Қайднома

Қидирув

«Ғолиблик вакцинаси» етишмаяпти...

«Ғолиблик вакцинаси» етишмаяпти...

  07.02.2020 01:59
  0
  406
«Ғолиблик вакцинаси» етишмаяпти...

«Жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз» - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари бу. Бугунги мақоламизга президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтилганларнинг қандай алоқаси бор? Ҳеч қандай, шунчаки чиройли гапирилган-да. Бу ибораларни ўзбек футболига ҳам қўллаш мумкин. Чунки терма жамоаларимизга бир нарса етишмаяпти - «ғолиблик вакцинаси».

Бангкокка етиб боргач, стадиондаги мухлислардан сўрадим: «Имкониятларимиз қанақа?», «Ғалаба қозонишимизга нима ёрдам бериши мумкин?». Барчалари бир овоздан бундай таркиб билан австралияликларни мағлубиятга учратишимиз кераклигини айтишди. Умуман, фанатлар, қолаверса, футболчиларнинг ҳам кайфияти унчалик ёмон эмасди. Аксинча, биринчи бўлимда Ўзбекистон термаси австралияликлардан устунроқ кўринди. Аммо...

Дастлабки 45 дақиқаликни Любинко Друлович шогирдлари ёмон ўтказишмади. Тўпни назорат қилдик, вазиятлар яратдик, зарур паллада рақиб ҳужумларини бартараф этдик. Гўёки, австралияликлар ўзига ўхшамаётгандек, майдонга қарши ҳужумда гол уриш иштиёқида тушгандек тасаввур уйғотишди. Бошқа томондан, бизнинг ҳужумлар қанчалик хавфли чиқмасин, якуний паллада сусткашлик кузатилаверди. Худдики, Ўзбекистон термаси Эктор Купер бошчилигидаги миллий жамоа сингари ўйнарди.

Иккинчи бўлимда рақиб мураббийи асосий ролни ўйнаб, ўйиннинг боришига таъсир кўрсатган ўзгаришларни амалга оширди. Хусусан, «кенгурулар юрти» вакиллари ҳимоячиларимиз тўсиғидан ўтиш учун катта ҳажмда иш олиб боришди ва буни амалда уддалашди. Аслида, Осиёнинг аксарият термалари бизнинг айнан шундай палладаги камчилигимиздан унумли фойдаланишди.

Гол уролмаймиз - гол ўтказиб юборамиз - уролмаймиз - мағлубият. Австралияликлар ҳимояни янада кучайтиришди. Айнан улар ўйинни назорат қилишди, бизнинг терма эмас, вазият (ҳужумлардаги шошма-шошарлик, Бозоровнинг четлатилиши ва ҳоказолар) шуни тақозо этди. Дарвозалар томон йўлланган зарбалар статистикаси ҳам ажабланарли: Ўзбекистонда - 8та, рақибда - битта. Ва у ғалаба голи билан якунланди.

Бизнинг мураббийлар штаби танлаган тактикага алоқадор яна бир қизиқ жиҳат. Ўзбекистон термасининг аксарият ҳужумлари қанотлардан уюштирилди. Бу эса сўнгги йилларда футболимизда кузатилаётган муаммони яна бир бор намоён этмоқда. Яъни қарор чиқаришда индивидуаллик ва креативликнинг етишмаслиги. Ушбу таъкид миллий жамоамизга ҳам тааллуқли. Ёшларимизнинг рақиб жарима майдончасига дадил ёриб киришлари кам кузатилди, кўпинча мувозанатни йўқотишди ёки тўпни одатий тарзда қанотга узатиб, қутулишди.

Мазкур ҳолатда хорижлик мутахассис ҳам бизга ёрдам беролмади. Бунақаси қаторасига иккинчи марта кузатилмоқда. Дастлаб Эктор Купер, энди эса Друлович. Улар манзилига йўлланаётган танқидларни ҳақли дейиш мумкин.

Жаҳон чемпионати ёки Олимпиада йўлланмаси ўйналадиган паллада яна бир маротаба «қоқилдик». Ушбу ҳолатда Александр Гейнрихнинг Саудия Арабистонига қарши кечган ярим финал баҳсидан сўнг қолдирган «твит»ини эслаб ўтсак: «Нега шу сўнгги қадамни қўйишни уддалай олмаяпмиз?»

Ҳаммаси оддий. Ўзбекистон бунчалик кучсиз эмас. Шунчаки, Британия, Европа, Бразилиядаги футбол анъаналарига эга эмасмиз (ҳа, ҳозир «Пахтакор», Қўқон футболи, удумлар, Красницкийдан гапирасиз - йўқ, бефойда), у ерда футбол генетикаси одамларнинг қонига сингиб кетган.

Ойбек Бозоров қизиққон эмас, шунчаки, бизда мотиватор-мураббий штати йўқ. Друлович бу ишни уддалайдиганларга ўхшамайди. Жамоага бир руҳшунос жалб этилганда нима бўларди? Тўғриси, кўп ҳолларда ақлий жиҳатлар бўйича ютқазяпмиз, майдонда эмас. Ўзбекистон термасининг расмий учрашувлардаги қайсидир иродали ғалабасини эслайсизми? Охирги ёдимда қолгани - 2005 йили Қувайт жамоасининг мағлуб этилгани.

Ўзбекистон ҳар доим Осиё эътиборида бўлган, термамиз ва клубларимиз турли ютуқларни қўлга киритишган, стадионлар қурилмоқда, олдинга силжиш бордек сезилади. Аммо аслида Ўзбекистон ҳеч қачон футбол мамлакати бўлмаган. Балки бу сўзлар Бангкок об-ҳавоси сингари дим ва қайноқ сезилар, лекин рост. Ҳозирча Олимпиадада боксчилар, курашчилар ва Оксана Чусовитина медаллар учун курашиб туради. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги чойхонада тўпланган айрим отахонларимиз эса футболнинг Олимпиада ўйинларига киритилганидан бехабар қолаверишади.

Евдоким РАИМОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz