Қайднома

Қидирув

Евротур: Мухлисга – мароқ, мураббийга – сабоқ...

Евротур: Мухлисга – мароқ, мураббийга – сабоқ...

  08.02.2020 09:48
  0
  253
Евротур: Мухлисга – мароқ, мураббийга – сабоқ...

Ортда қолган «уик-энд» оқшомлари бўлиб ўтган беллашувлардаги мафтункор томошалардан ташқари, мураббийларнинг режиссёрлик маҳоратини яққол намойиш этганлиги билан ёдда қоладиган бўлди. Яъни, мураббийнинг жамоада тутган ўрни нечоғли муҳим эканлигини исботлади.

Англия. 15 дақиқалик суҳбат самараси

Ҳафта ўртасида «Вест Хэм» билан кечиктирилган учрашувда ишончли (2:0) ғалабага эришган «Ливерпул»дан 25-турда навбатдаги зафарни кутишгани аниқ. Боз устига, «қизиллар» «Саутгемптон»га қарши ўз майдонларида саф тортишганди. Бироқ рақиб ҳам янги йилни «анойи» мақомидан воз кечган ҳолда қаршилаб, январда «Лестер» ва «Тоттенхэм»ни маҳв этганди. Қолаверса, Клопп шогирдлари бунгача 10 кун ичида 4 марта майдонга тушганликлари ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин эди. «Энфилд»даги дастлабки 45 дақиқа бу тахминларни тасдиқлади - бўлим давомида ташаббус билан тўп сурган «авлиёлар» фақат Алисоннинг ажойиб «сэйв»лари туфайли ҳисобни оча олишмади. Мезбонларнинг тушунарсиз ҳаракатлари ва хатоликлари сабаби эса ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, жамоанинг «тирилиши» фақат германиялик мураббий ва Яратганга аён. Нима бўлганда ҳам, 15 дақиқалик танаффусдан сўнг «Ливерпуль» айнан шу мавсумга хос ўйинини бошлади ва 4:0 ҳисобидаги йирик зафарини расмийлаштирди. Алекс-Окслейд Чемберленнинг ҳисобни очувчи зарбаси ортидан Хендерсон ва Муҳаммад Салоҳ ҳам ўз номларини таблога ёздириб қў-йишди. Шу тариқа «Ливерпуль» энг яқин таъқибчисидан 22 очкога ўзиб кетди. Ҳали АПЛ бунчалик йирик устунликка гувоҳ бўлмаганди. Мисрлик тўпурар эса «дубл»и эвазига, ниҳоят, етакчи мерганлар учлигига кўтарилди. Клоппнинг «гипнозчилик» қобилияти эса 1-бўлимдаги жумбоқдан ҳам чигалроқ «футворд»ни ҳадя этди.

Пешқадамдан бир кун кейин Лондонга йўл олган «Манчестер Сити»нинг «Тоттенхэм»га қарши баҳсида ҳам натижа мураббийлар қарорига бевосита боғлиқ эканлиги яққол намоён бўлди. Шу ўйин билан Жозе Моуриньо ва Хосеп Гвардиола қарама-қаршилигида янги босқич старт олди. Ундаги ғалаба чемпион учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, шармандали фарқни (22 очко) имкон қадар камйтириш талаб этиларди. Мезбонлар эса анчадан бери етакчи квартетга қўшни бўлган ҳолда, унинг аъзосига айлана олмай келишарди. Дастлабки бўлим тенг курашлар остида ўтган бўлсада, меҳмонлар кўпроқ имкониятга эга бўлишди. Бироқ Уго Льориснинг бехато ҳаракатлари ҳисобнинг очилишига йўл қўймади, Гюндоганнинг «нуқта»дан йўллаган тўпини ҳам у қайтаришга муваффақ бўлди. Беллашувнинг 1 соатдан кўпроғи ортда қолган паллада таблода икки нурсиз «тешиккулча»дан ўзга ёзув кўринмади. Эътиборлиси, Гвардиола шогирдлари мавсум давомидаги 6та пенальтининг нақ 4тасини голга айлантира олмадилар. Моу ишонч билдирган Стивен Бергвейннинг олис зарбаси, ниҳоят, ҳисобни очди. Тез орада Александр Зинченко 2-сариқ карточка билан жазоланиб, жамоасини мураккаб вазиятга маҳкум этди. Натижада «шаҳарликлар»нинг мувозанатни тиклаш имкониятлари пасайиб кетди, «шпорлар» эса Эдерсонни иккинчи марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди.

Ўйиндан кейин футбол афсонаси Гари Линекер ярим ҳазил, ярим чин оҳангда янги чемпионатга старт беришни таклиф этди. Чунки энг яқин таъқибчисидан рекорд даражада узоқлашиб кетган «Ливерпул»ни тўхтатишнинг иложи йўқ. «Тоттенхэм» эса мавсумни қайтадан бошлаётгандек - Моу шогирдлари кучли квартет билан фарқни 4 очкогача қисқартиришди ва қитъанинг энг нуфузли турнирида қатнашиш шунчаки ҳавас эмаслигини исботлашмоқда.

Чунки «Лестер» - «Челси» беллашувида ғолиб аниқланмай (2:2), томонлар муҳим 2 очкони ҳавога учиришди. Шунингдек, «Олд Траффорд»да «Вулверхэмптон»ни енга олмаган (0:0) «МЮ» ҳам «Тоттенхэм»га етиб олиш имкониятини йўққа чиқарди.

Испания. Дерби ишончни оқламади

Ла Лиганинг 22-турини безаши тахмин қилинган Мадрид дербиси бу сафар ҳам мухлисларни хушнуд эта олмади. Симеоне жамоаси азалий рақибини сўнгги бор 2018 йилдаги УЕФА Суперкубоги баҳсида маҳв этганди, ички чемпионатда эса «Реал» 2016 йилнинг февралидан бери мағлубиятсиз келаётганди. Қолаверса, «матрасчилар» жорий мавсумни нисбатан суст ўтказишмоқда. Шу боис, бу галги беллашув Зидан шогирдларига ортиқча қийинчилик туғдирмади. Тўғри, дастлабки бўлимда устунликни ҳисобда ифодалашнинг иложи бўлмади. Шу сабабли Зидан танаффусдан кейин икки нафар ўйинчини алмаштириш билан биргаликда услубни ҳам ўзгартирди. Натижада Карим Бензема Ферлан Менди йўллаган тўп йўналишини ўзгартириб, ҳисобни очди. «Атлетико»нинг барча уринишлари эса Куртуа ва Рамоснинг ишончли ҳаракатлари туфайли самара бермади.

Аввалги турда «Валенсия»га имкониятни бой берган «Барселона» табиийки, «Камп Ноу»га фақат ғалаба илинжида тушди ва «Леванте»ни ишончли тарзда маҳв этди. Камтарона ҳисоб (2:1) майдон эгаларининг устунлигини тўлиқ ифодалай олмайди. Муҳими, жамоа мақсадига эришди. Месси гол уролмади, лекин 2 дақиқага етмаган вақт ичида 2 марта Фатини самарали узатма билан таъминлади. Кейин мезбонлар асосий эътиборни тўп назоратига қаратиб, ғалабани ушлаб қолишди. Меҳмонлар вакилининг қўшимча вақтдаги голи эса натижага таъсир этмади.

«Севилья» ўз майдонида «Алавес»ни енга олмай (1:1), ўз ўрнини Бильбаодан ишончли ғалаба (2:0) билан қайт­ган «Хетафе»га бўшатиб берди.

Аввалги турда амалдаги чемпионни таслим этган «Валенсия» бу сафар ўз майдонида «Сельта»ни енгди - 1:0 ва 5-ўринга кўтарилиб олди. Лекин аутсайдердан очко тортиб олиш учун анча тер тўкишига тўғри келди - Солернинг 77-дақиқадаги голи ўйин тақдирини ҳал қилди.

Сафарда «Леганес»га имкониятни бой берган (1:2) «Реал Сосьедад» еврокубоклар ҳудудини тарк этишга мажбур бўлди. Чунки ўз уйида «Осасуна»дан устун келган (3:1) «Вильярреал» очколар бўйича унга етиб олиб, тўплар нисбатига кўра юқори поғонани банд этди.

Германия. Шернинг ўлиги ҳам шер

Бундеслиганинг 20-тури турнир жадвалига сезиларли ўзгаришларни киритди. Жумладан, «Бавария» Майнц­даги ўйиннинг 1-бўлимидаёқ ким аслида ким эканлигини намойиш этиб, сафардан 3 очко (3:1) билан қайтди. 2 ва 3-ўринлар ўртасидаги баҳс эса 2:2 ҳисоби билан якунланди. Аслида «РБ Лейпциг» 1-бўлимда «Боруссия» М.дан 2та гол ўтказиб юборганди. Бироқ 89-дақиқада ҳисобни тенглаштириб, мағлубиятдан қутулиб қолди. Мазкур йўқотиш Дортмунднинг «Боруссия»си учун айни муддао бўлди. «Сигнал Идуна Парк»да «Унион» дарвозасига 5та жавобсиз тўп йўллаган дортмундликлар гладбахлик номдошлари билан ўрин алмашдилар.

Биринчи даврани муваффақиятли ўтказган «Фрайбург» қишки таътилдан кейин ўта суст ўйнамоқда. Аввалги турда «Падерборн»га ғалабани совға қилган жамоа бу гал Кёльн­дан йирик (0:4) мағлубият билан қайтди. Фақат мавсум стартида қўлга киритган очколари эвазига ўз ўрнини сақлаб турибди. Бироқ таъқибчилар унга яқинлашиб олдилар.

Италия. «Рома»га кўз тегди

22-турнинг кутилмаган натижаси Режо-Эмилияда қайд этилди. Муросасиз Рим дербисидан (1:1) кейин «Сассуоло» майдонига ташриф буюрган «Рома» дастлабки 26 дақиқа ичида 3 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиб, мураккаб вазиятга тушиб қолди. Танаффусдан кейин меҳмонлар 2та гол уришгач, интрига қайтгандек бўлди. Аммо майдон эгалари тез орада фарқни 2тага етказишди. 4:2 ҳисоби ўйин охиригача сақланиб қолди.

Римлик «бўрилар»ни таъқиб қилаётган «Аталанта» Туриндаги шов-шувли ғалаба («Торино» - 7:0)дан кейин кутилмаганда «Женоа»ни ўз майдонида енга олмади - 2:2. Лекин ўйиндаги 1 очко бергамоликларни етакчи тўртликка олиб чиқди. «Лацио» эса «Олимпико»да бошқа бир аутсайдер - СПАЛга ҳеч қандай имконият қолдирмади - 5:1.

Амалдаги чемпион аввалги турдаги сенсацион мағлубиятдан («Наполи» - 1:2) тегишли хулоса чиқариб, Туринда «Фиорентина» дарвозасига жавобсиз 3та гол урди.

2-ўринда бораётган «Интер» Удине сафарида ўз очколари сонини 3тага ошириб олди. Қизиғи, тўпурарлар баҳсида етакчилик қилаётган Иммобиле, Роналду ва Лукакулар «дубл»га эришдилар.

Турнир жадвалида ёнма-ён келаётган жамоалар ўртасидаги баҳс, яъни «Кальяри» - «Парма» беллашуви жанговар (2:2) дуранг билан ниҳоясига етди.

Франция. Халоскор 3 дақиқа

22-турнинг дастлабки учрашувида «Ренн» «Нант»ни қабул қилиб, қўшимча вақтнинг 3 дақиқаси ичида меҳмонлар дарвозасини 2 бор ишғол этди ва ғалабани ўз томонига оғдирди. Ўйиндаги ҳисоб 47-дақиқадаги да Сильванинг автоголи билан очилиб, 71-дақиқада Рафинья мувозанатни тиклади. Бироқ меҳмонлар асосий вақт тугашига 10 дақиқа қолганида яна олдинга чиқиб олишди. Қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида Буриго ҳисобни тенг­лаштирган бўлса, сўнгги сонияларда Рафинья 3 очколи зарбани йўллади. Натижада «Ренн» ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Парижда «Монпелье»га қарши майдонга тушган «ПСЖ» навбатдаги йирик ғалабани (5:0) расмийлаштирди. Асабий руҳда кечган баҳснинг 17-дақиқасида меҳмонлар вакили Берто майдондан четлатилгач, пешқадамни тўхтатиш янада мушкул бўлиб қолди. Охир-оқибат майдон эгалари 1 соатдан сал кўпроқ вақт ичида 5та жавобсиз гол уришди.

«Монпелье»нинг мағлубияти Страсбургдан иродали ғалаба (2:1) билан қайтган «Лилл»га етакчи тўртликка кўтарилиб олиш имконини берди. Бу ўринни банд этиш имконияти «Лион»да ҳам йўқ эмасди. Бироқ жамоа «Ницца»дан мағлубиятга учраб (1:2), мезбонларга очколар бўйича тенглашиб олиш имконини берди. 2-ўринни эгаллаб турган «Марсель» сафарда «Бордо» билан нурсиз (0:0) дурангга рози бўлди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz