«Лестер» ҳужумчиси Жейми Варди ҳаваскорларни катта футболга ўтишларига яқиндан ёрдам бермоқда. У шу мақсадда алоҳида академия очди ва ишга ўткир кўзли скаутларни ҳам жалб этмоқда. Ҳаммаси 2016 йили, яъни Варди АПЛда чемпионлик рутбасига эришганидан кейин бошланди. Хуллас, «Лестер»нинг оламшумул зафаридан чамаси 1 ой ўтгач, ҳужумчи бутун жаҳон миқёсидаги муҳим футбол масаласини ўртага олиб чиқди: «Ҳозир ҳамма профессионал академиялар ва спорт мактабларига эътибор қаратмоқда. Бу яхши. Бироқ скаутлар ҳаваскорлар даражасида ўйнаётган йигитларни кузатишмайди, ҳисоб. Улар фақат ёшлар жамоалари ўртасидаги ўйинларга боришлари мумкин. Менга ишонинглар, академиялар тарбияланувчиларидан кўра, кучлироқ ва истиқболлироқ баъзи йигитларни биламан».
Аввало айтиш керак, Жейми Вардининг ўзи ҳам катта футболга но-стандарт йўл орқали кириб келган. У тикувчилик фабрикаси ва бардаги ишидан кейингина кечқурун футбол машғулотларига қатнаган. Қисқаси, ҳужумчи ўз тақдирини унутмаган ҳолда, шахсий академиясига асос солиб, унга V9 номини берди. Олдинроқ Daily Mail нашрида ушбу академия ҳақида мақола ёзилган ва Варди уни молиялаштиришда айрим қийинчиликларга дуч келаётгани маълум қилинганди. Шунга қарамай, таълим муассасасида яхши иш тизими йўлга қўйилган, ҳар ҳолда, бир қатор қизиқарли жиҳатлар йўқ эмас.
Хўш, Жейми Варди академияси қандай ишлайди? Муассаса расмий сайтида барчаси кўрсатиб қўйилган: Жейми Варди - асосчилардан бири ва раҳбар. Ребекка Варди (ҳужумчининг турмуш ўртоғи) - Маркетинг ва тараққиёт бўйича директор. Жон Моррис (Вардининг шахсий агенти) - яна бир асосчи. Жейми академияга ўзига таниш бир қатор мураббийларни ҳам таклиф қилган. Улар орасида профессионал миқёсда ўзига яраша муваффақиятга эришганлари ҳам бор. Академиянинг ишлаш тизимига келсак, барчаси кузатувлардан бошланади. Кейинчалик академия мураббийлари танлаб олинган ҳаваскорлар иштирокида ўртоқлик ўйинлари ташкил этишади. Якунда энг яхши футболчилар 5 кунлик машғулотлар дастури бўйича шуғулланиш имкониятига эга бўлишади. Эътиборли жиҳати, улар профессионал клубларнинг махсус таклиф этилган вакиллари кўз олдида ўз маҳоратларини намойиш қилиб, назарга тушишлари мумкин. Дарвоқе, Варди бошқарувидаги академия 2017 йилдан буён «Манчестер Сити» билан ҳамкорлик қилмоқда. Дейлик, таълим муассасасининг барча тадбирлари эндиликда шу клуб базаси ҳудудида ўтказилмоқда. «Сити» раҳбарияти жумладан, 5 кунлик дастур давомида ҳаваскор ўйинчиларнинг базада яшашлари учун алоҳида жой ажратади, шунингдек, захира майдонлари машғулотлар ва ўйинлар вақти болалар ихтиёрига топширилади.
Табиийки, Варди ўз академиясига футболчиларни қабул қилишда, баъзи критерияларга амал қилади. Энг муҳим шарт 2та:
- Иштирокчи 17 ёшдан кичик бўлиши керак.
- Академияга киришни хоҳлаган футболчи ўша вақтда юқори лигалар клублари билан шартномага эга бўлмаслиги керак.
V9 академияси ходимларининг ишонтириб айтишларича, агар ишлар кўнгилдагидек олиб борилса, улар «Янги Жейми Варди»ларни кашф эта олишади. Муҳими, академия ҳозирга қадар бир қатор ҳаваскорларни катта футболга йўналтириш уддасидан чиқди:
1. Олдин фақат ҳаваскорлар миқёсида тўп сурган Алекс Пенни V9 академиясидаги 2 йиллик таҳсилдан сўнг «Питерборо» ва «Гамильтон» клубларида фаолият юритди. У айни пайт «Бостон Юнайтед» (Миллий лига, «Шимол» ҳудуди) аъзоси.
2. Ҳаваскорлар лигасида ўйнаган Ламар Рейнольдс аввалига «Ньюпорт Каунти» билан шартнома тузди, кейин Миллий лиганинг «Жануб» ҳудуди вакили «Конкорд» сафига қўшилди.
3. Дэнни Ньютон олдин «Тамворт»- (Англия футбол оиласининг 7-дивизиони иштирокчиси)да ўйнаб, автоустахонада ишлаган, энди у «Стивенейж» клуби аъзоси.
4. Миккель Миллер - V9 академияда таҳсил олганидан кейин Англиядан четга чиққан биринчи футболчи. У айни пайт Шотландия чемпионати иштирокчиси «Хэмилтон» сафида тўп сурмоқда.
5. Иқтидорли ўсмир Сэм Маккалум «Норвич» билан шартнома тузди. У жорий мавсум «Ковентри»да ижара муддатини ўтамоқда.
V9 академияси харажати тўлиқ Жейми Вардининг шахсий ҳисобидан. Бироқ «Лестер» етакчиси июнь ойи ўрталарига режалаштирилган навбатдаги кўрикни бекор қилди. Кўринишидан, Варди эндиликда лойиҳага ўз маблағини тикмоқчи эмас. У ҳозирда кучли сармоядорлар қидирмоқда. Эҳтимолки, шу аснода академиясини кенгайтирар ҳам. Айтишларича, V9 энди 2021 йили қайта очилади. Муҳими, Вардида сармоядорларни ўз лойиҳасига қизиқтириш учун салмоқли фактлар йўқ эмас. Биринчидан, V9нинг атиги 2 йиллик фаолиятида унда таҳсил олган 30 нафардан кўп ҳаваскор футболчи профессионал шартномага эга бўлди. Иккинчидан, V9нинг охирги 5 кунлик дастурини Англия, АҚШ, Канада, Уэльс, Шотландия ва Шимолий Ирландиянинг профессионал клублари томонидан жўнатилган чамаси 100 нафар скаут воқеа жойида кузатиб борди. Жон Морриснинг айтишича, V9 иши шу қадар қизиқиш уйғотишини академия мураббийлари ҳам кутишмаган экан. Варди эса яхши лойиҳани йўлга қўйганидан хурсанд ва иқтидорли ҳаваскорларни профессионал футболга йўналтиришдан умидвор.
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20