«Лейпциг» Бундеслиганинг бу мавсумини ажойиб тарзда ўтказяпти, айниқса, куздан ҳозирга қадар бўлган даврни - ўтган дам олиш кунларигача жамоа сўнгги 9та ўйиннинг 8тасида ғалаба қозонган, уларда 34та гол уриб, етакчиликни қўлга олганди. Навбатдаги сафар Франкфуртга уюштирилиб, унда ҳам ғалаба нақддек кўринганди. «Айнтрахт» ўтган мавсумдагидек барқарор эмас, бир ярим ой ичида нақ олтита мағлубиятга учради ва еврокубоклар ҳудудидан узоқлашди.
Афтидан, «Лейпциг» футболчилари ҳам буни англаб туришганди - улар «Айнтрахт» билан ўйиндан бир кун аввал вақтичоғлик қилишни режалаштириб, Франкфуртга англиялик сартарош Шелдон Эдвардсни чақиришди.
Футболчиларни туманли ўлкадан келган меҳмоннинг ўзи беихтиёр «сотиб» қўйди: «Инстаграм»даги саҳифасига фотосуратларни жойлади. Ампаду, Конате, Упамекано, Хайдара, Поульсен, Адамс, Лукман, Шик, Мукиеле ва Нкункунинг аккаунтлари постга киритилди. «Варақлашда давом этинг», - деб ёзди Эдвардс қайднинг остига. Шу тариқа унинг иши натижаларини кўриш мумкин эди.
Саҳифани очганлар орасида «Лейпциг» раҳбарлари ҳам бор эди. Айниқса, клубнинг собиқ мураббийи, айни пайт «Ред Булл» спортни ривожлантириш бўлимида ишлаётган Ральф Рангник жуда ранжиди. «Лейпциг» биринчи бўлимда яхши ўйнади, аммо танаффусдан кейин ўйини ўхшамай, 0:2 ҳисобида ютқазди. Ижтимоий тармоқда номи келтирилган футболчиларнинг 6 нафари ўша куни бошланғич таркибдан жой олишганди.
Майли-да, янги соч турмакларини кўз-кўз қилишгани қолди.
«Йигитларимиз меҳмонхонага Англиядан машҳур сартарошни чақирмасликлари учун 100 минг евро тиккан бўлардим. Натижада ютқазардим, - дея хафа эканлигини яширмади Рангник. - Ўйиндаги мағлубият жаҳлимни чиқарди, сартарош воқеаси эса «дард устига чипқон» бўлди. Буниси «олтин стейк»дан ҳам ошиб тушди».
Рангник бу гапи билан Франк Рибери иштирокидаги воқеага шаъма қилган, ўшанда француз 1200 евролик зархал стейкни омма олдида паққос тушириб, кейинчалик норози обуначиларни ҳақоратлаганди.
«Лейпциг» спорт директори Маркус Кроше нисбатан мулойимроқ муносабат билдирди: «Яхши иш бўлмади. Гарчи айнан сартарошнинг ташрифи сабабли мағлубиятга учрамаган бўлсакда, футболчилар бу қарор нотўғри бўлганини тушунишади».
Клуб бош мураббийи Юлиан Нагельсманн одатдагидек, талабчанликни йўқотмади: «Аниқлаб олишимиз керак: соврин учун курашамизми ёки йўқми. Бизда «Бавария» ёки «Боруссия»даги каби кадрлар йўқ, демак, машғулотларда ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишимиз, улардан яхшироқ бўлишимиз лозим. Аммо мен ҳар доим ҳам бундай эмаслигини кўряпман. Чоршанба кунги 11га 11 шуғулланганимизни кўрганингизда, топ-жамоа бўлишдан йироқ эканлигимизни пайқашингиз мумкин эди. Ҳар ким ўзи қарор чиқаради - чемпионликка эришадими ёки йўқми. Бу ҳақда гапиришим шартмас, барчасини майдонда ҳис қиляпман. Айнан чоршанба кунги машғулотлар пайти чемпионлик учун курашишни истаётган жамоани кўрмадим».
Бундай танбеҳлар икки карра фойдалироқ бўлиши мумкин - ғалаба қозонишга кўниккан жамоа ўзига келиб олади, футболчилар эса доимий сартарошга эга бўлишади. У дарвоқе, чиндан ҳам жуда машҳур - Эдвардс Усэйн Болтнинг соч турмагини янгилайди, кўплаб футболчилар билан яхши таниш. Оливье Жиру, Габриэл Жезус, Раҳим Стерлинг, Риёд Маҳрез, Жейдон Санчо ва миллионлар ўйини оламидаги бошқа юлдузлар ҳам унинг мижозлари ҳисобланадилар.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20