Қайднома

Қидирув

Кике Сетьен: «Жамоа камроқ югуриб, кўпроқ ўйлаши лозим»

Кике Сетьен: «Жамоа камроқ югуриб, кўпроқ ўйлаши лозим»

  11.02.2020 12:32
  0
  308
Кике Сетьен: «Жамоа камроқ югуриб, кўпроқ ўйлаши лозим»

«Барселона»да Эрнесто Вальверде ўрнини эгаллаган янги бош мураббий Кике Сетьен жамоа ўйинини тубдан ижобий томонга буриш ҳақида обдон бош қотирмоқда. Хўш, у айнан нималарни ўзгартиришни режалаштирмоқда. Мураббий Испаниянинг Mundo Deportivo нашрига берган интервьюсида айнан шу масалада гапириш баробарида «Рома» ҳамда «Ливерпуль» клубларидан қабул қилинган шармандали мағлубиятлар туфайли бой берилган нуфузни қандай тиклаш хусусида фикр юритди.

- Жамоа бошқарувига муайян нуқтаи-назарга эга ҳолда келганингиз тайин. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- «Барселона»нинг умумий ҳолати ва иш жараёнидан қониқиш ҳосил қиляпман. Барча йигитлар талаб даражасидаги маҳоратга эгалар ва улар илгари сурилаётган ғояларни пухта англаб, ўз олдиларига қўйилган вазифаларни тиришқоқлик билан адо этишга уринмоқдалар. Улар кўрсатмаларни қийинчиликсиз бажаришмоқдаки, шуниси кўнглимни кўтармоқда. Чунончи, қайсидир кўрсатмани қайта такрорлашга ҳожат қолмаяпти. Дейлик, Испания суперкубоги доирасидаги баҳсда 70 дақиқалик юксак савияли футбол гувоҳига айландим. Бироқ айрим лаҳзаларда футболчилардан эътиборни фақат ўйинга қаратиш ва руҳий интизомга қатъий риоя қилиш талаб этилади. Агар жамоа уюшқоқлик ва диққат-эътибор билан тўп сурса, бир қатор муаммолар ўз-ўзидан йўқолади.

- Сафар учрашувларидаги муваффақиятсизликлар сабабини аниқлай олдингизми?

- Менимча, бу руҳий ҳолатнинг талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ. Тан оламан, сафар ўйинларида қайд этилаётган ҳозирги натижалар «Барселона»дек жамоага асло ярашмайди. Олдинда турган мураккаб беллашувлар салоҳиятимизни синовдан ўтказиб олиш имконини беради.

- Жамоа анчадан буён алоҳида руҳшунос кўмагисиз фаолият юритмоқда. Рим ва Ливерпулдаги кўнгилсиз воқеалардан кейин унга эҳтиёж борми?

- Ҳозирча билмайман. Бунга қадар фаолиятим давомида ўз вазифамни руҳшунос аралашувисиз адо этганман. Мен орзу қиладиган ишлар етарли, аммо барчасини бирдек уддалолмаслигимни ҳам биламан. Ҳар ким ўзлигича қолаверади. Энг муҳими - ишга муносабат. Шуниси яққол сезилмоқда. Машғулотларда шогирдларимнинг ғалабага чанқоқ эканликлари шундоқ кўриниб турибди. Ҳа, бунгача юксак савияли жамоада ишламагандим. Турнирда «жон» сақлаб қолишдек мураккаб вазифадан холи ва голларни ортиқча қийинчиликсиз урадиган жамоани бошқариш вазиятни бироз ўзгартиради. Такрорлайман, ўйин­чиларнинг муносабати ва иш маромидан қониқяпман.

- Жамоа ўзагини 30 ёшдан ошган футболчилар ташкил этишади. Бу ҳолат қўшимча муаммолар келтириб чиқармаяптими?

- Мисол учун, Бускетсни олайлик. Охирги пайтлар Серхио ҳақида жуда кўп эшитдим. Аммо бу гап-сўзларнинг ёшга алоқаси йўқ. Футболчи тўпга эгалик қила олса, ўзини енгил ҳис этади, руҳий босим камаяди. Бу рақибдан тўпни тортиб олиш ва узоқ масофани босиб ўтишдан анча осон. Майдоннинг рақибга тегишли ярмида 10 метр ва ортга 40 метр югуриш ўртасида катта фарқ бор.

- Тўп учун курашиш ва рақибга босим ўтказиш борасида бош ижрочи саналган Бускетс ишини қай тариқа енгиллаш мумкин?

- Гап турли юмушларни бажаришга муносиб савияли ўйинчи ҳақида бормоқда. Умуман, Серхио мен учратган энг ақлли ўйинчидир. У майдонни назорат қилади, ҳужумни қачон бошлаш, тўпни қаерга йўллаш ва шериги ўрнини тўлдириш каби ишларни жуда яхши билади. Айниқса, икки узатма билан ўйинга катта таъсир ўтказиши ҳайратланарли. Қисқаси, Бускетс ўрнини тўлдираган ворисни топиш осон эмас. Муҳими, у ҳали узоқ йиллар давомида ишончли тўп суришга қодир, менимча. Чунки ҳозир камроқ югуриб, кўпроқ ўйлашга интиляпмиз. Яъни тўп йўқотилгач, уни тезроқ қайтариб олиш ва иложи борича майдоннинг рақибга тегишли ярмида кўпроқ ўйнаш устида изланяпмиз.

- Лекин охирги 1,5 мавсум Бускетс учун анча қийин кечяпти.

- Албатта, осон эмас. Асосийси, у зиммасидаги вазифаларни рисоладагидек адо этмоқда. Тўғри, елкасига қўшимча юмуш юкласангиз, ҳозиргидек манфаат келтиролмайди.

- Ракитич ва де Йонгни ҳам шу позицияга мўлжаллаяпсизми?

- Ҳа, улар таянч зонасида ўйнашни яхши ўзлаштирганлар. Дейлик, Ракитич бир неча йил давомида бу ишни уддалаб келди. Аммо у ҳозир қисқа танаффусга муҳтож. Де Йонгдан эса ҳар нарса кутиш мумкин - унинг учун чегара йўқ, барча позицияларда бемалол ўйнай олади.

- Хўш, де Йонгга нима етишмаяпти?

- Қайсидир футболчига аввал қилмаган қандайдир ишни бажаришини буюрсанг, ундаги мойиллик, интилиш муҳим аҳамият касб этади. Де Йонг чиндан ҳам, Иньеста бажарган ишларни қилолмасада, юксак савияни кўрсата олади. Чунки у топшириқни бажаришга бор кучини сарфлайди ва доимо ўрганишга интилади. Ҳозирда де Йонгни кўпроқ олдинда ўйнашга чорлаяпмиз. Янги вазифага руҳан мослашиш эса осон эмас.

- Футболчилар ёши билан боғлиқ тактик ўзгаришлар натижасида жамоа консерватив, ёпиқ услубга қайтиб қолмайдими? Асосан майдоннинг иккинчи ярмида ўйнаш рақибга тўпни ҳимоячилар устидан ошириб, тезкор рейдлар уюштириш имконини яратмайдими?

- Ҳар қандай жамоа ўзи учун қулай ҳудуд топишга интилади. Бу - айни ҳақиқат. Тамом. Биз ҳам ўзимиз учун қулай вазият яратиш илинжидамиз. Масъулиятни ҳис эта билиш керак. Бундай воқеа бошимдан ўтган. Лас-Пальмасда марказий ҳимоячилардан бири билан гаплашганимда, у 14 йилдан буён фақат тўпни қайтариш билан шуғулланганини айтганди. Шунда унинг фикрини ўзгартиришга уриндим: «Менга қара, энди бундай ўйнаш мумкин эмас. Яхшиси, тўп билан олға интилиб, бўш ҳудуд яратишга уринасан. Аввалги масъулиятни унутишинг ва янги мажбуриятни бажаришинг учун шароит яратиб бераман. Кейин жамоа учун юзага келган вазиятларни ҳисоблаб чиқаман». Шундан сўнг дарвозабонга юзландим: «Энди тўпни жамоадошларингга оёқларинг ёрдамида узатасан». Бироқ марказий ҳимоячилар тўпни қабул қилиш учун ўзларини таклиф этишмаса, ярим ҳимоячиларни рақиблар қўриқлаётган бўлишса, шўрлик дарвозабон нима қилади? Тўпни таваккалига тепади-да. Тўғри, футболчининг ўзи кўникиб қолган ҳудудни тарк этиши осон эмас. Лекин мураббий талаби муҳокама қилинмайди ва уни бажариш шарт. Боиси, бу жамоа манфаатига хизмат қилади. Агар футболчи ўз савиясини оширишни хоҳласа, маслаҳатимга қулоқ солиши ва талабни бажариши лозим.

- Аммо жамоадаги итоаткорлик мезони издан чиқиши ва босим юзага келиши мумкин-ку.

- Менимча, бу нотўғри тушунча. Ҳеч кимда ўйланган режадан чекиниш зарурати туғилмайди. Чунончи, шогирдларимдан шу пайтгача кўнгилдагидек бажаришган ва бундан завқ олишган юмушларни қайтадан такрорлашни сўраяпман, холос. Қисқаси, қандайдир муаммо чиқиши масаласида хавотир йўқ.

- Жерар Пике - жамоа етакчиларидан бири. У бу йил «Дэвис» кубоги мусобақасини ташкил этди. Жерарга янги босс эканлигингизни эслатиб қўйдингизми? 

- Йўқ, босс эмасман, ҳеч қачон тартиб ва қоидаларни ўрнатишга қизиққан эмасман. Шунчаки, футболчиларни ўз ғояларимга ишонтиришга ҳаракат қиламан. Шогирдларим учун ота ёки шунга ўхшаган мақомда бўлишни ҳам истамайман. Улардан фақат яхши шуғулланиб, ёрқин ўйин кўрсатишни талаб этаман. Агар кимдир ўз савияси даражасида ўйнолмаса - бу меники эмас, ўзининг муаммоси. Ҳозирча, билганларим шу. Бошқа жиҳатларга келсак, уларга ортиқча аҳамият бермайман. Қани кўрайликчи, Пике ва бошқа етук футболчилар нимага қодирлару, нимани уддалай олмайдилар? Ёш ўйинчилар ҳам ўзларига яраша тушунчага эгалар. Уларнинг юксак савияда тўп суриш учун бор имкониятларини сафарбар этишларига шубҳам йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz