Қайднома

Қидирув

«Ассист»лар бўйича кимлар кучли ёхуд ЕВРОФУТБОЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ АССИСТЕНТЛАРИ

«Ассист»лар бўйича кимлар кучли ёхуд ЕВРОФУТБОЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ АССИСТЕНТЛАРИ

  03.02.2020 05:06
  0
  442
«Ассист»лар бўйича кимлар кучли ёхуд ЕВРОФУТБОЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ АССИСТЕНТЛАРИ

Трент Александер-Арнольд АПЛнинг жорий мавсуми ҳисобидан 10-голга ҳаммуаллифлик қилиб, «Вулверхэмптон» - «Ливерпуль» учрашуви (1:2) ўз жамоаси фойдасига ҳал бўлишига катта ҳисса қўшди. Таҳлилчилар қуйида шу баҳона қитъанинг энг кучли турнирларида голни юзага келтиришда яққол ажралиб турган йигитларга алоҳида тўхталишди.

Англия

Кевин де Брюйне («Манчестер Сити») - 15та самарали узатма

Трент Александер-Арнольд («Ливерпуль») - 10та самарали узатма

Александер-Арнольд «Ливерпул»нинг стандарт вазиятларини рақиблар учун «ўлимга олиб келувчи» қуролга айлантирмоқда. Тўғри, эффектлилик машғулотларда жарима зарбалари ва бурчак тўплари устида олиб борилаётган изчил меҳнатга боғлиқ. Ҳар ҳолда, Юрген Клопп бу борада ҳар бир рақибнинг ўйинига қараб иш тутар экан (унинг учун майда-чуйда жиҳатларнинг ўзи йўқ). Лекин факт шуки, «стандарт»ларнинг қойилмақом ижрочисисиз юқори маҳсулдорликка эришиш қийин, барибир. Трент эса шундай қойилмақом ижрочи! Ўнг қанот ҳимоячиси АПЛнинг жорий мавсумида 6 стандарт вазиятлар воситасида нақ 6та голга ҳаммуаллифлик қилди (5та бурчак тўпи ва 1та жарима нуқтасидан). У яна ўйин ҳолатидан 4 марта ассистентлик ролини бажарди. Хуллас, «Вулверхэмптон»га қарши баҳсда Жордан Хендерсон голига узатма англиялик ҳимоячи учун 10-самарали уриниш бўлди. АПЛда ассистентлик бобида «Ливерпуль» вакилидан биргина Кевин де Брюйне олдинда. Умуман, бельгияликни бежиз жаҳон футболидаги энг яхши ассистент сифатида мақташмаяпти. «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси ҳозирга қадар 15та голга ассистентлик қилиб, Тьерри Анри томонидан ўрнатилган рекорд кўрсаткич (20та самарали узатма)га анча яқинлашди. Финишгача яна 14та тур борлигини инобатга олсак, бельгиялик жорий мавсум бу борада АПЛ рекордчисига айланиш имкониятига эга. Хуллас, Англия элит лигасида айнан Трент ва Кевин юксак санъат эгалари сифатида ажралиб туришибди. Уларнинг энг яқин таъқибчилари - Сон Хюн Мин («Тоттенхэм»), Риёд Маҳрез («Манчестер Сити»), Адама Траоре («Вулверхэмптон») ва Эмилиано Буэндия («Норвич») ҳисобида 7тадан самарали «пас» бор.

 

Испания

Луис Суарес («Барселона») - 7та самарали узатма

Кристиан Португес («Реал Сосьедад») - 7та самарали узатма

Лионель Месси («Барселона») - 6та самарали узатма

Эвер Банега («Севилья») - 6та самарали узатма

Родриго Морено («Валенсия») - 6та самарали узатма

Ла Лиганинг дастлабки 21 тури ассистентлик бобида яққол етакчини аниқлаштириб беролмади. 1-ўриндаги ҳужумчи Луис Суарес жароҳат туфайли узоқ муддатга сафдан чиқди-ку, бу Кристиан Португес («Реал Сосьедад»)га қўл келиши мумкин. Чунончи, «Барселона»нинг уругвайлик легионери яқин орада ўз натижасини яхшилай олмайди. Лекин унинг клубдоши Лионель Месси бор. Дарвоқе, аргентиналик юлдуз мавсумнинг старт босқичида айнан жароҳат туфайли майдонга тушолмаганди. Родриго Морено («Валенсия») ҳам Лео каби 6та самарали узатмага эга. Кейинги қаторда 5та голга шериклик қилган нақ 9 нафар футболчи бор. Оддий айтганда, ҳар бир тур ассистентлар пойгасидаги ҳолатни ўзгартириб юбориши мумкин. 21та тур якунига кўра эса, Жанубий Америка вакиллари фаолроқ: уругвайлик Суарес, аргентиналик Месси ва Банега, шунингдек, асли бразилиялик Родриго...

 

Италия

Луис Альберто («Лацио») - 11та самарали узатма

Алехандро Гомес («Аталанта») - 9та самарали узатма

Деян Кулушевски («Парма») - 7та самарали узатма

Лоренцо Пеллегрини («Рома») - 7та самарали узатма

Испаниянинг ўзида ассистентлик бобида ажралиб турган маҳаллий ўйинчи йўқ, аммо испан йигити бегона юртда ўзини кўрсатмоқда. Гап «Севилья» тарбияланувчиси Луис Альберто ҳақида кетмоқда. «Барселона» мураббийларида яхши таассурот қолдиролмаган (гарчи ёшлар жамоасида ёрқин тўп сурган бўлсада), 3 йил давомида «Ливерпуль» ихтиёрида юриб, «қизиллар» сафида 10 мартадан ортиқ майдонга тушган тажрибали ярим ҳимоячи айни пайт Симоне Инзаги қўл остидаги «Лацио»да муҳим роль бажармоқда. Ассистентлар пойгасида Луис Альбертони аргентиналик тажрибали Алехандро Гомес («Аталанта»), шунингдек, ёш Деян Кулушевски ва Лоренцо Пеллегрини таъқиб этишмоқда. 19 ёшли Деян ўйинда заргарона узатмалари билан ҳужумни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани билан «Ювентус»ни шу қадар лол қолдирдики, клуб раҳбарияти швециялик футболчи транферига 35 миллион евро сарфлади.

 

Германия

Томас Мюллер («Бавария») - 12та самарали узатма

Жейдон Санчо («Боруссия» Д.) - 11та самарали узатма

Торган Азар («Боруссия» Д.) - 9та самарали узатма

Бундеслига бош тўпурарини кўпчилик яхши билади - Роберт Левандовскининг голеадорлик жасоратлари ҳақида эшитмай қолишнинг ўзи иложсиз. Хўш, энг кучли ассистент ким? Маълум бўлишича, дастлабки 19та турдан кейин Томас Мюллер олдинда бормоқда. Демакки, 30 ёшли фахрийда ҳаммаси жойида -12та самарали узатма. Дортмунд «Боруссия»си ихтиёридаги икки футболчи - Жейдон Санчо ва Торган Азар тан олинган Томасни таъқиб этишмоқда.

 

Франция

Анхель ди Мария («ПСЖ») - 8та самарали узатма

Ислом Слимани («Монако») - 7та самарали узатма

Йоан Кур («Брест») - 7та самарали узатма

Аргентиналик ди Марияни кўпинча асоссиз равишда «ҳисобдан чиқариб қўйишади»: Флорентино Перес уни қойилмақом мавсум (2013|2014)дан кейин «Реал»да ортиқча кўрганди. Манчестерда эса Анхелга муносиб шерик топилмади. Футболчи «ПСЖ» сафига қўшилгач, клубдаги ёрқинроқ юлдузларни назарда тутиб, унинг Парижда ҳам ҳеч нарсага эришолмаслигини тахмин қилишди. Амалда эса ди Мария ўз билганича тўп суриб, жамоага етарлича наф келтирмоқда. Хусусан, жорий мавсум Лига 1да ҳаммадан кўп ассистентлик қилгани фикримизга далилдир.

 

Россия

Артём Дзюба («Зенит») - 9та самарали узатма

Зелимхан Бакаев («Спартак») - 7та самарали узатма

Алексей Ионов («Ростов») - 7та самарали узатма

Артём Дзюба ҳам гол уриш, ҳам унга ассистентлик қилишни қойиллатмоқда. Россия ПЛ-2019|2020нинг биринчи қисмидан кейин айнан «Зенит» ҳужумчиси ҳар икки муҳим кўрсаткич бўйича олдинда бормоқда. «Пас» йўналишидаги кучли учликда фақат Россия терма жамоа­си вакиллари борлиги эътиборга молик. Алексей Ионов ҳозирда Станислав Черчесов жамоасида ўнг қанотга жавоб бермоқда, Зелимхан Бакаев эса турли позицияларда бемалол ҳаракатлана олишини исботлашга улгурди.

 

Европа Чемпионлар Лигаси

Ҳаким Зиеш («Аякс») - 4та самарали узатма

Риёд Маҳрез («Манчестер Сити») - 4та самарали узатма

Асосий евротурнирда голеадорларга яқиндан кўмаклашаётган футболчилар орасида яққол етакчи йўқ. Ҳар ҳолда, гуруҳ босқичи ўйинларидан кейинги манзара шундай. Диққатни тортадиган томони, ҳозирча ассистентлик бобида Шимолий Африканинг икки вакили - жазоирлик Риёд Маҳрез ва марокашлик Ҳаким Зиеш пешқадам мақомида.

 

Европа Лигаси

Борна Баришич («Глазго Рейнжерс») - 4та самарали узатма

Бакайо Сака («Арсенал») - 4та самарали узатма

Нуну Секейра («Брага») - 4та самарали узатма

Вендерсон Галено («Брага») - 4та самарали узатма

ЕЛда ҳам ҳеч бир футболчи 4тадан кўп голга «шерик» бўлгани йўқ, лекин ЧЛдан фарқли ўлароқ, пешқадамлар гуруҳида 4 нафар ўйинчи бор. Қолаверса, улардан икки нафари португал. Гап «Брага» вакиллари Нуну Секейра ва Вандерсон Галено ҳақида кетмоқда. Қолган икки пешқадам Буюк Британиядан - Стивен Жеррард жамоасида тўп сураётган хорват Баришич ва 18 ёшли «канонир» Сака.

Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz