Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ формати ўзгаради, чоғи

ЕЧЛ формати ўзгаради, чоғи

  02.02.2020 08:55
  0
  461
ЕЧЛ формати ўзгаради, чоғи

Британиянинг The Times нашри Европа Чемпионлар Лигасининг формати ўзгариши мумкинлиги ҳақида қизиқарли маълумот тарқатди. Энди уни бутун «кўҳна қитъа» муҳокама қилмоқда, шу боис, келинг, биз ҳам қандай ўзгаришлар амалга ошиши мумкинлигига эътибор қаратсак.

Европа клублари ассоциацияси (ЕСА) УЕФА билан Чемпионлар Лигаси форматини ўзгартириш бўйича фаол музокараларни олиб бормоқда. «Кўҳна қитъа»нинг энг обрўли клублари Парижда ўтказилган сўнгги учрашув чоғи рақобатни ошириш ва шу орқали янада юқорироқ иқтисодий кўрсаткичларга эришиш мумкинлигини муҳокама қилишди. ЕСА вакилларининг фикрича, ўйинлар сонини 10тага, яъни 13тадан 23тагача (фақат финалгача бориши мумкин бўлган жамоалар учун) ошириш керак.

УЕФА ЕСАнинг мурожаатини ўрганиб, Чемпионлар Лигаси форматини ўзгартиришга тайёр, аммо айни пайт ўйинларнинг 23та бўлишини таъминлаш имконияти йўқлигини билдириб, қўшимча 4та ўйинлик форматни таклиф қилди. ЕСАга ҳам бу фикр ёқди, шу боис, томонлар янги музокараларга киришишди: айнан қандай форматда янги ўйинларни қўшиш керак бўлади?

Чемпионлар Лигасидаги қўшимча тўртта ўйин турнирдаги иштирок (УЕФАнинг мукофот пуллари), чипталар сотуви ҳамда телевидениедан тушадиган қўшимча пуллар орқали ҳар бир клубнинг даромадини оширади. УЕФА мутасаддиларининг фикрича, шу тариқа Суперлига ташкил этиш дардида юрган бадавлат клублар билан муросага келиш мумкин. Чемпионлар Лигасидаги ўйинлар сонини ошириш норози жамоалар билан боғлиқ муаммони вақтинчалик бўлсада ҳал қилиш имконини беради. Тахминларга кўра, янги формат 2024|2025 йиллар мавсумидан бошлаб кучга киради.

Айримлар Лига кубоги форматини ўзгартиришади, Испания эса янгича ЧЛга тайёр

Чемпионлар Лигасидаги қўшимча ўйинлар туфайли туғиладиган муаммолардан бири шуки, топ-клублар жуда кўп учрашувларда майдонга тушишга мажбур бўлишади ва катта пуллар учун ниманидир қурбон қилишга тўғри келади. Масалан, Англияда Лига кубоги (Карабао кубоги сифатида ҳам машҳур) форматини қайта кўриб чиқишлари мумкин. Британиядаги манбанинг маълумотларига кўра, агар топ-клублар Лига кубогида қатнаша олмасалар, ундан ё бутунлай воз кечишлари керак ёки регламентга ўзгартиришлар киритиш орқали турнирда фақат еврокубокларга чиқмаган жамоаларнинг иштирокини таъминлаш эҳтиёжи туғилади. Англия футболи раҳбарлари воқеаларнинг бундай ривож олишига қарши, ахир оқибатда Карабао кубогига бўлган қизиқиш кескин пасаяди, қолаверса, дурустроқ ҳомийларни топишда қийинчиликлар юзага келади.

Туманли ўлканинг энг бадавлат клублари («Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал», «Челси» ва «Тоттенхэм») эса Чемпионлар Лигасидаги қўшимча ўйинлар тарафдори ва Лига кубогида қатнашишдан воз кечишга тайёрлар. Чунки ички мусобақага қараганда, Европанинг топ-клублари билан ўйинларда кўпроқ даромад орттириш мумкин.

Франция Лига кубоги 2020|2021 йиллардан эътиборан тўхтатилади, зеро 2020-2024 йиллар учун мусобақани ёритиб борадиганлар топилмади. Гарчи маҳаллий федерация турнирни яқин йиллар ичида қайта шакллантиришга умид қилаётган бўлсада, Франциянинг Чемпионлар Лигасида қўшимча 4та ўйин ўтказишга иштиёқманд топ-клублари иштирокисиз ҳомий ва трансляцияларга харидорларни топиш осон бўлмайди. Ахир «ПСЖ», «Лион» ва бошқа кучли жамоаларсиз ўтадиган турнир кўпчиликда қизиқиш уйғотмаслиги турган гап.

Испаниядагилар эса етакчи клубларнинг ЕЧЛдаги қўшимча ўйинларда майдонга тушишига розига ўхшайдилар. AS нашрининг ёзишича, Испания кубогидаги сўнгги ўзгаришлар мусобақалар ўтказиш учун бўш вақтларнинг кўп бўлишига замин яратади. Натижада, маҳаллий топ-клублар нафақат Чемпионлар Лигасидаги қўшимча учрашувларни, балки Испания кубогидаги ўйинларни ўтказишга ҳам улгуришади. Ла Лиганинг етакчи жамоалари Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турниридаги (}4та ўйинли) янги форматни қўллаб-қувватлашди.

Иккинчи гуруҳ босқичи ёки 6та жамоали гуруҳлар

УЕФА Чемпионлар Лигаси форматини ўзгартириб, иккинчи гуруҳ раунди тизимига қайтиши мумкин. The Times тарқатган хабарда айтилишича, ЧЛ тақвимига ушбу формулани киритиш масаласи ҳозир муҳокама қилинмоқда. Айни пайт икки хил вариант бор:

6та жамоадан иборат 6та гуруҳ. Шу тариқа, ҳар бир клуб гуруҳ босқичида 6та эмас, 10та ўйин ўтказади. Бу қўшимча 4та ўйинни қўшиш имконини беради, лекин мазкур вариант ҳамма клубларни ҳам қониқтирмади, чунки кучсиз жамоалар кўп бўлган гуруҳга тушиб қолиш эҳтимоли ортади. Бу эса қўшимча ўйинлар ўтказилишидан маъни йўқлигини билдиради.

Яна бир вариант - иккинчи гуруҳ босқичи тизимини қайтариш. Турнирда 4та жамоадан иборат 8та гуруҳ қолади, ҳар бир гуруҳдаги энг яхши 2та клуб эса кейинги раундга чиқишади. Кейинчалик 16та жамоани 4тадан 4 гуруҳга бўлинади. Юқори иккита поғонани эгаллаганлар чорак финалга чиқишади, қолган иккитаси эса мавсумдаги иштирокини якунлайди. Чемпионлар Лигасида сўнгги маротаба 2002|2003 йиллар мавсумида ушбу форматдан фойдаланилганди. Шундан сўнг тизимдан воз кечилди ва жамоалар гуруҳдан чиққач, 1|8 финалда куч синашадиган бўлишди.

УЕФА ҳам бир гуруҳда 6 жамоа бўлишига қарши, чунки 4та клубнинг бир-бири билан куч синашиши - бу энг оптимал вариант ва турнир анчадан буён шу форматда ўтказилмоқда. Боз устига, гуруҳларнинг 6та жамоадан иборат бўлиши саралаш ўйинларига ўзгартиришлар киритиб, мамлакатлар ўртасидаги жой масаласини қайта кўриб чиқишни талаб этади. Чунки бу ҳолатда Чемпионлар Лигасида 32та эмас, 36та клуб қатнашишига тўғри келади.

Иккиталик гуруҳ босқичи варианти эса ҳар икки томонни қаноатлантиради ва эҳтимолки, уни асос сифатида олишади, зеро «тасодифий» клублар камдан-кам ҳолатда биринчи раундда гуруҳдан чиқишни уддалашади. Бу эса, топ-клубларнинг иккинчи босқичда кучли рақибларга қарши кўпроқ ўйин ўтказишларини таъминлайди. Албатта, шу тариқа ҳам жамоаларда, ҳам УЕФАда қўшимча катта пул ишлаб олиш имконияти туғилади. Таъбир жоиз бўлса, бу иккинчи гуруҳ босқичидаги Суперлигага айланади, фақат, унда «кутилмаган меҳмонлар»га ҳам жой топилади. Мисол сифатида жорий мавсумдаги «Аталанта»ни кўрсатиш мумкин. Шунчаки, ундан даромад олиш ва ҳаммасини назорат қилиш ҳуқуқи УЕФАга тегишли бўлади.

Муҳими - гуруҳдан чиқиш

Гўёки, ҳаммаси бинойидек: клублар барчасини муҳокама қилишди, УЕФА имтиёзлар беришга тайёр, шу тариқа ФИФАнинг жаҳон Суперлигаси тузишига йўл қўймайди («Реал»нинг эса Европа Суперлигаси ташкил этишига халал беради), аммо бир «нюанс» бор: бўш саналар жуда кам.

УЕФА мавсумнинг дастлабки қисмида (кузда) иккита санани бўшатиш усулини ўйлаб топди, лекин қўшимча ўйинлар учун яна иккита сана топиш керак. Балки қишки графикни зичроқ қилишга тўғри келар. Вариантга кўра, УЕФА Чемпионлар Лигаси тақвимини 1999-2003 йиллар мобайнида қўлланган тартиб бўйича тузмоқчи. Ўша пайтлари жамоалар иккита гуруҳ босқичида қатнашишар, биринчи раунднинг 6та ўйини сентябрдан ноябргача бўлган даврга тўғри келарди. Иккинчи босқич эса ноябрь ойи охирида бошланиб, мартда тугарди.

ЕСА ва УЕФА асосий жиҳатларни тасдиқлагач, кейин навбат тақвимни ишлаб чиқишга келади. Ушбу ҳолатда барча мамлакатларга қулай вақт танланади, терма жамоаларнинг Миллатлар Лигаси ҳамда Европа ва жаҳон чемпионатлари саралашларидаги учрашувлари инобатга олинади.

Ва сўнгги, аммо муҳимликда бошқаларидан қолишмайдиган яна бир жиҳат. Агар бу ўзгаришлар тасдиқланса, иккинчи гуруҳ раундига (ёки 1|8 финалга, ҳаммаси турнирнинг якуний форматига боғлиқ) ўтишни уддалаган барча клублар автоматик тарзда, ЕЧЛнинг кейинги мавсумида гуруҳ босқичидан ўзларига жой кафолатлашади. ЕСА айнан шундай талаб қўйди.

Бундан кўринадики, дастлабки гуруҳ босқичидан сўнг кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида қатнашиши аниқ бўлган 16та жамоа номини билиб оламиз. Мазкур ҳолатда ушбу клубларнинг ўз чемпионатларида қайси ўринларни эгаллашлари аҳамиятини йўқотади.

Мисол сифатида кўриб чиқсак: мавсум-2024|2025да шартли «Милан» ЧЛ иккинчи гуруҳ раундига йўл олади, аммо ўша мавсум охирида «А» серияда 10-ўринни эгаллайди. Шунга қарамай, «россонерлар» мавсум-2025|2026да ҳам Чемпионлар Лигасида қатнашишади, чунки аввалроқ 16та ўриндан бирини банд қилиб улгурган бўлишади.

Гарчи УЕФА мазкур вазиятни баҳсли деб топаётган бўлсада, Европа футболи мутасаддилари муайян имтиёзлар беришга тайёрлар. Шу тариқа ЧЛдан жой кафолатланганини билган топ-клублар ўзларини анча хотиржам сезишади. Қитъанинг клублар ўртасидаги бош турниридаги бу жойнинг қай йўл билан қўлга киритилгани эса катта аҳамият касб этмайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz