бор эди. Жамоадаги барча футболчилар билан жуда яхши муносабатдамиз, мени жуда яхши кутиб олишди. Тўғри, ҳар бир мураббийнинг машғулот ўтказиш бўйича ўз услуби бўлади. Андрей Канчельскис ҳам бундан мустасно эмас. У футболчиларни европача услубда шуғуллантиради, машғулотларида ранг-баранглик кузатилади. Буларнинг бари бизга майдонда асқотишига ишончим комил.

Футболчи бўлиши, ҳавас қилган ўйинчилари, амплуаси ҳақида

- Футболчи бўлишимда онамнинг ҳиссалари катта. Боиси, оғайниларим билан кўча-кўйда тўп тепиб юрганимда волидам мендаги миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш кучлилигини кўриб, Гулистон шаҳридаги БЎСМга олиб борганлар. У ерда футболдаги илк сабоқларни мураббий Маҳмуд Абдураимовдан ўрганганман. Сўнгра таҳсилни Тошкентдаги «Пахтакор»га тегишли БЎСМда давом эттирганман. Фурсатдан фойдаланиб, пойтахтдаги ўқиш давомида мендан ёрдамини аямаган мураббий Рустам Ориповга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қи-йинчиликка учраб, ҳаттоки, айрим сабабларга кўра, футболни ташламоқчи бўлганимда ҳам, ушбу инсон мени қўллаб-қувватлаб, умидимни сўндирмаслигим, ҳали ҳаммаси олдинда эканлигини таъкидлаганлар. Бунинг натижаси ўлароқ, шу даражага етдим. Фаолиятимнинг қолган қисмида ҳам бу инсоннинг ишончини оқлайман, деган умиддаман.

Болалигимда хорижликлардан Роналдиньо, Зидан ва Бекхэм, ўзимизнинг футболчилардан эса Максим Шацких, Александр Гейнрих ҳамда Одил Аҳмедовнинг ўйинларини кўп томоша қилардим ва уларга ҳавас қилардим. Болаликдан мураббийлар мени ҳимоя чизиғига қўйишган. Олдин марказий ҳимояда ўйнардим. Кейинчалик чап қанотга ўтдим. Ўз позициямда ўйнайдиганлардан «Реал»нинг бразилиялик футболчиси Марсело ва бир пайт­лари «Манчестер Юнайтед»да тўп сурган франциялик Патрис Эврага ҳавас қилардим. Тўғри, ҳимоячига қийин. Боиси, рақибнинг кўплаб хавфли вазиятларини бартараф этиб, учрашув якунида битта хатога йўл қўйса ва бунинг оқибатида рақиб гол урса, ўша футболчи мухлисларга ёмон кўриниши мумкин. Шу боис, ўйинлар вақтида иложи борича хатога йўл қўймасликка интиламиз.

Дарвозабон ва ҳужумчилар ҳақида

- Дарвозабон - ярим жамоа деган гапга қўшиламан. Боиси, ортингизда ишончли дарвозабон турган бўлса, майдонда ўзингизни эркин ҳис қиласиз ва қўрқмай тўп сурасиз. Ҳимоячи асосан ҳужумчиларга қаршилик кўрсатишга уринади. Суперлигадаги форвардларнинг қандай имкониятга эга эканликларини жуда яхши биламан. Улар орасида айниқса, Шоҳназар Норбеков, Марат Бикмаев ва Темурхўжа Абдухолиқовга қарши ўйнаш қийин. Ушбу футболчилар тўп сурадиган жамоалар билан ўйин-ларда қийналганим рост.

«Насаф»даги фаолияти ҳақида

- Қаршининг «Насаф» клубида 1,5 йил давомида тўп сурдим ва ушбу жамоадан жуда яхши хотиралар қолди. Айниқса, менга ишонч билдирганликлари учун Рўзиқул Бердиевга миннатдорчилик билдираман. Гарчи ўтган мавсум «Насаф» таркибидан асосан ёш футболчилар ўрин олишган бўлса-да, ижобий натижа қайд этдик. Собиқ жамоамда барча футболчилар бир оиладек эдик. Рўзиқул ака тартиб-интизомга қаттиқ риоя қилади. Жамоанинг муваффақиятларида ушбу мутахассиснинг муносиб ҳиссаси борлиги барчага маълум. У жамоани ўйинларга яхши тайёрлаш ва футболчиларни руҳлантиришни уддалайди. Янги мавсумда «Насаф»га ҳам омад ёр бўлишини тилайман.

«Навбаҳор»нинг вазифаси ва мухлислари ҳақида

- Таъкидлаганимдек, «Навбаҳор» олдига бўлажак мавсумда юксак мақсад қўйилмоқда. Жамоанинг ҳозирги таркиби бунга қодир, менимча. Яна шуни ҳам айтиш лозимки, Ислом Рашидхонов билан «Насаф»да бирга ўйнаганимиз сабабли майдонда бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Бу эса «Навбаҳор»да ҳам қўл келади, деган умиддаман.

«Навбаҳор» мухлисларининг Ўзбекистонда ўз ўрнига эга эканлигини барча яхши билади. Наманганлик ишқибозлар жамоани ҳар қандай вазиятда ҳам ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришади. Улар ҳаттоки, маш­ғулотларга ҳам ташриф буюришади. Шунингдек, сафар ўйинларга боришади. Бу йил ҳам «Навбаҳор»га мухлислик қилишдан чарчашмасин, биз ҳам уларнинг ишончини оқлашга интиламиз. Фурсатдан фойдаланиб, менинг шу даражага етишимга катта ҳисса қўшган барча устозларимга ҳам миннатдорчилик билдираман.

Футболчи ҳақида умумий маълумотлар

Исми шарифи: Хуршидбек Мухторов

Туғилган санаси: 2 сентябр 1994 йил 

Туғилган жойи: Гулистон шаҳри

Амплуаси: ҳимоячи

Ўйнаган клублари: “Гулистон” (Гулистон), “Локомотив” (Тошкент), “Қўқон 1912” (Қўқон), “Сўғдиёна” (Жиззах), АГМК (Олмалиқ), "Насаф" ва Ўзбекистон ОТЖда ҳам майдонга тушган.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz